АЁЛ ЕЧИНТИРИЛДИ, БУНГА БУТУН БОШЛИ ТИЗИМ АЙБДОР!

Каттақўрғонда катта иш бўлди. Катта бўлганда ҳам шу даражада каттаки, бу “катта иш” каттаю кичикни бирдай ғазаблантирди. Юртимиздаги катта-катта идораларнинг катта-катта хоналарида қандай “ишлар” рўй бераётганини, каттаконларимиз катта хоналарда, катта курсиларда ўтирволиб нималар қилишга, “кичик”ларни қандай кўйларга солишга қодирлигини рўйи-рост фош қилди-қўйди. Биз каттаконларимизнинг “саҳна” ортидаги, ичкаридаги зўравонликларга, дўқ-пўписаларга, бюрократик бошқарувга бурканган атиги бир кунлик “ҳаёт”ларини Каттақўрғон шаҳар ИИБ тимсолида, аниқроғи, Жиноят қидирув бўлими терговчиси Санъат Сулаймонович Умаровнинг “моҳирона санъати” орқали яна бир бор билиб олдик.

Ҳа, биламан, менинг каттаконларга бир йўла ёпишиб олишим, қайсидир вилоятнинг қайсидир туманида қайсидир бир бошлиққа итоат қилувчи қандайдир бир оддий ходим томонидан амалга оширилган иш учун бутун бошли каттаконларни айблашга чоғланишим Сизга эриш туюлаётир, албатта. Бироқ, шундай бўлса-да, мен каттаконларга нисбатан тамомила бошқача фикрдаман, Каттақўрғонда содир бўлган мудҳуш воқеа бир кишининг айби билан рўй бермаган, балки бу ерда каттаконларнинг айби жуда-жуда бисёр, деган ўйдаман. Яратган Эгамнинг битта ожиза аёлини дўқ-пўписаю зўравонликларга асосланган ҳолда яп-яланғоч ечинтиришда, шу билан бирга, бутун бошли ўзбек эркакларининг ғурурини, ор-номусини яп-яланғоч қилиб ечишда, эркак деган номимизни помол қилишда, виждонимизни топташда қандайдир бир мишиқи терговчи Санъат Умаровнигина айбдор деб эмас, бутун бошли амалдорларни, ҳукмрон доира вакилларини, тузум сиёатига раҳнамолик қилаётган “жаноби олийлар”ни айбдор деб ҳисоблайман! Ҳа, шундай, мени фикри ожизимча, бутун бошли амалдорлар – туман Ички ишлар бўлими, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси, Республика Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Бош Прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти, хулласи калом, айнан миллатни абгор ҳолга тушириш ишлари билан эмас, балки бевосита ва билвосита миллат тақдири билан шуғулланиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, шаъни, мартабасини ҳимоя қилиши шарт ва зарур бўлган, ўзига кўкрагини тутиб эмизган бир она каби битта Онаизорни, у ким бўлишидан қатъий назар, яп-яланғоч ҳолда ечинтирилишига йўл берган бутун бошли тизим айбдор!

Эътиборимизни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимининг Жиноят-қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаровнинг айни чоғда икки нафар фарзандини отасисиз, ёлғиз ўзи вояга етказаётган аёлни нимага асосан ечинтирганлигига қаратайлик. Аён бўладики, жорий йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биноси коридорида эгнидаги бутун кийимларини ечишга мажбурланган Н.Т. исмли аёл қачонлардир мажбурийликдан, ноиложликдан 50 минг сўмлик мол, бир пой калиш ўғирлаб, ИИБ ходимларининг “ниҳоятда зийрак” нигоҳига тушган. Бунинг учун ҳатто жарима тўлашга мажбур бўлган. Шу тариқа, аёл ИИБнинг энг ашаддий рақибига айланган, ҳар бир босган қадамлари назорат остига олинган.

Манбалардан маълум бўлишича (xabar.uz), қўл учида оч-наҳор яшайдиган аёл ечинтириладиган куни Каттақўрғон шаҳар бозорига рўзғор учун у-бу нарса харид қилгани борган. Рейд ўтказаётган ички ишлар бўлимининг Жиноят қидирув бўлими ходимлари ва терговчи Санъат Умаров зудлик билан унга ташланган, “яна ўғирлик қилгани келдингми?” дея омма орасида ҳақорат қилиб, бечора аёлни шаҳар ИИБ бўлимига олиб борган ва уни қийноқларга, дўқ-пўписаларга, зўравонликларга асосан шафқатсизларча ечинтирган.

“Ҳуқуқ посбони” бу ишидан қаноат ҳосил қилмасдан унинг ечиниш ҳолатини бошидан охиригача видеога олган. Онаизорни ечинтириб бўлгач, уни ялонғоч ҳолда кўчага чиқишга мажбурлаган, аммо аёлнинг ялиниб-ёлворишлари, илтижолари, дод-фарёдларига “раҳм” қилган “тинчлигимиз, осойишталигимиз посбони” ўз фикридан қайтган ва аёлга уйига қайтишга рухсат берган. Энг муҳими, Н.Т.нинг ҳеч қандай ўғирлик содир этмагани аён бўлган. Санъат Умаров эса ечинган аёл видеосини ҳамкасбларига улашиб, ўзининг “қаҳрамонона иши” билан мақтаниб, ғўддайиб юрган ва лаззат олган.

Ижтимоий тармоқларда ушбу воқеа тафсилотларига доир шу кунгача ҳар хил фикрлар билдирилди. Бу ишдан тамомила нафратланган омма терговчи Санъат Умаровнинг ота-онасига оммавий тарзда ланъатлар ёғдиришди, уни у қилиш керак, бу қилиш керак, дейилган фикрлар жаранглади. Каттақўрғонлик ҳукмрон доира вакиллари тўлалигича истеъфога чиқиши лозим, деган кескин фикрлар айтилди, тузум сиёсати, ички ишлар идораларидаги аҳвол жиддий танқид остига олинди. Жабрдийдага ёрдам қўлини чўзиш истагида бўлган бир гуруҳ пайдо бўлди. Воқеага доир Бош Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги баёнот беришга мажбур бўлди. Демак, Санъат Умаровнинг “муаллифлик иши” бутун бошли давлатимизни, дунёни забт этди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, Санъат Умаровга нисбатан Самарқанд вилоят прокуратурасининг “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди…

Юқорида таъкидлаган гапларимни яна такрорлашга мажбурман! Бу ерда жазо кенг миқёсли бўлиши керак. Жазони чорасиз аёл Н.Т.нинг эгнидаги бутун кийимларини ечинтирган битта инсон қиёфасидаги маҳлуқ — Санъат Умаровга қўллаш билан чекланиш мутлақо камлик қилади. Жазо бутун бошли ички ишлар тизимига, юқоридан тортиб қуйи органларгача қўлланилиши керак, айнан ушбу шармандали воқеадан кейин ички ишлар тизими чинакамига тубдан ислоҳ қилиниши лозим. Ахир бу ва шунга ўхшаш бошқа воқелар шу кунга қадар ички ишлар тизими ислоҳотга муҳтожлигидан ёрқин далолат бераётирку. Каттақўрғон воқеаси режим томонидан яратилган қабиҳ сиёсат маҳсули ва унинг ҳаётга тадбиқи эмасми?!

Каттақўрғонлик аёлнинг ана шундай кўйга тушишига, яъни мажбурийликдан қачонлардир ўғирлик содир этишига (агар ростдан ҳам қачонлардир ўғирлик содир этган бўлса), энг аввало, Уни энг керакли иш билан таъминламаган, Уни жамиятдан четлаштирган, Уни ижтимоий жиҳатдан ҳимояламаган, Уни қашшоқона турмуш тарзига маҳкум қилган, Уни икки нафар фарзанди билан афгор кўйда яшашга мажбур қилган Жамият, таъбир жоиз бўлса, аҳолини ижтимоий жиҳатдан таъминлаш сиёатини етарли даражада олиб бормаган ва йўлга қўймаган Ҳукумат айбдор!

Агар Табарруклар орасида энг буюк, Етти иқлим, етти фалакда энг машҳур бўлмиш Аёл зоти ўзи учун энг керакли эътиборга сазовор бўлганида, энг керакли иш билан таъминланганида, ижтимоий жиҳатдан ҳимояга олинганида, фарзандларини вояга етказаман деб абгор аҳволга тушмаганида У ҳеч қачон ўғирлик содир қилмаган, кимнингдир бир пой калишини ўғирламаган ёки бошқа жирканчли ишларга қўл урмаган бўларди! Демак, Аёлни ечинтиришга туртки берган воқеа иллатини Аёл шахсидан эмас, Жамиятдан қидириш керак. Жамият ножўя иллатлардан тозаланмасдан, яъни айнан ҳуқуқ посбонлари томонидан ҳуқуқлар бузилишига барҳам берилмасдан, собиқ президент Ислом Каримовдан қолган қаттол сиёсат бартараф этилмасдан, куч ишлатар тизимларининг иш услублари замонга мос ҳолда тубдан ўзгартирилмасдан, амалдорларнинг деспотик қарашларини йўқотмасдан туриб, Ўзбекистонда фаровонликка, ўзбек халқининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашга эришиш амримаҳол.

Муллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мени сотган онамга мактуб: “ҳали мени кўп эслайсиз”

Тез-тез кўзимиз тушади: Тошкентда аёл ўз фарзандини икки минг долларга сотмоқчи бўлди... Фарзандини сотиб пулига уй олмоқчи бўлган аёл қўлга олинди... Спутник муаллифларидан ...

Қирғизистонда сиёсатчилар «қуруқ очлик»ка ўтишди

Қамоқда очлик эълон қилган сиёсатчилар сув ичишга ўтишди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш Давлат хизмати вакили Элеонора Сабатарова маълум қилди. (more…)

Ўзбекистонда расман 1 миллион 391 минг киши ишга муҳтож бўлмоқда

2019 йил 22 май Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400