Яна “Ўзагроэкспорт” ҳақида: “Бели оғримаганнинг нарх белгилашини кўр!”

Халқ мақолини ўзгартирдим, чоғи?.. Шунақа бўлиб қолди-да… Ҳарқалай, «Бозорга бодринг чиқдими, турпга ҳожат йўқ» дея янги ҳикмат тўқимадим-ку?

Яна ўша сабзавот ва мева экспортидаги муаммолар ҳақида гаплашамиз. Ёдингизда бўлса, «KUN.UZ» сайти шу ой бошида соҳадаги маълум муаммолар туфайли Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида сабзавотлар чиқиндига ташланаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Мақола эълон қилингач, ОАВда мазкур мавзуга доир жуда кўп чиқишлар гувоҳига айландик.

Бизни ҳайрон қолдиргани, «Ўзагроэкспорт» ташкилоти мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун деҳқон ва экспортёрлар томон қадам босиш ўрнига, айни пайтдаги ҳолат жуда яхши эканлигини уқтиришга ҳаракат қилганида бўлди. Мақоладан мақсад – деҳқон ва экспортёр билан «Ўзагроэкспорт»нинг орасини бузиш эмас, балки муаммони кўтариб, икки томон учун манфаатли келишувга эришиш бўлганди.

Қуйида, айни пишиқчилик олдидан экспорт билан бўлаётган можаролар ҳақида гаплашамиз.

Олтиариққа «Ўзагроэкспорт» келди, кўрди, эшитди, кетди..

Аввалги мақола «ўргимчак тўри» юзида тарқалгач, олтиариқлик «турп сақлаб чўнтаги куйган» икки экспортёр Бекзод Раимов ва Ўткир Ҳамдамовга «Ўзагроэкспорт»дан қўнғироқ бўлади. «Турпингизга харидор бор. Сақланаётган жойидаги ва маҳсулотнинг кесилган ҳолатдаги суратларни жўнатинглар» дейилгач, икки ҳамкор музлатгичга бориб, мазкур талабни бажаради.

Эртасига, юртда етиштирилган сабзавот ва мева-чеваларнинг экспортига маъсул бўлган ташкилотдан 9 нафар киши Олтиариққа келади. Улар орасида «Ўзагроэкспорт» раҳбар ходимлари, маркетолог ва нарх белгиловчи масъул шахслар бор эди. Экспортёрлар уларга музлатгичга қўйилган турпни кўрсатишади. Кейин билишса, уларнинг орасида харидор йўқ экан. Уч соатлик суҳбат давомида экспортчилар «Ўзагроэкспорт»дан 50 тонна турпга харидор топишда ёрдам беришини сўрайди. «Юқори» ташкилот эса бунинг иложи йўқ эканини айтган.

«Мутасаддиларга харидор топишнинг иложи йўқ бўлса, ваколатларинг доирасида ёрдам керак. Турп нархини тушириб беринглар, дедик. Олтиариқда ўзим таниган ва айни пайтда музхонада турп сақланаётган бошқа экспортчиларнинг ҳам телефон орқали дардини эшиттирдик. Улар бизга: «Озиқ-овқат вазирлигига, турпнинг нархини тушириб беришингизни сўраймиз, деган мурожаатнома ёзиб беринглар» дейишди. Шунда биз вакилларга: «Вазирликка ўзимиз ёзиб жўнатаверамиз, сизларнинг бизга нима фойданглар тегиши мумкин? Мана кўриб турибсизлар – музхонада маҳсулот ётибди, бошқа музхоналарда ҳам бор. Турпни мен деҳқондан 350 сўмга олганман. Уни қоплаб, транспорт харажати қилиб, музлатгичга олиб келишим билан 450 сўм бўлди. Беш ой музлатгич омборда сақлаш учун килосига 50 сўмдан тўладим. Ҳозир шу турпнинг таннархи 700 сўм. Лекин харидор йўқ. Сабаби, тоннасига 175-228 доллардан нарх белгиланган. Ахлатга ташлаш ўрнига зарарига 300 сўмдан сотаман деганлар ҳам бор. Ўзларингда харидор йўқ бўлса, барча билан суҳбатлашиб, ўртача нархни белгилаб берсаларинг, харидор топиб сотар эдик» деганимиздан сўнг улар кетишди. Бироқ ўзгариш йўқ. Турпга белгиланган нарх эса ўшандай турибди», дейди Бекзод Раимов.

Тадбиркорлар «Ўзагроэкспорт»нинг маркетинг ва экспорт бўйича директори Султон Назаровга «Нархни қайси мезонларга асосан белгилайсизлар?» дея савол беришади. Мутасадди бу сўровга ички ва ташқи бозор ўрганиб нарх белгиланишини айтади. Шунда биз у кишига «Маҳсулотнинг ички бозорда нархи тушиб, нес-нобуд бўлаётгани туфайли унинг олиб чиқиб кетиш нархини арзонлатиб, ёки келишилган ҳолда сотилсин деб белгилаб қўйса бўлмайдими?»,- деган саволни ҳам бердик. Султон Назаровнинг жавоби шундай бўлди: «Унда мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида обрўси тушиб кетади!».

Дунёда энг таваккал иш – сабзавот ва мева-чевафурушлик. Чунки, бугун ва эртага бўладиган нарх ўн баравар фарқ қилиши мумкин. Наҳотки, масъул маркетологлар шуни тушунишни истамаса? Чет элга покиза, мазаси зўр, ҳеч қандай ГМО аралашмаган арзон маҳсулот етказилса, маҳсулотларимизнинг обрўси ошиши мумкин холос, ахир?

Қизиғи, масъул ташкилот уларга бундан бир ой олдин турпга 800 сўмдан харидор жўнатганини айтади. Лекин, ўша харидорни Олтиариқда ҳеч ким кўрмаган бўлиб чиқди. Яна улар ўша 50 доллардан харидор бўлган чет эллик харидор билан тузилган шартномани сўрашди. «Мен сизлардан турпни тоннасини 50 доллардан оламан. Рози бўлсангиз, шартнома жўнатишим мумкин» деб келишув томон қадам босган чет эллик тадбиркор 175 доллар нархни эшитгач, шартнома жўнатмаслиги аниқ-ку!?

Тадбиркорлар олдиндан пул тушириб, сўнг экспорт қилишни ёқлашяпти. Чунки, бу деҳқон ва экспортчиларни алданиб қолишдан сақлайди. Фақат ҳар қандай маҳсулотга ички бозордан келиб чиқиб, нарх белгилаш пайти келди.

Водий халқи аввалдан экспортёр

Мен ўзим Андижоннинг Олтинкўл туманиданман. Бир парча ерни қадрига етадиган ва ундан даромад олишни эплайдиган жой.

Ёшлигимдан биламан, атрофимиздаги маҳаллалар аҳли помидорни эрта етиштириб, қўшни давлатларга юк жўнатар эди. Яшиклар остига қоғоз солиб, кўк помидорнинг ҳар хилини териб чиқиш қандай бўлишини амалиётда синаганмиз. 80-95 йилларда оталаримиз – баҳорда помидор, ёз ойларида иккита жомадон ва иккита қоғоз қутига узум солиб, «Свердловск, Барнаул қайдасан?» дея йўлга чиқар, икки ҳафтадан кейин бир даста пул билан қайтиб келарди.

Мен бу хотираларни қайсидир даврни қўмсаб ёзаётганим йўқ, балки водийдаги аҳоли аввалдан ўзи етиштирган сабзавотларни четга олиб чиқиб, сотиб тирикчиликка яратгани ҳақида маълумот бермоқчиман холос.

Кейинги йиллар давомида ҳам сабзавот етиштириш ана шундай давом этди. Ҳар бир туманнинг маълум бир жойида баҳор, ёз ойларида халқ тили билан айтганда «питаклар» пайдо бўлар ва у ерда Россия, Қозоғистон томон маҳсулот олиб борувчи юк машиналари турарди. Аҳоли ичидан чиққан, ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган экспортёрлар (юкчилар) баҳорда аҳоли томорқасидан етиштирилган помидорни юклаб таваккалига иш юритиб, қўшни давлатлар сари йўлга чиқар эди. Баъзи-баъзида чув тушганлари ҳам бўлган.

Андижоннинг четга маҳсулот чиқариб, деҳқончиликдан бойиган қишлоғи – Кўмакайнинг ҳар хонадонда иккитадан машина бор. Ишонмасангиз, келиб кўринг…

Сўнгги ўн йилда сабзавотларни экспорт қилишда турли муаммолар пайдо бўлгач, атрофимизда яшовчи аҳоли вакиллари чет элга ишлагани чиқиб кета бошлади.

Ўтган йил баҳоридан мамлакатимизда экспортбоп экинларни кўпайтириш, шахсий  томорқага эътибор кучайганда ҳамма бирдек хурсанд бўлгани бор гап.

Афсуски, ўзи етиштирган маҳсулотга «юқоридан» умуман нореал нарх қўйиб, четга фақат белгиланган нархда  сотилиши деҳқон ва экспортёрларнинг оёғига тушов солди ҳисоб..

Ҳисоб-китоб қиламиз

Андижон вилоятида фаолият юритаётган деҳқон-фермер февраль ойида 1 гектар жойдаги иссиқхонага эртаки ҳосил етиштириш учун помидор эккан. Унинг хомчўтини тинглайман. «Бир гектар майдонга 32 минг туп помидор кўчати экканмиз. Кўриб турганингиздек, ҳосил етилди. Шу кунгача кўчат, иссиқхонани иситиш, ишчиларнинг иш ҳақи сингари харажатларимиз 60 миллион бўлди», дейди деҳқон.

Бугун ҳали қизармаган помидор учун килосига 4 минг сўмдан харидор келди (Адаштириб қўйманг! Кўк помидорга). Мавжуд иссиқхонадан ўртача 90 тонна ҳосил олиш мумкин. Маҳсулот нархи борган сари арзонлашиб боради. 4 минг сўм жуда яхши нарх. Биринчи узишда 7 тонна ҳосил чиқди. Кейингисида 10 тонна. Демак, уч узишда етиштиришга кетган маблағ қопланса, қолгани даромад.

Лекин, «Ўзагроэкспорт» белгилаган нарх тоннасига 1000 АҚШ доллари. Бу килоси 8 минг сўм атрофида деганидир. «Ўзагроэкспорт» кўк ва қизил помидорга бир хил нарх белгилаган.

Экспортёр ўн беш кунда сотиладиган жойига қизариб борадиган кўк помидорни деҳқондан 4 мингдан сотиб олиб, унга чет элдан килосига 8 минг сўмдан пул тушириши, 20 фоиз божхона солиғи, яна транспорт харажати билан ўзга давлатга олиб чиқиши лозим.

«Ўзагроэкспорт» бугунги воқеликка қараб, бозорни ўргангач, сўнг нарх қўйса бўлмайдими?

Пиёз эккан деҳқоннинг бели синди, турп эккан ҳосилни ахлатга улоқтирди.

Бозорда гилоснинг энг зўри 18 минг сўм. «Ўзагроэкспорт» эса 32 минг нарх белгилабди. Энди юрак сиқилиши навбати гилос эккан боғбонга келди.

Нега деҳқон ва боғбон ўзи экиб, заҳмат чекиб етиштирган маҳсулотига ўзи нарх қўя олмайди? Маҳсулотга осмондаги нархни қўйишдан кимга фойда?

P.S. Олтиариқлик икки экспортёр бугун яна қўнғироқ қилди. Музлатгич эгаси маҳсулотларни олиб чиқиб кетишни сўраган. Улар турпга қўшни давлатдан 600 сўмдан харидор борлигини, «Ўзагроэкспорт» нархни тоннасига 50 АҚШ долларга туширса, сотиш имконияти борлигини айтишди. Қайта-қайта: «Мухбир ака, «Ўзагроэкспорт» нархни тушира оладими? Суриштиринг, бўлмаса барчаси увол бўлади», дея зорланишди экспортчилар…

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов

Аҳрорбек Ёқубжонов олган тасвирлар

Манба: kun.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон мусулмонлари учун закот, фитр ва фидя миқдори эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фатво ҳайъатининг 2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарор имзоланди. Қарорга кўра, 1 грамм тиллонинг бугунги кунда ...

Тошкентда иссиқ сув нархи яна ошади

Жорий йилнинг 8 декабридан бошлаб Тошкентда «энергия ташувчилар ва материаллар нархи ошиши» муносабати билан марказий иситиш тизими ва иссиқ сув таъминоти тарифлари ...

Тошкентда лаҳм гўшти 42-45 минг сўм, суякли гўшт эса 30-35 минг сўм

Ўзбекистонда кейинги пайтларда нарх-навонинг кескин тарзда ошиши тўхтамаяпти. Мамлакат пойтахтида инсон учун энг зарур саналадиган озуқа маҳсулотлари - гўшт, ёғ, ун, ва сут ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400