OzodBlog: Ўзбек гинекологлари ҳомиладорлик даврини 3 ойга қисқартиришни таклиф қилмоқда

Сарлавҳани ўқибоқ, гинекологлар ақлдан озганми, деб ўйлагандирсиз? Тўғри ўйлаяпсиз – организмни бундай ислоҳ қилиш имконсиз.

Олимлар жонзот ҳужайрасидан жонзот – клон – яратгани бор гап, лекин ҳомила ривожи масаласида улар ҳеч нарса қилолмайди. Ҳомила 9 ойда одам бўлади, 6 ойда эмас. Миллион йил олдин шундай бўлган, бугун ҳам шундай.

Унда сарлавҳани ёзган – мен ақлдан оздимми? Дўхтирлар нима деркин, билмайману, бироқ ақлдан оздирадиган хабарлар келаётгани рост.

Мана, кеча, шаҳрисабзлик фермер мана бу гапни айтди:

“У ерда (ҳокимликда – С.У.) ҳар бир фермерга яқинда экилган қалампирни тезроқ етиштириб, чет элдан харидорлар топиш мажбурияти қўйилди”.

Хўш, “яқинда экилган қалампирни тезроқ етиштириш” учун фермер нима қилиши керак? Эгатларга ётволиб, кўчатларга ялинадими? Кўчатлар қулоқ солмасачи? Боре, ўзимнинг вегетация муддатим бор, элан-эланма, фойдаси йўқ, десачи?

Демайди қалампир кўчати: тили йўқ – гапирмайди, қулоғи йўқ – эшитмайди. Ҳоким буюрсаям, Президент фармон чиқарсаям буйсунмайди. У буйсунадиган биргина қонун бор – вегетация қонуни.

Ҳокимларнинг зуғуми, Президентнинг фармону қарорлари одамларга мўлжалланган.

Ана, Президент 5 июнь кунги қарори билан бакалавриатни 3 йилга, магистратурани 1 йилга туширди. Шу пайтгача биринчисида 4 йил, иккинчисида 2 йил ўқитилар эди.

Балки мен нотўғри тушунгандирман Президент қарорини? Шунинг учун қарордан кўчирма келтираман:

“Алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, бунда магистратурада мутахассислар тайёрлашни ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларга ихтисослашган дастурлар асосида ташкил этилсин”.

Бу парчадан мен тушунган маъно келиб чиқмайдими?

Агар келиб чиқса, бу ўзгариш қарор муқаддимасида айтилганидай “олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга” қандай хизмат қилади? Қандай қилиб бир йил кам ўқиганнинг илми сифати бир йил кўп ўқиганникидан ошиқроқ бўлади?

Балки адашаётгандирман? Балки айнан шу масалани тушунишга илмим сифати етмаётгандир? Балки қарордан келтирганим парча замирида оламшумул маъно ётгандир?

Мени бугун ташвишга солаётган нарса ана ўша “оламшумуллликдир”. Оламшумул қарор ва фармонларнинг потраб-потраб чиқаётганидир. Баъзида Президентнинг принтерига раҳмим келиб кетади – жонивор, йўғе, жонийўқ қизиб, тутаб кетаётгандир қарор-фармон босаман, деб?

Ҳар куни бир-икки қарор, ҳар икки кунда бир фармон?

Ҳаммасида бир хил маъно: тезлаштириш, жадаллаштириш, такомиллаштириш, ривожлантириш, кўпайтириш, кучайтириш…

Бўл-бўл, ҳа-ҳа, тез-тез,

Тез-тез, бўл-бўл, ҳа-ҳа,

Ҳа-ҳа, тез-тез, бўл-бўл.

Ҳамма кетиб, ўзбек қолгандай, ҳамма етиб ўзбек қолгандай!

Аҳвол шу даражага етдики, аҳоли “илтимос, қишлоғимизни обод қилманг”, дейишгача етди.

Имзолаётгани қарор-фармонларни қачон ўқияпти Президент? Қачон бу ҳужжатларни тайёрлаётганлар билан уларни муҳокама қилаяпти?

Назаримда, ичида мотори бор, тиниб-тинчимаётган, ҳали у давлат, ҳали бу мамлакат, бир қарасанг у вилоят, бир қарасанг бу маҳаллада юрган Президент қарор-фармонларни ўқимаяпти, уларни имзолашга улгураяпти, холос. Машинасининг лаппагида, самолётининг трапида, кабинетининг остонасида, овқатланиб ўтириб, селектор мажлисига кириб кетаётиб шоша-пиша, қоғозни ёрдамчисининг елкасига қўйиб имзолаб ташлаётгандай.

Президент Президент бўлганидан бери имзолаган қарорлари сони мингтага яқинлашиб қолдиёв. Лекин шу пайтгача уларнинг биронтасини биронта билгич танқид қилганига кўзим тушмади. Биронта оқсоқол профессорнинг “Шавкатжон, ука, шу қарор нотўғри бўпқолди-да”, дейишини тасаввур қилишга уринаяпман, лекин уддасидан чиқолмаяпман.

Бу кетишда эртага нима бўлади?

Бу кетишда биронта ақлдан озган гинеколог ҳомиладорлик муддатини уч ойга қисқартириш тўғрисида қарор тайёрлаб, Президент самолётга чиқиб кетаётганида қўл қўйдириб олмайдими?

Билмадим. Билмадимов…

Манба: ozodlik.org

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«осмон очилиши» чипталар арзонлашишига олиб келади». блогерлар аэропортларни хусусийлаштириш ҳақида фикр билдиришди

Фото: KUN.UZ Яқинда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги халқаро аэропорт 415 миллион долларга сотилгани маълум бўлганди. Бу хабар ўзбекистонлик блогерларнинг яна аэропортларни ...

Қозоғистондаги портлашдан жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳри ҳарбий қисми ҳудудидаги портлашлар оқибатида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Олмаота ...

Туҳмат тоши қурбони

Очилов Камол Рўзиевич 1964 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Шар-шар қишлоғида туғилган. У ЖИБ Қашқадарё вилоят судининг 30.06.04 й. кунги ноқонуний Ҳукми билан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400