“Мен – ОНАМАН, Бош Прокурор жаноблари!”

Бундан бир мунча муддат аввал биз “Ғайриқонуний муносабатлар ва қийноқлар”га оид мавзудаги “ЖАМШИД СУЛТОНОВ ИШИ”  сарлавҳали мақолани ёйинлагандик. Мақолада қуйидаги эътирофлар мавжуд эди:

““Судланувчи Султанов Жамшид  Давронович суд мажлисида айбига иқрор эмаслигини билдириб, ...ишни одилона кўриб чиқиб, қонуний қарор қабул қилишни сўраб, кўрсатувлар бериб ўтди…”  (Тошкент ш., ЖИБ Учтепа туман судининг 2017 йил 12 май кунидаги айблов ҳукмидан)

Энди  буёғига эътибор қилинг:

“-судланувчи Ж.Султановга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, уни ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини… жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб…”

“…Ўзбекистон Республикаси ЖК 164-моддаси 4-қисмининг “в” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилсин…

15 (ўн беш) йил  6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин…”

ЖИБ Тошкент шаҳар суди Аппелляция инстанцияси 2017 йил 5 сентябрдаги ажрими билан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган ҳатто суднинг ҳукмдаги  таъкидлари бир-бирига зид келса-да…

“…Апелляция инстанцияси…апелляция шикоятидаги важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга  таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини қаноатлантир-масдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топди…”-дейилган ажримда ва кейинги сатрларда суд ҳукми ЖПКнинг қатор моддалари талабига мувофиқ чиқарилганлиги таъкидланган. Ажабланарлиси, ажримда ЖПКнинг 11-, 23-, 82-, 455-моддалари талаблари ҳам мавжудлиги, суд бу талабларга қанчалик эътибор қаратганлиги кўрсатилмаган! Шунингдек, судланувчилар НИМА УЧУН ТЕРГОВДАГИ КЎРСАТМАЛАРИНИ ЎЗГАРТИРАЁТГАНЛИГИ ЕТАРЛИ ҲУҚУҚИЙ БАҲОЛАНГАН ЭМАС!”

Жамшид СУЛТОНОВнинг онаси Гулнора СУЛТОНОВА фарзандларига нисбатан қўйилган айблов ва тайинланган жазога эътироз келтириб, Ўзбекистон Бош Прокурори номига ШИКОЯТ топширди. Гулнора СУЛТОНОВАнинг мазкур Шикоятидан жумладан шундай дейилади:

“Мен ушбу Шикоят Аризамни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  15-, 26-моддаси 2-қисми; 35-, 118-моддалари таъкидларидан ҳамда Ўзбекистон Президентининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш кафолатларини мустаҳкамлаш, қийноқлар қўлланилишига  йўл қўймаслик чора-тадбирларига оид 2017 йил 30 ноябрдаги қатъий Фармони талабларидан келиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра ёзмоқдаман.

Менинг уч нафар ўғлим: 1983 йили туғилган- Султанов Шерзод Давронович; 1986 йили туғилган- Султанов Бегзод Давронович; 1988 йили туғилган- Султанов Жамшид Давроновичга нисбатан олиб борилган ғайриинсоний, шафқатсиз тарздаги тергов ҳаракатлари ҳамда чиқарилган адолатсиз ҳукм ва ҳукмни ўз кучида қолдирган апелляция Ажримидан НОРОЗИМАН!

Менинг ҳозирда адвокат ёллашга мутлақо имконим йўқ!  Чунки менинг боқувчиларим бўлган ўғилларим 2016 йил сентябр ойидан бери қамоқда, адолатсиз чиқарилган айблов ҳукмига кўра жазо муддатини ўтамоқдалар. Уларнинг норасида ЕТТИ нафар фарзандлари эса, менинг қарамоғимда.

Фарзандларимга ЎзР ЖК 164-моддаси 4-қисми “в”банди; 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан 15 йил 6 ой ва 16 йилдан жазо тайинланган.

Тергов даврида айблов орттирма даражада ва ўта шафқатсиз равишда қийноқ ҳамда калтаклаш-зўравонлик билан қўйилган. Тергов даврида олинган фотолар ҳам буни тасдиқлайди.

Нафақат ғайриинсоний, балки ваҳшиёна бундай тергов усулларидан кейин ўғилларимдан икки нафари айбга иқрорлик билдирибгина қолмай, ҳатто ўз туғишган укасига нисбатан ҳам кўрсатма беришга мажбур бўлганлар.

Кичик ўғлим 1988 йили туғилган- Султанов Жамшид Давронович ҳатто қийноқ ва калтаклашлардан кейин ҳам айбига иқрор бўлмаган, унинг айби на қонуний, на ғайриқонуний тарзда ўз тасдиғини топмаган. Бироқ суд босқичлари, энг аввало, мамлакат Конституцияси 13-, 15-, 112-моддалари таъкидларини ҳам эътиборга олмай, кичик ўғлимга нисбатан  15 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

 Катта ўғилларим : 1983 йили туғилган- Султанов Шерзод Давронович; 1986 йили туғилган- Султанов Бегзод Давронович тергов давридаги “ур-калтаклар”дан зада бўлиб, аниқроғи, одил судловга ишонмаганликлари боисидан ҳатто апелляция шикояти ёзмадилар.

Бироқ Жамшид ўғлим “Апелляция шикояти” ёзди. Унинг шикоятини кўрган ЖИБ Тошкент шаҳар суди Апелляция инстанцияси амалдаги тегишли қонунларнинг бирортасига ҳам риоя этмади. Қилинган Ажрим на Конституциявий, на ЖПК, на “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” принципларига мувофиқ келмайди!

Муҳтарам Бош Прокурор!

Бу қандай АДОЛАТки, терговчиси ваҳшиёна йўл тутса, судлов босқичлари на Халқаро, на мамлакат ҳуқуқий меъёрларига; судьялари ичган қасамига амал қилмаса!

Қонунларнинг аниқ бажарилиши устидан назорат ваколатига эга Прокурори эса, Конституциявий бурчини бажармаса!

Бироқ Адолатсиз ҳукм юзасидан шикоят киритилганда СУДЬЯ ҳам, ПРОКУРОР ҳам ЎзР ЖПКни (демакки, ҚОНУНни!) қалқон қилиб: “Ҳукм устидан фақат маҳкум ва унинг адвокати шикоят бериш ҳуқуқига эга!”-деган важни найзадек ўқталиб турадилар.

Мен – ОНАМАН,  Бош Прокурор жаноблари! ОНА сифатида фарзандим учун Давлат идораларига Арз қилишликни ҳеч бир қонун ҳам, ваколат эгаси ҳам таъқиқлай олмайди! Агар шундай таъқиқ мавжуд бўлса, марҳамат-кўрсатсинлар!

Менинг бирдан-бир талабим: қонун соҳасидаги ваколат эгаларининг фарзандларимга нисбатан АДОЛАТли муносабатда бўлишларини истайман! Менинг бу талабим ҳар жиҳатдан Ўзбекистон Конституцияси принципига мувофиқ!..”

Ўз фарзандлари ҳимоясида Адолат истаб оёққа қалқиган ОНАнинг шикояти нафақат мамлакат Бош прокурори, балки Инсон ҳуқуқлари ҳимояси фаолларини, Халқаро ташкилот вакилларини ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз!

Дилмурод САЙЙИД, Тошкент шаҳри.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкентда «қора» бозорда доллар 8450 сўмдан сотилмоқда

Тошкентда 7900 АҚШ долларини 66,7 млн сўмга ноқонуний равишда сотган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда. «Департаментнинг Тошкент ...

Қудуқни ҳам рўйхатдан ўтказиш керак

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 август кунги қарори билан ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий ...

Андрей кубатин нима учун қамоққа ташланган?

Жорий йилнинг 5 август куни Al Jazeera томонидан ўзбекистонлик тарихчи олим Андрей Кубатиннинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ мақола эълон қилинди, деб “Human”  сайти мақолани ...