Банкомат экологияни бузадими ёхуд Самарқанд банкларида банкоматлар қай аҳволда?

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи муштарийларимизнинг биридан қуйидаги мазмундаги шикоят таҳририятимиз почтасига келиб тушди:

«Самарқандда банкларда пластикдаги пулларни нақдлаштириш жуда катта муаммо бўлиб қолган. Мен ўзим бюджет корхонасида ишлайман. Ойлигимни 100 фоиз пластик картага беришади. Ойлигимни нақд қилиш учун банкка борганимда менга фақат «пул тугади», «банкомат бузуқ, ишламаяпти», дея қайтариб юборишади. Банкларда нақд пул муаммо бўлиб қолган, навбат жуда ҳам катта. Охирига келганда «пул тугади», деб қайтариб юборишади. Бугун «Ҳамкорбанк»ка боришдан олдин қўнғироқ қилдим, «банкомат ишлаяпти, келинг» дейишди, борганимда эса «пул тугади», деб асабни бузишди. Ахир шунча вақт йўқотиб, бориб келиш учун йўлга харажат қилдим-ку?

Муҳтарам президентимизнинг нақд пул бўйича қарорлари уларга тегишли эмасми? Бутун Самарқанд халқи азобда пулини нақд қила олмаяпти. Ушбу масалага ойдинлик киритиб, матбуотда ёритишингизни сўрайман. Фақат, илтимос, исмим сир бўлиб қолсин».

Ушбу мурожаатномада кўрсатилган важни текшириш учун «Ҳамкорбанк»нинг Самарқанд шаҳридаги ҳар икки филиалида бўлдик. Боғишамол филиалида фақат хорижий валюта берувчи банкомат ишламоқда. Сўмни нақд қилиб берувчи банкомат йўқ.

«Ҳамкорбанк»нинг Амир Темур кўчасида жойлашган филиалида эса банкомат ишлаб турибди. 10–12 чоғли фуқародан иборат навбат бор. Пул берилмоқда.

— Марказий банк томонидан битта пластик карточкадан бир кунда 200 минг сўм нақд пул ечиб олиш мумкин. Ягона банкоматимиз эрталаб соат 8:00 дан кечки 21:00 гача ишламоқда. 4 та кассетага 60 миллион сўм кетади. Бир кунда 2–3 марта кассеталар янгиланиб туради. Баъзан, айрим пайтлар, техник носозликлар бўлади: айтайлик, тармоққа уланиш йўқолиб қолади. Банкомат бузилиб қолади, шуларни айтмаса, пулдан узилиш бўлгани йўқ, — дейди АТБ «Ҳамкорбанк» Самарқанд филиали чакана бизнес бўлими бошлиғи Асрор Эгамов.

А.Эгамовнинг бизга билдиришича, айни пайтда банк ичида жойлашган сўм, хорижий валюта ечиб олинса бўладиган банкоматлар, инфо ва пул қабул қилувчи киоскларни банкнинг ташқарисига жойлаштириш, уларнинг суткада 24 соат, ҳафтада 7 кун тинимсиз аҳолига хизмат кўрсатишига имкон яратиш учун ишлар олиб борилмоқда.

Алюминий профилдан ясаладиган мўъжаз павильон камера кузатуви остида бўлади, сутканинг ҳар қандай соатида, ҳар қандай об-ҳавода фаолият кўрсатаверади. Лойиҳа тайёрланган, қурилиш учун ҳаттоки шағал ҳам келтириб тўкилган. Барча тегишли ташкилотлар лойиҳани маъқуллашган, бироқ шаҳар экология бўлими турли ҳужжатлар ва талабларни рўкач қилиб, аҳолига қулайлик яратилиши учун қилинаётган ишнинг олдинга силжишига тўғаноқ бўлмоқда. Қизиқ, банкоматнинг экологияга қай тарзда таъсири бор эканки, соҳа мутасаддилари унинг тезроқ ўрнатилиб, аҳолининг ҳожатини тезроқ чиқаришига тўғаноқ бўлишмоқда?

«Ҳамкорбанк»нинг Боғишамол бўлимида ҳам банкоматлар учун ташқарида махсус хона — павильон ясалаётганининг гувоҳи бўлдик. «Бир ҳафтада ишга тушади», деди банк масъул ходими.

«Ҳамкорбанк»даги Асрор ака жуда сўзамол чиқиб қолди. Банкда амалга оширилаётган ва яқин ўртада қилиниши режалаштирилган яна кўплаб ишларни эринмасдан тушунтириб бердики, уларни битталаб ёзадиган бўлсак, шак-шубҳасиз, банкнинг рекламаси бўлиб қолади. «Ҳамкорбанк» ўзининг бор ички имкониятларидан келиб чиқиб, ўзига юклатилган вазифани уддалаяпти, деган фикрга келдим.

Аҳолига нақд пул беришда банкоматлар хизмати борасида аҳвол шаҳарнинг бошқа банкларида қандай эканлигига қизиқиб, айрим банкларда ҳам бўлдим.

ТИФ «Миллий банки»нинг Самарқанд вилоят бўлимида сўм ва хорижий валюта берувчи банкоматлар ишлаб турибди. Сўм берувчи банкомат олдида бироз навбат ҳосил бўлган. Мижозларни секин суҳбатга тортаман: зарур бўлганда келиб шу банкдан оламан, дейишди улар. Айримлари илк бор банкомат хизматидан фойдаланиб туришибди.

«Миллий банк»нинг рўпарасидаги «Алоқабанк»да ҳали банкомат ўрнатилмаган экан.

«Asia Allaince Bank»нинг хорижий валюта берувчи банкомати ишламоқда, бироқ банкнинг ўзидаги сўм берувчи банкомати ҳам, «Atlas» медиапаркидаги банкомати ҳам ишламаяпти. Қандайдир лицензияси тугаган эмиш.

«Халқ банки» Самарқанд шаҳар бўлимининг банкомати банк ичидан ташқарига қаратиб ўрнатилган, аммо ишламаяпти. Банкнинг пластик карточка тизимини ривожлантириш шўъбаси бош мутахассиси Бобур Эргашевнинг айтишича, шаҳар бўлимига ягона банкомат ўрнатилганига 2 ҳафта бўлган. Унинг кассетасига 150 миллион сўмгача пул кетади. Яқинда шундай банкоматлардан яна иккитаси ўрнатилади. Айни пайтда унинг ишламаётгани барча нақд пуллар пенсия тарқатишга кетаётгани билан тушунтирилди.

«Туронбанк»даги банкомат ҳам ишламаяпти. Умуман ўчириб қўйилган. Пластик бўлимидаги ходим «ичида пули қолмаган, эртага жойлаймиз», деди. Биз боргунча ишлаган-ишламагани, эртага пул жойланадими-йўқми буниси энди номаълум.

«Агробанк» вилоят бўлимида ҳам банкомат учун ташқаридан кирса бўладиган алоҳида хона қилинган. Лекин у ёпиқ эди. Банкоматга ичкаридан — қўриқлаш бўлимида ишловчи ички ишлар органи ходимлари ўтирган тарафдан кирса бўлади. У ерга мижозлар қўйилмаяпти. 3 киши навбатга турдик. Милиционерлар пластик карточкаларнинг кодини сўраб, банкоматдан нақд пулни чиқариб беришди.

«Ипотекабанк» вилоят бўлимидаги банкомат ҳам ишлаяпти. Одамлар навбатга туришган, тартиб бўлиши учун ҳамма ўз исм-фамилиясини қоғозга туширмоқда. Масалан, мен борган пайтда қоғозга 129-киши ўз исмини ёздирди. Банкоматдан эса 95-киши пул ечаётган эди. Демак, навбатда 35 киши бўлган.

Банк пластик бўлимидаги ходимларга айрим саволлар билан мурожаат қилдик. Кунига энг камида 40 миллион сўм, талаб ва кассадаги пулга қараб 100 миллион сўмгача пул банкомат кассеталарига жойланар экан. Бир кунда банкомат хизматидан 300 нафар атрофида фуқаро фойдаланади.

Албатта, пул тугаб, кимларгадир етмай қолган пайтлар ҳам бўлар экан. Шунингдек, бузуқ пластикларни банкоматга тиқиб уни ишдан чиқариш, бир йўл иккита пластикни кетма-кет тиқиб юбориш, пластикни тескари тиқиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. «Ҳаттоки, пулни санаб, чиқариб берадиган туйнугини ҳам синдиришди, 4,5 миллион сўмга таъмирладик», дейди кулиб банк ходими.

Аҳолида ҳам пластик карточка ва банкоматдан фойдаланиш маданияти, кўникмалари энди-энди шаклланмоқда. Замона зайли, ҳали ҳамма ўрганиб кетади, буниси аниқ. Аммо Самарқанд банкларида банкоматлар ҳам, нақд пул ҳам етишмаётгани рост. Амин бўлдикки, исмини сир тутишимизни илтимос қилган шикоят муаллифининг эътирозлари ўринли.

Банкомат олиб келиб ўрнатиб, уларни рисоладагидек ишлатмаётган банкларни тушуниш қийин. Банкоматни кўпайтираман, аҳолига янада қулайлик яратаман деганларига эса турли давлат органлари ўзларининг тутуруқсиз талаблари билан тўсиқ бўлмоқда. Самарқанд шаҳрида, нафақат шаҳарда, бутун вилоятда аҳолининг нақд пулга бўлган талабларини қондириш учун яна қандайдир туртки керакмикин? Айтайлик, «сенларга мана шунча кун муддат, барча банклар «Ҳамкорбанк» сингари нақд сўм ва хорижий валюта берувчи банкоматларини ташқарига жойлаштирсин ва уларнинг 24/7 режимида ишлашини ташкил этсин», қабилида буйруқ.

Ҳозирча Самарқанддаги ҳолат мана шундай. Уни ўнглаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун Марказий банкнинг вилоят бўлими ва банклар учун қандай чоралар қўллашлари барчамиз учун бирдек қизиқ.

Манба: Kun.uz 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ислом тараққиёт банки уч йилда 1 миллиард 300 минг доллар берадиган бўлди

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) 2018−2021 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик шартномаси доирасида Ўзбекистонга 1миллиард 300 миллион доллар маблағ ажратди. Бу борада ...

Ўзбекистон биржасида долларнинг курси кетма-кет уч кун давомида пасаймоқда

Ўзбекистон валюта биржасидаги доллар ушбу ҳафтанинг сўнгги уч кунида барқарор равишда пасаймоқда. Ўзбекистон Республика валюта биржаси маълумотларига кўра, долларлардаги ...

Тошкент шаҳар миб бошлиғи ўзгарди

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармасига янги раҳбар тайинланди. "UzNews.uz" нашрининг ёзишича, 2019 йил 27 март куни Бюронинг Тошкент ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400