“ҲАРАКАТ” АГЕНТЛИГИ ИДДАОСИГА  МУНОСАБАТ!

Ассалому алайкум,  муҳтарам ижодий жамоа!

Сизнинг электрон саҳифангизда шу йил 18 май куни берилган  матнни анча қизиқиш ва эътибор билан ўқиб чиқдим!

Аввало, менинг ва мен орқали ҳамкорларимнинг ташаббускорлик фаолиятимизга эътибор қаратиб, қимматли вақтингизни аямасдан матн тайёрлаб, дунёга демократик намуна ҳисоблаётган ҳаракатингиз саҳифасида эълон қилганингиз учун самимий ташаккур билдираман. Менга айниқса, матннинг бошланиши жуда маъқул бўлди. Яъни:

«Дилмурод Саййид баҳонасида ҳаммага дарс: Адолатни қарор топтиришнинг ягона йўли демократиядир, Буни Ўзбекистонда фақат “Бирлик” ва “Ҳаракат” тушунади!»

Яна бир бор ташаккур, муҳтарам жамоа! Зеро, ўзингиз таърифлаганингиздек: “яқинда қамоқдан озод қилинган Дилмурод Саййид” тахаллусли оддий бир қаламкаш исмига шунчалар урғу бериб, матн ёйинлаганингизнинг ўзи Сизларнинг маънавий камолотингизга далил. Бошқа бирор бефаросатроқ бўлганида бу жумлани “собиқ жиноятчи” бирикмасида ифодалармиди?..

ДЕМОКРАТИЯ нима? Менимча, энг аввало, қонунларнинг аниқ ишлаши демократиянинг муҳим гарови! Буни – қонун ишламаслиги оқибатлари жабрини бошдан кечирган оддий қаламкашнинг содда тушунчаси, деб қабул қиларсизлар. Чунки камина йиллар давомида турли чекловлар ва ўзингизга маълум зулм боисидан дунёвий ўзгаришлардан анча узилишиб қолганим чин!

Энди: “Буни Ўзбекистонда фақат “Бирлик” ва “Ҳаракат” тушунади!” деган иддаога келсак, демак, Ўзбекистонда “Бирлиг”у “Ҳаракат” аъзоси бўлмаган ҳар қандай фуқаро ОМИ ёки НОДОН экан-да! Хўш, мен шу ОМИ ва НОДОН деган иддаодан қутилишим учун нима қилишим керак? “Бирлик”ка аъзо бўлиб, “Ҳаракат” учун матн ёзайми? Шу масалада маслаҳатингизни аямассиз, деган умиддаман, муҳтарам ДЕМОКРАТ жаноблари!

Янглишмасам, 2006 йил эди, айнан шу “Ҳаракат”да Суҳробжон Исмоилов исмли ёш ҳуқуқшуносни роса чапиб, мақола бергандингиз. Шундан сўнг менинг “БИРЛИК”ми ёки КЎНГЛИ КИРЛИК?” сарлавҳали мақолам эълон қилинганди. Ва кўп ўтмай, муҳтарам домла Абдураҳим Пўлатов менга қўнғироқ қилиб, анча суҳбатдош бўлгандик…

Мен Бирлик” ва “Ҳаракат” борасидаги фикримни ҳар ҳолда ижобий томонга ўзгартиргандирман, бироқ минг таассуфки, “Бирлик” ва “Ҳаракат” дунёқараши сира ўзгармабди! Кимнидир чаплаш, мунофиқлик Дастурига сингиб улгурган экан, афсус…

Шу ўринда фикрим қуруқ иддао бўлиб қолмаслиги учун бир кичик мисол келтиришга рухсат берсангиз:

Шу йил март ойининг 14- кунимиди, “ЭЗГУЛИК” ташкил топганининг 15 йиллиги йиғинига деб, таклиф қилишди. Соғлигим яхшимаслигини, яна тиш докторига қатнаётганимни сабаблаб, узрхоҳлик қилгандим, марҳума Васила опа : “Тиш доктори бир кун кутиб туриши мумкин, лекин йиғилиш кута олмайди!”-деди эътирозга ўрин қолдирмай. Бордим, анча йиллар кўришмаганим-ҳамкасблар билан дийдорлашдик. Денов ака билан мириқиб суҳбатлашдик. Йиғилиш ўтди, тушликка бордик.

Тушликдан кейин муҳтарам домла Абдураҳим Пўлатов билан видео (“ИМО”) орқали қисқача ҳол-аҳвол сўрашув бўлди. Шу жараёнда А.Ташанов ҳаммани бир-бир танитиб ўтаётиб, менга келганда: “Абдураҳим ака, бу Дилмурод Саййид!” деди. Шунда муҳтарам домла: “Танидим, Дилмурод Саййидни танимаган борми?” деб, жуда илиқ муомала қилдилар, яқиндагина қамоқдан чиққан мен учун бу катта эҳтиром эди!

Бу орада А. Ташанов домлага йиғилишни ўтказаётганликларини бир неча қайта таъкидлаб турди. Энг қизиғи, (аслида энг …лиси!) шундан кейин юз берди. Видео кўришув тугагач:

Абдураҳим акага “Бирлик”нинг йиғинини ўтказаётганимизни айтдик. Ҳар ҳолда пулни қаёққа сарфлаганимзни билиб қўйсин, – деган ИЗОҲ айтилди…

Бу ёғи менга маъқул тушмади; дарҳол узримни айтиб, ортимга қайтдим…

Агар таъбир жоиз бўлса, бу – МУНОФИҚЛИКнинг ўзига (аниқроғи, “Бирлик” ва “Ҳаракат”га!) хос кўриниши эди!… Тушунишимча, бу – йиллар давомида одатий ҳолга айланиб улгурган! Зеро, ёйинланган матнда таъкидланганидек, ““Буни Ўзбекистонда фақат “Бирлик” ва “Ҳаракат” тушунади!” Биз каби “яқиндагина қамоқдан чиққан”лар нафақат тушуниши, балки хаёлига ҳам келтириши мумкин бўлмаган ҳолат эди  бу!

Муҳтарам Ижодий жамоа! Бироз қўпол ёки муомала маданиятидан четлашиб, нимадир ёзган бўлсам, маъзурман. Чунки “Чй зарур аст, он маъзур аст!” деганлар қадим шарқлик машойихлар. Қолаверса, ранжишга ўрин йўқ, агар ранжисангиз, ўз принципингиздан, яъни даъво қилаётган ДЕМОКРАТлигингиздан оғишган бўласиз!

“Ҳаракат” деб номланмиш АГЕНТ(ура)лигида берилган матнда яна шундай иддао урғуланган:

2003-2005 йиллари улар айнан шундай қилганлар ва аслида Ислом Каримнинг хизматида бўлганлар. Энди Шавкат Мирзиёнинг хизматига ўтиш учун вақт келишини кутмоқдалар.

Сизлар ҳам ўшалардансиз, эй, “Адолатни қарор топтириш ташкилоти” тузаётганлар. Ёки демократия нималигини ҳали билмайсизми?”

Бу иддао кимга нисбатан-Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов ҳамда Дилмурод Саййид томонларидан холис ва яхши ният билан тузилган “Ташаббус гуруҳи”га нисбатан айтилмоқда!

Ўз вақтида, Сиз таъкидлаган, 2003 – 2005 йиллари Ислом Каримов авторитар этикаси боисидан ноҳақликлар авжига чиқа бошлаган бир пайтда Ўзбекистон Аёлларининг Мардикорга чиқишини мамлакат ичида туриб, матбуотга биринчи бўлиб олиб чиққан Дилмурод Саййид эканини инкор этмассиз!

Болани боқувчисидан айириб, ғайриқонуний тарзда “Детдом”га топшириш; отасидан айириб, ўзи истамаган хонадонга бердириш каби суд қарорларини бекор қилиниши учун Дилмурод Саййид талашган, мақолалар ёритиб, судларда норасидалар ҳуқуқини ҳимоялаган ўша йиллари “Ҳаракат” мухбирчалари  нега мамлакат ичида ҲАРАКАТСИЗ ўтиришди?!.

Дилмурод Саййид Ўлимга ҳукм қилинган одамлар тақдири учун куюниб, матбуотда Олий Суддаги қозилар билан ёқа бўғишиб юрган 2003-2005 йиллар Сиз қаерда эдингиз, жаноб Демократ агентлик матннавислари?!.

Аъзам Турғуновнинг фаолияти учун Носир Зокирнинг уйи яқинида калтаклашганида-чи?

Аъзам Фармонов Сирдарё ва Жиззахдаги оддий деҳқонлар ҳуқуқини ҳимоялаб, қайта-қайта милиция ҳибсхонасига қамаб қўйилган кунларда Сиз нима билан машғул эдингиз?

Мамлакат ичида юриб, Тиран олиб бораётган диктатурани кўз билан кўриб туриб, оқибатини англаган ҳолда “ЙЎҚ ҲАҚИДА БАДИҲА” битилиб, эълонланган кунлари “Ҳаракат” Агентлиги фақат ва яна фақат томошабинлик қилолган холос! Ё буни ҳам инкор этасизми?

Сиз нафақат бизни, балки Рауф Парфи ЎЗТУРКдек хокисор Ўзбекнинг ҳақиқий Шоирини ҳам маломат қилгансиз ўз вақтида! Шу боисдан ҳам биз ранжимасак-да, бўлади! Зеро, ҒАЛАМИСЛИК азалдан НОНингизнинг бир бўлаги бўлиб келган!

Яхшики, хайрли ният билан фаолият бошлабмиз, шунчалар маломатга қолибмиз. Агар билмадим арзимас пул учун Сиз каби бир-биримизни алдаб, “хўжакўрсин” йиғинлар ўтказиб юрганимизда қандай иддаоларга учрардик?!

Хулоса ўрнида “Ҳаракат” агентлигидаги матннависларга  сўзимиз бор:

-Тушунишимизча, мазкур матн ё Ўзбекистонда битилиб йўлланган, ёки бориб битилган!

– Матнга ҳеч бўлмаса, тахаллус қўйиш жоиз. Акс ҳолда ДЕМОКРАТИК принцип бузилади!

– Бундай нарсаларни битишда орага ЛИДЕРингиз номини аралаштирманглар! Шахсан мен муҳтарам домла Абдураҳим Пўлатни олим сифатида ҳурмат қиламан. Ёшлари улуғ, шу Инсоннинг ёшига етиш ҳаммамизга насиб қилсин, деб ният қиламан бугунги муборак кунларда! Биз ҳозирда бир қанча Ватандошларимизнинг Ўзбекистонга қайтишлари қайғусида ҳам машғулмиз. Ва, албатта, муҳтарам Абдураҳим Пўлат ҳам шу қутлуғ ниятдалар, деган умиддамиз!

-Кимнинг кимга хизмат қилиши масаласини муҳокама қилишлик Сизларга эмас! Бу борада биз билан мунозара қилиш учун, аввало, лоақал бир ҳафта “одиночка”да кунора қотган нон ва бир кружка сувга қаноат қилиш нималигини англаб етиш зарур!

ИЖОДИНГИЗГА РИВОЖУ ХОЛИСЛИК ВА ХОНАДОНИНГИЗГА БАРОКОТ ТИЛАЙМАН!

Сиз – муҳтарам Ватандошларга доимий самимият ва эҳтиром билан

Дилмурод САЙЙИД,

Тошкент, 28 май 2018 йил.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоқларчалик бўла олмадик!

Қарши шаҳридаги авто-мактабни С категория ҳайдовчиликка ўқув курсини тамомладим. Ўша ернинг ўзидаги ГАИ дан имтиҳон ўтақолай десам, МУМКИНМАСМИШ. Ҳар ким ўзи доимий яшаётган ...

Истеъмол минимуми

Истеъмол минимуми (рус тилидан “прожиточный минимум” – шундай мазмунда таржима қилинди-тахр.ufq.uz) инсон танасининг нормал ишлашини таъминлаш ва унинг соғлиғини, озиқ-овқат ...

Собянин: москвада 200 мингга яқин одам ишсиз қолиши мумкин

Россия пойтахти Москвада хорижий компаниялар фаолиятини тўхтатгани туфайли 200 000 га яқин одам ишини йўқотиш хавфи остида қолган . Бу ҳақда 18-апрель куни Москва мэри Сергей ...