Турмуш ўртоғим ўқитувчи бўлиб ишлайди. Кейинги пайтда бот-бот безовталаниши, асабийлашишини кузатаман. Буни кечки пайт телефони қўлидан тушмаслигидан пайқаш қийин эмас. Мулоқот мавзуси деярли бир хил:

— Эртага жуда ёмон комиссия келяпти, туриб бермасанг бўлмайди. Дарсдан ярим соат олдин келиб, рўйхатдан ўтиб, «как штик» ўтирасан. Форма эсдан чиқмасин, келмай яна «подводит» қилмагин, хўпми?

Фото: Delfi

Шу тариқа гуруҳдаги барча ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналарига бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқади. Бироқ баъзан хумпар ўқувчилар панд бериб қўяди ва аёлим кўзда ёш билан уйга қайтиб келади. Демак, ё танбеҳ эшитган ёки мукофотдан маҳрум бўлган.

«Комиссия» деганлари айниқса, тиббиёт ва таълим соҳаларини хуш кўради. Тасодифми-йўқми, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази яқинда ўтказган сўров натижаларига кўра соғлиқни сақлаш Ўзбекистондаги энг коррупциялашган соҳа деб топилди. Кейинги ўринни эса, сезганингиздек, таълим эгаллади.

Тўғри-да, комиссиянинг келиб-кетиши осонми? «Меҳмон атойи худо» деган гап бор. Уни кўнгилдагидек кутиб олиш, олиб юриш, ётоғини таъминлаш, яхши жойда овқатлантириш, совға-салом билан кузатиш керак. Худо кўрсатмасин, нимадандир кўнгли тўлмай, ранжиб қолса, иш пачава бўлди деяверинг.

Ҳаммадан чекка жойлардаги тиббиёт ва таълим муассасаларига қийин: уларни кунора туман ёки вилоятдан келган комиссия йўқлаб туради. Ора-сира Тошкентдан келадиган каттаконларни ҳам кутиб олишга тўғри келади.

Агар бу тинимсиз комиссиялардан нимадир наф бўлганда, биздаги тиббиёт ва таълим аллақачон юксак чўққиларни забт этган, ўқувчи ва талабаларимиз нуфузли хориж мукофотларига даъвогарлик қилаётган бўларди. Афсуски, ҳозирча буни кузатаётганимиз йўқ. Комиссиялардан зада бўлган шифокор ва ўқитувчилар давлат муассасаларини ташлаб, хусусий секторга ўтиб кетяпти. Бу кетишда яқинда комиссиялар текширадиган муассасанинг ўзи қолмаса гўрга эди.

Комиссияларнинг келиши кўпинча муҳит бузилиши, миш-мишлар болалашига сабаб бўлади: бир ҳудуд ёки ташкилотга комиссия серқатнов бўлиб қолдими, тамом, ҳамма ҳоким ёки раҳбар лавозимидан кетишига қанча қолганини санаб ўтиради.

Тинимсиз комиссиялар туфайли мутасаддиларни ташаббус ва фикрдан холи, муте кишиларга айлантирдик. Боғчалардан бирига борганда муассаса ички деворининг бир қисми тушиб кетганига кўзим тушди. Мудирани «Опа, шуни бир нима билан тўсиб қўйса бўлмайдими, хавфсизликка тўғри келмайди, маст-аласт кишилар кириб келиши мумкин», — дея огоҳлантирган бўлдим. У кўзини пирпиратиб, «Укажон, буни шунча келган комиссия айтмаганди-да», — деди.

Русларда «свежий взгляд», яъни «четдан нигоҳ» деганга ўхшаш гап бор. Шу маънода балки комиссиялар ҳам керакдир. Аммо, одамни қонига ташна қиладиган даражада эмас-да. Четдан қарашнинг ҳам меъёри бор ахир.

У ёғидан келсангиз, қилаётган ишимиз, ўтказаётган тадбирларимизнинг кўпи хўжакўрсинга. Агар унга ҳокимлик, соғлиқни сақлаш ёки халқ таълими бўлимидан кимдир келмаса, бу ҳақида газета, телевидения ёки сайтда икки энлик хабар ё лавҳа чиқмаса, ўтмади деб ҳисоблашга тайёрмиз.

Бу ҳолатни йўлларимизда ҳам кузатиш мумкин. Хавфсизлик камарини ЙҲХБ ходимини кўрганда тақамиз, худди жонимиз омонлиги унга керакдек. Радар борлигини билиб қолсак, рухсат этилган тезлик 50 километр бўлса ҳам, 30 да юрамиз, ўтиб олгач, яна борига босамиз.

Кўзбўямачилик қон-қонимизга сингиб кетган. Пахта йиғим-теримига ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини олиб чиқмаслик ҳақида кўрсатма берилганидан сўнг уларни ёппасига қайтариб келдик. Орадан бироз вақт ўтиб, ҳовур босилганидан сўнг бечораларни маҳалласидан «қалб амри билан» яна келган жойига жўнатиб юбордик. Энди темир-терсак билан ҳам шу аҳвол: таълим ва тиббиёт муассасаларига уларни йиғиш бўйича топшириқ бериш ман этилди. Бироқ алдам-қалдам йўллар билан яна шифокор ва ўқитувчини металлолом тўплашга мажбурлаш давом этмоқда.

Ўтган галги мақоламизни «Мажбурий обуна кимга керак?» деган савол билан якунлагандик. Бу гал ҳам анъанадан воз кечмадик ва навбатдаги саволни кўндаланг қўямиз: қачонгача комиссия учун ишлаймиз? Ўзимиз учун, жамият равнақи учун ишлаш фурсати етмадими?

Манба: daryo.uz