ДАН ХОДИМИНИНГ ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН ЙЎЛИМИ?

Ҳамма нарса автомашинада йўлдан ўтишга талашишдан бошланди. Мазкур можаронинг нохуш ва аянчли тарзда интиҳо топишига ўзбошимчаликни одат тусига айлантирган ДАН ходимлари бевосита ва билвосита сабабчи, десак асло хато бўлмайди. Қашқадарё вилоти Китоб туман ички ишлар бўлими ДАН бўлими ходимларининг совуққонлиги, оддий муомала маданиятидан бехабарлиги, касбига содиқ эмаслиги, ҳайдовчиларга нисбатан шафқатсизлиги ва таъмагирлиги ҳамда бошқа сон-соноқсиз қусурлари туфайли бир неча одамлар жиддий азият чекишга мажбур бўлди, кутилмаганда шифохонага тушди, тинчлиги ва ҳаловатига путур етди, кўнгилларида ички ишлар ходимларига нисбатан нафрат вужудга келди.

Жабрланувчи, Китоб тумани Искана МФЙ, Искана қишлоғида яшовчи Камола Аҳмедованинг ҳасратларини, надоматларини, арз-додларини ўқиш жараёнида бунга ўзингиз ҳам яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз, деган ўйдамиз. 

— 2018 йил 1 июнь куни марҳум укамнинг туғилган куни эди. Укамнинг бу йилги туғилган куни муқаддас Рамазон ойига тўғри келганлиги боис, оила аъзоларимиз ифторлик йиғинини уюштиришга шайландик. Шу муносабат билан бозор-ўчар қилиш мақсадида ўзимизга тегишли Спарк автомашинасида дадам, онам ва укам Нурбеклар бозорга отландик. Йиғинга атаб уйда бир-икки майда-чуйда нарсалар харид қилиб қўйганим учун мен ҳам уларга қўшилиб йўлга чиқдим. Бироқ тумандаги марказий йўл тўсиб қўйилган экан. Тор кўчадан ўтиш йўлларида эса ДАН ходимлари фақат бир машина ўтадиган жойни очиб қўйиб, у ердан ўзларига тегишли машиналарни ҳамда таниш-билишларининг машиналарни ўтказиб, сунъий тирбандлик яратиб, давлат автомобиль йўлларини қонунга хилоф ҳолда ўзбошимчалик билан бошқариб, ҳайдовчию йўловчиларнинг фиғонини фалакка учираётганди. Уларнинг мана шундай хатти-ҳаракатларини ўз кўзим билан кўргач, ДАН ходимлари олдига бориб вазиятни айтиб тушунтиришга чоғландим. Аммо улар менинг гапларимни ҳатто эшитмасдан яна ўзбошимча давлат автомобиль йўлига хўжайинлик қилиш ишларини давом эттираверди. ДАНчилар билан муомала қила олмаслигимни билгандан кейин, уйда ифторликка тайёргарлик ишлари кўплигини инобатга олиб, мен орқамга қайтдим, – дея ҳикоя қилади Камола Аҳмедова.

– Рулни бошқараётган укамнинг айтишича,  у тирбандликдан бир амаллаб ўтган ва айтилган нарсаларни олиб қайтаётганда яна худди шундай тўсиққа уч келган. ДАН ходимлари фақат ўзларига тегишли тегишли машиналарни ҳамда таниш-блишларининг машиналарини ўтказиш билан шуғулланган. Укам уйда ифторлик йиғини борлигини айтиб ДАНчилардан илтимос қилган. Аммо очкўз ДАНчилар укамнинг илтижоларини инобатга олмаган. ДАНчиларнинг танишларига тегишли бўлган ўтаётган машиналар орқасидан укам ҳам ўтишга интилган. Шу пайтда ДАН ходими Бекжон Спарк машинамизни тепиб, эшигини пачоқлаган. Машинани қўлидаги палка билан уриб, бир неча жойларига шикаст етказган. Бу ҳам етмаганидек, укамни онадан сўкиб, ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилган. Машина ичида ногирон дадам ва онам ҳам бўлгани учун укам чидай олмай ДАН ходимидан сўкинмасликни талаб қилган. Машинани уриб пачақлашга ҳаққи йўқлигини, буни таъмирлаб беришини билдирган. Укамнинг бу гапларидан асаби чиққан ДАНчи Бекжон шу заҳоти Нурбекнинг бўғзига ёпишган ва уни бир чеккага қараб судрай бошлаган. ДАНчиларнинг бу ҳаракатидан хавотирга тушган дадам ва онам машинадан тушиб ёрдамга шошилган. Онам дод-фарёд қилган, укамни урмасликларини, яқинда миясида жарроҳлик амалиёти ўтказиланлигини билдириб аюҳаннос солган. Бироқ шунда бўлса-да улар ота-онамнинг ёлворишларига эътибор бермай укамни уришда давом этган. Бунинг натижасида Нурбекнинг шимлари йиртилиб, оёқ кийимлари кўчада қолган. Ажратишга уринган дадамнинг кўзойнаги эса синган.

Милиция Бекжон ота-онамни ҳам сўкиб ҳақорат қилишган. Жанжал билан андармон бўлиб юрган бир пайтда ДАН ходимлари очиқ қолган машинанинг ичида ифторлик учун олинган бир қатор нарсалар, пуллар ва майда-чуйда духиларни ўғирлаган, машинада қолган дадамнинг телефонини синдирган. Буни ота-онам билмаган. Бироқ бу ишлар ДАН ходимлари томонидан қилинганини унга гувоҳ бўлган бир неча кишилар тасдиқлаган. Аммо кейин синдирилган телефон ва тинтилган сумкаларни онам ўз телефонида расмга тушириб олган.

Ота-онам ифторликка кечикаётганини, ҳеч бўлмаса Нурбекнинг ўрнига бошқа ҳайдовчи топиб бериб ўзларини ва ифторлик учун олинган нарсаларни уйга етказиб қўйишларини сўраб икки соат ялинган. Бироқ бундан натижа чиқмаган. Ота-онам уйга кеч соат 19-00 да қандайдир Дамас машинасида келишди. Бизнинг машинамизни эса эвакуаторга юклаб олиб кетишибди. Укамни эса ички ишлар бўлимига олиб бориб қамаб қўйишибди. У ерда Аббос ва Бекжонлар бошчилигида укамни хоҳлаганча уриб-тепиб, ҳақорат қилишибди. Укам Бекжонга соғлиги ёмонлигини билдириб, ўзини урмасликни илтимос қилиб, кечирим сўрабди. Аммо бундан мағрурланган Ички ишлар бўлими муовини Аббос “агар орқангга битта қилдирсанг кечираман”, “бўйдоқ экансан, уйлансанг хотининг билан биринчи кечани ўтказиб беришимга рози бўлсанг сени урмайман, бу ердан қўйиб юбораман, акс ҳолда қаматиб ташлаймиз”, деб пўписа қилган. Укамни роса тепкилаган, масхара қилган.

Биз ифторликни чала ўтказиб кеч соат 22-00 ларда ички ишлар бўлимига бордик. Мен укамнинг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилдим. Касал одамни бир неча соат ушлаб ўтирмасдан қўйиб юборишларини сўрадим. Бунга жавобан Аббос менинг қўлимдан судраб ташқарига чиқаришга шайланди. Юзимга уриб, ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилди. Манжалақи, ж…, шаллақи, кимлардандир бола орттириб олиб менга шаллақилик қиласанми дея туҳмат-бўхтонлар ёғдирди. Ота-онам ва хожи она Салима аммамнинг кўз олдиларида қорнимдаги олти олик ҳомилам бўлишига қарамасдан ички ишлар идораси ҳовлисига қараб мени 10-15 метргача судради. Мен оғриққа бардош бера олмай йиқилдим ва ичимдан сув кетди. Аббос бунга ҳам парво қилмасдан яна судрашда давом этди. Мен қаттиқ бақириб йиғладим. Ота-онам менга ёрдам бермоқчи эди, отамни ҳам судраб уриб ташқарига чиқариб юборди. Шу пайт ходимлардан бири бошлиққа қараб судрашни тўхтатинг, сув кетибди, тез ёрдам чақириш керак деди. Аббос эса бунга жавобан сув кетмоқ тугул ўлиб кетмайдими, бу манжалақини камерага қамайсан, деди.

Тез ёрдам етиб келгунга қадар мен тупроқ ва сементда ҳолсиз ётдим. Уст-бошим сув бўлиб кетди. Тез ёрдамдагилар мени насилкага солган чоғда ҳам Аббос тепамга келиб: “бадтар бўл, бундан кўра ўлиб қолганинг яхши эди” деди. Мени туман туғруқ бўимига олиб боришди. У ерда менга шифокорлар ҳомиламни сақлаб қолиш мақсадида турли дори дармонлар беришди. Чунки туман ИИБдан уларга тинимсиз қўнғироқлар бўлаётганди. Аббоснинг туман бош шифокори Саидовга “имкон қадар боласини сақлаб қолинглар”, деб қўнғироқ қилганини шахсан ўзим ҳам эшитдим. Бундан ташқари менинг касаллик варақам тарихига ички ишлар бўлимидан олиб келдик деб ёзманглар, уйдан олиб келдик деб енгил тарзда ёзинглар деб тайинлади.

Мени ёнимда ётган аёлнинг ҳам жанжал туфайли ичидан сув кетгани учун унга ички ишлар ходимини чақиртиришди, менга эса чақирмади. Менга кўзларимнинг кўкарган жойи, оёқ-қўлларимнинг шилинган ерлари азоб берарди. Тўрт кундан кейин туғруқхонага ота-онам келиб, нега травматолог шифокор чақирмадинглар, нега ички ишлар бўлими ходимларини чақирмадинглар, деб тўпалон қилишди. Менинг касалик варақамни текширишди. У ерга беморни уйдан олиб келдик, травматолог кўригидан ўтди, деб ёзилган экан. Шу куни ота-онамнинг қистови билан травматолог шифокори чақиртирилди. Улар бизни шу кунгача ҳеч ким чақиртиргани йўқ, бу воқеани эндигина эшитиб турибмиз деб жавоб берди. У мени текшириб кўкарган, шилинган жойларимни ўлчаб, тегишли маслаҳатлар беришди. Ёзган хулосасини онамнинг телефонига ҳам тушириб беришди. Бордию эртага бизни жавобгар қилманг, бу ерда туман бош шифокорининг ҳам, туғруқхона бош шифокорининг ҳам ҳеч қандай айби йўқ дейишди. Биз ички ишлар ходимларининг ёнини олмамиз, ҳомиладор хотинга қўл кўтариб, шу ҳолатга туширган бўлса буни биз ҳам қоралаймиз деди. Сизлардан илтимос, сизларга бундай зулм етказган туман ички ишлар бўлимининг мутасадди ходимларини, шахсан Аббосни судга беринглар! Унинг устидан жиноий иш очилиши ва тегишли жазосини олишига эришинглар! дея маслаҳат берди.

Мен эса травматолог шифокорининг огоҳлантиришисиз ҳам Аббос ва Бекжонларни судга беришга қарор қилган эдим. Мен улар айтганидек шаллақи эмаслигимни, олий маълумотли ёш раҳбар аёл эканимни кўрсатиб, ҳақ-ҳуқуқларимни қонун асосида тўла талаб қиламан. Ўз интилишларим туфайли ўзимга яраша обрў-эътиборга эга бўлганман. Ёш бўлишимга қарамасдан кўпгина ёшлар ўртасида ўтказилган тадбирда қатор ютуқларга эришганман. Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган тадбирнинг туман ва вилоят босқичларида биринчи ўринни, республикада эса иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлганман. Шу тариқа, Республика ёшлар қурултойига бориб президент билан юзма-юз учрашиш, маърузасини эшитишга муссар бўлганман. Президентнинг ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва илиқ сўзларини, хотин-қизларни ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир фикрлари менда катта таассурот қолдирган. Бироқ Президентимиз ишонган одамларнинг бундай хатти-ҳаракатларини ҳазм қила олмайман. Аббос каби хоҳлаган ишини қилаётган зўравонларнинг, ўзидан Президент ясаб олган кимсаларнинг ички ишлар органларида ишлашига тиш-тирноғим билан қаршиман ва бу йўлда мардона курашаман. ИИБ ходимларининг ёш ҳомиладор аёлларни ҳимоя қилиш ўрнига уларни судраб калтаклашига, аёл кишига қараб қўл кўтаришига ақлим бовор қилмайди.. Улар сўз, виждон эркинликларини топтаса биз ёшлар дардимизни кимга айтамиз?! Президент ва республикадаги бошқа олий органларга чиқишга мажбур бўламиз. Чекка туманлардаги олий лавозимларни эгаллаб олиб, бутун касалхонаю ташкилотларда бошқарув тизимини қўлга киритган, ўзларининг ноқонунуий хатти-ҳаракатлари билан халқни норози қилиб зўравонлкни амалга ошираётганларнинг танобини ким тортиб қўяди?!

Ўзбекистонда конституцион ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш органлари қаттиқ иш олиб бормаяпти. Ички ишлар, суд, прокуратура ва орган ходимларига ҳаддан ташқари эркинликлар берилаётир. Бунинг натижасида қанчадан-қанча халқ азият чекяпди. Буни шу пайтганча миллион марта эшитган эдим, аммо бвосита ўзим гувоҳ бўлмагандим. Мана энди кўриб билганимдан кейин халқ беҳуда дод-фарёд қлмаслигига амин бўлдим.

Мен ёшлар иттифоқида етакчи бўлиб 3 йилдан бери ишламан. 700-800 нафар ўқувчиларга таълим бериб уларни етаклайман. Ўзимга яраша обрў-эътиборга эгаман. Лекин бугунга келиб хўрланишни хоҳламайман. Бошимда Юртбошим бор экан, мен Аббос, Бекжон каби инсон қиёфасидаги маҳлуқларнинг ички ишлар тизимида ишлашига йўл қўймайман. Уларнинг менга етказилган жабрзулмларини кечира олмайман. Менинг ва укамнинг азобини бечора ота-онам тортяпдилар. Ота-онамнинг ҳам хўрланишига йўл қўймайман. Буларга қарши чора кўрилмагунча тинчимайман. Ички ишлар, прокуратура, шифохона мутасаддилари қонун олдида жавоб берсин! Биз каби ёшларга имконит эшигини очилсин. Укам ҳам айни пайтда ДАН ходимларининг зулму зўравонликлари сабабли яна такроран республика шифохонасида оғир аҳволда даволаняпди. Менингит касаллигини қайта бошдан кечираяпди.

Шафқат қилмаганларга шафқат тиламаслигимни билдирган ҳолда Аббос Ва Бекжоннинг қилмишларига қарши курашаман!

Муаллиф: Умида Бердиалиева   

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда расман 800 минг киши 500 минг сўм ойликка ишлайди. уларнинг конвертда қанча олиши — номаълум

Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда биринчи тоифадаги 800 минга яқин ишчи 500 минг сўм атрофида минимал ойлик маош олади. ...

Паолага кўрсатилган мулозамат ўзбекларга қачон кўрсатилади?

24 ёшли атлет, мексикалик қиличбоз Паола Плиегога Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги тўғрисидаги хабарни ўқиб, рости хўрлигим келиб кетди.  Олдиндан айтиб қўяй, менда ...

2030 йилгача ўзбекистонда ўта қашшоқлик шакли бартараф этилади

2030 йилгача Ўзбекистонда ўта қашшоқлик шакли бартараф этилади. Вазирлар Маҳкамасининг "2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни ...