Бир оила тарихи ва унинг атрофидаги гаплар

Тарихнинг кесишувчи нуқталарини яхши кўраман. Қўйингки, алоҳида оилалар тақдири, уларнинг тақдирида тарихий воқелик қандай акс этган, бир оила вакиллари қандай қилиб дунёга тарқалиб кетган — мана шундай тафсилотлар қизиқишимни уйғотади. Тарихий китобларни титкилаганда кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб кетадиган, тарих ғилдирагини айлантиришга улкан ҳисса қўшмаган, аммо, шунга қарамай, ўз замонасида яшаб ўтган ва замонанинг яхши-ёмон томонларини ўз тақдирида синаб кўрган шахсларга ва алоҳида оилаларга диққат қаратишни ёқтираман. Шундай оилалардан бири ҳақида қуйида ҳикоя қилмоқчиман.

1920 йили Бухоро Қизил армия томонидан олингач, манғитлар сулоласининг сўнгги тахтда ўтирган вакили Амир Олимхон Афғонистонга чиқиб кетди. Бухорода унинг оиласи, жумладан, уч фарзанди қолиб кетган эди. 1923 йили улар Москвага олиб чиқиб кетилди.

Уч ўғилнинг каттаси — Шоҳмурод (бу ном унга олтинчи отаси, манғитлар сулоласининг энг буюк намояндаси, Самарқанд бунёдкори ва ғозий, “Амири маъсум” лақабини олган Амир Шоҳмурод шарафига берилган эди) Москвада оддий совет боласига, “социализм фарзанди”га айланди. Дастлаб ишчи факультетини (“рабфак”) тамомлади, сўнг 1929 йили ҳарбий академияга ҳужжат топширди. Аммо совет ҳокимияти ўтмишни унутмас эди, зеро Сталин даврида “отаси халқ душмани бўлса, боласи ҳам потенциал халқ душмани” деган тушунча мавжуд эди. Шу боис Шоҳмурод совет зобитига айланиши деярли имконсиз нарса эди.

Аммо ўша пайти юз берган бир воқеа Шоҳмуроднинг келажагини белгилаб берди. Айни пайтда, Шоҳмуроднинг ҳаракатлари бутун бошли давлатларнинг тақдирига, оз бўлса-да, таъсир кўрсатди.

1929 йилда Қизил армия Афғонистон шимолига бостириб киришни режалаштираётган эди. Мамлакат шимолида ўрнашган бухоролик муҳожирларнинг, хусусан, босмачи гуруҳларнинг фаоллашуви бунга сабаб бўлганди. Ўз босқинин идеологик жиҳатдан оқлаш учун большевиклар собиқ амирга қарши ахборот кампаниясини бошлаб юборди. Хусусан, унинг Москвадаги фарзанди Шоҳмуроднинг отасига мурожаати “Известия” газетасида чоп этилди. Мактуб Лениннинг синфий кураш идеологияси негизига ҳамда амир ҳокимиятига нафрат руҳида ёзилган эди. Шоҳмурод отасини миллатчилар, босмачилар ва советларнинг душманлари билан ҳамкорликда, совет ҳокимиятига қарши жиноятларда айблаб, у билан ҳар қандай қариндошлик ришталарини узганини маълум қилди.

Бу мактубни Шоҳмуроднинг ўзи ёзганига шубҳа бор. Аммо мактуб икки томонлама иш берди. Биринчидан, Шоҳмурод В.В. Куйбишев номли ҳарбий муҳандислик академиясига курсант бўлиб кирди. Академия Бухорога бостириб кирган совет қўшинлари раҳбарларидан бири В.В. Куйбишев номида эканлиги яна бир қизиқ тасодиф. Иккинчидан эса, Шоҳмуроднинг мактуби Қизил армия 1929 йили Афғонистонга бостириб кириши учун идеологик асос бўлиб хизмат қилди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Шоҳмурод Алимов фронтда ҳарбий муҳандис бўлиб ишлади — фортификация иншоотлари қурди, минали тўсиқлар барпо этилишига бошчилик қилди. Қримга юриш чоғида минага йўлиқиб, бир оёғидан айрилди, аммо ҳарбий фаолиятини тўхтатмади.

Урушдан сўнг Алимов академияга қайтди. Камгап, доим хўмрайиб юрадиган чўлоқ кафедра раҳбари полковник Алимовни академиянинг кўп битирувчилари ўз хотираларида эслайди. У бир умр келиб чиқишини яшириб юришга мажбур бўлди. Ва умрининг охиригача “шубҳали унсур” номидан қутулмади. У на Ўзбекистонда, на Россияда, на СССРда уруш фахрийлари қаторида эсламади ва эсланмаяпти. Совет ҳукумати унинг борлигига эътибор бермасликка ҳаракат қилиб келган, бугунги давлатлар эса ё унинг тақдирига қизиқиб кўрмаган, ёки эслашга арзийдиган шахс деб ҳисобламайди. Лекин унинг тақдири ўзига яраша мураккаб ва ибратлилигини, замона зайлини жуда яхши акс эттиришини барча тарихий шахслар каби у ҳам ҳеч шубҳасиз эсланишга муносиблигини таъкидлаб ўтиш керак.

Шоҳмуроднинг қариндош-уруғлари билан алоқалари ҳақида. У билан бирга Бухорода қолиб кетиб, 1923 йили Москвага олиб кетган икки укасининг тақдири фожиали кечди. Катта укаси — Султон Алимов узоқ йиллар заводда ишлади, сўнг уруш йиллари Сталин қатағони қурбони бўлди. У қамоқда эътироз мақсадида очарчилик эълон қилди ва оқибатда очликдан ҳалок бўлди. Султоннинг рафиқаси бу хабардан сўнг жонига қасд қилди. Кичик укаси — Раҳим Алимов эса 12 ёшида совет интернетида ўғрилаб кетилди ва ғойиб бўлди. У совет чекистлари томонидан ўғирлаб кетилгани ёки амир тарафдорлари томонидан Афғонистонга олиб ўтилаётган пайти ўлдирилгани тахмин қилинади.

Амир Олимхон Кобулдалигида, 52 ёшида Ҳисордан кўчиб келган тожик оқсуягининг 16 ёшли қизига уйланган эди. Олимхон 1944 йил 29 апрелида (менинг туғилган кунимда — тарихнинг кесишув нуқталарини яхши кўраман) 64 ёшида вафот этди. У пайти унинг ҳисорлик хотинидан бўлган қизи Шукрия бир ёшда эди.

1960 йили Шукрия 1946 йили французлар ёрдамида очилган Кобул университетини битирган биринчи аёл бўлди. У журналистика факультетини битирди ва 1960–1970-йилларда афғон миллий радиосида ишлади. У таниқли адвокат ва шоир Азим Раъд билан турмуш қуриб, унга Азиз ва Хоида исмли фарзандларни берди.

1964 йили янги конституциянинг қабул қилиниши билан Афғонистон очиқ демократик жамиятга айлана бошлади. Ўзгаришлар туфайли ушбу мамлакат шиддат билан ривожлана бошлади. Шукрия шу ривожланиш жараёнида бевосита иштирок этган ёшлардан бири бўлди. Аммо 1978 йили коммунизм афғон халқининг бошига яна кулфатлар келтирди. 1929 йили совет қўшинлари Шукриянинг ўзи ҳеч қачон кўрмаган акаси — Шоҳмуроднинг очиқ хатидан фойдаланиб, унинг отаси Олимхонни “жазолаш”ни рўкач қилиб, афғон заминига бостириб кирганди. Орадан роппа-роса 50 йил ўтиб, 1979 йили, худди ўша ердан — Сурхондарёдан совет қўшинлари иккинчи бор Афғонистонга бостириб кирди. Бу энди Шукриянинг тақдирини тубдан ўзгартириб юборди.

Совет оккупациясидан афғон халқини тумтарақай қилиб юборди. Айниқса 50-60 йил муқаддам Сталин режимининг даҳшатларидан қочиб келган бухороликларнинг авлодлари ёмон аҳволда қолди: ота-оналаридан муҳожирлик даҳшатларини эшитган ва ўз бошидан ўтказган бу одамлар совет ҳокимияти ва советча социализмни ҳеч қанақасига қабул қилмас эди.

1980 йили жуда кўп афғонлар қаторида Шукрия Олимий Раъд ҳам оиласи билан бирга Афғонистондан қочиб кетди. 37 ёшли аёл дастлаб Покистонда ўрнашди, кейин Германия орқали АҚШга ўтиб кетди. Шу йилнинг ўзида АҚШда унинг эри Азим Раъд вафот этди. Аёл ҳамма нарсадан нолдан бошлашига тўғри. У билан бирга мамлакатни онаси, шунингдек, акалари Саид Акбар ва Саид Умархонлар тарк этди. Унинг сўзларини келтирамиз:

“Узоқ вақт Ҳиндистонда яшадим, эрим Афғонистонда қолди, болалар эса Покистонда эди. Бу биз учун жуда оғир кунлар бўлди. Биз қачондир яна учрашишимизга ишончимиз комил эмасди. Ниҳоят бирлашганимизда, энг бахтли афғон оилаларидан бир эканлигимизни тушундик, негаки АҚШга эсон-омон етиб келгандик.

Биз бор-будимизни ташлаб кетдик. Ватанимизни тарк этишга қарор қилганимиздан сўнг бошимизга тушган синовларнинг оғирлигини тасаввур эта оласизми? Биз барча хотираларимизни кўмиб, бизни ҳеч ким билмайдиган, тилимиздан катта фарқ қиладиган тилда гапирадиган мамлакатда тарихимиз, маданиятимиз ва анъаналаримиздан узилиб яшашга мажбур бўлдик. Афғонистондан динимиз ва муҳаббатимиздан бошқа ҳеч нарса олиб кетмадик”.

Юқорида битта оиланинг тақдиридан ҳикоя қилдим. Аслзода оила бўлгани учунгина уларнинг тақдирини ўрганишган. Кичикроқ оилаларнинг тақдирини-ку, ўрганишга вақт ва имконият камроқ. Лекин ҳар бир оиланинг тақдири ўзига хос тарихдир, ўзига хос достондир. Олимхоннинг катта фарзандлари Бухорода қолиб кетди ва охир-оқибат типик совет одамларига айланди. Афғонистондаги оиласи шу ернинг одамларига айланиб қолди, аммо ҳаётининг иккинчи ярмини Америкада яшади. Бир оиланинг икки тармоғи бир-бирини учратмай яшади, лекин бу оила вакиллари тарих учун аҳамиятли ахборотни ўзида сақлаётганини ҳар доим яхши тушунди. Бугун Олимхоннинг баъзи авлодлари инглизча гапиради ва ўзини америкалик деб билади. Баъзилари ўзини турк, баъзилари эроний деб ҳисоблайди. Афғонлар, покистонликлар ва ўзбеклар ҳам бўлса керак. Энг қизиғи эса, уларнинг илдизлари Чингизхон билан бирга Ўрта Осиёга келган манғит уруғига бориб тақалади. Манғитлар ва қўнғиротлар Чингизхон яратган “дунё-иқтисодиёт”нинг охирги вакиллари бўлди.

Дарвоқе, бир оиланинг икки тармоғи барибир учрашган экан. Олимхоннинг набираларидан бири Саид Темур коммунист ҳамда Афғонистон Халқ демократик партияси аъзоси эди. Шу боис у Киев давлат университетига ўқишга борди. 1980-йилларда Саид Темур Москвада ўзи ва оиласи ҳеч қачон кўрмаган амакиси — у пайти генералга айланган Шоҳмурод Алимовни топди. Улар — бир оиланинг икки тарафга сочилган бутоқлари — учрашди. Қони бир, аммо тили, ҳаёти, маданияти бутунлай фарқ қиладиган бу икки одам ўзаро тил топиша олмади, қариндошлик ҳам бирдамликни ҳис этишга, ягона пойдевор топишга ёрдам бермади. Шоҳмурод афғон қариндошлари билан ортиқ кўришишни истамади.

Орадан 2–3 йил ўтиб, Шоҳмурод вафот этди. Унинг синглиси Шукрия Олими Раъд “Америка овози”нинг форс-тожик хизматида ишлаб, 2007 йили пенсияга чиқди ва умрининг охирини Вашингтон чеккасидаги қариялар уйида ўтказди. Унинг онаси, Саид Амир Олимхоннинг охирги рафиқаси 2006 йили 90 ёшида вафот этди.


Манба: Камолуддин Абдуллаев. От Синцзяня до Хорасана

Телеграмдаги Асанов Формати каналидан олинди

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

57 ёшида 1717 нафар фарзандли бўлган султон

Марокаш тарихида Султон Мулай Исмоил ибн Шариф ўзининг жасорати учун “Жангчи подшоҳ”, душманга нисбатан шафқатсизлиги учун “Золим” ҳукмдор сифатида тарихга кирган. OLYMPUS ...

Қудратли ҳун тангриқутлари

Ҳунлар ҳақида сўз Ҳунлар милоддан 1500 йил аввал пайдо бўлиб, ўша милоднинг V асрларигача икки минг йиллик ниҳоятда катта бир даврда Осиё ва Оврупо тарихи саҳнасига чиққан ва ...

Ҳарбий тарғиботнинг 10 та тезислари. таққосланг🧐

2001 йилда бельгиялик тарихчи Анна Морелли ҳарбий ташвиқотнинг қуйидаги тамойилларини ишлаб чиққан: 💥 Биз урушни хоҳламаймиз. Бу шуни англатадики, душманлар биздан ...