Валюта айирбошлаш шоҳобчаларининг эгалари ким?

 

ВАЛЮТА АЙИРБОШЛАШ ШОҲОБЧАЛАРИНИНГ ЭГАЛАРИ КИМ?Яқинда 5 доллар сотиб олиш учун бир қатор жиддий, сунъий тўсиқларга, аниқроғи, муаммоларга дуч келдик. Ҳа, сиз менга 5 доллар нима учун керак бўлиб қолганидан ҳайрондирсиз. Гап шундаки, ҳозирги кунда республикамизда йирик олди-сотди ҳаракатлари: уй-жой, автомобиль, қимматбаҳо мол-мулк савдосида АҚШ доллари устувор кучга эга. Бундан ташқари бугунги кунга келиб, доллар билан “ҳисоб-китоб” қилиш ишлари бошқа “жабҳа”ларни ҳам забт этган, десам асло муболаға бўлмас. Масалан, ойлик маоши ўз вақтида, яъни ойма-ой бериб туриладиган “престиж” ташкилотларга ишга кириш, “шўхлик” туфайли қонунга хилоф иш тутиб қўйган шахслар “иши”ни ёпиш, бости-бости қилиш, касалликка чалинган беморларни жиддий даволаш ва ҳакозо, ҳакозо ишлар учун мутасаддилар қўлига “кўк”идан тутқазилиши ҳеч кимга сир эмас. Хуллас, бугун доллар иссиқ жоннинг ҳаммасига бирдек зарур. Менга эса, 5 доллар уйимизга қўшни республикадан келган меҳмонни туман ички ишлар бўлимидан вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун керак эди.

Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчимиз: суриштирув, ўрганишларимиздан шу нарса аён бўлдики, худди биздагидек вақтинчалик рўйхатга қўйишга оид хизмат учун давлат божи Россияда рублда, Белорусда белорус рублида, Қозоғистонда тенггеда, Қирғизистонда қирғиз сомида, Туркманистонда манатда, Украинада гривнада, Озарбайжонда озарбайжон манатида, яъни мазкур давлатларнинг миллий валюталарида тўланаркан. Холбуки, аниқлашимизча, ушбу давлатларнинг деярли барчасида миллий валютани АҚШ долларига айирбошлашда айтишга арзигули муаммо мавжуд эмас экан. Ўзбекистонда эса, бунинг мутлақо акси, банк ёки Валюта айирбошлаш шоҳобчаларидан АҚШ доллари харид қилиш тоғга тош кўтариб чиқишдан кўра анча қийин иш…

Хўш, 5 доллар кимга ва нима учун тўланиши керак? Маълумки, Ўзбекистон билан ўртада виза жорий этилмаган давлатлардан (МДҲдаги айрим давлатлар) юртимизга келган чет эл фуқаролари мамлакатимиз ҳудудида 5 суткадан кўп рўйхатсиз яшаш ҳуқуқига эга эмас. Агар хорижликнинг 5 суткадан кўп яшашига тўғри келса, у ҳолда меҳмон, албатта, ўзи келган манзил бўйича туман ички ишлар бўлимида вақтинча рўйхатдан ўтиши шарт. Акс ҳолда қонунга итоатсизлик аломати вужудга келади ва бунинг натижасида меҳмон, ҳатто мезбон ҳам қонунда белгиланган миқдорда жарима тўлашга ёки ички ишлар идоралари ходимлари ёинки божхона ходимларининг оғзини ёғлашга тўғри келади. Юқорида тилга олганимиз 5 доллар айнан меҳмоннинг ўзи келган туман ички ишлар бўлимидан хоҳишига кўра олти ойгача муддатга вақтинча рўйхатдан ўтиш учун тўлашга керак.

Ҳукуматимиз томонидан АҚШ доллари устувор кучга эгалиги тан олинган ҳолда, аниқроғи, замона зайлига кўра республика банклари қошида Валюта айирбошлаш шоҳобчалари очилгани ва фаолият юритаётганига бир неча йил бўлди. Мамлакатимизда бу йиллар давомида аҳолининг АҚШ долларига нисбатан эҳтиёжини таъминлаш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар амалга оширилди. Бироқ бундай чора-тадбирларнинг реал ҳаётда, яъни амалиётда эмас, балки шунчаки “қоғозлар”да қолгани ва қолаётгани ҳар қандай онгли одамга сир эмас. Фикримизнинг нечоғли тўғрилигига 5000 доллар эмас (қонунга биноан ҳар бир фуқаро банк, Валюта айирбошлаш шоҳобчасидан ҳар уч ойда 5000 доллар харид қилиш ҳуқуқига эга) атиги 5 доллар савдоси бошимизга тушганида яна бир карра иқрор бўлдик. Валюта айирбошлаш шоҳобчалари назаримизда аҳоли эҳтиёжини қондириш учун эмас, балки бир ҳовуч шахслар манфаати учун хизмат қилаётганини чуқур англадик. Чунки шоҳобчалардан долларни сизу бизга номаълум бўлган мартабали шахсларгина давлат курсида сотиб ола олади.

Тўғриси, биз ушбу мақоламиз орқали бошқа давлат фуқароларини вақтинча рўйхатдан ўтказишга оид икир-чикирлар хусусида эмас, унинг тимсолида вужудга келадиган доллар харидига доир мураккабликлар ҳақида сўз юритмоқчимиз, холос…

Хуллас, биз 5 доллар излашни бошладик. Излаш давомида “ўзингда йўқ, оламда йўқ” деган нақлнинг нақадар тўғри айтилганини ҳам англадик. Уни топиш бизнинг асосий вазифамиз. Ўзимизга яқин банклардан ҳам, валюта айирбошлаш шоҳобчаларидан ҳам бу 5 доллар дегани топилмагач, унинг “анқонинг уруғи” эканлигига ишонч ҳосил қилгандек бўлдик. Кунимиз “қора бозор”га қолди. Валюта айирбошлаш шоҳобчаларидан тополмаган “анқонинг уруғи”ни қора бозордан топиш илинжида Қўйлиқ деҳқон бозори ҳудудига бордик. У ерда  Валюта айирбошлаш шоҳобчалари атрофида қўлларида даста-даста пул кўтариб юрган замонавий касб вакиллари – валютафурушларга учрашишимизга тўғри келди. Уларнинг биридан 15000 сўмга 5 доллар сотиб олдик. Асосий муаммомиз осон ҳал бўлганидан хурсанд ҳолда кетишга чоғланганимизда, шундоққина ёнларида туриб, дуч келган одамларга овозининг борича “доллар, Россия рубли, тенгге оламиз” деб пешвоз чиқаётган валютачиларни кўрмаган қонун посбонларининг бодроқдек-бодроқдек кўзлари бизни кўриб, йўлимиздан тўхтатиши навбатдаги муаммога дуч келишимизга сабаб бўлди. Улар билан ўртамизда кечган баҳс-мунозаралар эса 5 доллар харид қилиш чоғида дуч келган бир нечта муаммолар ичида алоҳида мавзу…

…Биз 5 долларлик бўлдик. Мен ҳам, меҳмон ҳам оворагарчиликларга барҳам берилганидан шодланиб, қонун посбонларининг терговлари, таъмагирлигидан нафратланиб, сўкина-сўкина (кечирасиз, сўкинишга мажбурсиз, фақат ичингизда) ИИБнинг паспорт бўлимига йўл олдик. Энди ишимиз тугаши керак. Бироқ чучварани хом санабмиз, аниқроғи, чучваранимас Линкольн бобонинг расми туширилган атиги битта “қимматбаҳо қоғоз” – 5 долларни хом санабмиз. Навбатдаги муаммо бизнинг минг азобда қора бозордан сотиб олган 5 долларимизни ИИБ ҳовлисида жойлашган Валюта айирбошлаш шоҳобчаси ходимаси яроқсиз деб топганида вужудга келди. Таннозой ғазначи биз топиб борган “анқонинг уруғи”нинг йили эскирганини рўкач қилиб, уни қабул қилишдан бош тортди. У 2005 йилдан олдин чиқарилган долларларни Валюта айирбошлаш шоҳобчаларида эмас, айнан банкларда сотиб, сертификат олишимиз мумкинлигини айтгач, пулимизни чўнтакка солиб, ўзимизга энг яқин бўлган Миробод тумани, Фарғона кўчасида жойлашган “Турон банк”ка бордик. Яна ўша банк ходимаси, бизга 1 соат олдин 5 доллар сотмаган қиз. “Мана сиз сотмаган 5 долларни бошқа жойдан сотиб олиб келдик” дедим мағрурона ва пулни олдига қўйдим. Бироқ афсуски, ўша кассир қиз ҳам Линкольн бобонинг боши туширилган тасвир тагида “2006” ва ундан юқори рақамлар ёзилиши кераклигини тилга олиб, пулимизни қўлимизга тутқазди ва гапни қисқа қилди-қўйди. Биз марказга шошилдик. У ерда дастлаб Халқ банки, сўнгра Асака банкнинг Валюта айирбошлаш шоҳобчасига учрадик. Биздан ҳатто Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам қолмади. Ўзбекистон Республикаси Миллий банкига йўл олдик. Улар бизни шаҳарнинг бошқа қисмида жойлашган Тошкент шаҳар ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига юборишди… Хуллас, банклараро саёҳатимиз узоқ давом этди, лекин биз ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмадик.

Бошимизни қуйи эгиб, туман паспорт бўлимига келдик. Мақсадимиз паспорт бўлими бошлиғига учрашиш, вазиятни тушунтириш, ҳозирча паспортни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун қабул қилиб туришини (чунки меҳмоннинг Ўзбекистон ҳудудида қолиш муддати тугаётган эди), 5 АҚШ доллари тўланганлиги тўғрисидаги квитанцияни паспортни олиш чоғида тақдим этишимизни айтиб тушунтиришдан иборат эди.

Негадир яна паспорт бўлими ҳовлисида жойлашган Валюта айирбошлаш шоҳобчаси олдига бордик. Ҳар эҳтимолга қарши биз каби вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун ҳақ тўлаш мақсадида навбат кутиб турган нотаниш кишидан 5 доллар сўрадик. Бахтимизга унда биз банкма-банк юриб тополмаган беш доллар бор экан. Ундан 5 долларни 15000 сўмга сидқидилдан сотиб олдик ва навбатимиз келганда кассирга топширдик. У бизнинг минг азобда, деярли кўз ўнгида топган 5 долларимизни тахминан 35-40 баравар арзон давлат курсида қабул қилиб, қўлимизга бежирим сертификат тутқазди. Шукурки, ишимиз битди, бироқ бу 5 доллар бизнинг роппа-роса 1 кунлик вақтимизни ўғирлади. Ишимиз битгач, 5 доллар харид қилиш учун кетган харажатларимизни ҳисоблаб донг қотдик. Нақ 70000 сўмга тушибмиз. Бунга “қора бозор”нинг қорабойлари сотган эски 5 доллар харид суммаси (эмишки, 2013 йилнинг ноябрь ойидан эътиборан банклар 2005 йилдан олдин чиққан АҚШ долларини қабул қилмас экан), ИИБдан турли банкларга, валюта айирбошлаш шоҳобчаларига бориб-келиш учун кетган йўл ҳақимиз ҳам киради…

Хуллас, юқорида таъкидлаганимиздек, ҳукуматимиз томонидан вақти-вақти билан хорижий валютани сотишга оид турли чора-тадбирлар кўриб борилади. Норасмий Валюта айирбошлаш шоҳобчаларининг эгалари “қўлга олинади”, мамлакатдан қочиб кетишга улгургани улгуради, қўлга тушганларига нисбатан гўёки жазо чоралари кўрилади. Қўлга олинган мартабали валютчикларга оид шов-шувлар маълум муддат юрт бўйлаб изғийди, яна орада бир неча кун вақт ўтгандан кейин худди эсган шамол тинганидек ҳамма нарса ўз измига тушади. Валюта айрибошлаш шоҳобчаларининг собиқ “эгалари” тегишли жойларга катта миқдорда “бер-бер” орқали яна ўзлари эгаллаб турган лавозимларини қўлга киритади, борди-ю бундай қилинмаса, “курси”лари янги эгалар қўлига ўтади. Бироқ Валюта айирбошлаш шоҳобчаларининг эгалари кимлигини оддий халқ мутлақо билмайди, аниқроғи, уларнинг билишига йўл қўйилмайди. Замонавий касб эгалари – валютафурушлар эса яна эмин-эркин “фаолият” юрита бошлайди. Долларга эҳтиёжманд оддий халқ эса, яна ўша-ўша ҳар хил кўргуликларга гирифтор бўлиб юраверади. Мамлакатда “Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва бошқа бир-биридан жарангдор қарорлар қабул қилинади ва қилинаверади, улар ҳаётга тадбиқ этилади, этилаверади, бундай қарорлар ўз кучини қоғозда сақлаб қолса-да, амалда ҳеч қандай кучга эга бўла олмаганлиги туфайли алал-оқибат халқнинг назаридан четда қолади ва қолаверади. АҚШ долларининг расмий курси тийинлаб бўлса-да бетиним ўсишдан тўхтамайди, бу ўсиш эса “қора бозор” олчоқларини янада руҳлантиради, чунки доллар қоғоз бўйича атиги 7 тийинга ошса, “қора бозор”да 700 сўмга ошади. Энг ачинарлиси, миллий валютамиз – сўм қадрсизликни зиммасида ортмоқлаб юраверади. Бу эса, иқтисодиётимизни танг аҳволдан чиқаришга, шубҳасиз салбий таъсир кўрсатади.

Асил ЭЛЎҒЛИ

Ғалати суҳбат

Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган “Фарғона” бозори ва Қўйлиқ бозори ҳудудида жойлашган Валюта айирбошлаш шоҳобчалари олдида бўлиб ўтган “эксклюзив” суҳбатимизни негадир сиз азизлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик.

“Фарғона” бозоридамиз.

Мен: Ассалому алейкум, 5 доллар керак эди.

Кассир: Продажага йўқ.

Мен: Кечирасиз, қаердан сотиб олсам бўлади?

Кассир: Билмадим бошқа банкларнинг обмен пункитига бориб кўринг.

Мен: Билсангиз, яқин атрофда жойлашган банкларнинг адресини айта қолинг.

Кассир: Нимага керак ўзи?

Мен: Паспорт столига вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун.

Кассир: Менимча, банклардан топиш қийин. “Қўйлиқ” бозоридаги валютчиклардан ола қолинг…

“Қўйлиқ” бозоридаги валюта айирбошлаш шоҳобчасидамиз.

Мен: Ассалому алейкум, 5 доллар керак эди.

Кассир: биз беш доллар сотмаймиз.

Мен: Нега? (Саволимга кассирнинг ўрнига шоҳобчанинг шундоғам кичик дарчасини деярли тўсиб турган бегона аёл жавоб берди).

Бегона аёл: Ўзиззи гўёки Америкадаги банклари олдида тургандек ҳис қивосизку укагинам!

Мен: Шунақами?

Бегона аёл: Ҳа, шунақа. Биза бўтта нимеа туриммиза? Билиб қўйинг, бизани банкла 5 доллар билан почкаватся қимийди.

Мен: Ростданамми?

Бегона аёл: Сиз кимсиз ўзи, ҳе йў, бе йў, обмен пунктга бош суқасиз? Худди машу касса билан доим ишлийдигон одамдей. Очерет олин, одамла соатлаб, кунлаб очерет кутвотти бўтта.

Мен: Сизнинг уйингизга бош суқмадимку.

Бегона аёл: Қатга кесейизам. Хмм, беш доллар кереймуш. Яхшиси, 50 доллар олақолин.

Мен: Биринчидан, менга 50 доллар керакмас, иккинчидан 5 доллар сотмаган касса 50 доллар сотармиди?

Бегона аёл: Ман тобераман сизга, қанча керей бўсаям.

Мен: Минг машаққат билан овоткан доллариззи нега манга сотишга қарор қилдиз? (Кассир дарчани шарт этказиб ёпиб қўйди.)

Бегона аёл: Бу одамлага яхшилий қибўмийди ҳозирги замонда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Оқилов стокҳольм судида шведларни ўлдиришга қасд қилганини тан олди (видео)

Ўзбекистонлик 40 яшар судланувчи Раҳматжон Оқилов 20 февраль куни швед маҳкамаси олдида чиқиш қилди ва ўзига қўйилаëтган айбларни тан олди. (more…)

Эльдар асанов ҳалок бўлган минглаб ўзбек саркарда ва аскарларига ёдгорлик тикланишини таклиф этмоқда

Тошкентни эгаллашда ҳалок бўлган 24 нафар рус аскарига атаб тикланган ёдгорлик қайта таъмирланибди. Жуда яхши ташаббус! Бу ҳам тарихнинг бир қисми, ўтмиш ёқмади деб тарихий ...

Volvoдаги ўзбекистонлик: “электромобиллар – автосаноатнинг янги давридир”

Volvo Group корпорацияси молиявий мутахассиси Шерзод Жалилов автомобиль гигантидаги фаолияти ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда электромобилларни ҳамда европача иш юритишни жорий ...