1000 ДОЛЛАРЛИК ДАВЛАТ СИРИ

Суратда: Туркия Жумҳурияти Ташқи ишлар вазирлигининг Ҳамкорлик ва Мувофақат (Координация) Агентлиги (ТИКА) Тошкент ваколатхонаси собиқ Бошқони Тарих фанлари доктори, профессор Сулаймон Қизилтупроқ ва ҳозирда сиёсий тутқунликда сақланаётган нодир олимларимиздан Андрей Қубот ўғли (Қубатин).

Яқинда қайта маҳкамаси бўлиб, 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Андрей Кубатин Давлатга хиёнатда, хусусан, Давлат сирини чет эллик резидентга сотишда (!!!) айбланяпти.

Энди Давлат сирининг нималигига диққат қилинг: Эмишки, Андрей Қубатин Шарқшунослик Институтининг электрон базасидан (!) махфий маълумотларни олиб, 1000 (бир минг) АҚШ доллари эвазига (!) ТИКА Бошқони С. Қизилтупроққа сотган, Давлат сирини фош этиб, Ватанга хиёнат (!) қилган.

“Эй, барака топкур” (И.А. Каримоф), дунёда Мантиқ деган нарса бор!

Биринчидан, Давлат сирлари Шарқшунослик Институтининг электрон базасида нима қилиб “адашиб юрибди”?!

Ёки Шарқшунослик институтининг мақоми Миллий Хавфсизлик Институти, Стратегия Институти, Ички ишлар ва Мудофаа Вазирликлари академиясига тенглаштирилган-у бу Билим даргоҳида олим ниқобидаги погонли фавқулодда комиссарлар (ЧеКистлар) хизмат қиладими?

Агар шундай бўлса, буни халққа билдириш керак!

Иккинчидан, Давлатимиз сирлари шунчалик арзон баҳоланадими? Уни сотиш шу қадар осонми?!.

Учинчидан, бу сирни сотиш натижасида Давлатимизга қанчалик зиён етказилди?! Бунинг кўлами аниқми?! Агар етказилган зиён кўламига қараб жазо белгиланган бўлса, нега ва нимага асосан 11 йиллик жазо 5 йилга камайтирилди?! Агар бу зиёнга қарамай, қамоқ муддатини нақд 6 йилга қисқартирилган экан, бу мантиққа кўра муддатни бир йил ёки олти ойга ҳам тушириш мумкиндир?! Балки, умуман, озод қилишнинг ҳам имкони бордир!

Мен нима учун озод қилишнинг имкони бор, деяпман? Ишонаманки, ҳукм чиқарган Ҳарбий Маҳкама Андрей Қубатиннинг айбсизлигини билади. Фақат ИАК давридан қолган эски анъана ва удумга мувофиқ Чекист окахонларнинг босими ва кўрсатмаси билан айбсиз одамни айбдор қилган. Ҳарбий Маҳкама бу билан яна бир марта ўзининг мустақил эмаслигини, Ўзбекистон Президентининг Суд Ҳокимияти ҳақидаги танқидлари нақадар ўринли эканлигини кўрсатди.

Ушбу маҳкама жараёни Президент Ш. Мирзиёев айтмоқчи “Кўчадаги тик турган симёғочни ҳам олиб бориб қамайдиган” собиқ Конторанинг 37-йиллар услубидаги охирги фитналаридан биридир ва Андрей Қубатин бу хоинона фитнанинг айбсиз қурбонидир!

Энди Ўзбек халқи ИАК давридаги халқ эмас, ва бугун 37-йил ҳам эмас! Миллатимиз оқу қоранинг фарқига боради ва бугун зиёли, мунаввар бир фарзандининг қурбон этилишига асло бефарқ қараб туролмайди!

Халқимизнинг ҳақиқий миллатпарвар, ойдин вакили Андрей Қубатин сўзсиз ва шартсиз озод этилиши керак!!!

P.S.: Дарвоқеъ, профессор Сулаймон Қизилтупроқ ҳақида икки оғиз сўз. Мен уни шахсан танийман ва у билан 20-аср Жадид адабиёти, замонавий ўзбек шеърияти ва насрининг турк тилига таржимаси, унинг Туркияда чоп этилиши ва тарғиботи хусусида ҳамкорлик қилиб, Чекистлар таъбири билан айтганда, мен ҳам Андрей Қубатинга ўхшаб, Давлатнинг адабий-бадиий “сирларини сотиб”, Ватанга “хиёнат” қилганман. Профессор С. Қизилтупроқ ҳақида шуни айтишим мумкин: Агар Туркияда Ўзбекистон халқи ва Давлатининг иккита дўсти бўлса, биттаси у, агар биттагина дўсти бўлса, ўша биттаси ҳам удир! Мен бунга аминман!

Мабодо бу одамнинг Ўзбекистондаги Давлатга қарши “экстремистик ва қўпорувчилик” фаолияти ва у етказган “зарар кўлами” билан қизиққан киши бўлса, марҳамат қилиб, ТИКАнинг ФБдаги саҳифасидан бемалол билги олиши мумкин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ.

Мақола муаллиф Зариф Султани “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фуқаролиги йўқ шахслар қачонгача ўгай ҳолда яшайди?

Ислом Каримов ўлгунича ўзининг коммунистик ғояларга қалбан содиқ эканини мамлакатда собиқ СССР фуқароларини сақлаш орқали намойиш қилди. Унинг бу каби тутуриқсиз, бетайин, ...

Метродаги саргузаштлар. суратга олиш мумкинмиди ўзи?!

Яна бир ажойиб тонг отди. Миллионлаб юртдошларим сингари ишга отландим. Пойтахтнинг «Чилонзор» метро бекатига тушиб поездга чиққанимда, куни кеча сайтимизда метрополитен ...

Ўзбекистон отмда тўлов-контракт нархлари яна оширилади

13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ни Фармони эълон қилинди. Унга асосан, 2018 ...