Истеъмол саватчаси жорий этилади(ми?)

Инсоннинг кунлик ёки ойлик маҳсулот, товар ва хизматларга эҳтиёжи тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Агар уларни умумлаштириб ҳисоб-китоб қилсангиз, доимий ўртача миқдорни белгилашда, шунингдек, тақсимотда қатор қулайликлар келтириб чиқариши ҳақида-чи? Ўртача кўрсаткични «истеъмол савати»га йиғганимизда, ундан нималар жой олар ва бунга қанча маблағ сарф бўларкин?..

Муносиб ҳаёт учун

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев мамлакатимиз парламентига Мурожаатномасида ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналиш­лар ҳақида тўхталиб: «Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мус­таҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим», деган эди. Кўриниб турибдики, «истеъмол саватчаси» тушунчаси ҳозирда ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Истеъмол саватчаси — инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулот, товар ва хизматларнинг энг кам тўп­лами сифатида эътироф этилади. Анъанага кўра, истеъмол саватчаси 3 қисмдан иборат бўлади: озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари (кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда, зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарларлар), хизматлар (коммунал, транспорт, маданий-маърифий кабилар)ни қамраб олади.
Сават тўплами ҳар бир мамлакатда турлича бўлиб, таркиби давлат даражасида белгиланади ва кўплаб омиллар — табиий-иқлим шароитлари, иқтисодий ривожланиш, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товарлар ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши ва бошқа жиҳатларга боғлиқ бўлади.
Истеъмол саватчаси бир инсон ёки оила учун маълум бир вақтга, масалан, бир ой миқдорида олинади. Кўп давлатларда унинг умумий қийматига кўра аҳолига ижтимоий нафақалар белгиланади.

Эҳтиёжлар минимуми

Истеъмол минимуми — инсон танасининг меъёрда ишлашини таъминлаш ва унинг соғлиғини, озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур хизматлар тўпламини таъминлаш учун етарли бўлган қиймат ҳисобланади. Дунё амалиётида мамлакатдаги турмуш даражасини (истеъмол минимумини) белгилаш учун бир нечта вариант ишлаб чиқилган. Масалан, мамлакатнинг энг бадавлат фуқаролари даромадлари даражасида истеъмол минимумини белгилашни назарда тутувчи статистик услуб мавжуд. Бу даромад даражаси жуда юқори бўлган давлатларда қўлланилиши мумкин. Субъектив ёки ижтимоий ёндашув эса аҳоли ўртасида минимал даромадлар юзасидан ўтказилган ижтимоий сўравномалар натижаларига асосланади. Бу маслаҳатлашувлар асосида ҳал этилади. Чунки натижалар давлатнинг реал иқтисодий имкониятига мос келмаслиги мумкин. Лекин у одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжини ифодалайди. Иқтисодиётнинг истеъмол минимумини таъминлаб бериш имкониятига асосланган ресурс услуби эса кўпроқ ривожланган мамлакатларда қўлланилади. Бундан ташқари, бир неча усулни ўзига бирлаштирадиган қўшма услуб ҳам мавжуд. Яъни, озиқ-овқат қиймати — меъёрларда, уй-жой, коммунал хизматлар — факт­ларда ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари умумий харажатларнинг улуши бўйича аниқланади.
Бундан ташқари, ички истеъмол саватчасини ишлаб чиқишда демографик ва ижтимоий-иқтисодий омиллар, барча гуруҳдаги аҳолининг эҳтиёжлари, уларнинг даромади даражаси, зарур бўлган энг кам истеъмол ҳажми, товар ва хизматлар юзасидан илмий тавсиялар, давлатнинг молиявий имкониятлари, бозор нархлари ҳамда ушбу йўналишдаги тажрибаси асос бўлиб хизмат қилади.
— Истеъмол минимуми миқдори давлатнинг ижтимоий мезони сифатида қўлланилади, — дейди иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Исломбек Ниёзметов. — Мамлакатнинг давлат ва маҳаллий бюджетини шакллантирувчи истеъмол саватчаси энг кам ойлик иш ҳақи, энг кам нафақа, ижтимоий ёрдам, болали оилалар учун нафақа, шунингдек, давлатнинг қонуний талаблари асосида стипендия ва бошқа ижтимоий нафақалар миқдорини белгилашда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Турли давлатларда турлича

Илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйи­­ча «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси»га оид муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинади. Қабул қилиниши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар миқдорининг мутаносиблигини таъминлаш муҳим рол ўйнайди.
АҚШда 300 хил маҳсулот истеъмол саватчисига киритилган бўлса, Францияда 250, Англияда 350, Германияда 475, Россияда эса 156 хил маҳсулот истеъмол учун жой олган. Шунингдек, Россияда истеъмол саватчаси ҳар 5 йилда белгиланади. Озиқ-овқат маҳсулотлари унинг ярмини (50 фоизини), ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар эса ҳар бири чорак қисмини (25 фоиздан) ташкил этади. Қозоғистонликларнинг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 55 фоизни ташкил этади. Болгарияда бундай саватчаларнинг олтитаси таклиф қилинган бўлиб, хусусиятлари ва оилаларнинг таркиби бўйича фарқланади. Яъни, унинг озиқ-овқат қисми ишлайдиганлар, нафақадагилар ва болалар учун мўлжалланган.

***

Мамлакатимизда «тирикчилик учун зарур энг кам миқдор» ва «истеъмол саватчаси» тушунчаларини 2018 йилнинг 1 июлига қадар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш режалаштирилган. 2017 – 2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида бу масалага алоҳида эътибор берилган. Бундай ўзгаришлар мамлакатнинг келгусидаги ривожида ўзига хос замин яратиши шубҳасиз.

Озода РЎЗИҚУЛОВА

Манба:  ishonch.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шомурод донаев ишдан олинди, туймаевга нисбатан жиноят иши очилди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими Шомурод Холбоевич Донаев лавозимидан озод этилди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси хабарига кўра, Бош вазир Абдулла ...

Ҳукумат халққа бериш ўрнига  халқни “соғишга” ўтиб олди

Кейинги пайтларда қизиқ-қизиқ қонунлар қабул қилиняпди, ғалати қонун лойиҳалари халқ муҳокамасига қўйиляпди-я?! Айрим қонунлар беихтиёр ёқа ушлатса, айримлари тепа сочимизни ...

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир кунда 142,6 млн сўм зарар кўрди

“EVERYDAY.UZ”нинг ёзишича, Тошкентда Мустақиллик байрами куни автомашиналар иштирокида норасмий автокарвон ташкил этилган. Ушбу жараён видеолавҳалари ижтимоий тармоқларда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400