Эрдўғон президент ва парламент сайловларида ғалаба қозонганини айтди (видео)

Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон баёнот бериб, дастлабки маълумотларга қараганда, президентлик сайловининг биринчи босқичидаёқ ғалаба қозонганини маълум қилди.

У, шунингдек ўзи раҳбарлик қиладиган Адолат ва Тараққиёт партияси бошчилигидаги альянс парламент кўпчилигини қўлга киритганини эълон қилди.

«Миллат менга президент ва ижро ҳокимияти учун маъсулиятни ишонди», – деди 64 ёшли Эрдўғон 24 июнь куни Истанбулда телевидение орқали қилган чиқишида.

Бюллетенларнинг 96 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг Туркиянинг амалдаги раҳбари 52,67 овоз олгани маълум бўлди, дея хабар берди Туркиядаги давлатга қарашли ОАВ.

Эрдўғондан кейинги ўринда, унинг асосий рақиби муҳолифатдаги Республика халқ партияси номзоди Муҳаррем Инже 30,75 фоиз овоз билан бормоқда. Қолган номзодлар ҳозирча 10 фоиздан кам овоз тўплади.

Бироқ мухолифат партиялари Эрдўғоннинг баёнотини шошма-шошарлик деб аташмоқда ва сайловларда Эрдғўон номзодини қўллаб-қувватлаш учун бюллетенлар қутиларга оммавий тарзда ташланган бўлиши эҳтмимолидан ташвишга тушмоқда.

Парламент сайловларида бюллетенлар 88 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин маълум қилинишича ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партияси билан Миллий ҳаракатлар партияси иштирокида тузилган «Халқ альянс»и 43 фоиз овоз олган ҳолда олдинда бормоқда.

Эрдўғон ҳокимиятни 15 йилдан ортиқ вақтдан бери – аввалига бош вазир, 2014 йилдан бери эса президент сифатида бошқариб келмоқда.

Сайловлар куни турк полицияси «ижтимоий тармоқлар орқали Эрдўғонни ҳақорат қилгани учун» олти кишини, шунингдек бюллетенларни ташламоқчи бўлган бир неча кишини ушлади.

2017 йил мамлакатда Конституцияга ўзгартиш киритлганидан сўнг илк бор сайловлар бўлиб ўтди. Конституцияга киритилган ўзгартишлардан сўнг Туркия парламент бошқарувидан президент бошқарувидаги республикага айланди.

Аудиолар