Элни севсанг, эл севар

Сирдарё, сир-дарё… Сирдарёнинг ичи тўла сир, ичи тўла ҳасрат экан.  Ӯзимизча дарё қирғоқларида яшовчи аҳоли унинг саховати, муруввати туфайли тўкин, бахтли, фаровон яшайди, деб тасаввур қиларканмиз.(Ушбу ҳикоямизга дарёнинг умуман алоқаси йўқ). Қаерда дейсиз?! Биз ҳисларимиз ичида қолиб юраверар эканмиз. Ҳаёт ҳақиқати бошқача бўлар экан. У ердаги ҳаётни зим-зиё тунга ўхшатсам, ҳурматли ўқувчиларимиз мени кечиради, деган умиддаман. Негаки, биз у ерда тўрт девордан бошқа “иссиқлиги” бор нарсанинг ўзини кўрмадик.

Аслида одамларнинг дардига малҳам, ҳасратларига юпанч бӯлиши керак бӯлган кишилар маломат, нафрат, адоватни улуғлашдан бошқасига ярамас экан.

Маҳалла раисининг муҳтож оилаларга ёрдам бермагани етмагандек, улар устидан судга  шикоят аризалар ёзиб юргани кишини ғазаблантиради.

Сирдарё вилояти ҳокими эса, ногирон аёлнинг президент Ш.Мирзиёев туманга ташрифи пайтида улар билан учраштиришга қаршилик қилади, қоп-қоп ваъдалар бериб юборади-да, сўнгра эса: “Сен ўзи ногиронмисан, ногиронмасмисан?! Вилоятимда сенга ўхшаган минглаб ногиронларим бор, уларнинг ҳар бирига йигирма беш миллион сўмлик уйни қаердан топиб олиб бераман?”, – деб, дўқ-пўписа усули билан баён этишини, яна нима дейиш мумкин?! Умуман, ҳокимларнинг ӯзлари олдига ёрдам сўраб, кўз ёши тӯкиб келган истаган кишиларга дўқ-пўписа билан жавоб бериб юборавериши мумкинми?! Бу Сирдарё тумани “Ширин” маҳалласида яна гаплар тўхтамайди. Хотин-қизлар бӯлими раиси Нафисахон Жўраева ҳам, раҳм-шафқат, меҳр-оқибатга муҳтож оилага, икки фарзанднинг онаси бўлган, оёғи автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолган аёлга ёрдам беришни хаёлига ҳам келтирмайди.  Раиса ногироннинг олдига шунчаки келиб-кетиш, ёзув-чизув қилдиришдан бошқа ҳеч нарсага ярамайди. Биронта моддий ёрдам бериш чораларини қидириш ӯрнига ҳокимдан, маҳалла раисидан кечирим сўрашини сўраб “ўртакаш”лик қилишдан бошқасига қурби етмайди.

Энди маҳалла раисининг таърифу “достон”ларидан эшитинг. Тешабоев Маҳмуд исмли маҳалланинг “ота”си бўлган кимсани қисқа суриштирув ишларимизда топишнинг имкони бўлмади. Лекин кўзимиз билан кўрган, қулоқларимиз билан эшитган Сирдарё тумани “Ширин” маҳалласи ҳақиқатларини қайси “фалсафа”лари билан бекитган бўлар эди, унисини билмадик?!

Сирдарё тумани “Ширин” маҳалласи, Ўзбекистон кўчаси, 371-умумий ётоқхонада яшовчи Исроилова Нилуфар исмли 39 ёшли аёл чириллаб, ён томонга кўз ёши қилиб юрибди. Унинг икки оёғи ишламаслиги ортидан фарзандлар ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб қолган. Улар вояга етмаган. Аммо паспорт ёшида экан-ки, шу паспорт ололмаслик муаммоси чиқиб, вақти бир йилга чўзилиб кетиши ортидан паспорт учун жарима тўлолмаслиги ногирон онани қийнаб қўяди. Маҳалласига: “Кам таъминланган оила”, деб маълумотнома ёзиб беришини илтимос қилади. Қайсар маҳалла раиси эса, уни ёзиб бермайди. Бошқа кам таъминланган оилалар борлигини рўкач қилади. Паспорти йўқ бўлган йигитча, коллеждан чиқиб бирон жойда ишламоқчи бўлса паспорт сўрашади. Кейин ўта оғир меҳнат талаб қиладиган музқаймоқ цехида ишлашга рози бўлади.

Бунга онаизор чидолмай  президент порталига, турли интернет сайтларига хат ёзади. Маҳалла раисига ҳам аччиқ сўзларни айтиб юборади. Худди шу аччиқ гапи ортидан маҳалла раиси Маҳмуд Тешабоев билан келишмай қолади. Маҳалла раисига фақат хушомад қилсагина, уларнинг айтгани ва ёрдами бўлар эмиш. Узун- қулоқ гаплар, майли-ку, аммо уч қаватли  умумий ётоқхона биносида 38 оила истиқомат қилиб келар экан-ку, бу ерда энг аввал қурулиш-таъмирлаш ишларини йўлга қўйиш керак экан. Ҳалокат ҳолатидаги уй қўрқинчли тус олган. Асосий кириш эшиклари оғилхона эшикларидан ҳам хароб. Ҳатто яримта. Томлар роса тешилган бўлса керакки, одамлар қишда Худодан ёмғир ёғмаслигини сўраб, кун ўтказишар экан. (Қанчалик аянчли ҳолат) Лак-лак ёмғир уйнинг ички қисмларини ивитиб, томчиларнинг кўплигидан кийим-кечаклар, тўшаклар яроқсиз аҳволгача бораркан. Электр автомат созламаларининг кабель қисмлари очиқ шаклда инсон ҳаётига хавф солиб турибди.  Йўлакдан ўтишдан қаттиқ қўрқдик. Аммо у ерда ёш болали оилалар ҳам яшайди. У ерда яшовчилар ёғин-сочинли қиш фаслидан минг азобда чиқиб олишибди. Бу ёғи оромбахш ёз. Энди шу ётоқхона одамларига “кун” бормиди, дейсиз?! Бу ёғини эшитсангиз, юрагингиз титраб кетиши аниқ. Мазкур бинога ичимлик суви кириб келмаганига, газ ўтказгич эса уч қаватли бинода фақат бир жойда ўрнатилганига ҳайрон бўлиб қолдик. Аммо сув ҳаёт манбаи демак. Ҳар бир инсонннинг кундалик ҳаётида қанча сув керак бўлади? Ҳар куни ювиниш,тараниш, идиш-товоқ, кийим-кечакларни ювиш ишларини сувсиз тасаввур қилиш қийин…

Нилуфарнинг аччиқ йиғисидан малолланган маҳалла раисининг қиёфасини ўзини кўрмасакда яратиб бўлдик. Нилуфар болалари тарбиясидан ҳам хавотир олиб, у ердаги кўнгилсиз кунлардан президент порталига бир неча марта мурожаат қилган. Ётоқхона умумий бўлганлиги учун, ким нима қилса қилаверар экан. Биров кечалари “эр”, биров “хотин” олиб келиб, ичкилик, бақир-чақир авжида…

Ҳокимиятдагиларга маҳалла томонидан ҳар хил гаплар айтилавергандан кейин улар “шу ерда илдиз отиб яшайвериринглар”, – деган. Ҳеч кимнинг қӯлида ҳеч қандай ишончнома, қарор-қонун бўлмаганидан кейин ҳеч ким ўз турар жойининг аҳволига қайғурмайди. У ерда уч, ӯн, ҳатто ӯн беш йиллаб бир ёки икки хонали уйда  катта оилалар яшаб келаётганлар кӯп. Биз Нилуфарнинг изтиробларини тинглаб, ёзиб олаётганимизни эшитиб қолган қўшнилар, ҳатто, қўшни кўп қаватли уйларда яшайдиган, бир неча ўнлаб қўшнилар: “Бизнинг ҳам гапларимизни, муаммоларимизни эшитингизлар”, деб илтимос  қилдилар. Уларнинг ҳам аҳволи умумий ётоқхонадан қолишмас экан. Ёши улуғ эркаклар, аёллар, келинчаклар тўхтовсиз, бирин-кетин ҳасратларини бизга билдиришди. Муаммолар ғиж- ғиж… Қани бу маҳалланинг азоб- уқубатларини тинглайдиган раҳбар, мурувват кўрсатадиган мард?!  Қанчалик аянчли… Агар муаммо биргина шу иш устида бўлса, одамлар бунчалик “чирқиллаб” шикоят қилмаган бўлар эдилар.

Маҳалла раисини кўрмасдан, суҳбатлашмасдан туриб айблаётганимиздан ҳижолат бўлаётган эдик. Лекин, шунчалик аянчли ҳаёт тарзи учун маҳалла ташкилотлари томонидан, бирон бир ташкилотчилик тадбирларини қўлламаётганлигини яққол ҳис қилдик. Одамларнинг ўзларига бош- қош бўлиб, “ака- ука” деб, шу яшаш манзилини ҳашар йўли билан  дуруст аҳволга келтириш наҳот шунчалик қийин бўлса?! Нима кўп ҳозир пластик трубалар кўп. Ичимлик сувининг трубаларини, уч қаватли умумий бинонинг икки, уч ёки тўрт-беш жойига  келтириб қўйиш жуда катта маблағ талаб этадими?! Биз Африканинг чўлу биёбонларида яшамаяпмиз-ку, ахир?!

Бева-бечораларга, етим-есирларга саховат кўрсатишдек, халқимизнинг урф-одати бу ерларда анчадан бери узоқлашиб кетган кўринади. Рамазон ойидаги савобли ишлар, гина- қудуратлар унутилиши тўғрисидаги гап сўзлар ҳам бу ерларда қўлланилмайди, менимча.

Нилуфарнинг бекорга алами ортиб кетаётгани йўқ. У маҳалла раиси билан келишолмай қолгани ортидан, ўғлига наша билан туҳмат уюштириши мумкинлигидек таҳдидли гап- сўзлар тарқалганидан қаттиқ ташвишга тушиб қолган. Онаизор нима қилишни, фарзандини бўлажак хавфдан қандай ҳимоялашни ҳам билолмай, ён томонга чирқиллаб талпинмоқда. Юриб кетай, деса оёғи ишламайди. Нилуфарни барибир бахтли аёл ҳисобладик. Чунки, уни ёлғизлатиб қўймаётган Гулзода исмли дугонаси бор экан. Иккинчи турмуш қуриб яшаётган эри ёнида экан. Кўпинча аёллар бошига иш тушса, эрларининг ёнида мардлик намуналарини кўрсатадилар. Бу ерда эр хотинни ювиб, тараб, иссиқ-совуқидан хабар олиб ўтирган экан. Барака топсин. Ички Ишлар ходимлари ҳам ниҳоят, фарзандларига  паспорт олиш учун ёрдам бераётган экан. Булар экан-ку?! Шунча дилхираликлар бўлмасдан олдин қилиб беришса нима бўларди?! Барибир уларга ҳам рахмат, деймиз. Қанақадир жамғарма тўғрисида гап очишди. Ҳали ёрдам етиб келмагани учун сўраб ўтирмадик.

Республикамизнинг таниқли журнали “Муштум” журнали ходимлари, жумладан, Бахтиёр Алламуродов ҳам бу ерга келиб, маҳалла раиси билан суҳбатлашибдилар.

Биз уйга кетиш учун машинага минар эканмиз, қўшни бинолардаги оилалар ҳам ўз уйларининг хароба  аҳволини суратга олишимизни қичқириб айтиб қолишди. Маҳалланинг аянчли аҳволини суратга олмаганимиздан ҳижолат бўлиб йўлга тушдик. Чунки, биз буюртма берган такси олдимизга етиб келиб қолган эди. Кошки, суратларни кўрсатиш билангина барча муаммолар ҳал бўлиб қолганда эди, биз икки-уч кун қолиб, у ерларни суратга олиб ташлаган бўлар эдик. Жонли суратларни тирилтириш барчамизнинг ишимиз азизлар. Атрофимизга эътиборли бўлайлик! Зеро, халқимиз “элни севсанг, эл сени севади”, деб бежиз айтмаган. Сирдарё тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар билан ишлаш ташкилоти, “Ширин” маҳалласи маҳалла раисига ҳам улуғ ой кунларида инсофу диёнат сўраб қоламиз.

 Муаллиф: Гулзамон Акбар.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда поезд чипталари нархи 20 фоизга ошади

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб «Афросиёб» тезюрар поездларидан ташқари барча маҳаллий йўналишларда қатновчи йўловчи поездлар ...

Тошкентлик аёлни 8 нафар қўйини ўғрилаб кетишди

Жорий йилнинг 10 январь куни номаълум шахс Тошкент шаҳрининг Чилонзор туман Бешқўрғон 6-тор кўчасида яшовчи М.И. (исмли аёл)нинг уйи олдидан 8 бош қўйларини ўғирлаб кетган. ...

Андижонда 75 ўқувчи ва 7 ўқитувчи овқатлан заҳарланди

Андижондаги Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy нодавлат таълим муассасасида овқатлан оммавий заҳарланиш ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими ...