Тельман Гдлян – жиноятчи ва ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортилиши керак

Тельман Гдлян – жиноятчи ва ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортилиши керак
2018 йил 16 апрель куни россиялик тележурналист ўзининг “Аср жумбоқлари…” дастурида “пахта иши” тўғрисидаги кўрсатувни намойиш этди. Унда ўзбек халқига қарши жиноятларнинг асосий айбдори Тельман Гдлянга сўз берилди. Шуни таъкидлаш жоизки, у асл қиёфасини кўрсатди.

Ўз вақтида совет оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолаларда “пахта иши” Кремльда ўтирган, қариб ақлдан озган партия раҳбарларининг оддий хатоси қилиб кўрсатилган эди. Бу шунчаки маъмурий хатомиди? Бу саволга жавоб олиш учун ССРИда пахта ва бошқа ишлардан сўнг рўй берган сиёсий ҳалокатни таҳлил қилиш кифоя. Моҳиятан, бу режалаштирилган сиёсий технология натижаси бўлиб, ундан ССРИдан ажралиб чиқиш хавфи вужудга келган минтақаларда онгли равишда “бошқариладиган тартибсизликларни” ташкиллаштириш учун фойдаланилган.
 
Олти йил давомида – 1983 йилдан 1989 йилга қадар ССРИ Бош прокуратурасининг Гдлян бошчилигидаги тергов гуруҳи Ўзбекистонда фаолият юритиб, ўзбек халқининг тинчлигини бузган, қўрқувга олиб, ҳукмини ўтказган. Юзлаб сохталаштирилган ҳужжатлар асосида бегуноҳ одамларни қамоқларга жўнатган. Уларнинг бегуноҳ фарзандлари ва турмуш ўртоқларини ҳам ноқонуний равишда хибсга олган. Ҳатто, тергов қилинганларнинг айримлари тазйиқ остида ўз жонига қасд қилган.
 
Аммо адолат қарор топди. В.И.Илюхин бошчилигидаги тергов гуруҳи ўтказган текширув давомида Т.Гдлян гуруҳи Ўзбекистон меҳнаткашларига нисбатан сохта жиноий ишларни қўзғатиб, уларни суриштириш давомида қўпол қонунбузарликлар содир этгани ўз исботини топди.
 
Гдлян гуруҳи терговчилари фуқароларни пора сифатида қимматбаҳо буюмлар сақлашда иштирок этгани тўғрисида ўзларига нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришга мажбурлаш орқали далилларни сунъий равишда тўплагани аниқланган. Ўз айбига “иқрор” бўлиш холлари шу даражага етиб бордики, ҳеч бир жиноятга алоқаси бўлмаган шахслар ўз яқинларини қутқариш мақсадида ўзи йиғиб қўйган маблағларига дўконлардан бориб заргарлик буюмларини харид қилиб, уларни Гдлян гуруҳи терговчиларига олиб бориб топширишган. Бу пуллар эса, аслида, фарзанду-невараларининг тўйлари учун йиғилган. Бу каби “мусодаралар” бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган эди. Т.Гдлян шахсан ўзи тергов олиб боришнинг ноқонуний услубини жорий этган, одамларни қийноқларга солиб, ҳақоратлаб, ноқонуний хибсга олиб, кўрсатмалар беришга мажбурлаган.
 
1989 йил 25 май куни Москвада ССРИ Бош прокуратураси томонидан Т.Гдлян гуруҳи содир этган қонунбузарликлар бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унинг ўзини эса коррупцияда ва тергов ҳаракатларини олиб боришдаги бошқа ноқнуний ҳаракатларда айблашди.
 
Расмий ҳужжатлардан кўчирмалар Гдлян гуруҳининг Ўзбекистон ҳудудидаги жиноий фаолиятини тасдиқлайди, яъни:
 
1. Ўзбекистонда ишларни кўриб чиқиш чоғида Т.Гдлян шахсан ўзи ва унинг тергов гуруҳи қонунларни қўпол равишда бузиб келишган, ўзбек халқига нисбатан зўравонлик, ўзбошимчалик, таҳқирлаш, ҳақоратлаш ва қадр-қимматини топташга йўл қўйган.
 
2. Жиноий-процессуал меъёрлар талаблари, ССРИ Бош прокурорининг буйруқлари инобатга олинмаган, бу оғир оқибатларга олиб келган, бегуноҳ фуқаролар хибсга олинган, конституцион ҳуқуқлари ғайриқонуний равишда чекланган, улар асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган.
 
В.И.Илюхин тергов гуруҳи ССРИ Олий Кенгашида Т.Гдлян ва унинг “шериклари”ни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи қўйилган эди, Гдляннинг иши эса судга йўналтирилган. Гап шундаки, ўша кезларда Гдлян ССРИ Олий Советининг депутати ва шу вақтнинг ўзида Арманистоннинг депутати эди. Депутатни жиноий жавобгарликка тортиш учун парламентнинг розилигини олиш керак. Аммо ССРИ Олий Кенгаши В.И.Илюхин тергов гуруҳига рад жавобини бериб, Гдлянни фақат прокуратурадан ишдан олишга розилик берган.
 
Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Гдлян ва Ивановларнинг Ўзбекистон ҳудудида қилган жиноятлари юзасидан жиноий иш материалларини юбориш тўғрисида бир неча бор хатлар билан мурожаат этган. Аммо улар жавобсиз қолган.
 
Юқорида баён этилган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида ўзбек халқига қарши содир этган жиноятларнинг асосий ижрочиси сифатида Тельман Гдлянни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Т.Гдлянга нисбатан ошкора айбловни илгари суриш учун жиноий иш қўзгатиши лозим.
 
Собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари Тоштемир Қаҳрамонов томонидан бошланган Халқаро Гаага судига мурожаат йўллаш тартиб-таомилларини давом эттириш ҳамда Интерпол бюроси орқали Гдлян ва Иванов гуруҳида бўлган барча айбдорларнинг экстрадициясини талаб қилиш керак, деб ҳисоблаймиз. Айни пайтда жиноятчилар айбини тасдиқловчи етарли исботлар мавжуд. Ўша мудҳиш воқеалар гувоҳлари ва жабр кўрганлар хали тирик. Гдлян жиноятларининг айбсиз қурбонлари, уларнинг яқинлари адолат қарор топишини интизорлик билан кутмоқда!
 
 
Шуҳрат Саломов, тарихчи-публицист,
 
Махмуд Йўлдошев, психология фанлари доктори,
 
Олломурод Исоқулов, пенсионер, Қашқадарё
 
вилояти ИИБ сиёсий бўлимининг собиқ бошлиғи,
 
Шокир Долимов, заҳирадаги подполковник,
 
Акбар Мирзо, ёзувчи
Манба: uza.uz сайти
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Никоҳсиз туғилган болага алимент олиш тартиби

Никоҳсиз туғилган болага алимент тўланадими? Фото:thepretty.ru   Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида мазкур саволга қуйидагича жавоб берилди. Оила кодексига ...

Санкт-петербургдаги уй томидан ўзбекистонликнинг жасади топилди

2019 йилнинг 19 июль куни Санкт-Петербургнинг Москва туманидаги уй томида Ўзбекистон фуқароси У.А.нинг жасади топилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош ...

«туман прокурори бўлиш нархи 40 минг доллар эди». президент порахўр прокурорлар ҳақида гапирди

Президент Самарқанд вилоятига хорижий инвестицияларни олиб кириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилиши кераклигини уқдирди. Ўзбекистон раҳбари Самарқанд вилоятида хорижий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400