Эрта тонгдан телефоним жиринглади. Ҳамкасбим Малоҳат Абдуллаева телефон қилаётган экан. У икки кун олдин айтган сўзини такрорлади: ”Илтимос, Жиззах шаҳар судига келиб кетсангиз. Бир келинчакни яхшилаб ёритмасак бўлмайди”. Менинг шахсий ишларим тиқилинч бўлгани учун унга ўйлаб кўраман, дегандим. Яна шуни хотирлатди менга. Мен одатда телефонда суриштирув ишларини қилишни унча хушламайман. Бугунга белгиланган ишим бор бўлса-да, уни жуда шошилинч эмаслигини билиб, Малоҳатнинг таклифига рози бўдим. Хуллас, Жиззахда қандай ноҳақликлар бўлаётганидан хабарсиз йўлга тушдим. Кун жудаям иссиқ. Мен такси ҳайдовчиларини ҳам шошилтириб, Жиззахга йўл олдим. Кичкина қизимни етаклаб олгандим. Бола-да, дарров қорни очиб қолганини билдирди. Машинамиз ёқилғисини тўлдирар чоғида, йўл атрофидаги озиқ сотиш дўконидан унга енгил овқатланиб олиш учун икки дона бўғирсоқ олиб бердим.
Иссиқнинг тафтидан зерикиб турган онимизда, ҳарқалай, Жиззах марказига келдик. Малоҳатнинг айтган манзилида тўхтадигу, биргаликда Жиззах вилояти судига ҳайдаттирдик машинани . “Жиноятчи” келинчак ҳам биз билан бирга эди. Жиззах шаҳри “ Олмазор” маҳалласи, Ибн Сино кўчаси 43 –уйда яшовчи Юнусова Хонзода жиноятчими?!
У 1986 йилда туғилган.
Беш фарзанднинг онаси. 2005 йилда шу маҳаллага келин бўлиб тушган. Эркакларнинг касби дурадгорликни ҳам ўзлаштирган. Зардўзлик, ойна кесиш, ошиқ- мошиқ, замог ўрнатиш, пларам юрғазиш(катта арра), сандиқ ясаш қўлидан келадиган ноёб ҳунарманд аёл тоифасидан. Унинг меҳнатсеварлиги, атрофга, оиласига ҳурмат-эътибори учунми айблов қилишаяпти?! Ақлга сиғмайди. Қанча фидоий бўлсанг, сени шунча кўп, қайлардан айбловлар чиқаришиб кўча сарсони қилишадилар. Дунёми шундай, ёки бизнинг юртимиз одамлари шунақа тушинчалар билан яшайдиларми?! Малоҳат Хонзодани имлаб, мана шу “жиноятчи” деб таништирди, кимларга кесатиқ маъносида. Юз-кўзидан жуда сокин, нозик қадди қоматидан улар айтаётган беш боланинг онасига ҳеч бир шаклда ўхшамаган, рўмоллик келинчак маюс бизга жилмайди.
Биз Жиззах шаҳар судига етиб келдик. Соат 15.00 да бошланадиган суд негадир, жим-жит. Одамлар кириб –чиқиб турибди-ю, ичкаридан бирон нима дейишмаяпти. Бизнинг телефонларни посбон йигитлар олишди. Ҳужжатларимизни журналига қайт этиб қўйди. Ичкаридан ташқарига, ташқаридан ичкарига сабабсиз кириб – чиқиб турдик. Чунки, иссиқнинг ҳовури одамни безовта қилар ҳолда эди. Ниҳоят, соат 16.40лар орасида ичкарига киритаётганини айтишди. Мен бекор ўтирмай деб, қаҳрамонимиз Хонзоданинг қўшниси Бахтиёр акани суҳбатга тортдим. Судга гувоҳлик беришга атайлаб келган экан. Хонзода ниҳоятда меҳнаткаш келин экан. У келин бўлиб тушган оиласига доим меҳр –оқибат кўрсатиб, ўз меҳнати билан , ҳурмат –эътибори билан, оилага садоқати билан яшаб келаётган экан. Уни беш боласи билан кўчада қолдираётган Дўстқулова Ортиқой исмли Хожи она мақомини олган аёл – қайнона тўғрисида гапирганда эса, ўз ҳаёжонларини яширолмади. Ўтган қўшничилик йилларида унинг минг хил товланувчи характеридан гапирди. Имон- эътиқод фақат ҳижоб ўраб, Хожи она- Халифа бўлиб юриш эмаслигидан куйиниб гапирди. “Халифа нима дегани?”, дейман, бу шевами,адабий сўз атамасими унча фарқига бормасдан. “ Аёлларга диний сабоқ бериб юрадиган” каби гапларни айтдилар улар. Бунинг каби гапни йўлда Хонзодадан ҳам эшитгандим. “Бирор диний мактабни битирганми ?”, сўрайман. “Йўқ, ўқимаган, Андижонга бориб, ўқиб келади. “Диний сабоқ олишнинг ҳеч айби, йўқ”,-дейман ўзимга ўзим. Зеро, бизнинг ишимиз кимнидир айбдорга чиқариб юбориш ҳам эмас. Имкони ўша ердан илм олишгача етибди, бу ҳам яхши иш. Диндор одамнинг диёнатли, оқибатли, меҳр ва мурувватли бўлиб бориши, олган сабоқларининг фойдалари тўғрисида қанчалик кўп гапириш мумкин. Лекин бу ерда жуда ачинарли факт турибди. Ҳеч бир айби бўлмаган, қош –кўзи жойида, имон-эътиқоди рисоладагидек мўмина, ақлли, ҳатто меҳнаткашлик бобида эркакларнинг касбидек дурадгорликни эгаллаган, ҳалол, Хонзодадек келинни беш нафар вояга етмаган болалари билан кўчага ҳайдаши қайси диний тарбияга , қайси қонунларнинг муруватли йўналишларига тўғри келади?! Хўп… Энди Хожи онанинг Ҳажга бориш йўлида қанча пул сарфланишидан гапирсакми ёки йўқ?! Бу гапни айтиш балки бизга эмасдир?! Лекин адолатсизлик бор жойда атрофни ўрганиб, масала нимада эканлигини билиш ортиқчалик қилмас… Ортиқой исмли қайнона у ерга бориш учун, Хонзода беш боласи билан яшаб келаётган уйни яширинча жияни деб айтилаётган Ғайрат исмли йигитга ўтказиб берган. Бунга шу ишни қиладиган идорадигилар орқа –олдини ўйламасдан, кўрмасдан, билмасдан , бошқа тарафларнинг ҳаётини ўрганмасдан ,бемалол инсонларнинг яшаш манзиллари билан “ўйин- ҳужжат” қилиб ҳам беришаверган. Тасдиқлаб ҳам юборилаверган. Ўша уйни Ортиқой “Хожи она”миз эса гаровга қўйиб, давлатдан 80 миллион кредит олиб, ярмини шу уйга , ярмини эса Хажга боришга сарфлаб юборган экан. “Эй…!”, деймиз, Хажга бориш қарзлар эвазига бўлар эканми? Ҳеч бир ақлга тўғри иш эмас. У ерга бориш обрўйми, мансабми, ёки ёлғончилик билан Хаж қилиш ортидан ҳам, жамики гуноҳлар тўкилавериладими? Ҳаракатлари шубҳа туғдиради. Эмишки, ўн яшар атрофидаги набирасини Мисрга олиб бориб ўқитишни режалаштирибди. Хонзода ташвишланиб, уни у ерга боришига қаршилик қилибди. “Қизимни у ердаги арабларга сотиб юбориши мумкин”,дейди. -У ерга олиб бориб ўқитишига ишонмайман,- дейди. Хонзоданинг Зулфия исмли опачаси унинг уйига борганимда бир суратдаги кичик қизчани кўрсатди. Хонзоданинг кичик қизини, у қиз бўлиб туғилгани учун йигирма кунлигида қаттиқ жазоланибди. Йигирма кунлик чақолоқ қорга чиқарилиб қўйилибди. Шу ҳаракатларига асосланиб, Хонзода қайнонасининг оқибат кўрсатишига ишонмай қўйганини билдирди.
Бизнинг қўшни Бахтиёр ака билан суҳбатимиз диктафонга ёзилаётганини камерада кузатиб ўтирган судьялар нималардандир шубҳага бордими, ичкарига киритмади. Шундай қилиб ичкарида нималар бўлаётганидан бехабар қолдик. Лекин Хонзоданинг турмуш ўртоғи-ю, қайнонасини ташқарида кўриб олгандим. Ўзимнинг турмушим бузилиб, қайн оғамиз туфайли ажрашиб, қаттиқ эзилиб юрганликларим эсимга тушиб кетди. Бундай изтироблар ортда , анча узоқ йилларда қолиб кетган бўлса-да, ҳеч бир ўзбек аёли ажрашиб, болалари билан кўчада қолишини кўнглимга сиғдиролмайман. Ўзимнинг ҳасратимдек, ўзимнинг дардимдек қабул қиламан. Малоҳат Абдуллаева қизчамнинг тез – тез сув ичиб келаётганини кўриб: ”Судга чақириб сизни қийнаб қўйганимдан хижолатдаман”, дейди. Менга бу нарса оғир ботмаётган эди. Бекор ўтирмай, деб телефонимни қувват олишини текшириб кўрдим. Суд ниҳоят, тугабди. Маҳалла раисидан интервъю олишга эришдим. “Олмазор” маҳалласи раиси Шамсиева Норбуви опа анча оқибатли ва фикрчан аёл эканлигини ҳис этдим. Ўз маҳалласи одамларига адолатли муносабатда бўлишининг ўзи, инсонийлик тамоилларидан келиб чиқиб қарор қабул қилишининг ўзи, ҳурматга сазовор маҳалла аёли эканлигини билдирди. Хонзода тўғрисида анча яхши гапларни гапирди. Бир гапи эсимда қолди-ки, Ортиқой Хожи онани ва унинг беш фарзанди бор, хотин қўйган ўғлини маҳалласидан ҳайдаб юборибди. Бу аёл Хонзодага адолат қилгани билан менинг меҳримга ҳам тушди. Улар беш болали онани кўчада қолдирмаслик чораларини роса кўп излабди. Ҳаракат қилибдилар. Яраштиришга чақирибди. Хонзода бир неча марта оила аъзолари билан ярашиб , муроса қилиб келаётганини, шунга ҳам қайнона ва турмуш ўртоғи чидамсизлик қилганини айтиб ўтди. Ҳеч бўлмагандан сўнг , қайнона ва эрини маҳалладан қувиб юборибди.
Менимча, маҳалла раисининг бунга асослари янада кўп бўлса керакки, ҳеч бир замонда ўз уйидан қайнона ёки эр ҳайдалганини эшитмаган эдик.
Жиззах суди раиси Икром Тошев ниҳоят, мени сўраётганини айтганда ҳайрон қолдим. Ҳужжатларимни сўради. Паспортимни эшик олди-да текшириб дафтарига қайт этганини айтдим. “Журналист эканлигингизни тасдиқловчи ҳужжат борми?”, дейишди. Табиийки, мен “Йўқ” дедим. Мен ўқимаган бўлсам, қандай қилиб , “журналист” деган гувоҳномамни кўрсатишим мумкин? Қаерда ишлайсиз дедилар. Мен Америкада чиқадиган “Мулкдор” сайтида ишлаётганимни айтдим. Мени суд тугагандан сўнг шахсан қабул қилиши, бир ғалати эди. Айтмоқчиманки, менсимаган, тош қотган дийдаларни бунақа идораларда ястаниб юришини кўп кўргандим. Лекин республикамиз миқиёсида давлат раҳбарининг ислоҳатлари одамларни анча эътиборли бўлишга ундади. Буни, ҳали қилинадиган жуда кўп муаммолардан ташқари ижобий ўзгаришларни ҳам тан олишимиз керак. Давлат идоралари одамлар тақдири билан ҳисоблинаётган вақтда эътиборлироқ бўлиб бормоқдалар. Судя Икром Тошев , судялар Қулиев Собир ва Эшмуродов Хуршидлар билан бугунги суднинг қарорини ўқиб эшиттирди. Айтишича, қарор Хонзода беш боласи билан ўзининг шу келин бўлиб тушган ҳовлисида яшаш учун қолаверади. Лекин Ғайрат исмли “жиян”- мулкдор ҳам оиласи билан шу ерда яшайверишар экан.
Суднинг ишига , унинг қарорларига аралашолмаймизу, лекин унчалик ҳам кўнгил хотиржам тортмайди-да.
Биродарлар, бир аёлни эри беш бола билан ёлғиз қолдирибди. Энди тинчгина болалари билан шу ҳовлида яшайверса нима қилар эди?! Мулкнинг эгаси қилиб Ғайрат белгиланган бўлса, Хонзоданинг у ерда осойишта яшашига қўйишармикан?!
Суд кунидан уч кун ўтиб Хонзоданинг қўшниси Бахтиёр ака билан яна боғландик.
-Ака, Хонзоданинг аҳволи яхшими, у болалари билан кўчиб келиб, хотиржам тортдими, қўшнилари қалай? ,-дедим. Бахтиёр ака ва бир неча қўшнилар у ерда жуда жонкуяр ва аҳил инсонлар эканлигини ўша суд куниёқ кўрсатишган эдилар. Уларнинг уйларига бориб, бир неча қўшнилардидан интервью олишга эришган эдим. Ҳамма- ҳаммаси Ортиқой Хожи онадан “ Дод” дедилар. Бу суҳбатларимизни сиз ҳам эшитиб кўринг , бизнинг ютиб каналимизда бериладиган эшитиришларимиздан.
Хонзодани бугун қўрқиб, қайсидир қариндоши билан ҳовлисида тунаб қолаётганию, лекин ҳали ҳам фарзандлари билан кўчиб келолмаётганмиш. Чунки, Хожи онанинг қўлидан кўп ишлар келиши мумкинлигини, Бахтиёр ака ҳам тасдиқлади. Қайсидир китобларда ёзилган ошкоро жиноятлар ,қотилликлар… ёдга тушади-ки.., Худо асрасин!
Судьяга тиш қайрагудек бўлиб, қайнона- Хожи она савол берди: Бошқа судга яна мурожаат қилишим мумкинми?!
-Албатта мумкин,-дейди Икром исмли судья мулойимлик билан.
Қонунларимиз ҳам қарорларимиз ҳам ажойибда. Эридан, қайнонасидан бўйни эгилиб яшаб келган келин, яна ташвишли ҳаёт тарзига дуч келинадими?!
Хонзодани Жиззах шаҳар фуқоролик суди , уни аввалроқ жарима билан жазолабди. Нимага эканлигини эшитинг, азизлар. Хонзоданинг эри Нилуфар исмли аёлга уйланиб олибди. Никоҳ ўқиган шахс ўзининг маҳалласидан Азимов Мирзахожи исмли киши экан. Буни Хонзода эшитиб, судга мурожаат билан чиққан. Чунки унинг ЗАКС ҳужжатлари ҳали бекор бўлмай туриб эри уйланиб олган. Суд суриштирувларида, Хонзоданинг турмуш ўртоғи 1980 йилда туғилган Юнусов Баҳодир инкор этган. Яшаётган иккинчи хотинига ҳеч бир шаклда никоҳ ўқитмагани тўғрисида кўрсатма берган. Энди бу ёғи қизиқ. Онаси уч- тўрт хотинларни йиғиб, диндан , Қуръондан сабоқ бериб юрсада, ўғлини никоҳсиз бошқа хотин олиб яшаттириб келмоқдами?! Улар бирга яшашадилар-ку?! Яқинда янги келин туғиши ҳам кузатилаётган экан. Бу ёқда эса, бошқа бир аёлни оиладаги аввалги тахқирлашлари озлик қиладигандек, судлар билан тил бириктириб, яна иқитисодий томондан зулм қилиш муштипарга озор эмасми?! Судга жарима сифатида Хонзода 630 минг сўм давлатга тўлаган. Бу ерда кимнинг ҳаётдаги ҳақоратига, ким тавон пули тўлаяпти?! Беш болани отасиз ташлаганликлари эвазига, Баҳодир хону –даврон сурсину, болалари билан ёлғиз қолган жабирдийда фарзандларининг рисқидан қийиб давлатга жазо пули тўлаб юрадими?! Яна бир жабрми?! Бизнинг қонунларимиз нимага асосланади ўзи?! Яна болаларни биров боқиб олиш учун Баҳодирдек “ота” Хонзодага тил ҳат ҳам қилиб берган экан. Шу қўлёзма тилхатни ҳам бизга кўрсатишди. Болаларнинг, инсон тақдирининг масаласи шунчаликка бориб етдими, бизнинг замонамизда?!
Биз телефонда яна бир мартадан Хонзоданинг опаси Зулфия ва қўшниси Бахтиёр ака билан гаплашдик. Улар албатта беш фарзанди билан Хонзодани ёлғиз қўйиб қўймоқчи эмас. Охиригача кўрашамиз, дейди улар. Мен суд тугаб, шу қўшниларнинг бир нечаси билан гаплашиб кўргандим. Хонзода тўғрисида тил учида гапирмадилар, куйиб-ёниб қўшниси тинч –осойишта яшашини чиндан, дилданисташ билан бирга судларга оғринмасдан гувоҳлика ҳам қатнаб юришибдилар.
Шундай оқибатли одамлар, шундай софдил қўшнилар бор экан, Инсон зоти янгиланаётган Ўзбекистон юртида, ҳечам қийналиб қолмайди. Фақат алдамчилик, эътиборсизликлар бўлмаса бўлди.
Муаллиф: Гулзамон Акбар