ЭНГ СОДИҚ ДЎСТ

Дунёда билимдан ҳам азизроқ яна нима бор.

                                                                                                                                                                Юсуф Хос Ҳожиб

Балки, янглишарман, дунёда энг кам китоб ўқийдиган эл, ўзбек эли.

                                                                                                                                                               Одил Ёқуб

Кўп китоб ўқийдиган халқни енгиб бўлмайди.

                                                                                        Ботир Норбой, профессор

Мактабда ўқиб юрган кезларимда, баъзан, уй юмушларидан, баъзан, болаларнинг бекорчи гап- сўзлари ва ўйинларидан қочардим. Тоғ ён бағридаги хилват қабристон четида, ўғиртош панасида (бу тепадай улкан тошни кишилар осмондан тушган дердилар. Унда табиий ҳолда катта- кичик ўғирлар мавжуд эди. Уларда (ёз ойларида) хотин- қизлар дон ва мағиз янчардилар, тутталқон, олматалқон ҳозирлардилар), сойнинг сўл қирғоғидаги чакалакда, овлоқ қоялар ораларида китоб ўқирдим. Кимсасиз ерда, сукунат қўйнида китоб ўқиш менга битмас – туганмас лаззат бағишларди. Бундай онларда очунни унутиб қўярдим.

Китоб менга гўзал дунё эди.

Китоб менга содиқ дўст эди.

 Китоб менга ҳаво, қуёш эди.

Китоб ичидаги одамлар билан бирга бўлиш менга болалар билан бирга бўлишдан кўра кўпроқ завқ ва куч бағишларди. Мен буни ўзимча самовий куч деб ўйлардим. Ҳаётимнинг қутли, қувончли дамлари бўлмиш у кунларни мен ҳали – ҳануз эслайман, тотли армон билан эслайман. Эслайману ихтиёрсиз тарзда бошимга шундай фикрлар келади. Ўша олис замонларда ўқиган китобларим, ўқиб тўймаган китобларим, менга келажакка учишимга:

Қанот берган,

Сабот берган,

Ишонч берган,

Ҳозирги кунимга етишимга улу(пойдевор) бўлган.

Орадан узун йиллар кечароқ қамоққа тушиб қолдим. Шунда китобнинг илоҳий қудратини яна ҳам теран ҳис этдим. Шунда миямда ушбу сўзлар бонг урди:

Одам ёруғлик билан тирик бўлганидек, китоб билан ҳам тирик.

Мен буни ўз ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Мен буни қисматдош дўстларимнинг ҳам ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб айтаяпман. Қисматдош дўстларим деганда, онгли, идрокли, ориятли ва мустақил фикрли йўлдошларимни кўзда тутаяпман. Яъни:

Сиёсий тутқинларни,

Диний тутқинларни,

Элни ўйловчи тутқинларни,

Элни уйғотувчи тутқинларни,

Айбсиз тутқинларни…

Номаълум зиндон, турма, шизоларда ўтирганларида, тирноқларини қўпориб, ораларига туз, қалампирлар тиққанларида, оёқларидан осиб қўйиб калтаклаганларида, бошларига қайноқ сувлар тўкканларида, ўлим қоплари кийдирганларида, ахлат тўла чуқурларга чўктирганларида, ҳалокатли уколлар қилганларида, шаънларини булғаганларида бу қисматдошларимнинг ғурур, иродаларини (маълум даражада буксаларда) синдира олмаганлар. Бу ниманинг меваси? Менимча, бу:

Китобнинг ,

Эътиқоднинг,

Келажакка ишончнинг меваси.

Эътиқод ва ишонч эса китоб туфайли шаклланади.

Вильям Шекспер, Жек Лондон, Виктор Гюго, Эрнест Хемингуэй, Габриэл Маркез, Бичер Стау каби ёзувчиларнинг асарлари меваси…Бу китоблар уларга сўнмас қувват, ўз эътиқодларида туриш, ўзларига ва келажакка ишонч, сўнгги дамларигача курашиш туйғуларини бағишлаган. Жумладан, менга ҳам.

Менинг кузатишимча, Ўзбекистон қамоқхоналарида, зиндонларида, калония манзилларида юз минглар ўтирган бўлса, уларнинг тўқсон фоизи китоб ўқимайди: Манқуртдан баттар куч ишлатарлар- ку умуман, ўқимайдилар. Фақат бундан бир– иккиси айро. Булар:

Маънавий мажруҳ каслар,

Ҳайвон сифат каслар.

Улар ўрис кампирлардек майда, мижғов, тубан гаплар билан бир – бирларига мағзава ағдаришади, бир – бирларини алдашади, бир – бирларидан чой – чакиш, ширинлик ундириш билан кунларини ўтказишади.

Яна: чақимчилик, туҳмат, сотқинлик билан…

Ментларга гап ташишади…

Ментлар раҳномалигида сиёсий, диний, ва бошқа виждонлари тоза тутқинларга иғво, фитна, турли туҳматлар уюштиришади.

Ҳаром тамоқлари учун.

Ифлос виждонлари учун.

Куч ишлатарлар бу чиқиндиларнинг сотқинликлари эвазига уларга:

Чой- чакиш берадилар.

Усти –бош берадилар.

Қабиҳ имтиёзлар берадилар…

Бу тубан, бу булғанч махлуқлар ўз сотқинликлари эвазига сўйишга боқилаётган қўйлардек семиз ва калтабинлардир.

Нима учун бу манқуртлар қиматдошларини сотиб, кун кўриш ҳолига тушиб қолганлар? Мен буни шундай изоҳлайман:

Уларда ўз жонларини сақлаш, қоринларини тўйғазиш, илонга ўхшаб яшаб қолишдан бошқа мақсад йўқ. Бу йўлда, ҳатто, улар кетларини ҳам сотишади.Бунга диний, сиёсий маҳкумлар неча бор гувоҳ бўлганлар.Шахсан, мен ҳам. Худо кўрсатмасин, юртда агар уруш қўпгудек бўлса, ҳеч шубҳасиз шу жирканч ялоқлар – қулоқлар Ватанни сотадилар. Улар учун муқаддас нарса йўқ. Улар чаёнлар мисол ҳозир билан яшайдилар. Умрларида китоб ўқишмаган. Худди маймунлар мисол.Фожиеа шундан. Қайси бир адиб, арбобми, эсимда йўқ. “Саънатсиз ҳаёт ваҳшийликдир” деб айтган. Менимча, китобсиз ҳаёт ҳам шундай.

Мен 17 йил қамоқда ўтирдим. Энг оғир кунларда менга ҳамдам бўлган, мени ўз жонимга қасд қилишимдан тийган, ўлмасликка,курашга руҳлантириб турган нарса китоб бўлган. Китоб билан, китоб ёзиш шавқи билан мен қамоқдан тирик чиқдим. Шу ўринда 24 йил қамоқ азобини бошидан кечирган Самандар Қўқоннинг бир сўзини мисол келтираман:

“Иш, ташвиш, тирикчилик билан умримни ўтказиб юраверган эканман. Қамоқхонада китоб ўқийдиган, ўқимасам тўролмайдиган бўлиб қолдим. Қамоққа тушган онларимда ўзимни- ўзим ўлдириш неятида юрдим. Йигирма йилдан ортиқ ўтирадиган ҳар бир  одамнинг кўнглидан шу гап ўтади, деб ўйлайман. Каримов режими билан Каримов зиндонида бир кун ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Бундан ўзингиз хулоса чиқараверинг. Бундай пайтда тутқинга фақат китоб содиқ дўст бўлади. Мен “Мартен Иден” романини ўқиб, бу қалтис ниятимдан қайтдим. Зиндонларда минглаб китоблар ўқидим. Қамоқдан тирик чиқишимга шу китоблар сабаб бўлди, деб ўйлайман. Менимча, китобсиз ҳаёт – маймунлар ҳаётидан унча фарқ қилмайди”.

Муҳаммад Бекжондан шу сўзни эшитганман. 46-зонада. Энг йиртқич зонада. Юзлаб маҳкумларни ўлдирган зонада…

“Қошқарли Маҳмуднинг шу ўгути тўғри:

Кимнинг кўнгли бўлса

Қашшоқ. Камбағал,

Тўқ бўлмайди,

Бой бўлмайди.

Мен буни шундай тушунаман. Китоб ўқимайдиган кишининг кўнгли қашшоқ бўлади. Мен бундай одамни тирик бўлса ҳам ўлик деб биламан. Китоб менинг наздимда, қоронғиликда йўл ёритувчи ойга менгзайди. Китоб қамоқда менинг энг содиқ дўстим бўлди”.

Шунга ўхшаш гапларни мен ўз тўғри сўзлари учун кўп йиллар қамоқхоналарда ўтирган Мурод Жўра, Шахобиддин, Ўктам, Руҳиддин  каби дўстларимдан ҳам эшитдим.

Менинг фикрим ҳам шундай, инсонинг энг яқин, энг содиқ дўсти китоб. У энг оғир кунларингда ҳам сени ташлаб кетмайди. Билъакс сени руҳлантириб, ёруғ келажакка етаклайди.

Муаллиф: Эврил Турон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Яна ҳалокат, яна миллатдошларимиз

25 февраль куни Тошкент вақти билан кеч соат 19:40 чамасида, 35 нафар ӯзбекистонлик фуқаролар минган автобус ағдарилиб кетган. Бу каби фожиали воқеа бир йилнинг ўзида ...

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирилиши керак бўлади

Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" канали ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш ҳақида кўп сўраладиган саволларга жавоб берди: Ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига ...

Ювош зиёлилар нима демоқчи?

Кейинги ўн йилликда Ўзбекистон ичида яшаётган зиёлиларимизнинг айрим қатламлари орасида мухолифатни асоссиз танқид қиладиганлар пайдо бўлди. Улардан айримларининг (масалан, ...