АМЕРИКА ЎЗБЕКИСТОН МУНОСАБАТЛАРИГА РОССИЯНИНГ ТАЪСИРИ

Баҳодир Хон Туркистоннинг  “Ислоҳотларимизнинг муҳимлигини бир туман мисолида исботлай оламиз”  лойиҳаси асосида

Бирдамлик ХДҲ фаоллари мазкур лойиҳани  Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли идораларига айни Ўзбекистон ва Америка давлат раҳбарларининг кенг миқёсдаги мақсадлар кўзланган учрашуви бўлиб ўтиши кутилаётган кунлар арафасида тақдим этишган.

Аммо лойиҳага ва лойиҳани топширишга келган шахсларга нисбатан ҳукумат идораси ходимлари ва мутахассисларининг  кескин танқидий ва таҳдидий  муносабат билдиришганидан  ҳам  хабарингиз бор.

“Мамлакатни пароканда қиладиган лойиҳа” дея баҳо беришди улар лойиҳага. Ҳукуматнинг масъул мансабдорлари нималарга асосланиб бундай хулосага келишди?!  Тўғрироғи, улар нималарга кўпроқ аҳамият беришдию, нималарга умуман аҳамият беришмади ёки қайси жиҳатлар уларни мутлақо қизиқтирмади?!.

Улар аҳамият берган асосий нарса шу бўлдики, Ўзбекистондаги маълум бир туман алоҳида ажратиб олиниб, тажриба майдонига айлантирилади, яъни  танлаб олинган ушбу туманда  мухолифатдаги сиёсатчилар томонидан сиёсий ҳамда иқтисодий ислоҳотлар ўтказилади.

Лойиҳа билан танишувчилар лойиҳанинг фақат мана шу жиҳатигагина аҳамият қаратишган холос. Аммо лойиҳадан кўзланган асосий мақсадга эмас.

Тўғри, лойиҳа мамлакатдаги  сиёсий зиддиятларга сабабчи бўлиши мумкин аммо мамлакатни  иқтисодий парокандаликка гирифтор этмайди.

Ҳар қандай ҳокимият мамлакатдаги мавжуд тузум ва ўзи учун хавф туғдирадиган сиёсий зиддиятларга қатъий қарши туриши бу табиий ҳол. Бироқ иқтисодий прогрессив аҳамиятга эга лойиҳаларга нисбатан бефарқ, совуқ ва кескин муносабатда бўлиши қайсидир маънода тараққиётдан юз ўгириш билан баравар ҳодиса сифатида ҳам  баҳоланади.

Лойиҳа атрофлича ўрганилса, унда мамлакатни тараққиётга олиб чиқиш кўзланган  аниқ  мақсад ва вазифалар ўзининг муҳим аҳамияти билан диққатни жалб этади.

Туманда тадбиркорликнинг кенг миқёсда ривожлантирилиши, тадбиркорларга ўз фаолиятларини самарали амалга оширишлари учун янги имкониятларнинг яратилиши, юқори маошли иш ўринлари, транспорт, йўл қурилиши, электр энергияси ва газ таъминотида мустақилликка эришиш, экспорт-импорт муносасабатларининг янгича усуллари, аэропорт қурилиши, яъни бизнес ва иқтисодиётни ривожлантиришда  ҳаво йўллари хизматини ташкил этиш, тараққиётга тўсиқ ва ғов бўладиган коррупциядан бутунлай воз кечиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мулкдорлик жамиятини шакллантириш ва ҳар томонлама ривожлантиришнинг янгича илғор услубларини жорий этиш каби бир қатор прогрессив аҳамиятга эга таклиф ва режалар лойиҳанинг асосий мазмун ва моҳиятини ташкил этади.

Юқорида тан олганимиздек,  лойиҳанинг мамлакатда сиёсий зиддиятларга сабабчи бўлиши мумкин бўлган эҳтимоллиги ҳам йўқ эмас. (Лойиҳанинг энг нозик жиҳати ана шунда.) Аммо лойиҳа атрофлича ўрганилиб, керак бўлса муҳокамага қўйилиб, ҳукумат билан ўзаро келишувда айрим жиҳатлари қайтадан ишланиб, тажриба сифатида амалда қўлланиб кўрилса, ушбу амалиёт мамлакат тараққиёти йўлидаги долзарб ва янгича синов сифатидаги  муҳим янгилик бўлган бўлар эди.

Мана шу жойда  табиийки, ушбу тажриба сабаб мамлакат тараққиётига хизмат қилиши мумкин бўлган яна бир муҳим жараён ҳам кучга кирар эди.

Президентликка сайловда ғалаба қозонган  Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси  ўз кўрсатган номзоди, Ўзбекистоннинг амалдаги  Президенти Шавкат Мирзиёевга  у бошлаган Ислоҳотларнинг  тўла ғалаба қозониши учун   астойдил ва жон куйдириб, бор имкониятлари даражасида ҳаракат ва кураш олиб боришларига,  ғафлатдан воз кечиб, бундан кейин  янгича илғор услуб ва ғоялар устида  тинмай изланишлар олиб боришларига  ҳам туртки ва сабабчи бўлган бўлар эди.

Зеро, ҳар қандай сиёсатчи ёки сиёсий партиялар  ўз сиёсий рақибидан чўчимаслиги, аксинча,  ўз устида  тинмай ишлаб, рақибининг кучли жиҳатларидан кўраям кучлироқ бўлишга  эришишлари даркор.

Лойиҳа борасида гап кетганда менга унинг энг маъқул жиҳатларидан бири шу бўлдики, Бирдамлик ХДҲ  лидери мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ҳукуматдан маблағ сўрамаяпти. У инвестиция ва четдан олиб кириладиган сармоя ҳисобига лойиҳани амалга оширмоқчи. Ўзбекистон учун бу айни қулай таклиф эмасми?!.

Қолаверса, Баҳодир Хон Туркистон мамлакатга айнан АҚШдан катта миқдорда сармоя киритмоқчи.  Ўзбекистон АҚШ давлат раҳбарларининг яқингинада бўлиб ўтган учрашуви чоғида ҳам айни шу каби мақсад ва режаларга келишиб олинмадими?..

Келишиб олинди албатта. Аммо учрашув очиқча эътироф этадиган бўлсак, Америка мамлакати раҳбарияти  кутганидек бўлиб чиқмади. Ўзбекистон давлати, унинг Президенти,  мамлакатнинг тарихий ва бугунги кундаги дунё миқёсидаги мавқеи ва аҳамиятига нисбатан океан орти давлат раҳбарининг муносабати, ўзига хос ҳурмати, тавозе ва мулозамати албатта фахр ва таҳсинга лойиқ.

Бунинг устига менимча, дунё тарихида биринчи бор Америка сиёсий аэропортида мезбонлар томонидан ўзбек миллий тилимиз ҳурмат ва меҳр ила самимийлик билан жаранглади.

Бироқ расмий музокаралар чоғида давлат раҳбаримиз мустақилликка эришган давлат сифатида  ўз давлат тилимиз ҳисобланмиш  миллий тилимиз, яъни ўзбек тилида ёхуд  асосий дунё тили дея қабул қилинган  ингилз тилида эмас, рус тилида сўзладилар.

Тўғри, рус тили ҳам дунё тилларидан ҳисобланади. Аммо ушбу сабаб айнан Ўзбекистон Америка учрашувларида унчалик ҳам ўзини оқламаслиги эса  барчамизга аён.

Шахсан мен давлатимиз раҳбари ўз Миллий Тилимизни камситди деган фикрдан бутунлай йироқман. Ҳамма гап шунда эдики, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Президенти  Дональд Трамп билан музокаралар чоғида рус тилида сўзлаши бу унинг Россияга нисбатан  муносабатининг сиёсий ифодаси эди.

Буни дарҳол пайқаган Америка Президенти учрашувлардан кўзланган мақсадга тўлиқ эришилмаслигини англаб, учрашув чоғидаёқ анча ҳафсаласи пир бўлганини билдириб қўйди.

Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланган илк кунлардаёқ Ўзбекистон бундан кейин  Россия билан ҳам,  АҚШ билан ҳам муносабатларини бир хилда олиб боради деган фикрларини билдирган эди. Бироқ ушбу позиция Ўзбекистон учун унчалик ҳам самарали хизмат қилмаяпти.

Чунки Америка ва Россия муносабатлари  азалдан десам нотўғри,  аммо ҳали ҳануз  зиддиятли. Нега азалдан эмас, сабаб ушбу зиддият қадимий эмас.

Ушбу зиддият ўтган асрнинг бошларида, ер юзининг бир бирига қарама-қарши икки хил жамиятга бўлиниб кетишидан бошланган эди. Чунки капитализм социализмга, социализм эса капитализмга  ҳамиша хавф солиб турар эди.

Бироқ йигирманчи аср сўнгида социалистик тузумга асосланган СССР парчаланиб кетди. СССР таркибидан чиққан мамлакатлар эса  ҳатто Россиянинг ўзи ҳам капиталистик тараққиёт йўлини танлашди.

Шундай экан нега ҳануз Америка Россия муносабатлари зиддиятлилигича қолмоқда. Россиянинг яна СССРни тиклаш хавфи борлигиданми?

Россия Президенти Владимир Путиннинг олиб борган ва олиб бораётган сиёсатида СССРни қайта тиклаш истаги дастлаб яширин аммо сўнгги пайтларда эса тоборо ошкора шаклга кўчиб бормоқда.

Шу ўринда собиқ СССР ҳақида айрим мулоҳазалар. СССР ўн бешта республикани ўз ичига олган бепоён мамлакат эди. Ҳар бир республиканинг ўз миллий  давлат герби, миллий байроғи ва миллий мадҳияси бор эди. Дарсликлар ва  турли адабиётларда, тарихий анжуман, байрамларда,  улкан бино ва музейларнинг безатилган деворларида ҳар бир республика  ўз миллий либослари, миллий таомлари, миллий санъати ва урф-одатлари билан тасвирланар, намойиш этилар, ҳар бир миллат ва республиканинг ўзига хосликларига асосий аҳамият қаратилганидан ҳар бир республика миллат  вакиллари  бундан чексиз ғурур ва ифтихорни ҳис қилар, ҳам ўзи, ҳам қардош республика халқлари учун чексиз  фахр туйғуларини туяр эди.

Ўн бешта республика халқларининг фуқаролари  бепоён мамлакат бўйлаб, ҳеч қандай хавф-хатарларсиз сайру саёҳатларга чиқишар, тирикчилик дардида ишлаш учун иш излаб  изғишмас, аксинча,  мезбон мамлакатга бориб, дам олиб, меҳмон бўлиб, бир олам таассуротлар ва совғалар билан қайтишар эди.

Аммо СССРнинг парчаланиб кетишига сабабчи бўлган айрим нотўғри сиёсатлар мамлакат ҳаётининг сўнги йилларида  энди фахр эмас, аксинча,  иллат сифатида авж ола бошлаган эди.

Масалан, СССР социалистик тузумга асосланган  мамлакат эди. Хусусий мулкчликнинг ривожланишига рухсат йўқ эди. Оқибат, жамиятда ўз-ўзидан коррупция авж ола бошлади.  Шунингдек, охирги йилларда  руслаштириш сиёсати ҳам кучайиб борди. Бу эса вақти вақти билан халқлар дўстлиги ўртасидаги самимийликка гоҳида озор, гоҳида эса  путур етказар эди.

Давлат ўз фуқароларининг фақат ўзигагина тобе бўлишини истаб, илоҳиятни, яъни Худонида  репрессияга дучор этолмаслигига  кўзи етгач,  яхшиси одамларни атеизмга, яъни Худо йўқ  деган таълимотга ишонтиришга даъват эта бошлади. Оқибат бир хил қолипга тушиб қолган, ўз табиий моҳиятидан узоқлашган  одамлар жамоаси шакллана бошлади. Ҳатто оммавий онгсизлик жараёнлари кузатила бошланди. Сен учун давлат фикрлайди, сен учун давлат режалар тузади. Сен фақат давлатнинг фуқаролари учун ишлаб чиққан талабларини оғишмай бажарувчи бўлсанг бас. Хуллас, табиийликдан узоқлашиб, сунъийликка қараб кетиш ҳолатлари авж ола бошлади.

Минг афсуски, фуқаролари фаровон ва тинч ҳаёт кечирадиган ниҳоятда қудратли мамлакат ана шундай хато сиёсатлар йўлига кириб қолган эди. Бу эса охир оқибат мамлакатнинг кучсизланиб ва ҳатто парчаланиб кетишига сабабчи бўлди.

Мен буларни нега гапиряпман. Чунки, балки яқин келажакда, балки яна анча довонлар ўтиб, даврнинг ўзи глобаллашув сиёсатини зарурат қилиб қўяди. Эҳтимол мустақил давлатлар ҳамдўстлиги амалий кучга кирар. Ана шунда борингки, географик жиҳатдан қўшни давлатлар яна бирлашиб, давлат ва мамлакат тузсаларда, бундан кейин аччиқ тажрибадаги олдинги хатолар такрорланмайди. Табиийки, социализмга ҳам қайтилмайди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Президент Ислом Каримов бошчилигида  тараққиётнинг хусусий мулкчилик йўлини танлади, яъни капиталистик йўлни.

Барча ривожланган капиталистик мамлакатларнинг тажрибаларини ўрганиш учун мамлакат ёшлари чет элларга ўқишга, мутахассис кадрлар эса тажриба орттириб келиш учун амалиётга жўнатила бошланди.  Мамлакатда инвестиция сиёсати жорий этилди.

Шахсан Америка билан муносабатлар шу қадар яқин тус олдики, ҳатто ҳарбий соҳада ўзаро ишонч ва ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу эса табиийки Россияга ёқмади. Америка ўз ҳарбий қўшинларини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетмагунича тинчимади. Бунга эришди ҳам. Чунки Ўзбекистон Россия билан муносабатларда доимо дўстона сиёсатга амал қилиб келган. Россия томоннинг фикрлари билан ҳам ҳамиша ҳисоблашган.

Хусусий мулкчилик йўлини танлаган Ўзбекистон бугун ўзининг йирик ишлаб чиқариш саноатига, йирик сармоядорларига,  мулкдорларига эга бўлиши, фуқароларининг иқтисодий эркинлик  ва фаровонлигига эришиши учун ривожланган капиталистик мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан ўрнак олишга, уларни мамлакатга тадбиқ этишга, бунинг учун чет эл инвесторларини мамлакатга жалб этишга ҳар томонлама эҳтиёж сезмоқда.

Ўзбекистон Россия билан муносабатларини  ҳар қанча дўстона олиб бормасин, иқтисодий ривожланиш босқичида биздан анча илгарилаб кетган капиталистик мамлакатларнинг тажрибасига ҳам  таянишига бундан кейин мажбур.

Европа мамлакатлари бир бири билан совуқ рақобатларга боришмасдан, бир бирига халақит беришмасдан, борган сари тараққиёт йўлида жадал олға босишяпти.

Нега Америка ва Россия мамлакатлари ҳам  ўз муносабатларидаги зиддиятларга барҳам беришни исташмайди?!  Ёки ижобий ечим борасида ҳеч ўйлаб кўришмайди?!

 Бу икки ўзига хос  кучли мамлакат  яхшиси Ер юзидаги ҳаётни сақлаб қолиш, биргаликда янаям гуллаб-яшнатиш,  инсониятни бахтли ҳаётнинг мутлақо янги, янаям самарали босқичларига олиб чиқиш борасида ҳамкорлик қилишмайди?!.

Ибтидоий сиёсат усулларидан воз кечиш пайти келмадимикан?!..

Америка Ўзбекистонни бугунги танг иқтисодий аҳволида молиявий қўллаб-қувватлашга, Ўзбекистон иқтисодига ўзининг йирик сармоядорларини жалб этишга, ўзининг илғор тажрибасини Ўзбекистон билан ўртоқлашишига ҳар томонлама тайёр мамлакат.

Хўш, Россиячи? Россиянинг Ўзбекистонга, қандай таклифлари бор?!..

Руслар ва ўзбеклар бир бирларига бегона миллатлардек эмас, жуда яқин, қон-қардошдек ҳам бўлиб кетишган қайсидир маънода…

Аслида  Ўзбекистон ўз табиий қазилма бойликлари,  пахтаси, деҳқончилик, чорвачилик,  боғдорчилиги ва интеллектул тафаккур қудрати билан ҳам тараққиётга эриша оладиган  кенг  имкониятларга эга бой  мамлакат .

Инвестиция сиёсати эса ҳамкорликдаги икки томонлама муносабатларга ҳам манфаат олиб келадиган, энг муҳими синовдан ўтган, илғор капиталистик тажрибаларнинг мамлакатга кириб келишидир.

Шу маънода Ўзбекистон фақат биргина эмас, бир қанча мамлакатлар билан инвестеция сиёсатини амалга ошириши керак.

Бунинг учун ўтмиш сарқити ҳисобланган коррупциядан бутунлай воз кечиш, бу бало қазодан қутилиш учун мамлакатда кучли қонунлар жорий этиш, жамият амалдорлари онг даражасининг тозаланишига эришиш зарур.

Ўзбекистон Америка муносабатлари амалда кучга кирса, Ўзбекистон иқтисодида жиддий ўзгаришла юз бериши табиий.

Баҳодир Хон Туркистоннинг Лойиҳасига ҳам ана шу муносабатларнинг бир қисми деб қараш мумкин.

Ўзбекистон бундан кейин ўз тараққиёт йўлида ҳар қандай тўсиқ ва зиддиятларни бартараф этиши, тараққиётнинг амалий босқичига дадил ўтиши даврнинг кечиктириб бўлмас заруратидир.

Муаллиф:  Дилфуза Жавоҳир Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Рўзибой азимий:қурултойдан кейинги ўйларим

"Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатининг Чимкентда ўтказилиши мўлжалланган ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари томонидан белгиланган манзилда бўлиб ўтишига изн ...

Журналистнинг муаммоларни ёритиши жиноятми?

Тўғрисўзликка ошуфталигим ва ҳақ сўзга ташналигим мени журналистика соҳасида фаолият юритишимга олиб келди. Бу соҳада илк фаолиятимни “Бирдамлик” ХДПнинг “Мулкдор” сайтида ...

Бемаврид ажал қалбимизни тиғлади

Яна бир фожеа рўй берди. Яна бир ҳалокат ўзбекистонликларнинг руҳиятини сўндирди, кайфиятини талатум, кўнглини хонавайрон қилди. Яна бир даҳшатли хабар узоқ-узоқларда рўзғор ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400