Кореялик блогер Жонг Ҳё Жонгнинг Мўйноққа саёҳати

Юртимизга хорижлик меҳмонлар катта қизиқиш билан қарашади. Ватанимиздаги кўрган-кечирганларини кичик блог-пост тарзида интернетга жойлаб борадиган сайёҳлар ҳам йўқ эмас. Куни кеча корейс блогер Жонг Ҳё Жонг Жанубий Кореянинг “OhMyNews”интернет нашри орқали кичик саёҳати ҳақида фото блог-пост эълон қилди. Корейс блогерининг блог-пости сизга ҳам қизиқ бўлса керак, деган ўй билан уни таржима қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиляпман.

Денгиз қуриб, чўлга айланган Мўйноқ!

Поезд  чиптасини сотиб олишда адашдим. Самарқанддан кечки соат 20:30 да чиқсак, эртаси куни кечки 19:30 да Қўнғиротга етиб борарканмиз. Бизни 23 соатлик йўл кутиб турганлиги туфайли кондиционерли, 1-даражали жойга буюртма бергандим. Поездга чиққач эса, дастлабки муаммога дуч келдим: чиптам 2-даражали экан. Чипта сотиб олаётганимда аниқ-таниқ қилиб, рус тилида: “1-даражали жой”, деб ёзиб бергандим. Лекин чипта сотувчи қиз негадир менга 2-даражали чиптани берибди.

Нафаасим қиса бошлади. Бу асабийликдан эмасди. Шунчаки об-ҳавога мослашиш қийин эди. Поезддаги эркаклар аллақачон кийимларини ечиб олишган. Мен ҳам улар билан бир “кема”даман, демак, ечинсам бўлар… Табиийки, поезд аста қўзғала бошлагач, енгил шабада кирди.

23 соатдан кейин эса поезд Қўнғиротга кириб келди. Бу поезд энди чегара оша Қозоғистон сари йўлга чиқади. Қуёш худди тилларангли нурлари билан табассум қилаётгандек… Ажойиб манзара. Мен эса югурганча такси қидира бошладим. Бир ажнабийнинг ҳолатига одамлар ҳайрон бўлиб қарашади. Ғалати кийимли бегона одамлар маҳалламизда изғиб юрса менда ҳам шундай кайфият бўларди. “Мўйноқ!”, дея қичқираётган таксичи олдимга келди. Бу ердан Мўйноққача 80 километрли йўл экан.

Мўйноқ — Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Аниқроқ айтсам: Ўзбекистон ичидаги автоном республика ҳисобланган Қорақалпоғистоннинг бир шаҳаридир.

 Бир пайтлар бу шаҳар Орол денгизининг порт-шаҳари бўлган. Орол денгизи 1960-йилларгача жаҳондаги тўртинчи энг катта денгиз ҳисобланган. Сизга тушунарли тилда айтсам: Жанубий Корея ҳудудининг 3/2 қисмига тенг денгиз бўлган. (68,000㎢). Тоғлардан сирғилиб тушган сувлар Амударёга айланиб, Сирдарё билан биргаликда бу ергача оқиб келган. Бу ердаги маҳаллий аҳоли ўша даврларда балиқчилик, сайёҳлик ва консерва ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Консерва ишлаб чиқарувчи корхоналар 24 соатлаб ишлаган, дейишади.

Мўйноқ собиқ Совет давлати фуқароларининг дам олиш маскани вазифасини ҳам бажарган. Ёз мавсумида Россиядан кунига бир марта самолёт рейслари бўлган.

Энди буёғини ҳикоя қилиб берай: 1970 йиллар бошларида Совет иттифоқи улкан каналлар қазишни бошлайди. Бу каналлар пахта ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш мақсадига хизмат қилар эди. Муаммо шунда эдики, Оролга борадиган сувнинг йўли тўсилган эди. Сув бормагач, Орол денгизи суви аста-секин пасая бошлади. Ниҳоят, Орол денгизи қуриб битди ва “Заминнинг энг ёмон экологик бузилиши” деб аталди. Сувда шўрлик ошиб, балиқлар яшай олмайдиган даражага етди. Қишда совуқ ҳаво, ёзда эса иссиқ ҳаво ҳукм сурадиган ҳудудга айланди. Чўлда туз қолдиқлари шамоллар туфайли атрофдаги деҳқончилик майдонларини ҳам яроқсиз ҳолатга олиб келди. Турли касалликлар авж ола бошлади.

Сув қуриб, бу ер одамларининг ҳам тирикчилиги қуриб битди. Кемалар ташландиқ ҳолда, консерва корхоналари эшикларига қулф осилди, ёшлар Россия ва Қозоғистон сари равона бўлишди. Денгиз қуриб, чўлга айланган Мўйноққа кетяпман.

Қуёш ботиб бораётган бир маҳалда Мўйноққа етиб келдим. Шаҳарча (балки қишлоқ дерман) ўйлаганимдан анча каттароқ экан. Қишлоққа кираверишдан то меҳмонхонагача 2 километр экан. Ҳозир бўм-бўш бўлса-да, бир пайтлар анча гавжум жой бўлганлигини ҳис қилиш қийин эмас.

“Ойбек” меҳмонхонаси қишлоқнинг ғарбий томонида, энг чеккада жойлашган экан. Икки қаватли меҳмонхона биноси оқ рангга бўялган бўлса ҳам, 1-қаватидагина битта электр лампочкаси ёниб турарди. Таксичи машинадан тушиб, меҳмонхона эгасини чақира бошлади.

Кайфиятим ғалати. Худди Америка фильмларидаги ҳолатга тушгандекман. Шу фильмлар бошланишида қуйидагича бўлади: оғир сумкани елкасига ортган одам ҳеч ким яшамайдиган меҳмонхонага киради ва қандайдир ғалати ҳодисалар билан ҳалок бўлади. Кейинроқ фильмнинг бош қаҳрамони чиқади.

Бироз кутгач, меҳмонхонанинг семиз эгаси чиқиб келди. Меҳмон келганини кўриб ҳам умуман юзига хурсандчилик югурмасди. “Барибир ичида қувонгандир”, дедим ўзимга ўзим. Меҳмонхонада тунаш бир кишилик хона учун кунига 8 доллар экан. Бир нарса сўраш учун оғиз жуфтлагандим, у бермоқчи бўлган саволимни олдиндан сезди шекилли: “Меҳмонхонада сиздан бошқа меҳмон йўқ”. Бу қишлоқда мана шу меҳмонхонадан бўлак тунаш учун жой йўқ. Ўзбекистонда чет эллик одам албатта меҳмонхонада тунаши керак. Бу қишлоқда ягона чет эллик мен эдим. Аввало, ювиниб олишим керак эди. Мақсадимни билгач, меҳмонхона эгасининг юзи буришди. Ювиниш жойи ташқарида экан. Бунинг устига ювиниш учун сув йўқ экан. Ҳожатхона эса биринчи қаватда жойлашган бўлиб, меҳмонхона эгасининг оиласи ҳам шу ҳожатхонадан фойдаланар экан. Ҳожатхона ичида “ишни битиргач”, унитаз олдида турган идишдаги сув билан “тушириб” юбориш керак экан.

Қорним очганлигини айтсам, меҳмонхона эгасининг юзи бадтар тундлашди. “Атрофда овқатланадиган жой борми”, дея сўраган эдим, у “йўқ” дегандек бошини қимирлатди. “Бир соатгина кутиб тур”, дедию 1 соатдан кейин қовурилган картошка ва нон кўтариб келди. Жудаям шўрлигидан томоғимдан ўтмади.

Шукрки, Мўйнноққача келиб олдимку. Лекин икки кундан бери чўмилганим йўқ. Яна ювина олмас эканманда. Кейин ўзимга ўзим таскин бердим. “Бу ер суви қуриб, чўлга айланган жой бўлса… сувни сочиб, чўмилишим тасаввурга сиғмайдиган ишку”. Шундай қилиб, ўзим билан ўзим гаплаша бошладим.

Эртаси куни эрталаб, чўмилгани бордим. Меҳмонхона ҳовлисида темир тунукадан ясалган хонача бор бўлиб, кириб қарасам тепасида сувли труба. Сувни очсам муздек сув шувиллаб туша бошлади. Эътибор бериб қарасам, тепароқда сувга тўлдирилган бочка бўлиб, меҳмонхона эгаси ҳар куни шу бочкани сувга тўлдирар экан. Шунинг учун кеча сув йўқлигини айтган экан.

Мўйноқнинг сув тизими тасаввуримдан анча ёмон экан. Сув эрталаб ва кечқурун бир мартадан жуда қисқа чиқаркан Қудуқ қазиб, сув тортса бўладику лекин ичиш учун яроқсиз — фақатгина кир ювишга ишлатса бўлади.

Меҳмонхона орқасида қумли тепалик бор. Тепаликдан ўтсанг, денгиз кўринадигандек туюлаверади. Айтишларича, илгарилари денгиз суви шу меҳмонхона олдигача келган экан. Лекин ҳозир денгиз сувини кўриш учун 200 километр йўл юриб боришга тўғри келади. Қумликлар оша кема ва қайиқлар жонсиз ётибди.

Шунча айлансанг ҳам бирорта қизиқ нарса йўқ. Кемалар орасидан сигирлар чиқиб келяпти. Балиқлар бўлиши керак бўлган жойда сигирлар… Ҳақиқий манзара эмас бу. Лекин бу ҳақиқий ҳаётни кўрсатиб бергандек гўё… Бир пайтлар балиқчилик қилган аҳоли энди чорва ва деҳқончиликка суяниб қолган. Бу ҳам осон эмас.

Тўғрисини айтганда, ҳозирги Буюк Ипак йўлини қабристон оралаб ўтган йўл, десак ҳам бўлади. Бу қабристонда ўлган одамлар йўқ. Бу кемалар қабристони. Денгиз узоқ-узоқларга тарк этган ва у ортга қайтмайди. “Ўлик” кемалар аро юрарканман бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди…

Отабек Йўлдошев таржимаси

Манба: taraqqiy.blogspot.kr

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Султон абдулҳамид ким эди?

“Пойтахт: Абдулҳамид” сериалининг намойиши тўхтатилиши кўп эътирозларга сабаб бўляпти. Қизиқ, бир-икки ой олдин бир турк сериалининг тақиқланишини талаб қилганлар энди бошқа ...

“ташаббус гуруҳи” фаолиятидан

Биз шу йил март ойи учинчи ўнкунлигида “Диққат: таклиф” рукни остида туркум мақолалар эълон қилган эдик.  Шунга кўра, аввал хабарлаганимиздек, мақолаларда биз томонимиздан ...

Ғофур раҳимов ҳам қора рўйхатда — ақш собиқ сссрдан яна ўнта криминал авторитетни қора рўйхатга қўшди

АҚШ собиқ иттифоқ республикалари, асосан, россиялик яна 10 нафар криминал авторитет номларини қора рўйхатга қўшди. Бу ҳақда жума куни АҚШ молия вазирлиги хабар берган, ...