ЖУРНАЛИСТИКА ВА ЖУРНАЛИСТЛАР МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

Бундан бир неча йиллар олдин журналистларга, тўғрироғи эса уларнинг касбий фаолиятига нисбатан танқидий кайфиятда эдим. Хатто “тўрва халтали” журналистлар ҳақида мақола ҳам ёзган эдим. Ўшанда менда республикамизда ўтюрак, касбига содиқ журналистлар қолмаган, деган фикр бор эди. Аммо кейинги йилларда кўпгина журналистлар фаолиятида кўринган дадиллик, шижоат ва ҳақиқатпарастликни кўриб улар ҳам барча зиёлилар қатори онгсиз цензорлар соясида юрганлигини ҳис қилдим. Айримлари эса “маддоҳ” аталишдан сақланиб ўзини четга олиб юрганини ҳам англаб етдик. 

Кейинги йилларда kun.uz, xabar.uz, gazeta.uz каби қатор сайтларнинг жамият муаммоларини моҳирона, профессионал даражада ёритаётгани ҳам қувонарли бўлди. Айниқса, “ҳуқуқшунос” деган дипломни бекорга кўтариб юрган қонуншунослар тўғри деб топган, ҳаромдан ойлик еган меҳнат муҳофазаси ташкилотлари аралашишга қўрққан, меҳнаткашларга эмас эксплуататорларга ёнбосиб кун кўрган касаба уюшмалари кўзини қисиб қараган мажбурий меҳнатнинг айнан журналистлар томонидан бартараф этилиши мамлакатда тўртинчи ҳокимият мавжудлигини исбот қилди.

Шунингдек тележурналистика соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга кўрина бошлади. Президент танқидидан кейинги раҳбарлар алмашинуви туфайли ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий йўналишлардаги кўрсатувлар сифати яхшиланди. “ПРЕСС-КЛУБ” томонидан, телевизорда кўринса кимларнингдир ёмон назарига тушиб қолишдан қўрқадиган раҳбарлар омма олдида саволга тутилди. Кабинетига киришга одам чўчийдиган ҳокимларнинг ўзлари хоҳламасада чала-чулпа “албатта бажарамиз” деган ваъдалари олиниб, элга ошкора эълон қилинди.

Дўппи кийган одамни телевизорда кўрсатишга журъати етмаган айрим каналларда қуръон янгради, диний маърифий кўрсатувлар кўпайди, диний фильмлар намойиш этилди. Албатта бу ўзгаришларда телевиденияда фаолият олиб бораётган ўтюрак журналистларнинг хизмати катта бўлди, десак адашмаймиз. Уларнинг меҳнатлари сабаб рост сўзларни соғинган халқ МТРК каналларига қайтди.

Энг асосийси яхши кўрсатувлар чет элларда бўлади деб, уйларига “тарелка” ўрнатиб олган ёки турли аҳмоқона сериаллар боласининг хулқини бузишидан чўчиб телевизорни бутунлай ўчириб қўйган телетомошобинлар, ҳамон вертикал ахборот узатишда йўлбошчилик қилаётган телевидениянинг тубдан ўзгарганлигини ҳис қила бошлади.

Аммо вақт ўтсада газетачилик соҳасида бундай ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти. Мажбурий обунадан келадиган ҳаром пуллардан ризқланиш уларнинг жамият муаммоларни кўришига тўсқинлик қилади шекилли, ҳамон газеталар “бўлиб ўтди”, “қатнашди”, “очиб берди”, “ғолиб бўлди”, “табриклади” мазмунидаги хабарлардан нарига ўтолмаяпти. Ҳаром ризқ инсонни тафаккурдан тўсади деганлари рост экан. Йўқса, китоб кўрган одам ҳалол ва ҳаромни фарқлаган бўларди.

Энди журналистларнинг ризқи масаласига тўхталсак. Кейинги йилларда ўқитувчиларнинг ойлигини кўтариш масаласини дадил кўтариб чиқаётган журналистларнинг кўпчилиги ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлигини ҳамма ҳам билмайди. Билганлар, айниқса билиши шарт бўлган журналистларнинг тўғридан тўғри раҳбарлари эса парво қилмайди. Мен креслода ўтираман, ҳашамдор ресторанда овқатланаман, хизмат машинасида юраман, данғиллама уйда яшайман, пар ёстиқда ухлайман, аммо нега йигирма йилдан бери ташкилотимда ишлайдиган, йигирма йилдан буён ижарама ижара кўчиб яшайдиган, доим жамоат транспортида юрадиган, йигирма йилдан буён пропискаси йўқлиги учун миршабларни кўрса бир чўчиб, чўнтагидаги “ПРЕСС” деб ёзилган “ксива”сини рўкач қилиб зўрға кун кечирадиган ходимимнинг ижтимоий аҳволи билан қизиқмайман? деган саволни ўзига бермайди. Обуна тушуми ёки қоғознинг “откатига” ҳам шерик қилмайди. Бир ойга етмайдиган аммо негадир “ойлик” деб аталадиган ўсал пулни ҳам касал қилиб беради. Вақтидан ўтказиб, асабини ўйнатиб, ярмини пластик қилиб беради.

Аслида пулдор мухбирбошиларнинг ҳам кўпчилиги ижарада катта бўлган. Аммо ҳаётда рўй берадиган “айрим” вазиятларда ўзларини “яхши” тутгани ва кимларгадир ёққани, қулоқсизлик қилмагани учун кўтарилиб олишган. Маддоҳларга ён босгани учун обрў орттирган. Айрим иқтисодий ҳужжатларга криминал эканлигини билса ҳам, сири очилишига минг бир ҳавотири бўлса-да, юрак ютиб имзо қўя олгани учун бойиб олган. Энди бундай одамлар соҳани ўзгартира олмайди. Уларга мазмунли, ҳаётий, ўқимишли газеталарни чиқариб, киосклар олдига янги сон учун газетхонларнинг узун навбатини ҳосил қилиш ёки тарғибот билан обуначилар сонини ошириш каби ишлар бажариб бўлмас иш бўлиб туюлади. Улар учун муассис ташкилот раҳбарининг пинжига кириб, маълум фоиз ваъда қилиб мажбурий обуна қилдириш, матбуот тарқатувчи ўртакаш ташкилотларга бўнак бериб, қарғиш теккан обуна пуллари оқимини газетанинг ҳисоб рақамига жамлаб олиш ва бир йил сўнгги борар ери ҳожатхоналар бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш қулайроқ туюлади.

Бутун ўй хаёли бойлик орттириш бўлган инсонда маънавият бўлмаганидек, раҳбарининг мақсади бойиб олиш бўлган ташкилотда ҳам маънавият бўлмайди. Аксинча, ҳисоб рақамга келаётган ҳаром маблағлар сабаб пайдо бўладиган “ўзлаштирди”, “еб кетди” деган ғийбат гаплар ташкилотдаги соғлом муҳитни бузади. Носоғлом муҳит ҳукмрон бўлган ташкилотда эса соғлом ижодий муҳитни тасаввур қилиш қийин.

Баъзан ижарада яшаётган журналистларни кўриб ачиниб кетасан. Баъзан эса ҳавасинг келади. Ачинишингга сабаб, доим кўчиб юриши-ю, ватан ичра беватанлиги бўлса, уларнинг доимо халқ билан бирга бўлиши ҳавас қилишингга сабаб бўлади. Улар жамоат транспортида юради, оммавий овқатланиш жойларида овқатланади, пули камлигидан поездга “безбилет” чиқади, таксичилар билан минг сўм учун пачакилашади, боласини мактабга, боғчага ялиниб жойлайди, бозорларда ҳар бир сўм учун талашиб тортишиб савдо қилади. Эски телевизорда янгиликларни кўради, ҳамма воз кечиб улгурган “старый версия” компютерда ижод қилади. Оддий ва содда ҳаёт кечиради. Ана шундай журналистлар халқнинг дардини билиши тайин. Айнан шундай журналистлар халқчил мақолалар ёза олади. Демак халқ талашиб ўқиши мумкин бўлган газеталарни ҳам улар тайёрлаши мумкин. Шунинг учун газетачилик соҳасини халқ дардини яхши биладиган журналистлар қўлига топшириш даври келди. Фақат ричагларни бураш ва ўринларни алмаштириш қолди холос.

Матбуотни жамиятнинг ойнаси дейишади. Агар шундай бўлса, журналистлар ойнадаги доғни кўрсатувчи, кези келганда эса тозаловчи бўлса керак. Ойна тозалагичсиз машиналар ғуборли кунларда йўлдан адашгани каби, журналистларсиз жамият ҳам адашиши тайин. Шундай экан уларга ижтимоий ҳимояни кучайтириш, энг биринчи навбатда эса уларга уй бериш керак. Маошларини ошириш, қалам ҳақини ўз вақтида бериш, сафар ҳаражатларини тўлиқ тўлаш керак. Таътил пулларига қўшимчалар қўшиш, айниқса ижодий таътиллар учун шароитлар яратиш керак. Ишонамизки яқин кунларда шундай бўлади ҳам.

Мен журналист эмасман. Шунинг учун ҳам ушбу мақолани холисона ёздим. Кимгадир тегиб кетган бўлса ёки нотўғри ёзган бўлсам узр сўрайман.

Манба: Анвар Бўроновнинг “Фейсбук” саҳифаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қорақалпоғистондан қарийб 12 минг киши кўчиб кетди

Қорақалпоғистон Республикасида январь-сентябрь ойларида бошқа ҳудудларга кўчиб кетганлар сони 11 минг 436 кишига етди. Бу ҳақда “Turon24” Қорақалпоғистон статистика ...

Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида пастлади

Henley & Partners компанияси турли мамлакатлар фуқаролари учун ҳаракатланиш эркинлиги даражасини кўрсатадиган паспортлар рейтингини янгилади, деб ёзмоқда “Кун.уз” нашри. ...

«грин кард» анкетасини тўлдириш муддати ўзгартирилди

Ҳар йили куз мавсумида АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинадиган «Грин кард» анкетасини тўлдириш муддати ўзгартирилди. Бу ҳақдаги илк расмий маълумотни АҚШнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400