Ватанидан айирманг

Ватанидан айирманг

“Жоним Ватаним!”,  “Гўзал  Ватаним!”, “Тенгсиз Ватаним!”…

Ушбу туйғулар билан йўғрилган сўзларни ўз ота маконида яшаб юрган қалби кенг инсонлар айтадилар.

Беқиёс фахр билан!

Беқиёс ғурур билан!

Киндик қонинг томган юртда, ота-онанг ва қариндош-уруғлар қучоғида яшашнинг ўзи бир саодатдир, бир туганмас бахтдир!

Сен бу ота маконга қанча хизмат қилсанг, шунча оз! Инсон умр бўйи эзуликка интилиб яшайди. Бу эзгулик замирида эл-юрт туйғуси устувор бўлса, ҳаёт гўзал ва зийнатли бўлади.

Ўз юртингда яшаш буюк саодат!

Лекин сени ота маконингдан ноҳақ қувғин қилсалар бундан ортиқ бахтсизлик бўлмайди дунёда.

Йигирма беш йил ичида қанча-қанча бегуноҳ одамлар, қанча-қанча элсевар одамлар, қанча-қанча тўғри сўз одамлар, эл-юрти учун жонини фидо қилишга тайёр одамлар бадарға этилди!

Буни тарих кечирмайди!

Ваҳоланки, бу инсонларни қувғин қилган кимсалар ватан ва миллат туйғуларидан мосуво кимсалар эди. Йигирма беш йил улар эл қонини ичишди, элни хонавайрон қилишди, элнинг бор-будини шилишди. Президент  Шавкат Мирзиёев сиёсати ҳозир буни очиқ-ойдин фош қилмоқда.

Юртни ўмарган қанча-қанча генераллар, амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Аслида шулар юртдан бадарға қилиниши керак эди.

Ўзбек мақоллари:

“Эл ғами — эр ғами”.

“Инсон — эл дарди билан инсон”.

“Ўзбек искаб бўлса ҳам элини топади”.

“Ўзга юртнинг гулидан,

Ўз юртингнинг чўли яхши”…

Элини топиш учун тўсиқлар қўйилган бўлса-чи?

Йигирма беш йиллик тўсиқлар секин- секин олиб ташланяпти.Эҳтимол тўла олиб ташланиш учун кўп йиллар керак бўлар?! Мирзиёев сиёсатига зимдан қарши турган каслар ҳали етарли…

Шундай шароитда макондан узоқда бўлсалар ҳам ўз юртига қайишаётган йигит-қизларимиз озмас.

Буларнинг Ўзбекистонга қилаётган моддий, маънавий ёрдамлари қалбларни қувонтиради. Мен шундай кишиларни том маънода чин ватанпарварлар деб биламан.

Президент Мирзиёевнинг Ватанга чақириғига биноан бу йигит-қизларимиз ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз юртига қайтарилса, Ўзбекистонда фақат юксалиш юз беради.

Юртга меҳр уруғини экиш ҳам бойлик. Бу бойликка қарши туриш хиёнатдир.

“Ўлсанг ўл,

Ватанингда бўл”.

Энг яхши чақириқ. Қайси юртда, қайси ўлкада бўлишимиздан қатъи назар, фақат юртига яхшилик соғиниш, унинг учун интилиш олий фазилат.

“Қуш бутага сиғинар,

Одам Ватанга”.

Ҳали-ку бу қуш экан, инсонни ватанига интилишини тўсиб қўйиш жиноят…

“Қуш ҳам кетса келади,

Ўз элини севади”.

Мен Ўзбекистонга келолмай юрган Тоҳир Билол, Феруза Ханжар, Баҳодир Қамбар каби ҳамюртларимнинг дардларини кўп эшитдим. Уларнинг нолаларини, ҳасратларини жим эшитиш учун тошюрак бўлиш керак.

Раҳмим келади. Чунки ўзим ҳам икки ярим йил ўзга маконда соғинч ҳасратида сарғайганман. Ичикиб, кўтаролмай, асабий ва тажанг бўлганларимни хотирлайман…

Феруза Ханжар ажойиб шоира қиз. У Америкада яшайди. Тақдир тақозоси билан у ерга бориб қолган. Бир ўғилчаси билан яшайди. Ҳали Америка фуқаролигини ҳам олмаган. Ўзбекистон эса уни фуқароликдан чиқариб юборган.

Бухоронинг Қоракўлидан. Қариндошлари ҳам ҳар-хил гап-  сўзлардан қочиб, Ферузани юртига меҳмон сифатида ҳам чақирмайди. Унга сиз ёрдам бермасангиз, юртим идорасидагилар ёрдам бермаса ким ёрдам беради?!

Унинг ҳасратларини эшитиб чидолмаяпман. Самарқандга бориб Ички Ишлар бўлимидан суриштирдим. Мен уни чақирмоқчиман. Бир ходим кўнглимга ғулғула солишга интилди:

“Нима қиласиз бошингизни оғритиб, сиз Иштихоннинг қизисиз, қаердаги бухороликни чақириб нима қиласиз? Бекорга фуқароликдан чиқармагандир?”.

Йўқ!

Мен ўша ходимнинг сўзларини тинглашга ҳаққим йўқ. Чунки Ферузанинг дарди, Ватанини қаттиқ севган инсоннинг чин дарди эканлигини мен биламан. Унинг шеърларидаги бош туйғу ҳам ўз Ватанига етишиш. Шундай экан, унинг охирги илинжини ҳам йўқотиб юборишга ҳаққим йўқ. Менинг  эса, нимамдан шубҳа қилишлари мумкин?! Бир юртдошим Америкадек давлатни Ватан қилгиси йўқ. Ўзбекистонгинасига қайтмоқчи. Ҳеч бўлмаса меҳмон бўлиб келиш учун йиғлаяпти…

“Ҳар кўкатнинг ўз суйган тупроғи бор”.

“Ҳар қуш ўз уясига қараб учар” .

“Туққан элга жон тортмаса ҳам, қон тортар”.

Мен буни асрлар олдин Ўрта Осиёдан кетишга мажбур бўлган қондошларимиз, Туркия туркларининг тимсолида кўрдим…

“Туққан ерда туғинг тик”.

Энг муқаддас ҳаракатларингни бажар, фақат унга яхшилик бўлишини ўйла.

 “Урса ҳам, эл яхши,

Сўкса ҳам, эл яхши”.

Ҳамма нарсани ойдинлаштириб олиш учун ҳам, кўнгил хотиржамлиги учун ҳам ўз элингда яшаганинг яхши.

Ёт юрт ҳеч қачон Ватан бўлолмайди.

 “Ўз юртингни қадри

 Ўзга юртда билинар”.

“Ёридан айрилган етти йил йиғлар,

Юртидан айрилган ўлгунча йиғлар”.

Ватан соғинчини кўтариш оғир дард, уни кўтаришга бардош ҳам етмай қолади. Шоҳ Бобур ҳам минг ҳасратда ўтди.

Ўзингни кўрсатишинг мумкин, ўзлигингни намоён қилолмайсан.

Энди улуғларнинг тафаккуридан эшитсак:

Бегона юрт Ватан бўла олмайди.

                                 И. Гёте.

Элга қўшилган эш топди.

                                А.Навоий.

Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди.

                                  Фрейтаг.

Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди.

                                        Ж. Байрон.

Кимки ўз ватанига дахлдор бўлмаса, у инсониятга ҳам дахлдор эмас .

                                          В.Г. Белинский.

Ватанга хиёнат қилмоқ учун қалбан ғоятда тубан бўлмоқ керак.

                                    Н. Г. Чернишевский.

Ўз юртидан юз ўгирганлар ўз виждонларидан ҳам юз ўгирадилар.

                                        Я. Галан.

Улуғларнинг сўзларини ўқидик. Менинг назаримда Ватан туйғусидан буюкроқ туйғу йўқ.

Ўтган йилларда Каримов билан келишмай қолган, оқибатда ҳар хил тазйиқларга учраган, қамоқ билан қўрқитилган, қийноқлар билан оғир жазоларга тортилган, туҳмат ва мусибатлар билан камситилган жуда кўплаб юртдошларимиз юртдан кетишга мажбур бўлган эдилар.

Уларнинг номлари “Ватан хоини” сифатида орқасидан тиркаб юборалаверди.

Бу тамғанинг зарбаси бир неча минглаб оилаларга руҳий ва маънавий зарар бўлди.

Ватан тупроғининг тортиш қуввати уларни тинч қўймаётгани аниқ. Улар минглаб ($) пул топишаётгандир?  Лекин юрт соғинчи ҳар нарсадан улуғдир.

Уларнинг бу соғинчидан фитна-фасод ахтарманг, юртига келишига тўсиқ бўлманг, азизлар!

 Муаллиф: Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Миб ходимлари қарздор фермерларнинг мулкини куч билан тортиб олмоқда (видео)

1 декабрда Сурхандарё вилояти Музработ тумани Мажбурий Ижро Бюроси (МИБ) ва милиция ходимлари туманнинг Ат-Термизий маҳалласида яшовчи фермер Иброҳим Холназаровнинг бир неча ...

Шарҳланмаган янги дунёқараш

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, уни дунёқарашини, бошқарув стилини, ички ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларини тушуниш мақсадида, кузатишда давом ...

Ўқитувчининг ой тўлмай тугаган ойлиги

Мен ӯқитувчиман! Президент ойлигимни кӯпайтира олмас экан, иқтисодиёт кӯтармас экан буни. Майли... Шунга лойиқдирман балки. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400