Русийзабон миллатдошларим мени «миллатчи» деб ҳақоратлашларига рози эмасман

Қўйган сарлавҳаси учун (Арипов: «Сделав ставку на английский язык, мы совсем забыли про русский») мен «Репост.уз»ни ёмонлагим йўқ — рус тилида фаолият кўрсатадиган аксарият фейк-ньюс организейшнларга хос сарлавҳа. Бош вазир айнан шундай демаганини ҳисобга олсак, албатта, унчалик ҳам яхши эмас. Лекин қўпол хато дейишга ҳам тил бормайди: бош вазир сўнгги йилларда инглиз тилига эътибор кучайтирилгани ҳолда бошқа тиллар, жумладан, француз, немис тилига эътибор сусайганини айтган. Сўнг вилоятларда рус тили ўқитувчилари етишмаслигини ҳам муаммо сифатида келтирган. Кўриб турибсиз, Абдулла Арипов айнан: «Инглиз тилига эътибор қаратиб, рус тилини вапше унутвордик», демаган. У Беҳбудий бобомиз айтган: «Бизга икки эмас, тўрт тил керак!», деган гапни бошқачароқ йўсинда такрорламоқчи бўлган, холос.

Умуман олганда, Абдулла Арипов ҳақида шундай афсоналар юради — ҳар қандай таклиф, ҳар қандай ҳужжатни фақат ўзбек тилида олиб киришларини талаб қиларкан, қарорлар, уларнинг лойиҳаларини ҳам ўзбек тилида бўлмаса, қайтараркан. «Афсона эмас, рост!», деворгинг келади-ю, лекин ўзинг устида турмаганинг, боз устига, «Лекс.уз»да яқин-яқингача ҳам ҳукумат раҳбарининг имзоси билан ўзбекча муқобили йўқ ҳужжатлар чиқиб турганини эсласанг, «Афсона — озгина ҳақиқати бор гап» деган гап эсга келади. Яна бир нарсани айтмасам бўлмайди — Арипов раислигидаги селекторга бир марта кирганман. Икки соатдан кўпроқ давом этган йиғилишда бирор марта русча гапирмаганди, эсласам.

Хуллас, гап бунда эмас. Гап шундаки, Блогерлар чемпионатидан кейин кимлиги кўриниб қолган, ўзини ростдан ҳам бошқа оламда деб ҳисоблайдиган, рус тилида амалда иккинчи давлат тили санайдиган, ўзи учун ўзбекча гапирувчилардан алоҳида бир шароит бўлиши керак деб ўйлайдиган русийзабон, ҳа, айнан русийзабон оломон бугун мени «миллатчи» деб ҳақорат қиляпти. Мени миллатчи деб ҳақорат қилаётганида, бахтимга қарши, бош вазирнинг «Репост.уз» томонидан бошқачароқ талқин қилинган сўзларидан фойдаланмоқда. Бу менга алам қилади. Менинг устимдан «Қалайсанлар энди, миллатчилар» деб кулаётган оломон вакилларининг аксариятининг исмлари Зебо, Ёқуб, Азим, Ҳикмат, Комила, Камола экани икки карра кўпроқ аламимни келтиради.

Ўзбекистонда қорақалпоқлар русийзабонлардан кўпроқ бўлса керак. Тожиклар ҳам, менимча. Лекин Блогерлар чемпионатидан кейин бирорта қорақалпоқ ёки тожик қардошим: «Аааа, дискриминация! Нега ўзбек тилида ўтказилади-ю, қорақалпоқ/тожик тилида ўтказилмайди?», деб туфугини сачратиб бақиргани йўқ. Чемпионатда қатнашган 400 блогер орасида, катта эҳтимол билан, ҳар куни қорақалпоқ ё тожик тилида гаплашадиган ватандошлар ҳам бор. Индамай, ўзбек тилида ёзишди, қатнашишди, Лилия-ю Русбекларнинг ичига олов ёққан 15 миллион учун курашди. Нега тожик, қорақалпоқ, туркман, қозоқ, қирғиз ва бошқа миллат вакиллари ўзбек тилида оғринмай гапиради-ю, ўзимизнинг Тоҳир, Азим, Зеболаримиз «ўзбекча гапир» десанг устимиздан «миллатчи!» деб кулади? Яна қаерда шундай экан, қизиқ…

Индамасанг бошингга чиқади, дегани шу. 25 йил ҳеч ким индамади. Мен ҳам индамадим. Гапириш керак эди. «Давлат тили ҳақида»ги қонун таҳрир қилинсин, талаблари қатъийлаштирилсин, ҳар ким истаган тилида гапирсину лекин ўзбек тилини ўрганиш мажбурий бўлсин, деб чиқиш керак эди. Йўқ, биз индамадик. Бутун бухгалтерияларимизни Острогорская, Голишеваларга топшириб, ҳамма хат-ҳужжат рус тилида бўлишига ҳам рози бўлдик. Миллионлаб ўзбекзабонлар тўлаган солиқлардан мавжуд давлат аппарати ўз қонун-қоидаларини рус тилида чиқарса ҳам, «ҳа, энди бир бўлади-да, ўзбекча ҳам чиқариб қолар», деб қўл силтаб юравердик. Давлат тили ўзбек тили бўлган мамлакатда баъзи жойларда русча гапира олмаслигимиздан уялиб юрдик. Биз ўзимизда бор нарсани қадрлашни, юзага олиб чиқишни, сақлаб қолишни билмаймиз. Мана оқибат — русбеклар бошимизга чиқади, «миллатчи» деб устимиздан кулади. «Ўзингдан чиққан бало» деб шуни айтади, бошқа нарсани эмас.

Русбеклар мени «миллатчи» деб аташи уларнинг зарари, менинг фойдам — улар рус тилини иккинчи давлат тили деб эълон қилдириш учун петиция ёзмоқчи эди, мен «Давлат тили ҳақида»ги қонунни ишлайдиган қонунга айлантириш, ҳар бир ўзбекистонлик ўзбек тилини билишини мажбурий қиладиган қонунга айлантириш учун петиция очаман. Ким бўлса ҳам шундай петиция очиши керак! Латвиядаги каби ҳар қандай руспараст ё она тилини унутган довдирни эсини киритиб қўядиган Давлат тили марказига ўхшаш муассасани ишга тушириш, давлат тилининг тўла амалда бўлишини қатъий назорат қилиш вақти ҳам келди, менимча. Йўқса мен ўз миллатдошимга: «Ўзбекча гапирақол энди» деганим учун у томондан «Миллатчи!» деб ҳақоратланишда давом этавераман. Йўқ, мен бунга рози эмасман.

Айтиб қўяй — русларга ҳам, рус тилига ҳам хусуматим йўқ: агар журналистика, блогерликда нимадир билсам, деярли барини рус тили орқали ўзлаштирганман, рус журналистлари ва блогерларидан ўрганганман. Бош вазирнинг фикрига қўшиламан — нафақат қишлоқ жойларда, ҳаммаёқда рус тили ўқитувчиларини кўпайтириш керак. Инглиз тили ўқитувчилари қанча бўлса, рус тили ўқитувчилари ҳам шунча бўлсин. Қўшимчасига болаларимиз бирорта Шарқ тилини ҳам — хитойчами, корейсчами, арабчами — ўргансин. Қанча кўп тилса, шунча яхши. Жадид боболаримиз айтганидек, бизга икки эмас, тўрт тил керак. Лекин бу она тилини унутиш, давлат тилини менсимаслик ҳисобига бўлмаслиги керак.

Манба: Муҳрим блоги

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фарғонада туғилган шавкатжон, зироатхон ва саидахоннинг отасига президент номидан cobalt совға қилинди

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида туғилган Шавкатжон, Зироатхон ва Саидахоннинг отасига Ўзбекистон Президенти номидан Cobalt машинаси совға қилинди. Бу ҳақда «Дарё» нашри ...

Газ таъминоти нореал қарз ёзади, миб ундиради, ўртада истеъмолчи сарсон

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро З. Ботирова Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч ...

Бердах сапаровнинг facebook ва telegram’да расмий канали иш бошлади

Қўнғирот тумани ҳокими Бердах Сапаровнинг Facebook да расмий саҳифаси ва Telegramда канали иш фаолиятини бошлади. Бу ҳақда makan.uz’га Қўнғирот тумани ҳокимиятидан хабар ...