Бугуннинг кечинмалари      

     

Дунё аҳли ҳар хил фикру турлича қарашларга эга. Бу ни эзгу фикр билан ёвуз фикрлар тўқнашаётган Ўзбекистонимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўзбекистонимизда юз бераётган жараёнларни кундалик саргузаштлар орқали бемалол тавсифласак бўлади. 

Сиз нима деб ўйлайсиз, ӯзингиз яшаётган маҳаллангиз атрофида, шаҳарнинг турли хилват ва оромгоҳ жойларда “муҳтарам” алкоголь билан дӯстлашгани туфайли туну кун ерда думалаб ётгувчи кишилардан куч ишлатар тизим вакиллари шубҳаланадими? Кӯча-кӯйларда ҳар хил  жаргонда гаплашувчи,  бошқаларда нохуш таассурот уйғотувчи  “зот”лардан-чи? Диққат билан қарасак, улар билан ҳатто ҳеч кимнинг иши йӯқ.

Деярли ҳар куни уйдан чиққанимда хилват, гўзал маскан бурчагида юз кўринишидан доимий спиртли ичимлик ичиб юрадиган кимсалар “мазза” қилиб, ўзлари ташкил қилган қўлбола дастурхон атрофида ичимлик ичиб ўтирганига кӯзим тушади. Ўтган куни бозорга бораётганимда ҳам ичкиликдан “тамом” бўлган икки пиёниста ӯзаро уришиб, савдо ходимларига, уларнинг буюмларига зарар етказиш ҳолатигача келди.  Бир куни нон олгани дӯконга чиққанимда шундоқ йўл бўйида қўлларини узатган ҳолда бир пиёниста думалаб ётганини кўриб, қӯлини машина эзиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, атрофдаги йигитларни ёрдамга чақирдим. Аммо улар нарози қиёфада мени эшитмаганга олиб йӯлида равона бӯлдилар. Демоқчиманки, бу ерда ҳам жамоат тартибини сақлаш учун масъул бӯлган ички ишлар ходимларининг ҳатто қораси ҳам кӯринмайди. Аммо, қўлга китоб олиб, тўрт-беш дўст билан дўстона (бор-йўғи ўн беш дақиқа) ўз юртинг, ўз жонажон Ватанингнинг гўзал кўчаларида суҳбатлашиб турсангиз ҳеч қанча куттирмасдан “соқчилар” ҳамласига дуч келасиз. Ахир бу ерда бирон ёмонлик борми? Ӯйланиб қоласан киши, кимларнингдир китобга ошналигидан гумонланиши сабаби замирида нималар яширинган экан?!

Ғалати чиндан ҳам ўхшатишларимдаги ҳақиқатлар ғалати.

Эҳтимол, кӯча-кӯйда юмалаб ётган онгсиз, иродаси заиф кишилар кимларнингдир “мафкуравий” халқни ушлаб туришдек қарашларига  тўғри келар?! Ким билсин?!  Бизнинг мусулмон давлатлар ичида “руслашган” ҳаёт тарзига кўникиб кетганмизга кӯп бўлган. Оқибатли халқимиз ичкиликка ружу қӯйган шахсларга иродасиз шахслар, дея хуруж қилмайди, уриб- тепкиламайди. Ӯн йиллаб қамоқларга маҳкум қилмайди. Бундай фикр ҳатто ҳаёлларига ҳам келмайди.

Лекин, шундай бағрикенглик оддий пиёнистага қилинади-ю, бироқ илм эгаси, эзгу фикр эгасига келганда мангу сукутга чӯмилади. Уларга зиёлиларни янчишга, номини ерга уришга, аллақандай туҳматларга қориштиришга кучи етадиган “олғир”лар, “қонунчи”ларнинг кучи етмайди. Куч ишлатар тизимлари вакиллари учун зиёлиларнинг олдинги хизматлари, илм бобида, одамларга фойдаси тегадиган зеҳн- салоҳияти бобидаги сифатлари учун ҳам бағрикенглик, оқибатлилик қилиш “ор”, “номус” саналади.  Қаерда зукколик, етук илм-маданият бўлса, шу ерда янчиш содир бўлиб қолаяпти. (Бунга асосларимиз кўп…) Биз жаҳонга юз тутган мамлакат бўлишни орзу қиламизу, олимларимизни, ойдинларимизни, зиё аҳли аёнларимизни асрашнинг нечоғлик қадрли эканлигининг фарқига бормаймиз. Амур Темур давлатчилиги тарихини дарсликларимизга киритганмизу, ўзимиз ўла қолсак, шу тажрибалардан ўрнак олмаймиз. Амир Темур бутун дунёдаги олимларларни мамлакатига йиғиш ва уларга  меҳр ва оқибат кўрсатишида қандай маънолар зоҳир эди? Бу унинг шунчаки эрмаги, қизиқиши бўлмагандир?! Бу ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсак бўларди. Зеро, пайғамбарлардан кейин, олимларнинг қадрланиши дунё тан олган ҳақиқат/

Гапнинг пӯсткалласи…

Тошкент Шарқшунослик институти доценти, турколог, ўзбек шевалари илмини мукаммал билувчи инсон, зукко тарихчи ва қадимшунос олим Андрей Кубатин 2017 йил 1 декабрда ҳарбий суд томонидан ўн бир йилга озодликдан маҳрум этилган. Ҳарбий суд уни Ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топган. Ўша пайтида тарқатилган ББС ахборот агентлигининг хабаридан келтирамиз:

“Ҳукмга кўра, Андрей Кубатин Туркия фуқаросига 1000 АҚШ доллари эвазига гўёки Ўзбекистон Давлат архиви ва Шарқшунослик институтида сақланган электрон китобларни сотган.

Аммо суд жараёни пайтида Кубатин бу китоблар архивдан олинмагани, маълумотларнинг аксари Интернетда очиқ эканлигини айтганига қарамасдан, ҳакам бу важларни инобатга олмаган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати терговчилари Андрей Кубатинни пантуркийлик ғояларини тарқатиш, миллий ва динлараро низо қўзғаш, Ўзбекистоннинг геологик бойликлари ҳақидаги маълумотларни четга чиқаришда ҳам айблаганлар”.

“Тошкентлик туркшунос олим Андрей Кубатинга ўтган йилнинг декабрида Ҳарбий суд томонидан берилган 11 йиллик муддат, яқиндан беш йилга туширилди”.

Жорий йилнинг 12 июнь куни биз бир қанча дўстлар Андрей Кубатиннинг рафиқаси Феруза Жуманиёзова билан учрашиб, Андрей Кубатиннинг ишига доир суд маҳкамасига боришга ва у ердаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида, Ташкент шаҳридаги Шаҳристон метроси яқинида йиғилдик.

Мен туркий қавмдан эканлигимдан, унинг улуғлардан ҳам улуғ ўтмиши, тарихий жараёнлари, гўзал тарихий сулолалари, шахслари, умуман бой ва инсоният тараққиёти ва маданиятига улкан ҳисса қўшганлиги билан фахрланиб келганман.

Шундай олимлар борки, Ватанни менга ўхшаб севибгина қолмасдан, унинг гўзал ўтмишини ўрганиш йӯлида фидойилик қиладилар, умрларини ҳам қўшиб севадилар. Ана шундай кишиларнинг Ватанга бӯлган муҳаббатлари кўпинча қимматга тушиб қолиши кишини ўйлантиради.

Нима ўз тарихини севишнинг  бирор бир айби борми?!

Биз мазкур йиғилишга таниқли тарихчи, етук туркий билим соҳиби, блогер Анвар Назирнинг хабари бўйича йиғилгандик. Метродан чиқарканман, Фейсбук сайтидаги ўзимга таниш- нотаниш йигит- қизларнинг табассумли пешвозларига дуч келдим. Қизиқ ҳолат-да, ижтимоий тармоқда кўриб юрганинг бошқа, ҳаётда яқиндан танишиш, суҳбатлашиш бошқа. Биз барчамиз танишганимиздан мамнун қиёфада суҳбатлаша кетдик. Бир қарашда билиш мумкин-ки, суҳбатдошларимда ҳақиқий миллий ғурур ва тарихий билим кучли эканлиги билиниб турарди. Гўё, биз бир-хил дарсликларни ўқиб ўтирган, аълочи ўқувчилардек ҳис этаётгандик ўзимизни. Бир-биримиздан илҳомланиб, ҳатто яқиндан танишишни ҳам унутиб гаплашаётган эдик.

Мен Анвар Назир, сайтда кўпам кўзга ташланмаган йигитлар: Фарҳод Очил , Жонузоқ Ҳалил, Отабек Умар, Қаҳрамон Маҳмуд ва чиройли, билимли қизлар Ноила Раҳмон, Gulnaz Guleryuz тахаллуси остида чиқишлар қиладиган Гулнозалар билан учрашиб турганимдан хурсанд бўлдим.  Андрей Кубатиннинг рафиқаси гўзал ва мафтункор Феруза Жуманиёзова ҳам бизни кўп куттирмасдан етиб келишди. Келган заҳоти, саволларга оғиз жуфтлаётганимиздаёқ, маҳкамага боришнинг бефойда эканини билдирди. Унинг гапига қараганда, судья аллақандай суд иши билан бошқа жойга кетган, Андрей Кубатиннинг адвокатини ҳам учратолмаганини маълум қилди. Ферузахоним телефонда боғланиш қийинлигини, қӯлига суд қарори неча вақтдан бери берилмаётганини баён этди. Биз афсус ила маҳкумнинг биринчи ҳимоячиси – рафиқасини саволларга кўмиб юбордик. Гўё, у ҳамма гапларни  билади-ю, бизга очиқламаётгандек. Аслида, энг кўп руҳий зарба турмуш ўртоғига келиб тушганлиги маълум. Айнан унинг умр йӯлдоши тақдири учун жон куйдириб тинимсиз бонг уриб, ёзиб келаётганини ҳам биламиз.

Бу ёпиқ шаклдаги суд маҳкамаси  дегани нима дегани?! Одамни гуноҳи, айби, очиқ шаклда бўйнига қўйилишида, халққа билдирилишида, гувоҳларнинг кўрсатмалари-ни, экспертларнинг хулосаларини ёйинлашда ёпиқ тарзда бўлаётганида қандай сир бор? Нега суд очиқ тартиб асосида ўтказилмаяпти?! Ҳаммаси номаълум. Экспертлар ким, маълумоти ва бир инсон тақдирига касбий ва инсонийлик жиҳатдан садоқати қанчалик?!  Ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку?! Билишимизча, Кубатиннинг “айби” ҳаммага очиқ турган электрон китобни бошқа бир мамлакатда яшаётган ҳамкасбига жўнатгани экан. Ахир тарихимизга кимнингдир қизиқиши мумкин эмасми? Биз суд ишларига нисбатан нафратимизни тугатолмасдик. Фурсатдан фойдаланиб,   Ферузахон бизга ўзининг олиб бораётган илмий ишларидан сўзлай бошлади. “Илк ўрта асрларда Тохаристон ва Қобил водийсида туркий сулолалар” номли илмий диссертация ҳимоясини ёқлаганини ва шу китобчани илмий даражалар берувчи илмий кенгаш томонидан тасдиқдан ўтганлиги тўғрисида, умуман, бундай ажойиб янгиликни биз билан баҳам кўришни истади.

Бизнинг мана шундай ажойиб ва ғаройиб суҳбатимиз гўзал тартибда бошланаётган бир пайтда икки нафар ички ишлар ходими формасидаги йигитлар олдимизга келиб, суҳбатимизни бўлиб юборди.

Улар бизнинг метро атрофида қўлда китоб билан суҳбатлашиб турганимиздан безовта бўлаётганини сўзладилар. Аммо биз метронинг кириш-чиқиш йўлаги оралиғидан беш, ўн метрлар юқорида ҳеч бир йўловчига, ҳеч бир тўсиқ бўлмаётган бир тартибда тургандик. Улар бизнинг қўлимиздаги диссертация ҳимояси тўғрисидаги китобчани (уч нусхада) кўриб, бу қандай китоб деб сўрашди. Ферузахон бу илмий китобча эканини, тасдиқдан ўтган муҳрини кўрсатди. Бизга метро ёнидан кетишимизни буюрди. Биз рози бўлиб улардан узоқлашдик. “Хай, майли-да, мамлакатимиз қонунларига бўйсунишимиз керак”, биз нарози бўлмасдан, ёзнинг жазирамаси атрофни ёндириб юбораётган паллада, шундоқ ёнимизда жойлашган, сизу бизнинг мунгли ўтмишимиз ҳақида ҳикоя қиладиган “Қатағон қурбонлари” хиёбонига бордик. Атроф сокин ва хуш кўринаётганиданбизнинг ичимизда тасодифан бу ерларни зиёрат қилаётган онимизда уларнинг барчасининг руҳларига,  ўтмишда қолдирган ватан ва миллат учун юксак ватанпарварлик ҳаракатларига  атаб,  бир фотиҳа ўқиб қўйишни ихтиёр эта бошлаганимда, замонавий қизлар Ноила ва Гулноза ўз машиналарини яқинроққа келтириб қўйиш учун кетганди.

Улар бизга яқин келар экан, уларни коррупцияга қарши курашадиган идораларда ишлайдиган йигитлар тўхтатиб, қандай йиғилишлар ўтказиб юрганлигини, умуман, нима мақсадда тўпланиб юришганлигини сўрашибди. Улар бор гапларни айтишган экан. Уч ёш йигит олдига бормоқчи бўлишди. Ҳамма яхши кайфиятда йиғилиб, бемалол дилдан суҳбат қурмоқчи бўлганимизу,  турколог олим Кубатин ҳаёти, интилишлари тўғрисида янаям батафсилроқ, кўнгилдан эшитмоқчи бўлганликларимиз ўрнини ҳисоб бериш билан машғул бўлишимизу, бизни қандай қай тартиб қабул қилишлари каби кичик дилхиралик кайфиятимизни тушириб юборди. Уларнинг шарпасини узоқдан биримиз кўрдик, биримиз кўрмадик. Қўл силтаб барибир узоқлашиб кетмоқчи бўлдик. Лекин эргашган шарпалар яна пайдо бўлди. Тавба-ей! Бизни ўлим тарқатувчи, аллақандай жосуслар деб ўйлашаяпти, шекилли?! Қизлар биз учун ИИВнинг махсус автобусини ҳам тўғрилаб қўйишганини айтишди. Ана халос!!! Энди қатъий қилиб  уларнинг олдига ўзимиз борадиган бўлдик. Ҳеч қанча юрмасдан, йўлак бўйларидаги арчалар орасидан уч нафар йигитларни учратдик ва худди шу ташкилот ходимлари эканлигини билдик. Ферузанинг шахсий ҳужжати-ю, китобидан телефонларига  нусхалар олиб, бизнинг у-бу саволларимизга хушлаб ва хушламаган ҳолда жавоб бериб жўнашдилар. Қизиғи, анави ички ишлар ходимларими хабар беришган буларга ёки бошқами? Уларнинг исмларини, ҳужжатларини ошкор қилмасликларида қонунийлик борми ёки йўқ?! Бизга бу текширув оғир ботгани йўқ. Зеро, улар ўз хизмат вазифаларини чиндан бажараётган экан. Бажараверсин! Лекин бизнинг қўлимизда китобча шаклидаги тасдиқдан ўтган илмий ишни ушлаб туришимиз кимга ёки кимларга бунчалик ташвишли гумон уйғотди ва орқамиздан бутун бошли, кўп қисмдан иборат жамоани, куч ишлатар ходимларини йўналтирди?!  Метрода, метро атрофида ҳатто дўстона суҳбатга рухсат йўқ, билгандик, энди китоб ушлаб туришгаям қўрқиб қоладиган бўлдикми, ҳали?! Ҳали ӯзимиз ӯз юртимизда  эркинроқ юра олмай туриб, биз мамлакатимизни туристик шаҳар қиёфасига олиб чиқмоқчимизми?! Энди бу безовталик билан одамларни бекордан бекорга ранжитиш, ҳали ҳеч бир жиноят қилинмасдан, бирор мияда фикрланиб ҳам кўрилмасдан туриб,  жиноятчиларнинг аллақайси вакилларига нисбатан гумонланиш адолатданми?!  Бундай “иш тартиб”лари билан турлича, турфа мақомда фикрлайдиган одамлар билан ҳали қандай муомула сифатларини йўлга қўямиз?!

Улар бу ишлари билан чекланиб қолмасдан бизнинг оддий ўртоқлик суҳбатларимизни ёзиб олмоқчи бўлган съёмка ишимизга, ўзимизга, тўпланиб туришимизга бўлган таъқиқларни тўхтамадилар. Бизни бу ердан кетишимизни сўрашди…  Ҳой, одамлар бунча юрак торлилик қаердан пайдо бўлди?! Нима бўлди сизларга?! Зотан атайлаб йиғилишлар учун мўлжалланган  жойга биз улов миниб келгандик. Ишимизни бошлаб бўлгандик. Уни тўхтатиб, нарироқ кетишга шошилдик. Шундоғам “жаҳон” кездик. Иссиқ баданни “чимчилаб” олаётган маҳалда жуда сўлим ва салқин жой топиб олдик. Билимли Анвар Назирдан Кубатин ҳақида тингладик. Мен ишлаётганим “Мулкдор” сайти ва мухлислари учун ҳам уларга баъзи саволларни бердим. Биз камера рўпарасида турар эканмиз, бизни мароқ билан тамоша қилганлар топилди. Ким денг, ҳикоямизнинг бошида келтирганимиз “муҳтарам” зотлардан бири.  Бизнинг унга нисбатан ачинишдан бўлак туйғумиз йўқ. Лекин у бизга соввуққон, заиф, заҳарли кесатиққа ўхшаш қараб турарди.

“Муҳтарам”нинг тўрва-халтаси чиқиндиларга тўла?! Ичида “бомба”си йўқмикан? Ичимда юмор ва сатирикли фикр ўйғонади:

Бизнинг қўлимиздаги илмий китоб шунчалик кимларнингдир ортиқча безовталанишига сабабчи бўлди?!

Бу кимларнингдир ғайирлигимиди (интернетдаги эълонни ўқиб кузатгандир..?) ёки саводсизлигининг аломати эдими?!

Ёки, Андрей Кубатиндек етук туркшунос олимга нисбатан ёвузона қарши ҳаракатларнинг бир кўриниши эдими?!

Андрей Кубатинни ҳимоялаб чиққан, имзо тўплаган дунёнинг турли бурчагидаги, турли миллат вакилларидан бўлган бир қанча мутахасислари бор бўлган қирқ олимларнинг мурожаатига ҳам, ҳалигача расмий жавоб йўқлиги нимадан далолат эканлиги ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Буниси, Оллоҳга аён!!!

Муаллиф: Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Корея элчихонаси фуқаролиги бўлмаган этник корейсларга ўзбекистон фуқаролигини олишда ёрдамлашади

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси 1 апрелдан корейс миллатига мансуб фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштиришда ҳуқуқий ёрдам ...

Сирдарёда “қарздор” фуқаро миб ходимига белкурак билан жароҳат етказди

Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими ходимлари томонидан Сирдарё шаҳри, “Пахтакор” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Қ.нинг хонадонида истеъмол қилинган электр ...

“коттежларни президентга кўз-кўз қилишади, лекин халқ зимистонда яшамоқда”

Наманган вилоятидан келган видео 0:01:39 0:00:00/0:01:39 ▶  Бевосита линк  "Мен сизларга Наманган вилояти Косонсой тумани Навбаҳор МФЙ Булоқ коттежлар массивидан ёзмоқдаман. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400