БАНКИРНИНГ ДАРДИНИ ҲАМ КИМДИР ЭШИТАДИМИ ЁХУД “ИШДАН ЧИҚАЁТГАН ЛОКОМОТИВ”

Банкирлар ҳақида халқ орасида турли яхши ва ёмон гаплар юради. Одамлар уларни “судхўрлар”, “фоизчилар”, “валютачилар” ва “пулни эгалари” деб ҳам аташади. Уларга нисбатан кимдир ҳавас билан кимдир эса ҳасад билан қарайди. Умуман олганда бугунги кунда халқ орасида банк ходими деганда ўзига тўқ, мустаҳкам молиявий шароитга эга бўлган касб эгалари тасаввур қилинади. Бироқ, Ўзбекистонда ишлаётган банк ходимлари аслида қандай кун кечириши ва дарду ҳасратлари ҳақида эса кўпчилик ҳаттоки ўйлаб ҳам кўрмайди. Зеро “Ҳар ерни қилма орзу ҳар ерда бор тош тарозу” дея бекорга айтилмаган. Мақолада банк ходимларининг фаолиятидаги турли мураккаб ва чорасиз вазиятлар ҳақида сўз юритамиз.

Ишдан кейинги иш

Аввало иш вақтининг амалда қандай эканлиги ҳақида тўхталсак. Меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича банкнинг иш куни ҳафтасига 5 кун 8 соатдан қилиб белгиланган. Асосан бу банкларда эрталаб соат 9:00 дан кечки 18:00 гача бўлган вақт оралиғида этиб белгиланган. Ҳақиқатда мана шу соатлар бўйича ҳар бир ишчи билан расман ҳисоб-китоб қилинади ва унгача бўлган ва ундан кейин бўлган ҳолатларда меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган иш ҳақи бериш тартиби эса деярли 99 % ҳолатда амалга оширилмайди. Яъни, аслида Меҳнат кодексининг 124-125 ва 157 моддаларига мувофиқ қўлланилиши керак бўлган талаблар ва белгиланган икки ҳисса иш ҳақи бериш тартиби бундай ҳолларда деярли унутилади. Касаба уюшмасининг ўрни ва ваколатлари эса афсуски бизнинг банкларда амалда у қадар юқори эмас. Кўп тижорат банкларида банк ходимлари эрталаб соат 9:00 дан то 21:00 гача ва ундан ҳам кўпроқ вақт давомида иш олиб боришларига тўғри келади. Бунда айрим ҳолларда Марказий банк хати билан банклараро тўловлар амалга оширилишининг вақти чўзилиши сабаб бўлса, бошқа ҳолларда кун якунлангандан кейин ҳам юқоридан келиши мумкин бўлган турли топшириқлар ва яқинда жорий этилган хорижий валютани тижорат банклари томонидан миллий валютага конвертация қилиб бериш бўйича ишлар сабаб бўлади. Ҳисобот топшириладиган муддатлар (ой охири, квартал охири ва йил якуни) яқинлашгани сари иш вақти чўзилиши анъанага айланиб улгурган. Бунда кўп ҳолларда ҳаттоки тонгги 5 ёки 6 гача ҳам тўловлар амалга оширилиши кутилиши натижасида кўплаб масъул банк ходимлари дам олмасдан ишлашади. (Қисқаси айрим банк ходимларини егани совуган овқат, кўргани уйқусираган оила аъзолари) Кўриб турганингиздек иш вақти меъёри бузилиши бўйича етарлича ҳолатлар доимий равишда содир бўлади. Сўнгги вақтларда Марказий банк томонидан банклараро тўловларни амалга ошириш вақти илгаригидек чўзилмаётгани ижобий ҳолат, фақат яна эскича ҳолатга қайтмасак деган ҳадик ҳар бир ходимда бор.

Совуган тушлик

Юқоридаги ҳолатлар камлик қилганидай бир вақтлар тушлик вақтини расман соат 14:00 дан 15:00 гача қилиб белгилангани эса бу ҳақиқий соғликка етказиладиган тиклаб бўлмайдиган зарар бўлган эди. Тасаввур қилинг айрим банкларда ҳаттоки эрталаб соат 8:00 дан ишда бўлишади ва токи тушлик пайти келмагунича тушликка чиқишга расман ҳақли эмасдилар. Биламизки, Ўзбекистонда кўп инсонлар эрталаб нонушта қилмасдан бира тўла тушлик қилишади, айримлари енгилгина нонушта қилишади. Айтиш мумкинки, кўпчилик банк ходимлари бунинг натижасида ошқозон ичак касалликларига дуч келишган. 2018 йил 1 февралдан бошлаб тушлик вақтини яна соат 13:00 га кўчирилиши эса барча банкирларни бирдай хурсанд қилди ва илгаригидек совуган ёки бошқалардан қолган овқатлар билан тушлик қилиш сингари ҳолатларни олдини олди.

Банк ходимими ёки универсал солдат

Кўплаб давлат улуши юқори бўлган банклардаги иш юритиш тизимига эътибор қаратилса, деярли ҳар бир банкда ҳудудларда фаолият олиб борувчи филиал ходимларининг жуда мураккаб ҳолларга тушиб қолишларини гувоҳи бўламиз. Маҳаллий ҳокимият бир томондан топшириқ берса, иккинчи томондан солиқ, учинчи томондан прокуратура, тўртинчи томондан ҳукумат топшириқлари. Уларни қилиш учун сарфланадиган умумий вақтни ҳисобласангиз банкдаги асосий вазифасини бажариш учун сарфланадиган вақтдан бир неча баробар ошиб кетади. Бир қарасанг далада фермер учун пахта ё ғаллага қараган, бир қарасанг маҳаллани ободонлаштиришга жалб қилинган, бир қарасанг ҳеч қачон тугамайдиган ҳокимият мажлисларида (кунига бир нечталаб, ҳатто тунги 12 дан кейин ҳам), яна бир қарасанг солиқ нақд пул тушуми назоратида, яхшилаб қарасанг коммунал тўловлар учун пул йиғиб юрганини кўрасан киши.

Ҳаттоки ТСЖЧ бўйича жалб қилинган ходим хизмат давомида бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмган ҳолатлар ҳам бўлган.

Тан олиш керак битта филиалда 30 киши ишласа, шундан камида 10 таси банкнинг асосий вазифасига кирмайдиган топшириқлар билан бошқа жойларда хизмат қилаётган бўлади. Энг қизиғи айрим ҳолларда ушбу қўшимча жалб қилинаётган ишларда банк ходимининг ўз ёнидан бир қанча харажатларни амалга оширишига тўғри келади, лекин буни ҳеч ким компенсация қилмайди. Аксига олиб ой охирида муаммоли кредитлар ёки мижозлардан ўз вақтида ундирилмаган тўловлар бўйича бириктирилган тушумлар келмаса мажбурликдан ўз ойлигидан тўловларни амалга оширишга тўғри келади. Чунки шундай қилмаса филиал даромади камаяди ва натижада эртага ойлиги янада камаяди. Тўлаб юборилган маблағни мижозлардан ялиниб ёлвориб сўраб юради кейин.

Ихтиёрий мажбурий шаклдаги топшириқларнинг ҳаддан зиёд бўлгани сабаб, банкларда ҳозирги кунда банкнинг ўз ишидан кўра муомала ва ҳушомадни яхши қила оладиган ходимлар кўпроқ суюлади ва каръерасида ҳам ўсиш бўлади. Эътироз билдирган, ўз ҳуқуқлари ҳақида сўз очадиган ходимлар бундай вазиятларда ҳушланмайди ва гарчи у банкнинг энг яхши ишлайдиган ходими бўлса ҳам охир оқибат бу ишни тарк этади. Чунки уни эшитадиган одам йўқ, касаба уюшмаси деган ташкилот бундай пайтлар қулоғи кар кўзи кўр бўлади.

Банк мижоз учунми ёки солиқ учунми?

Банклар фаолиятида мижозлардан қабул қилинадиган ҳар қандай солиқ учун тўловлардан хизмат ҳақи олинмайди. Ўрни келганда мижозларнинг ўз солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйган хатолари учун ҳам банк ходими жавобгарликка тортилади. Банкирлар орасида машҳур бўлган 2342 ва 2320 сонли низомлар бугунгача қанчадан қанча банк бухгалтерларини бошига етган. 2342 сонли низомнинг мазмунига қаралса асосан мижознинг ҳисобрақамида етарли маблағ бўлмаганда ёки солиқдан қарзи мавжуд ҳолларда чиқариладиган пулларни назорат қилишни банкнинг бўйнига юклаб қўйиш. Тўловларни чиқариш навбати мижознинг хоҳишига кўра эмас, низомдаги талабларга кўра амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда мижознинг ташвиши банкнинг ҳам ташвишига айланиши содир бўлади. Энг қизиғи, гарчи мижознинг ўз топшириғи билан ўз ҳисобрақамидан қандайдир тўловлар амалга ошириладиган бўлса, банк шунга йўқ қўйгани учун жавобгар бўлади ва жаримага тортилади. Шундай вақтлар бўлганки, қайсидир мижознинг бир неча йил олдин 2342 низом талабини бузган ҳолда тўлаган маблағи учун банк бир неча йиллик пеняни тўлашга мажбур бўлган. Ҳисоблаб чиқилса бу пеня миқдори жарима қўлланилган суммадан 100 карра кўп бўлган. Бу ҳам ўз навбатида пенянинг максимал даражаси чекланмаганлиги оқибатида келиб чиққан камчилик. Лекин банкнинг бағри кенг деб жаримани паққиллатиб қўяверади судлар ҳам.

2320 сонли низомда “Юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш бўйича тўлов ҳужжатлари, тегишли ваколатли органларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси банкнинг айби билан бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банк ҳар бир кечиктирилган кун учун ўтказилмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг 0,5 фоизи миқдорида республика бюджетига пеня тўлайди.” дея қайд этилган. Максимал чегара йўқ, 1 йилдан кейин аниқланса 365 кунга 182,5 фоиз пеня ҳисобланади (1 млн аниқланган бўлса, 182 млн 500 минг сўм жарима дегани бу).

Шунингдек, “Давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мақсадида тақдим этилган тўлов ҳужжатларининг тўғри тўлдирилганлиги ва тўлов тўғри амалга оширилаётганлиги банк томонидан текширилгандан кейин тўловга қабул қилиниши лозим. Банкларга тақдим этилган тўлов ҳужжатлари нотўғри тўлдирилган бўлса, уларнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда тўлов ҳужжатлари тақдим этувчиларга қайтарилади.” дея қайд этилган ушбу низомда. Давлат бюджетига тўловнинг бориб тушишини таъминлашку тўғри, лекин унинг тўғри ҳисобланганлигию аслида қанча миқдорда бўлишини текшириш бу банкирни вазифаси эмас. Буни ўша ташкилотнинг бухгалтери қилиши керак. Энг ёмони айнан шу сингари камчиликлар учун ҳам йиллар давомида банклар жавобгар бўлиб, яна миллионлаб жарима тўлашган. Ахир ҳар бир мижознинг ҳисоблаб чиққан солиқларию мажбурий тўловларини тўғри ҳисоблаганми йўқми буни текшириш айрим ҳолларда жисмонан имконсиз нарсаку. Банкир ўзини ишини қилсинми, ўзини ишидан ҳам муҳим деб топширилган бошқа ташкилотлар берган топшириқни қилсинми ёки мижозни бухгалтери тўғри ҳисоблаган ё йўқлигиниям текшириб ўтирсинми?

Юқоридаги сингари солиқ тўловлари билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп аслида, ой охирларида солиқ ва бюджетнинг тегишли режалари амалга ошмаётгани учун аванс тариқасида олдиндан солиқ тўловларини амалга оширтириш, турли схемалар орқали мижозлар ўртасида тўловларни амалга ошириш ва ҳ.к.

Қисқаси, буларнинг барчаси носоғлом иқтисодиёт юритилаётган жойдаги салбий ҳолатларнинг банкнинг гарданига ҳам тушаётгани аслида. Бундай ҳолларда банк мижоз учун эмас солиқ учун, давлат бюджети учун ишлайди.

Банк тижорат ташкилотими ёки давлат ташкилотими?

Биламизки, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга кўра банклар тижорат ташкилоти ва мулкчиликнинг ҳар қандай шакли асосида акциядорлик жамияти тарзида ташкил этилади. Лекин, Ўзбекистондаги 28 та банкнинг 11 тасида давлат улуши юқори ва айнан шу 11 тасининг барча ҳудудларда филиаллари мавжуд. Айтиш мумкинки, шу 11 таси тижорат ташкилотидан кўра кўпроқ давлат ташкилоти вазифаларини амалга оширади. Давлат ташкилотларида харажатлар бюджетдан қопланади ва харажатлар смета бўйича ишланади. Бироқ, банкларда харажатлар ўз маблағлари ҳисобидан қопланади ва ўзлари белгилаган бизнес режасидаги харажатдан ташқари кўплаб бошқа давлат ташкилотларига хос ёки бириктирилган харажатлар юкланади ҳамда унинг манбаси ҳам банкларнинг ўз маблағи ҳисобидан қопланади. Шундай ҳолатлар борки, банкларга бюджет ташкилотларига қўйиладиган талаблар қўйилган, лекин бюджет ташкилотларига бериладиган ваколатлар берилмаган.

Бир сўз билан айтганда, жамиятда ҳали ҳануз ўша Собиқ совет иттифоқидан қолган қарашлар сақланганки банкларга давлат ташкилоти сифатида қаралади ва ўрни келганда давлат ташкилоти вазифалари талаб қилинади.

Банк бошқарувчиси ёки бош бухгалтер бўладиган мард борми?

Сўнгги йилларда шундай бир ҳолат юзага келдики, банк ходимларидан ҳеч бири ўз хоҳишига кўра бош бухгалтер ёки банк филиали бошқарувчиси бўлишни хоҳламай қолди. Буни сабаблари жуда кўп аслида. Шулардан бири Марказий банкнинг ҳар бир филиал бошқарувчиси ва бош бухгалтерини ўзи имтихон қилиб тасдиқлаши бўлган. Ҳайрият ҳозирда ушбу ваколат ҳар бир банкнинг ўзига ишониб топширилди, сал бўлсаям коррупция камайди. Бошқа сабаби бу уларнинг масъулияти ва жавобарлиги. Чунки филиалда нимани ким содир қилишидан қатъий назар энг аввало жавобгар мана шу икки шахс бўлиб қолди. Қанчадан қанча яхши кадрлар емаган сомсаларига пул тўлаб жувормак бўлиб кетган ҳоллар мавжуд. Ишдан шунчаки бўшаб кетса ҳам майли эди, йўқ улар тўғри жазони ўташ учун бир неча йилга қамоққа жўнатилган. Шундай ҳолларни кузатган қайси ходим ўз хоҳиши билан шундай лавозимларга ўтиргиси келарди?

Шундай вақтлар бўлганки, Марказий банкда бош бухгалтерлик ва банк бошқарувчилиги ваканциялари 100 тадан ошиб кетган. Албатта, бўрини еса ҳам емаса ҳам оғзи қон бўлгандан кейин, бундай лавозимлар бўш қолаверган.

Банк қанчалик мустақил фаолият юритади?

Гарчи қонунда Ўзбекистон Республикасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдирлар.” деб белгиланганига қарамасдан тан олиш керак банкларнинг мустақиллиги жуда чекланган. Марказий банк томонидан бериладиган сон саноқсиз топшириқлар, норматив ҳужжатлардаги талаблар ва ҳукумат томонидан қайд этиладиган талабларни жамлаганда банклар фақат чизиб берилган чизиқдан юришга мажбур бир субъект сифатида фаолият юритади. Ҳаттоки банк ўз хизматлари учун ҳақ олиш миқдорини ўзи белгилай олмаябди. Тўловларни амалга оширишда комиссион ҳақ миқдори Марказий банкнинг ихтиёрий мажбурий тавсиясига кўра чегараланган (0.5%). Кредитлар учун белгиланадиган максимал фоиз ставкаси мажбурий ихтиёрий белгилатилган (20%). Тарифларни белгилашда ҳам доимий аралашувлар бўлиб келган. Шундан кейин банк қандай қилиб ўз фаолиятида мустақил дейиш мумкин. Ўлганни устига тепган қилиб, қайта молиялаш ставкаси 14% қилингани ва жалб қилиниши мумкин бўлган ресурсларнинг фоизи юқори бўлиши жуда ачинарли ҳолат ҳисобланади.

Банк даромади халқ даромади

Биламизки банклар Ўзбекистонда энг кўп солиқ турлари ва тўловларини тўловчи ташкилотлар ҳисобланади. Улар ҳар доим бюджет олдидаги солиқ мажбуриятларини керагидан ортиқ қилиб бажариб келишган. Буни ҳар бир банк йил якунидаги балансининг олдиндан тўланган солиқлар деб номланган пунктидан билиб олишингиз мумкин. Банклар даромади солиқлардан ташқари иш ҳақига, коммунал тўловларга, қўриқлаш хизматига, инкассация хизматига, бошқа харажатларга ва охир оқибат акциядорларга дивиденд тариқасида бўлиб берилади. Ушбу харажатлардан кўриш мумкинки, солиқлар орқали бюджетдан, инкассация орқали инкассаторларга, иш ҳақи орқали ишчиларга, дивиденд орқали акциядорларга даромад бўлиб берилади. Даромадларнинг шаклланиш манбайи бўлмиш кредитлар учун фоизларнинг чегараланиши ва имтиёзли (банк учун зарарли) кредитлар кўпайиши, тарифларнинг пасайтирилиши банклар даромадини камайтиради ва натижада уларга боғлиқ халқ даромади ҳам камаяди. Сўнгги вақтлардаги хорижий валюта курсининг пасайиши ҳам кўплаб банклар даромадини кескин камайтириб юбормоқда.

Банклар ўртасида рақобат борми ўзи?

Тўғрисини айтиш керак банкларимиз ўртасида рақобат йўқ. Йирик корпоратив мижозлар (банклар учун асосий барқарор даромад манбалари) йирик давлат банклари ўртасида бўлинган, мижозлар хоҳлашса ҳам бошқа банкка ўта олмайди. Чакана хизматлар бозорида эса асосан хусусий банклар имкон қадар рақобат қилишга уринишмоқда, бироқ улар учун ҳам тарифлардаги чекловлар эркинликни бўғган. Рақобат муҳитининг ўзи яхшимаслиги сабаб ҳам рақобат йўқ. Ҳамма томон монополия бўлгандан кейин рақобатни “р” ҳарфиям бўлмайдида. Рақобат бўлмагандан кейин янгиликка интилиш, инновациялар ҳам яралавермайди. Яралса ҳам юқори турувчи ташкилотларнинг розилигини олгунча актуаллиги йўқолиб кетади.

Банкдаги коррупция

Банклардаги коррупция ҳолатлари ҳам тез-тез кузатилади. Бунинг сабабларини ўрганадиган одманинг ўзи эса топилмайди. Қарс икки қўлдан чиқади, ҳудудлардаги банкларда ўз маблағлари танқис бўлади. Кредит бериш учун эса доимо ресурс керак, ресурсни Республикадан олиш мумкин, натижада қийинчилик билан эришилган ресурс кредит сифатида мижозга етгунга қадар қиймат ҳосил қилади ва талаб кўплиги боис таклиф ҳам пайдо бўлади. Банкдаги ишчиларнинг ойлиги зўр деб кўпчилик даъво қилади, лекин ҳудудларда фаолият юритаётган банк ходимларининг ойликлари деярли ўзларига тегмайди ва у қадар юқори эмас. Бор ойлигини кредит сўндириш, қўшимча топшириқ, хизматларга ишлатгандан кейин, эрталабдан кечгача ишлаб уйига бир сўм олиб бора олмагандан кейин нима бўлади. Кимдир бошқа ишга ўтиб кетади, кимдир эса ноилож коррупция ботқоғига ботади. Натижада юзага келган умумий адолатсизлик оқибатида банк ходими ҳам жавобгар бўлади.

Мен барча банк ходимлари ҳам шундай қийин шароитда ишлайди ва ҳамма жойда инсофли банк ходимлари ишлайди демоқчи эмасман. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Лекин мен қайд этган муаммолар кўпчилик банк ходимларини қийнаши аниқ. Аслида мавжуд муаммолар шунақанги кўпки, ҳаммасини ёзай десам достон бўлади.

Ушбу муаммоларнинг айримлари ўйлашимча банкка ўхшаб бошқа айрим ташкилотларда ҳам мавжуд бўлса керак. Лекин, нима бўлганда ҳам бу муаммоларни ҳал қилиш учун ҳозирдан курашиш керак. Одамларни рози қилиш учун аввало адолатли ёндашув керак. Агар ҳозирдан мана шу муаммоларни ҳал қилиш йўллари ўйланмасдан пайсалга солинаверса, банкларда тўловлар билан боғлиқ муаммолар ҳам пайдо бўла бошлайди, локомотив ишдан чиқади. Кейин яна устав капиталларига маблағ киритиш орқали давлат маблағлари камайишига тўғри келади.

Қанийди Ўзбекистонда ҳар ким ўз функционал вазифасини сидқидилдан бажарса эди, шунда бунақа муаммолар балким умуман юзага келмаган бўларди.

Манба: MoliyachiUZ  телеграм канали

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Харажатларингизни назорат қила оласизми? мана энг оддий ва безарар усули

Бюджетни режалаштириш — молиявий муваффақият гарови, бироқ бу зерикарли ва узоқ вақт талаб қиладиган иш, боз устига, бу бизга пулларимиз тугаб бораётганини ёдга солиб туради. ...

Toyota жаҳон бўйлаб 6,4 миллион автомобилни чақириб олади

    Япониянинг Toyota автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси жаҳон бўйлаб 6,39 миллион дона автомобилни савдодан қайтариб олади, дея хабар бермоқда Agence ...

Ўзаро савдода қозоғистон барча евроосиё иқтисодий иттифоқ мамлакатларига ютқазди

Иттифоқ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 3% га камайди Евросиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро савдода Қозоғистон энг юқори салбий сальдо кўрсаткичига эга ...