Журналист Бобомурод Абдуллаев иши бўйича Тошкент шаҳар судидан Ҳангомалар

Журналист Бобомурод Абдуллаев иши бўйича Тошкент шаҳар судидан Ҳангомалар

“Қуруқсан,  дедингиз?! Йўқ, Сиз жудаям ҳўлсиз!”

Шундай қилиб азизларим, бу ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз?!

Ҳаммамиз ҳам қачонлардир бўлсада кузатганмиз:

Энг яқин дўстлар ҳам гоҳида бир- бирлари билан хафалашиб қолишади ёки ёқа йиртиб, муштлашиб, дўппослашган, бир-бирларини аямай ҳақоратлашган,  бир-бирларига мутлақо бегона рақиблар ҳам қандайдир баҳона билан бир-бирлари билан айрилмас дўст тутиниб қолишади. (Ахир Ҳинд киноларида  доим шундай бўладику.)

Ҳинд киноларику майлия, аммо Совет Иттифоқи давридаги айрим кинолар бундан ҳам ошиб тушади. Нафрат ва ҳақоратлар тўғридан-тўғри меҳр ва муҳаббатга айланиб кетади. (“Ишдаги ишқ” ёки “Омад кулиб боққанда” фильмлари эсингиздадир. Сизларни билмадиму, аммо мен ушбу классик фильмларнинг чинакам шайдосиман. Жиддий гапиряпман: Ҳар қандай машҳур ёхуд бошқа замонавий кино компания фильмлари ушбу фильмларнинг олдида ип эшолмайди.)

Шундай қилиб, бизнинг суд залимизда ҳам  худди кинолардагидек ўта таъсирли классик жараёнлар ҳам кўплаб учради.

Суд раиси Зафар Нурматовдан сўзлаш учун одоб билан изн сўраган, кўриниши ва одатдаги ўзини тутишидан атрофдагиларда ўта тарбияли экан, деган таассурот уйғотадиган Ҳаётхон Насриддинов навбатдаги суд кунларининг бирида мутлақо кутилмаган хулқ- атворни намойиш этди.

Афтидан, панжара ортида ўтираверишдан, ёлғиз муштипар онасидан хабар олиб, унга хизмат қилолмаётганидан шу қадар куйиниб кетдики, юрагидаги бор дардларини  Бобомурод Абдуллаевга қарата тўкиб солди: “Қани жавоб бер, қачонгача мен ўсмай, ривожланмай, панжара ортида депсиниб ўтиравераман?!”

Ортиқча қизишиб кетган Ҳаётхон Насриддиновга шошилинч тез тиббий ёрдам сифатида бироз ҳаяжонини босиб, ўзига келиб олиши учун судья Зафар Нурматов тавсияси билан совуқ сув таклиф этилди.

Энг қизиғи шунда бошланди. Ҳаётхон Насриддинов сувдан ичмади.

Бутун зал аҳли кўз ўнгида устидан қуйиб юбора қолди.

Қизишиб кетган инсонга совуқ душ қанчалар фойдали?!

Аммо кейинги суд кунларида кузатишимизча,  Ҳаётхон Насриддинов билан Бобомурод Абдуллаев олдингиданда анча иноқлашиб қолишган экан…

ЗАФАР ДИЁР КУТУБХОНАСИДА

Болалигимда менинг энг яхши кўрган масканларимдан бири  мактабдан чиқиб, минг бир ҳаяжон ва қизиқиш билан етиб борадиган севимли манзилларимдан ҳисобланмиш туман марказида жойлашган Зафар Диёр номли болалар кутубхонаси эди.

Ушбу кутубхонани шу қадар яхши кўрар эдимки,  китоблари учунгина эмас, балки Зафар Диёр қаламига мансуб, кутубхона пештоқига осиб қўйилган, болалик қалбимга ниҳоятда хуш ёқадиган қуйидаги сатрлар учун ҳам.

Агар Ватан бўлса бир чаман,

Сиз қўйнида хандон ғунчалар.

Эй, Сиз, менинг кичик дўстларим!

 Ватанингиз севар шунчалар!..

Очиғини айтсам, Тошкент шаҳар суд залидаям  судья Зафар Нурматов бошлиқ суд жараёнларида гоҳида ўзимизни худди кутубхонада ўтиргандек ҳам ҳис қилдик, гўё.

Том-том ҳужжатлардан кишини ҳайратда қолдирадиган  парчалар тез-тез ўқиб эшиттирилар, судья Зафар Нурматов эса гўё чинакам маърифат тарқатувчидек, “томлик”ларни истаганча варақлашга, ишга ойдинлик киритиш учун улардан истаганча иқтибослар келтириши, уларни янаям ўқиб ўрганишга энг меҳрибон устоздек истаганча рухсат берар эди.

Эҳҳе, суд залидаги, узр кечирасиз, Зафар Нурматов кутубхонасидаги  шеърият “кечалари”ни айтмайсизми?

Қисқаси, чинакам зиёли маскан десам, адашмайман.

“НЕГА  ШАХСИЙ  БУЮМЛАРИМГА ТЕГАСАН?”

“КОЛАМНИ КИМ ИЧИБ ҚЎЙДИ?”

Шундай қилиб,  дўстлар, яна такрорлайман: Бу ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз?!

Айниқса,  кутилмаган қийин ва оғир вазиятлар ҳар қандай кишини ҳам довдиратиб қўйиши мумкин. Бундай пайтларда киши нима деётганини ҳам билмай қолади гоҳида.

Судланувчилар орасида Равшан Салаев энг ёши каттаси. Шунинг учун ҳам қолган судланувчиларга ўхшаб, ўзини ўтга -чўққа уравермайди. Ўйлаб гапиради, босиқлик билан, аммо худди  актёрлардек,  интонация билан, оҳангга солиб гапиради. Сўз берилган чоғларда эса гоҳида шу қадар берилиб гапирадики, ўзгаларнинг шахсий ҳаётига ҳам билса билмаса  аралашиб кетади.

Шундай вазиятларда бир неча бор уни зўрға тўхтатиб қолишади. Огоҳлантириш ҳам беришади.

Аммо Равшан Салаев ҳам жавоб қайтармай, индамай кетувчилардан эмас экан. Пайтини топиб, Бобомурод Абдуллаевни шундай мулзам қилдики, шахсий ҳаётга аралашиш бўйича сен мендан ҳам ошиб тушасан демоқчи бўлди у, гўё.

Равшан Салаевнинг айтишига қараганда, бир куни тергов  ҳибсхонасида  бир оз муддатга хонани тарк этишга мажбур бўлади. Қайтиб келганда эса не кўз билан кўрсинки, хонасида қолдириб чиққан, тўлиқ ичилмаган кола  ва тўлиқ ейилмаган шоколад стол устидан ғойиб бўлган, яъни кимдир уларни еб қўйган ва ичиб қўйган эди.

“Шахсий ҳаётимга аралашма дейсану, нега ўзинг мендан берухсат шахсий буюмларимга тегасан. Коламни ичиб қўйгансан, шоколадимни еб қўйгансан. Буни сендан бошқа ҳеч ким қилмаган”, дея норозилик билдирди Бобомуродга Равшан Салаев.

Қамоқхонада қийналаётгани учун  Бобомуродга хайрихоҳ кишилар  Бобомуроднинг ушбу ишидан “ҳеч қиси йўқ, тўғри қилибди”, деб ўйлаган бўлсакда, яна бир томони Равшан Салаевга ҳам ачиниб қўйдик.

Аммо  баҳонада Бобомуроднинг мухлислари  у ҳақдаги муҳим бир шахсий жиҳатни ҳам билиб олдик, демак Бобомурод кола ва шоколадни  алоҳида яхши кўрар экан.

Судланувчиларимиз яқин кунларда озодликка чиқишади. Умид қиламизки, Бобомурод ҳам.

Қувончли кунлар гашти ила Бобомуродни табрикламоқчи ёки мабодо уни меҳмон қилиб сийламоқчи бўлсангиз, дастурхонга ҳеч иккиланмай кола билан шоколод сотиб олаверинг.

Балки улушини қайтариб бериш учун Равшан Салаевни ҳам таклиф этарсиз.

Ахир ҳисобли дўст айрилмас дейдиларку…

Қолаверса, қувончли кунларни кўпчилик билан бирга баҳам кўрганга ҳам нима етсин…

Муаллиф: Дилфуза Жавоҳир Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

3000 минг доллар пора олган чиноз туман суди раиси ҳибсга олинди

Тошкент вилоятининг Чиноз тумани жиноий ишлар бўйича суди раиси пора олишда айбланиб ушланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда. Судья 3000 минг доллар пора олганликда ...

Қизларни жинсий қулликка жўнатиш билан шуғулланган қизга жазо тайинланди

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Абдулла Авлоний маҳалласида ўтказилган очиқ суд мажлиси айни йўналишда жиноят содир этган фуқарони тўғри йўлга бошлаш мақсадида ташкил ...

Молдова президенти ўз лавозимидан четлатилди

Молдова Конституцион суди янги вазирларни тасдиқлашдан бош тортгани сабабли президент Игорь Додонни вақтинчалик ўз вазифаларини бажаришдан четлатди. Фото:Valeri Šarifulin, ...