Эврил ТУРОН: Кичик ҳикоялар

Эврил ТУРОН: Кичик ҳикоялар

                                                                   Дўлана

                 Ёш дўстим Паҳлавон Содиққа  

Музликларга  ошиён тоғлар. Улар табиатнинг узоқ, совуқ      хилватгоҳи. Бу оромсиз юксакликларда бўрон, жала, дўллар қўпади.

Бу қалтис жойларда дўланалар ўсади.  Уларнинг илдиз, шохлари эгри-бугри, чайир, барглари кўм-кўк, мевалари йирик-йирик, ширин бўлади.

Султон шу ёввойи табиат бағридан бир туп ниҳол олиб келиб ўз ҳовлисига ўтқазди.

У вақти-вақти билан ниҳол тагини юмшатар, дори солар, сув қуяр, шохчаларини тўғрилаб қирқар эди. Шунга дўлана тик, силлиқ ўсди.

Лекин, лекин бу дўлананинг илдиз-шохчалари ингичка,  барглари сарғиш, мевалари кичкина-кичкина,  таъмсиз бўлиб қолди.

Балки…

Балки, у ваҳший яшинлар ваҳшати, фалакни тилка-тилка этгудай ўкирган момақалдироқлар даҳшати, қутирган бўронлар билан олишиб ўсмаганлиги учун шу ҳолга тушиб қолгандир?..

Чотқол,  Бирустун ота.

                                                               Уруғ

                                                                       (Масал)

Тумандай тумшайган чўққи тагида буғдой бошоқламоқда. Чўққи унга таажжуб билан боқиб, мийиғида кулди. Буғдой буни сезмаганга олиб, бошоқлайверди. Фақат юлдузлар билан сўйлашгувчи чўққи:

“бир гал шуни билан гаплашсам, пасайиб қолмасман”, деб ўйлади ва уни саволга тутди:

– Эрта – индин ўрилишингни биласанми ўзи?

– Биламан.

– Шундаям бошоқлайверасанми?

– Бошоқлайвераман.

– Ё ажаб!

– Ажабланадиган жойи йўқ.

– Сен шундай деб ўйлайсанда.

– Сен-чи?

– Менми?.. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда бошоқламасдим.

– Нега?

– Барибир ўришади -да.

– Бу сенинг фалсафанг.

– Хўш… сеники-чи?

– Мен бошоқлайвераман. Яшашимнинг мазмуни ҳам шунда.

– Ё ажаб!

– Тағин нега ажабланаяпсан?

– Сенга раҳмим келаяпти, гўдак. Ўзингни ўйла. Ахир, умринг кўз очиб юмгунча-ку.

– Ҳар ҳолда сеникидан узоқ.

– 2 –

– Мен асрларни кечиб яшаб келаяпман-ку тентак!

– Тўғри. Лекин нурасанг, ўрнингдан бошқа чўққи ўсиб чиқмайди.

–  …

– Менинг уруғларим ер тургунча яшайверади.

– …

Боғдон чўли. 1985.

Муаллиф: Эврил ТУРОН

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 11-қисм

Мен Москвага келдим. Бу ердан, Қозон вокзалидан наша ўсадиган чўлларга жўнашим керак эди. Гап шундаки, худди мана шу Қозон вокзалида ўсмирларнинг нашага борадиган чопарлари,— ...

От кишнаган оқшом (қисса) 65-қисм

65 Самад чавандоз кўпкарининг олган-олганини— охирини олди. Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қолдим. Мендан бўлак ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди?

  (  Сўз  боши  ўрнида  )   “Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак...” (Қуръон ояти). (more…)