ТАРИХСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ

Аслида, нафақат халқлар ва давлатларнинг, балки ҳар бир инсоннинг ўз ўтмиши бор. Бугунги кунга нисбатан бир кун олдинги воқеалар ҳам тарихдир.
1992 йили давлатимиз томонидан қабул қилинган режага кўра Туркияга ўқишга кетиб, 1994 йили Анкара Университетининг Тил, Тарих ва География факультети, Тарих бўлимини 4 йиллик факультатив босқичларининг барча имтихонларини экстерн тартибида аъло баҳоларга топшириб, муддатидан олдин олий маълумотлилик дипломини қўлимга олиб, Ватанимга қайтдим.

Тошкентга келганимизда болалар билан қўлларимизда байроқлар билан самолётдан хурсанд бўлиб тушган эдик. Лекин аэропорт биносига кирганимиз пайтда бутун умидларим пучга чиқди.
Эшик олдида турган ҳаммол, оғзида сигарети билан туриб кутиб олди. Қўлида Ўзбекистон байроғини кўтариб олган, хурсандчиликдан кўзларида ёши билан келаётган болаларга қараб турган аэропорт ходимлари, –Туширларинг байроқларингни, ҳеҳ буларни аҳволига қара, уйга келдиларинг, йиғиштирларинг бунақа қилиқларингни, Туркиянгда қиласан бунақа қилиқларингни дея устимиздан қотиб кулиб турган одамларнинг юзлари ҳали эсимда. Ҳар хил Вазирликдан келиб турганлар қўлимиздан СССРнинг загранпаспортини олиб, СССРнинг эски гражданлик паспортимизни қўлимизга тутқаздию эртага эрталаб Вазирликга келасан, деб тайинлаб имзо қўйдириб олишди. Эртаси куни эрталаб, хурсанд бўлиб уйдан чиқаётсам, отам менга қараб,
–Болам дипломингни уйда ташлаб кет, агар сўраса диплом олмадим дегин, хўпми болам, деди. Отамга жахлим чиқиб,
–Ота сиз шунақасизда, мен бу дипломни заслужить қилганманку, нега бориб кўрсатмай, меҳнатимку, кечаю кундуз ўқиб олганман, десам ҳам қўймади. Каминани олдига ўтирғизиб олиб, ярим соат таълим тарбия берди. Хўп деб, дипломни уйга ташлаб, хафа бўлиб Вазирликга бордим.
Битта одам мени хонага киритиб олиб раса мазамни олди. Олдинига индамай ўтирдим. Дипломни бизга топширасан, деб вовиллаб бошлади. Мен эса диплом олмадим дедим.
–Ҳой бола, ўргилдим сандақа Президентский стипендиянтдан, Қодиржон аканг ўзи ёзиб берган сенинг диплом олганингни, элчинг Тошкентда уйида ўтирибди, ишдан ҳайдалган, сан нима девоссан, ҳой бола қисиб юргин хўпми, керак бўлса энди турмада ўтирасан, мен билан ҳазиллашма, ўмрингни синдириб юбораман, айтилган нарсани қил, деб яна бақириб кетди. Қодиржон Парпиев акамиз билан Убайдулла Абдураззоқов акамиз диплом олганимни тегишли жойга доложить қилиб, ёзиб бериб қўйган экан. Камина ҳам бўш келмади.
–Нега топширишим керак экан, бу менинг дипломим, Президентим ўқишга юборган, унинг стипендиясини олиб ўқиганман, икки йил Анқарада Ўзбекистон элчихонасида ишладим, Ўзбекистоннинг чет элдаги биринчи элчихонасида давлатимнинг байроғини биринчи бўлиб флагштокга кўтардим, икки йиллик дипломатик стажим бор, кураторимиз Қодиржон ака Парпиевдан, элчимиз Убайдулла ака Абдураззақовдан сўранг десам, менга бақириб кетди. Тушинтиришнинг иложи йўқ эканини билдим.
–Мендан бошқалар ҳам дипломини олиб келиб топширдими, деб сўрадим, Чўчқасифатли амалдор галстугини тўғрилаб олиб,
–Сендан бошқа диплом олган бола йўқ, сен жаа чаққон чиқиб қолдингку а, Туркиядаги қайси братанинг сенга қарашиб юборди, ҳали бунга жавоб берасан, дея гапираётганда тишлаб турган оғзидаги сигаретини эмиб, тутунини юзимга пуфлаб, заҳарханда қилиб, кулиб ўтиргани ҳали эсимдан чиқмайди. Стол устида ётган сигаретаси ҳам эсимда. Родопи эди. Менинг кўйлагимни чўнтагида турган Текел-2000 деган сигаретни кўриб, бармоғи билан ишора қилиб,
— Зўрку а, сенларга Туркиядаги братанларинг шунақасидан берарканде а, қани кўрайликчи, ол сигаретингдан, дея сигаретимни олиб, қайтариб ҳам бермай тортмасига отиб юборди. Чўчқасифат одамни юзига жирканиб қараб ўтирдим, яна вайсаб кетди.
–Бўпти, дипломимни олиб келиб қўлингизга топшираман, ҳозир отам дипломимни қишлоққа олиб кетган қариндошларга кўрсатиш учун, билганимда олиб келардим десам ҳам,
–Ҳэй бола, менга қара, ҳаётингни бузиб ташлайман, яна тағин алдаб кетма, хўпми, дея вовиллади.
–Хўп, олиб келаман дедимда кабинетидан тезроқ қочиб чиқиб кетдим. Бир неча марта чақиришди, бормадим. Телефонни отам ўчиртириб ташлади. Хуллас, иш излаб бормаган даргоҳ қолмади, ҳеч ерга ишга олишмади. Туркияда ўқиганимни билиб вахтер сифатида ҳам ишга олишмади. Мен учун қора кунлар бошланган эди.
Ипподром бозорга чиқиб, уйғур-бозордаги контейнерчилардан отвечаюга мол олардим ва 1 метр жойда икки киши туриб, кунлик арендани ярмини тўлаб, олиб-сотарлик қилдим, ёзда уйларни ремонт қилардим, мойга ботиб машина ремонтлардим, бола-чақамни боқдим. Кечқурун уйга келиб кечаси соат 12 ларгача билганларим, ўқиганларим эсимдан чиқиб кетмасин деб эсимга нима келса ёзардим. 1995 йилларда ҳали компьютерим йўқ эди, 96 варақли Общий тетрадь 3-4 кунда тўлиб қоларди. Эрталаб соат 3-4 ларда Ипподром Бозорига чиқиб олиб сотарлик қилардим. 1 метр жойга икки киши зўрға сиғиниб ўтирардик. Қишда, совуқдан титраб челакни атрофини тешиб олов ёқиб исинардик. Бошида прилавка устида ўтиришга уялардим, пастга тушиб яшириниб олиб общий тетрадьга кўрган билганларимни ёзиб ўтирардим. Ёнимдагилар куларди ҳазиллашиб,
–Кимга керак шу ёзувлар, ким ҳам ўқирди ҳозирги замонда, ундан кўра бўладиган ишни қилмайсизми, дея устимдан кулишарди. Шундай қилиб йиллар ўтаверди. Бир куни бозордан уйга келсам хотиним лампочкага носкини кийгизиб тикиб ўтирган экан. Ҳа, бу бечорани томи кетиб қолибди да, деб ўйладим.
–Ҳа, тинчликми, бу нима қилиқ десам,
–Носкингиз йиртилган экан, лампочкага кийдириб тикса қўлай тикилади, деди. Бошимга гурзи билан ургандек бўлди, кўзимни олди қоронғулашиб ўтириб қолдим.
–Наҳотки, шу ахволга етиб келдикми, десам.
–Нима бўлди, рангингиз оқариб кетди, бозорда мелисага молни олдириб қўйдингизми, қаерингиз оғрияпти, деб сўраб бошлади. Нима бўлганини, ичимдан нималар ўтганини ўзим биламан, жимгина хотинимни юзига қарадим.
–Носкини ямаб киядиган ахволга етдикми, болаларим кичиги каттасининг эскисини кийиб катта бўлаётгани етмай ётувди бизга, энди носкимни лампочкага кийгизиб ямаб киядиган бўлдимми, дея бошим эгилиб, ҳаёлга кириб кетибман. Хотиним эса,
–Қўйсангизчи, шунга шунчами, нима қибди, ташлаб юбормайманку, деб олдимда кулиб турганди. Ҳозир келаман деб кучага чиқиб кетдим. Бўкириб йиғлагим келди. Ўзимга сиғмай кетдим. Чет элда Президентнинг стипендиясини олиб ўқидинг, Ўзбекистондан бориб чет элда биринчи олий маълумотли бўлиб диплом олдинг, Ўзбекистоннинг чет элдаги биринчи элчихонасида, биринчи байроқни кўтардинг, ўз Ватанинг, ўз давлатинг буюрган вазифани аъло даражада бажариб келган сенинг энди кунинг шу бўлдими, бу кунингдан ўлганинг яхши, деган фикрлар ўзимни ўзим ўлдирсамми деган ифлос ҳаёлларга ҳам олиб келди. Бундай қилиқ қилиб дузахий бўлиб кетаманми, болаларим, ота-онам қавму қариндошларим қандай бош кўтариб юради, деган ҳаёллар кўнглимда чархпалакдек айлана бошлаганди.
1998 йил декабрь ойининг ўрталари эди.
Янги йилга безатилган гўзал пойтахтим кўчаларида эрталабгача санғиб юрдим. Байрамона кайфият ўрнини, ҳаёлимни ҳеч ким билан гаплашишни истамайдиган аҳвол эгаллаб олганди. Одамлар кўзимга ғалати бўлиб кўринар, ҳамма нарсага нафрат билан қарар эдим. Ичимда ғазаб, нафрат туйғулари қайнаб ётарди. Бутун фикри ҳаёлимни “бу дунёдан кетиш керак, сенинг бу оламда ўрнинг қолмади, сен ҳеч кимга керак эмассан”, деган ўйлар эгаллаб олди.
Кўчада санғиб юриб ўзимни ўзим ўлдиришим керак деган қарорга келдим. Лекин пешонамдан отиб ташлай десам қуролим йўқ, заҳар ичиб ўлай десам бу оғуни қаердан топаман, венамни кесиб ташлай десам қонга беланиб ётиш жирканчли бўлиб кўринди. Хулласи калом ўзимни ўзим дарвозахонада осиб ўлдиришни режалаштирдим.
Уйга кечаси кириб келдим. Ухлаб ётган болаларимни биттама битта бағримга босиб ўпиб қўйдим. Ташқарига чиқиб подвалга тушиб арқон ҳам топдим. Қўлимда арқонни олиб подвалдан чиқсам олдимда хотиним турган экан.
–Тинчликми, кечаси қўлингизда арқон билан нима қилиб юрибсиз, деб сўраб қолди.
–Сен уйга кир, ишим бор дедим.
–Ишингиз зўр экан. Учта болани, ота-онангизни, мени ташлаб осонгина ўлиб кетмоқчимисиз, мен сизни мард ва ақлли эркак киши деб ҳурмат қилардим, дея йиғлаб юборди.
–Сен нимани ҳам тушунардинг, кимга ҳам керакман, бор ишингни қил, болаларга эгалик қил, уйга кир, дея индамасдан хотинимни четга суриб қўйиб дарвозахонага чиқиб ўзимни осадиган қулайроқ жой ахтариб бошладим.
–Кетадиган бўлсангиз мана бу пичоқни менга тиқиб кетинг ёки арқондан менга ҳам ярмини кесиб беринг, битта ўзингизга узунлик қилади, деб қолди. Орқамга ўгирилиб қарасам қўлида пичоқ билан йиғлаб турган экан. Олдига бориб пичоқни қўлидан олдим ва унга тушунтириб бошладим.
–Тушунгин, сен болаларга кераксан, кичкинамиз ҳали эмизикли, болаларни катта қилишинг керак, мен эса бу ҳаётда яшай олмаяпман, кераксиз бўлиб қолдим, чет элда ўқиб келиб бозорда латта-путтани у ердан олиб бу ерда сотадиган бўлолмайман, деб бақириб кетдим.
–Ўқиган бўлсангиз ўқибсизда, секретаршаси ва машинаси бор катта мансаб бермади, ҳеч ким мени мақтаб телевизордан чиқармади деб ўзингизни ўзингиз ўлдирасизми? Мен ҳам ўқиганман, мактабни олтин медальга, университетни қизил дипломга тамомлаганман, менинг ҳам дипломим шкафда ётибди, унда мен нима қилай? Сизни учта болангизни туғиб, отасиз тарбиялаб хор қилишим керакми? Сиз кетаман деган томонга мен ҳам кетаман, болаларни давлат детдомда боқиб катта қилади, билиб қўйинг ўлигингиз совумасдан кетингиздан мен ҳам ўша томонга бораман, деб дарвозахонада менга қараб бақириб кетди.
–Аҳмоқмисан, эсингни йиғиб ол, десам.
–Менинг эсим жойида. Сиз эсингизни йиғиб олинг, кўчада кечасигача санғиб юриб, топиб келган қилиғингиз шу бўлдими? Оссангиз ана осаверинг, мен қараб тураман, деб бақрайиб турди. Уйдагилар уйғониб кетди, уйқусираб болаларим билан онам чиқиб қолди. Қарасам, отам ҳам чиқиб келаяпти. Менинг битта қўлимда мол сўядиган катта пичоқ, иккинчи қўлимда эса арқон.
–Ҳа, болам кетмоқчимисиз, деди сизлаб.
–Ота яшаёлмаяпман, кетганим маъқул дедим.
–Тўғри айтасан болам, сени яхши тушуниб турибман, чет элда олий маълумотли бўлиб келиб латтафуруш бўлиб бозорда ўтириш оринга тегаяпти, анчадан бери аҳволинга қараб ачиниб юрувдим. Тезроқ кетганинг яхши. Ўзи пул йўқ пайтда пенсиямдан катта чиқим ҳам бўлмайди, тўртта-бешта қарияни чақириб ҳаром ўлган молдек олиб бориб бир жойга кўмиб ташлайман, у томонда эса дўзахни тўрида ўтириб олиб эганга ўзинг жавобини берарсан, кетавер болам, ҳаммамиз оилавий қараб турамиз, болаларинг ҳам кўриб қўйсин отасини аҳволини, вақти келганда ҳаётда қийналса булар ҳам нима қилиш кераклигини сендан ўрганади, кўрганини қилади, бемалол кетавер болам, онаси совун олиб келинг, деди.
–Совун нимага керак, десам.
–Бўйнингни арқон тирнамайди, силлиқгина қилиб жағингача яхшилаб бўғиб ташлайди, қийналмасдан кетасан деди.
Нима қилишимни билмай пастга қараб индамай турдим. Сукунатни ўғлимнинг йиғиси бузди.
–Бобо бизлар ҳам кетайлик, дадам қаерга кетаяпти, деб йиғлаб юборди. Уйдан эса чақалоқни йиғиси эшитилди, онам, хотиним, иккита боламни кўтариб ўйга кириб кетишди. Отам иккаламиз бир-биримизга қараб турардик.
–Болам кетасанми, деб сўради.
–Кечиринг мени, бўлди, уйга кирайлик дедим.
–Пичоқ билан арқонни ташлаб ёнимга кел, деди.
Отамни олдига боришим билан шапалоқ билан қўйиб юборди, ағдарилиб тушдим.
–Уйга кир, қолганини уйда эркакчасига гаплашамиз, деб уйга кириб кетди. Отамни изидан югуриб уйга кирдим. Хонасига киргизиб олиб, девордаги гиламни усида осилиб турган бобомни қамчисини кўрсатиб,
–Қамчини олиб бер менга, соғиниб қолибсан, деди.
–Бўлди товба қилдим, иккинчи бундай қилиқни қилмайман, тушунмай қолдим ҳаётни, ёшлик қилиб қўйдим, десам ҳам индамай менга қараб турди.
–Эркаксан, эркак бўлиб туриб берасан, чопонни еч, деди.
Отамни отасидан қолган қамчи зарбасининг қаттиқ оғриқлари ёшлигимдан эсимда қолган. Девордаги гиламни устида осилиб турган қамчини отамни қўлига бераётиб, учта ўғилни отаси эканимни, хотиним борлигини, энди отамдан қамчи еб ётишга уялишимни айтсам, бақириб чопонни еч деворди. Эшикдан хотиним югуриб кириб, –Дадаси чопонни беринг, отам тўғри айтаяпти, тартиб шунақада, нима ҳам қилоласиз, чиданг энди, бизлар ҳам сизни қилиғингизга чидадик, деб устимдаги чопонимни ечиб олиб, отамга қараб, худо қувват берсин сизга деб чопонни олиб чиқиб кетди. Отамни олдида чўккаллаб ўтирдим. Ҳа, энди нима бўлсаям отам, ҳаққи бор, битта иккита қамчи урса урибдида деб ўйлаб ўтирсам,
–Болам, отангдан еган қамчини бегонадан емагайсан, санаб тур, деб қарсиллатиб солиб бошлади. Тишимни тишимга қўйиб санаб ўтирдим. Қамчи еб бошлагандан сўнг чидай олмадим ва қамчисини ушлаб қолиб,
–Бўлди, товба қилдим отажон, дедим.
–Ҳа эркак, отанга қўл кўтармоқчимисан, деганди қўрқиб кетиб қамчини қўйиб юбордим, чойнакдаги чойидан ўзи бир пиёла ичди, сўнг менга ҳам бир пиёла берди. Энди бўлгандир десам, жойинга ўтир, деб ишорат қилди. Яна яхшилаб қамчи уриб бошлади, бақириб юбордим.
–Чидагин болам, яна беш олтидан сўнг, сезилмай қолади, еганбиз отамизни қамчисини, деса бўладими.
Ичимда, вой бу яна бешта қамчи урса ўламанку, деб ўйлаб тургандим елкамга чарсиллатиб қўйиб қолди. Отамни айтгани рост экан беш олтита қамчидан сўнг умуман ҳеч нарса сезмай қолдим. Ёки отам аста уриб бошладими, билмадим. Камина ерда чўзилиб ётиб қолди, тақдирга тан бердим. Ичимда ҳар хил ҳаёллар тез-тез ўта бошлади. Ялинганим билан фойдаси йўқ, қамчини ушлаб қолсам фойдаси йўқ, норози бўлади. Тишимни тишимга қўйиб, кўзимни юмиб ётавердим. Фақат ҳар урганида отажон, отажоним, товба қилдим деб айтиб қўярдим, зора раҳми келса деган умидда. Ишини тугатгандан сўнг,
–Қойилман болам, чидадингэй, сендай пайтимда шу қамчи билан отам урганда қон сийиб юборгандим, энди сен ҳам отасидан қамчи еган йигит бўлдинг. Чет элда ўқигансанда, битта-иккита қамчи сенга етмайди, тўйдингми болам, деб кулиб ўтириб чойнагидан пиёлага чой қўйиб ҳўплаб қўйди.
–Ҳа, бобом зўр эди, сизда ундай куч йўқда, беш-олтитадан сўнг ҳарсиллаб чарчаб қолдингизку, десам.
–Ҳа, болам битта қамчи кам бўлдида сенга деб, кулиб қўйди. Камина эса ўрнидан туролмай оғзимдан сулакайларим оқиб ерда ётардим. Онам билан хотиним кириб келиб телевизор турган хонага олиб чиқариб ётқазишди. Отам ёнимга келиб,
–Яхшиям устингда жемпер бор экан, бўмасам қонга булғаниб қолардинг, бобонг қамчилаганда қип яланғоч қилиб соларди, деса бўладими.
–Зато, бобом битта иккита қамчи уриб тўхтатар экан, ўзингиз айтувдингиз, сизнинг 40 қамчингиз бобомни 4 та қамчисига ҳам тенг келолмайди, дедим.
–Жим ёт ҳозир яна ейсан, мен ўзимни ўзим нобуд қиламан демаганман, деди. Онам гапга аралашиб,
–Отанга гап қайтарма, боланг қараб турибди, эртага олдинга келади, деса бўладими. Хотиним отамга қараб, яхшиям бахтимизга сиз бор экансиз, деб отамга қараб кулиб турибди.
–Хотин зоти шу эканда, одам эмас экансан, сотқин, десам,
–Мен сотқин эмасман, мен келинман, яхши бўлди, ўзим тузатиб оламан, деб чой дамлагани чиқиб кетди.
Аста секин туриб юра оладиган бўлганимдан сўнг ойнага қарасам елкам, белим, умуман орқамни соғ жойи қолмабди, маматалоқ бўлиб кўкариб, қизариб кетибди. Шу воқеадан сўнг икки ярим ой кўчага чиқа олмай ётдим. Янги 1999 йилни шу аҳволда оилавий кутиб олдик.
Феврал ойида Тошкентда портлашлар бўлди. Ипподром бозорда ҳам савдо кассод бўлди, биров-бировни сотиб қаматишлар бошланиб кетди. Наврўзга яқин қолганда аста секин хотинга суяниб дарвозадан кўчага мўралаб қўярдим. Лекин кўчага чиқишга кучим йўқ эди, қаддимни ростлаб юролмасдим…
(Давоми бор)
Муаллиф: Шуҳрат Барлос
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги кучаймоқда

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги бошлангани айтилаëтган бир пайтда¸ мамлакат президенти Туркманистоннинг буғдой экспорт қилувчи давлатга айлангани ҳақида баëнот қилди. ...

Тўрткўлда  500 дан зиёд тадбиркор фаолиятини нега тўхтатмоқчи?

Тўрткўл деҳқон бозорига боришни аҳоли унчалик ҳам хуш кўрмайди. Нега деганда, бозор атрофидаги тартибсизликлар ҳар қандай кишининг таъбини хира қилади. Ушбу муаммо кўпдан ...

Ёзёвонда банкдан 100 минг доллар ўғирланди

5 февраль куни Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги Халқ банки бўлимида сақланаётган 100 минг долларнинг (838 млн сўм) йўқолгани аниқланган, деб хабар қилди «Газета.uz». ...