Фиқра ҳам ҳажвия. “ПОРА БЕРМАЙ МАЗЗА ҚИЛДИМ…”

Туппа-тузук одам деб юрардим уни. Бир куни қарасам, оғзи қулоғида. “Ҳа, бой! Нима бўлди?! Лаб-лунжингизни йиғиштириб ололмаяпсиз?!”. “Пора бермай мазза қилдим. Бу —учинчиси!”. Шу гапиданоқ қоним қайнаб, пешонамга чиқиб кетди. Лекин чидадим, ўзи нима гаплигини билиб олай дедим.

— Кенжамни боғчага бермоқчи эдим. Вой-вуй, мудираларнинг димоғ-фироғи баланд. Худди қарзини талаб қилаётгандек “200 дўллар бўлади”, дейди кўзини лўқ қилиб. Қизариш ҳам эсидан чиқиб кетган. Майлига деб, тишимнинг ковагида йиққанларимни олиб борсам, “Майда экан”, дейди. Лўнда-лўнда олишга ўрганиб қолган-да. Ачувим чиқиб, катта жойларда ишлайдиган танишларни ишга солдим. Битта сим қоқди. Куйиблар кетди-ку боғча мудираси…

Ўша мараз ҳамсуҳбатимнинг гапларини тишимни тишимга қўйиб эшитиб ўтирибман. Мана шунақа ўйинбузиқилар кўпайиб кетаяпти орамизда. Шу кетишда боғча мудираларимиз “Ласетти” тугул, “Матиз” ҳам минолмай қолади. Ҳали ўзимни босиб улгурмасимдан иккинчи ҳикоясини бошлаб юборди, палид!

— Банкдан кредит олмоқчи эдим. Ҳозир банклар ҳам мажимтўпнинг қозонидай бўлиб қолибди. Карнай-сурнай, ноғора-барабан — бадабанг тўй қилиб, тумонат одам чақиришади-да, қозоннинг бошида ўз-ўзлари қорин тўқлаб, меҳмонларга қиё ҳам боқмайдилар. Масалан, кам таъминланган оилаларга чорва олиш учун қонун бўйича нақд пулда кредит бериш керак. Шу пайтгача банкир, прокурор, суд, мелиса отлиқ камбағаллардан ортмаётган экан лимит. Тарихда биринчи мен бўлибман қора халқ номидан бу бахтга эришган. Эришмасдан қўяманми, қўлимиз калта бўлса ҳам, оёғимиз узун. Банкнинг остонасида ётволдим-ку! Қанақа ҳужжат керак деса, югуриб бориб олиб келаман. Ахийри кредит беришди. Лекин банк тарихига қора ҳарфлар билан битиб қўйишди: “Бугун биринчи марта кредитни ўз эгаси олди”, деб…

Учинчи марта мазза қилганини ҳақида эшитишга сабрим етмади.

— Сен ҳаромхўр, бировнинг ҳақини ейдиган экансан! — деб ўшқирдим. — Банкирнинг биринчи, иккинчи, учинчи… хотинидан бўлган болаларининг ризқини қирқибсан…

Таққа тўхтади, бақрайиб қолди. Сўнг ҳужумга ўтди:

— Менинг ҳаққим бу кредит. Кам таъминланганман, беш болам бор: ҳали тўнғичим ҳам Россияга борадиган бўлгани йўқ.

— Сенинг беш боланг бўлса, битта хотининг бор. Шуниям эплолмайсан. Банкир бечоранинг нечта хотинидан нечта боласи бор… Ҳаммасини боқиши керак. Яна, прокурор-мрокурорларга ҳам узатиб туриши керак. У бечорага осилмасдан, ўз кунингни ўзинг кўрсанг бўлмайдими?!

Айбини топдим, деб ўйладими, шартта гапимни кесди:

— Пора ҳаром-ку!

— Козёл-козёллар бир эмас, бир неча оилаларини боқадиган пулни ҳамром дейишга уялмайсанми? Милион-миллион одамнинг луқмасини ҳаромга чиқариб ўтирибсан, фатво беришга ҳуқуқинг борми…

Масалани мана шундай кўндаланг қўйдим, оғиз очирмадим.

Боплабманми?

Абу Фиғон ЖИЗЗАКИЙ

Эскартиш: охиридан учинчи хатбошидаги “козёл-козёллар” сўзи “казо-казолар” деб ўқилсин. Хато кетибди.

Манба: Фаррух Жабборовнинг “Фейсбук” саҳифаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Екатеринбургда тўрт нафар сурхондарёлик мигрант ёниб кетди

Ўзбекистон ТИВ қурилиш жойида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини эълон қилди. Барча вафот этганлар Сурхондарё вилоятидан бўлишган. ...

Истамбулдаги фоҳишахоналардан 35 нафар ўзбекистон ва қирғизистон фуқаролари топилди

Туркияда Истанбул шаҳрида кўплаб ўзбекистонлик аёллар фоҳишаликдан озод этилди. Бу ҳақда турк нашрларига таяниб “Қалампир” сайти ёзмоқда.  Фото:hurriyet.com.tr Қайд ...

Ялпи ўзгаришнинг имкони бўлмаса, ҳар ким ўзини ислоҳ қилиш керак

“Kun.uz”нинг бу видеоси кеча кўтарган мавзуимизнинг давомини юзага келтирди. Мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўқитувчилар ёрдам келганда “ўз ихтиёрим билан чиққанман” деб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400