Халқни хўрлаётган Халқ банки

Мен Халқ банкини ҳозирги пайтдаги замонавий талабларга мутлақо жавоб бера олмайдиган, халқни камбағаллаштириш билан шуғулланадиган, Марказий Банкнинг собиқ бошқаруви раиси Муллажоновдан қолган бешафқатлар пулхонаси деб биламан. Хўш, нега шундай хулосага келдим? Бу саволга жавоб бериш учун яқин тарихга мурожаат қилайлик.

Маълумки, бизда 2005 йилнинг I чорагида жамғариб бориладиган пенсия фонди тузилди ва у Халқ банки тасарруфига топширилди.Унга кўра, ҳар бир фуқаронинг ойлик маошидан жамғарма ҳисобига 1% маблағ ушлаб қолинади ва улар то фуқаро нафақага чиққунга қадар йиғиб борилади, фуқаро нафақага чиққанда эса мазкур жамғарма унинг асосий яшаш манбаига айланади. Нафақада бўлатуриб, ишлаётганларга ҳам шу тартиб белгиланган. Ана шу йиғиб борилаётган маблағ Халқ банки томонидан айланма ҳаракатда бўлди ва банк бу маблағдан фойдалангани учун 7% миқдорида дивидент тўлади – 7%! Бу нима дегани? Бу куппа кундуз куни қароқчилик қилиш, бўлажак пенсионерларни келажакда гадога айлантиришни қонунийлаштириб қўйиш дегани! (Ҳозир бу рақамлар 2% ва 8%) Тасаввур қилинг: ўша 2005 йилларда Ўздавсаноатқурилиш банки, Ўзбекистон давлат ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, собиқ Пахтабанк (ҳозирда Агробанк) сингари давлат банкларида, кўпгина хусусий банкларда ўртача дивидент 30% ни, уларнинг баъзи махсус жамғармаларда эса 47% гача бўлган маблағни ташкил этарди. Бунинг устига инфляцияни қўшинг! Келажакда қашшоқлиги олдиндан таъминланган шўринг қургурлар!

Хўш, Халқ банки бу пулларни – юзлаб миллиардларни ҳозиргача неча фоиздан айлантирган? Агар капитализацияни ҳисобга олсак – камида 70%! Борингки, 60% дейлик. У пуллар қани? Қаерда? Кимларнинг ҳамёнида? Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган буюк ислоҳотлар натижасида халқ орасида “Бермуд учбурчаги” деб ном олган, собиқ Молия вазири Р.Азимов қўллаб қувватлаб келган Иноятов, Парпиев ва Муллажоновлар ўрнатган ҳарбий иқтисодий молиявий диктатура йўқ қилинди, даҳшатли ўпқон ёпилди. Шу жиҳатдан Халқ банкида пенсия фонди баҳонасида ўзлаштирилган фуқаролар пулларини топиш ва ўз эгаларига қайтариш эндиликда янгиланган Республика Бош Прокуратураси олдидаги вазифалардан бири, деб ўйлайман.

Яна бир факт: мен ҳозирги пайтда жамғарилаётган маблағларга неча фоиз двидент тўланаётганини билиш учун, бу банкнинг аввал Республика, кейин Тошкент шаҳар бўлимларига қўнғироқ қилдим. Лекин бир хил жавоб олдим: “Жамғарма дафтарчангизни олиб, ўзингиз бириктирилган филиалга боринг, ўша ерда айтишади”. Тўланаётган фоиз муҳим давлат сирими ё ҳарбий сирми? Нега банк уни яширади? Бир балоси бордирки, банк раҳбарияти шундай йўл тутяпти. Ахир, давлатимиз Раҳбари барча ташкилотлардан ошкоралик ва шаффофликни талаб қиляпти ку! Ҳа, бу банк раҳбарлари учун Президентимизнинг талаби бир чақа! Улар чақани нима қилади! Улар миллиардларни айлантирадиган “ишбилармонлар”!

Мана бу эса шу банк билан мажбурий муносабатда бўлганим туфайли бошимдан кечирганларим: мен рафиқам билан Тошкентнинг Сирғали тумани, 5 мавзеида доимий рўйхатда турамиз. Ўзимиз дўзахий Муллажонов бошчилик қилган Марказий Банкнинг “марҳамати” туфайли уюшган фирибгарлар касофати сабаб (бунда МБ ходимининг ҳам қўли бўлган) “Университет” кредит уюшмасидаги уйимнинг пули еб кетилганлиги учун (уюшма маблағи 1 миллиард 370 миллион сўмдан ортиқ эди) Ўрта Чирчиқ туманидаги қишлоқда эски бир уйда истиқомат қиламиз.

Шу сабабли пенсиямизни Сирғали туманидаги Ҳабибий маҳалласидан оламиз. Биз май ойи нафақасини олиш учун, айтилганидек, 7 май куни соат 10:00 ларда маҳаллага бордик. Одам кўп, навбатда турганлар 50 кишидан ортиқ. Бунинг устига нафақа соат 9:00 дан эмас, банкнинг кайфиятига қараб, 14:00 дан тарқатилар экан. Бугун навбат келмаслиги табиий. Биз қайтиб кетдик. Эртасига бормадик, 9 май иш куни эмас. 10 май куни рафиқамнинг тоби бўлмай қолди. Унинг паспортини олиб, бир ўзим бордим. Эшик олдида тумонот одам. Навбатга турдим. Шу пайт ўрта ёшли бир киши келиб, онасининг паспортини кўрсатди ва онаси 90 ёшдан ошганлигини, юришга қийналишини, эртага бир ёққа бораётгани учун уйда бўлмаслигини айтиб, унинг нафақасини сўради. Пул тарқатаётган 19 20 ёшлардаги йигит: “Йўқ, ўзини олиб келинг!”, деди. Ҳалиги киши: “Олиб келиш қийин, яхши юролмайдилар, барака топгур, бериб юбор, қари одамни қийнама, мана, маҳалладан вакил ўтирибди, ишонмасанг сўра”, деди.

Маҳалла вакили 79 ёшлардаги Комилжон ака унинг гапини тасдиқлади. Лекин банкир яна ўта пухта ўргатилган лоқайдлик билан рад жавобини берди. Ярим соатлардан кейин ҳалиги киши онасини олиб келди. Кекса кампир юролмас, ўғлининг елкасига қўлини қўйиб, зўрға судралиб келар эди. Ўтирганлар дарров жой беришди. Ўғли дарча эшик олдига бориб: “Ана, қара, олиб келдим. Олдингга боролмайди, зинадан обчиқолмайман!” деди. Банкир бола дарчадан бўйнини чўзди. Бечора ўғил одамларга қаради.

Ҳамма – 70 ёшлилар ҳам, 80 ёшлилар ҳам унга бир оғиздан онасининг нафақасини бенавбат олишига розилик бериб: “Илоё, биз ҳам шу онахоннинг ёшига етиб юрайлик” дейишди. Кампир ҳаммани дуо қилди. Лекин фашистгўй банкир йигитча: “Ведомостни пастга олиб тушмайман, чиқиб қўл қўйсин”, деди. Охири бир неча одам амал тақал қилиб, кампирни зинадан олиб чиқишди ва, ниҳоят, хорланиш процедураси ниҳоясига етди.

Шу воқеадан бир соатларча вақт ўтиб, навбат менга келганда Ислом Ашуралиев деб таништирилган банк ходими: ”Хотинингиз пулини ўзи олиши керак”, деб банк етакчи мутахассиси Аббос Салимовнинг телефонини берди. Мен унга қўнғироқ қилиб, иккии кун аввал келганимизни, лекин навбат кўплиги учун нафақа ололмаганимизни, бугун рафиқам бетоб бўлгани туфайли унинг паспортини олиб келганлигимни, мен кўчадан келган одам эмаслигимни, файласуф, ахлоқшунос ва эстетик олимлигимни, мен ёзган дарсликлардан фақат ўзимиздаги барча олий ўқув юртларидагина эмас, балки хорижда ҳам фойдаланишларини, Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси эканимни, ҳеч қачон ҳеч кимни алдамай яшаб келаётганимни, Ёзувчилик билетимни кўрсатганимни Ислом Ашуралиев тасдиқлаши мумкинлигини айтиб, 75 га кирган мени ва 70 ёшга кирган тоби қочиб турган аёлимни овора қилмасликларини илтимос қилдим. У “Йўқ, ўзи келиши керак, қоидаси шунақа”, деди.

Мен, Президентимиз, бундан буён бизда инсон, шахс манфаатлари устувор бўлади; қонун инсон ва инсонийликка хизмат қилиши керак; инсон қонун учун эмас, қонун инсон учун, деган шиорларни ўртага ташлаганини, қолаверса, ҳар қандай қонун унинг ҳарфларидан (сўзларидан) эмас, балки руҳидан (моҳиятидан) келиб чиқиб қўлланганидагина у адолат учун хизмат қиишини, акс ҳолда, яхши қонун ҳам адолатсизликка, инсонни хўрлашга бир қурол бўлиши мумкинлигини таъкидладим. У эса буларнинг аҳамияти йўқлигини айтди.

Мен асабийлашган ҳолда, қон босимига қарши дори дозасини каттароқ ичиб, у ерни тарк этдим. Эртаси куни рафиқамни етаклаб, унинг 422 минг сўмлик нафақасини олишга яна бордик. Соат 11 ярим. Мен яна асабим бузилмасин деб кўприкнинг олдида қолдим. Аёлим борса, эшик ёпиқ экан. Унга банк ходимлари маҳаллага пул тарқатгани кетишганини айтишибди. Ўша ерда ўзи бетоб бўлиб турган рафиқам бу оворагарчиликларни кўтаролмай ҳушини йўқотибди. Мен борганимда уни кутубхонада стуллар устига ётқизиб қўйишган, бир оз ўзига келган, лекин юзлари лоладек қизариб кетган эди. Кутубхоначи жувон: “Дўхтир чақирай, десам, касалхонага олиб кетиб қолишади, деб кўнмадилар”, деди.

Маҳалла фаоллари ва Комилжон ака, шунча оворагарчилик ва асаббузарлик бўлганига яраша энди нафақани олиб кетинглар, дейишди. Комилжон ака ҳам, мен ҳам банк етакчи мутахассисига қайта қайта қўнғироқ қилдик, Лекин у телефонини кўтармади. Кейин 79 яшар Комилжон ака пул тарқатаётган банк ходимларини қидириб кетди. Бир оздан кейин қайтиб келиб, “Дамас”ни топганини, уларга хабар берганини, улар ҳозир келиб қолишини айтди. Ярим соатча кутдик. Рафиқам, бир оз ўзига келиб: “Адаси, такси обкелинг, келинг, шу пенсиясидан кеча қолайлик, бир амаллармиз, иккаламизни тамом қилади булар, кетайлик,” деди. Мен такси тутгани катта кўчага қараб кетдим. Такси топиб, уни, ўтишининг иложи йўқлигидан, кўприкнинг нарёғида қолдириб, маҳалла идорасига қараб юрдим.

Идора олдида “Дамас” турар, атрофида одам йиғилган эди. Шу пайт “Дамас” ёнидаги бир рус аёли банк ходимига қараб: “Будьте людми, там в библиотеке бабуля лежит, ей плохо, она не может подойти, сами подойдите и выдайте деньги ей! Человеческое что то у вас есть или нет?!”, деганини эшитдим. Гап хотиним ҳақида кетётган эди. Мен ҳам етиб келиб, банк ходимига: “Ичкарига кириб, нафақани беринг, аёлимнинг туриши қийин, ётибди” дедим.

Банк ходими ”Йўқ, ўзини олиб келинглар”, деди. Ғазабимни ичимга ютиб, кутубхоначи жувон иккимиз уни суяб, бир амаллаб, “Дамас”нинг ёнига олиб келдик. У қўл қўйишга қийналиб, базўр қандайдир қийшиқ қинғир чизиқ чизди ва хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Мен: “Ким туққан сенларни, қанақанги бешафқат, ахлоқсиз, виждонсиз жонзотсанлар!”, деб асабийлаша бошладим. Кутубхоначи аёл: “Бир одамнинг ҳушидан кетгани етар, домла, асабийлашманг, башарасига қаранг, буларда одамгарчиликнинг “о” ҳарфи ҳам йўқ ку!” деди. Бирдан ўзимга келиб, йигитчага тикилдим: кутубхоначи ҳақ эди – оёғим остидаги бетон унинг башарасига солиштирганда майин ипакдек тассурот қолдираради. Маҳалла фаолларидан кимдир: ”Одамларни хорлаб, қийнайдиган, бизга доимо муаммо туғдирадиган бу расво банкка бундан буён пул тарқатиш учун маҳалладан жой бермаслик керак. Бу масалани алоҳида кўриб чиқиб, қарор қабул қилишимиз зарур”, деди. Мен хотинимни суяб, таксининг орқа ўриндиғига ётқиздим.

Тошкентдан қайтгач, эру хотин ўн кунча ўзимизга келолмадик. Дори дармоннинг ўзига ҳазилакам пул кетмади. Бу ҳам майли, мен ахлоқшунос, эстетик, файласуф олим, шоир ёзувчи, таржимон сифатида бу вақт нчида Ватанимга, халқимга, инсониятга қанчадан қанча хизмат қилишим мумкин эди. Биз ҳозир ҳам соғлигимизни тиклай олганимиз йўқ. Натижада Дўрмон ижод уйига бориб, томчилама ва санчма муолажалар олишга тўғри келяпти. Демак, соғлигимни тиклаш учун менга яна камида 12-15 кун кетади. Менинг бу давр мобайнида қилишим мумкин бўлган ишларим келажакда ўн миллионлаб даромад келтиришини ҳисобга олсак, қанча маблағ йўқотган бўламан? Буни ким қоплайди? Майли, бу ҳақда кейин ҳисоб китоб қиламиз. Асосий масалага қайтайлик. Дастлаб бу пулхона маҳалла билан ишларди: маҳалла вакили маҳаллада рўйхатда туриб, ўзлари вилоятда яшайдиганларга қўнғироқ қилиб, кассир қайси куни қайси вақтгача бўлишини айтарди. Энди эса банк маҳаллани яқин йўлатмайди, бунинг устига ҳар ойда янги ходимлар келади. Агар бир хил ходимлар нафақа тарқатганида эди, улар маҳалладагиларни яхши таниб олган бўларди ва икки орада инсоний муносабат вужудга келарди. Ҳозир худди маҳаллага банк ходимлари эмас, қандайдир роботлар келиб, одамларни атайин азоблаётгандек туюлади кишига. Халқ банки деб номланган ташкилотниниг халқ билан ишлаши шунақа бўлиши керакми? Ё маҳалладагилар халқ эмасми? Дейликки, кимдир қайсидир маҳаллада хотинининг нафақа пулини олиб ишлатган ва бундан жанжал чиққан бўлса, банкнинг шундай фашистик тартиб ўрнатиши тўғрими? Иккинчи жаҳон урушида босиб олинган қишлоқдаги бир уй партизанларга ёрдам берган бўлса, фашистлар ҳамма уйларга – бутун қишлоққа ўт қўйган. Бир икки одам учун маҳаллани, бутун халқни жазолаш фашистларнинг услуби бўлмай нима? Бунинг ўрнига банк маҳалла билан ишласа, бундай муаммолар нафақат осон ҳал қилинади, балки умуман пайдо бўлмаслиги шубҳасиз. Хўш, банк нега маҳалладан, ошкораликдан, шаффофликдан қўрқади? Бир балоси бўлмаса шундай қилармиди? Албатта йўқ. Бу банкни бўлажак ва ҳозирда ишлаб турган пенсионерларни ноинсофларча шилиши орқали топилган пуллар қутиртирган. Мана, асосий сабаб қаерда! Шу муносабат билан мен ҳурматга лойиқ эркин Ўзбекистон фуқароси сифатида таклиф ва талабларимни билдираман.

Таклифим:

1. Келажакда пенсионер деб номланадиган гадоларни ишлаб чиқарадиган, пенсионер қарияларни жамиятнинг чиқити деб ҳисоблайдиган – Халқ банки деган ном билан халқни хор қилиб келаётган, зўрға қутилганимиз даҳшатли “Бермуд учбурчаги”нинг қўланса ҳиди гупириб турган бу пулхона ёпилиши ва у билан Прокуратура шуғулланиши тўғри иш бўлади, деб ўйлайман.
2. Ўзбек халқининг кекса авлодига, булар ҳам инсон ку, деб қарайдиган, уларга муносиб даражадаги маънавий ахлоқий муносабатда бўладиган “Меҳрбанк” ёки “Инсонийбанк” деган номда фақат пенсия ва компенсация масалалари билан шуғулланадиган замонавий Давлат банкини ташкил этиш мақсадга мувофиқ (Ўзбекистон аҳолисининг 33 миллионга яқинлашиб қолганлиги шуни тақозо қилади).
Талабим:
1) Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси;
2) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
3) Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки;
3) Ўзбекистон Республикаси Пенсия Жамғармаси;
4) Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат Маркази мутасадди раҳбарларидан ушбу ёзганларимни РАСМИЙ МУРОЖААТ сифатида қабул қилишларини сўрайман.
Тилагим:
Инсон ҳуқуқлари ва шахс манфаатларининг оёқости қилинишини, кекса авлодни хўрлашга қаратилган хатти ҳаракатларнинг содир этилишини инсонийликка хос бўлмаган салбий ҳодиса деб баҳолайдиган барча интернетдаги ижтимоий тармоқлардан, фейсбукдаги менга ҳурмат билан қарайдиган дўстларимдан – ҳамма ҳаммадан ушбу мурожаатимни ўз саҳифаларида кўчириб босишларини ва унга муносабат билдиришларини илтимос қиламан.

Абдулла ШЕР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Меҳнат Шуҳрати” ордени соҳиби

“Фейсбук”даги Халқ билан мулоқот саҳифасидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон оав эркинлиги рейтингида 160-ўринда

Ўзбекистон ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича рейтингида 160-ўринда қайд этилди. Рейтингнинг илк поғонасидан Норвегия, ундан кейин Финляндия, Швеция жой олган. Биринчи ўнликка ...

Каттақўрғон шаҳрида нега автобус йўқ?

Одатда автобус бутун дунёда энг арзон транспорт турларидан бири сифатида эътироф этилади. Шу жиҳатдан у асосан ижтимоий ҳимояси паст қатламга хизмат кўрсатади. Бироқ бу ...

Ўзбек муҳожирларининг аҳволи жуда аянчли

Мен умрининг ўн йилларидан ортиғини Россияда мусофирликда ўтказаётган инсон сифатида шуни айтмоқчиманки, давлатимиз мусофирлар масаласини тезроқ ҳал қилмаса бўлмайди.Йўлларда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400