КЕКСАЙГАНДА ХОТИРА СУСАЯДИ, ВИЖДОНЧИ?..


Надоматлар бўлсин, афсуслар бўлсин…
Виждоннинг сусайиб қолганига бугун гувоҳ бўлдим.
Эрталаб соат ўнлар атрофида берилиб бир қўлёзма таҳрири билан банд бўлиб турсам, баланд бўйли, истарали йигит эшикдан мўралади.

– Кечирасиз, “Тафаккур” нашриёти шу ердами?

Унинг саволига ҳафсаласизлик билан бош ирғаб жавоб қилдим.

– Абдухамид ака шу ерда ўтирадими? – яна саволга тутди нотаниш меҳмон.

Яна бош ирғаб қўя қолдим. Таҳриридан чалғигим келмаётганди, рости.

– Гаплашадиган гапим бор эди, – деди у.

Қўлим билан “келинг, ўтиринг” ишорасини қилдиму, барибир ишдан чалғитганига пешонам тиришиб ўрнимдан туриб қўл ҳам узатмадим ҳатто.

Йигит “фб”да дўст эканлигимизни айтиб, исмини маълум қилди. Биринчи бор эшитишим эди бу исмни.

Отасининг исмини маълум қилди. У кишини танирдим. Сўрашган бўлдик. Ниҳоят меҳмон муддаога кўчди.

– Ака мен фалон китобнинг ҳаммуаллифиман.

(Китоб, йигит ва отанинг номини атай тутмадим. Қуйида яна бир исмни ҳам келтирмаймиз).

Бу гап янгилик бўлди.

Келинг, батафсилроқ ҳикоя қиламан.

2016 йили нашриётимизга катта олимлардан бири кириб келди. Ниҳоятда катта асар устида ишлаган, ўзбек тилига табдил қилган экан. Қутладик. Нашриётимизни танлагани учун раҳматлар айтдик. Лекин айнан шу асарни нашр этиш борасида ишимиз “ўхшамади”. Асарда Қуръон оятлари ва ҳадислар жуда кўп қўлланилгани боис, Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза гуруҳига жўнатдик. Орадан анча, ярим йиллар ўтиб ижобий жавоб чиқди. Бироқ салкам олти миллион сўм экспертиза харажатлари учун тўлаш керак экан. Олимимиз билан келишувда бу харажат у киши томонидан тўланиши кўзда тутилган эди. Аммо харажатни эшитиб у кишининг капалаги учиб кетди.

Хуллас, шу асарни биз нашр этолмадик. Олимимиз ҳам хайр-мазурни насия қилиб кетди. Йил бошида бу китобнинг бошқа нашриёт томонидан нашр этилганини эшитган эдим. “Бечора, ҳар тугул чиқарибди”, деб у киши учун хурсанд ҳам бўлгандим.

Энди эса мана бу йигит “ҳаммуаллифман”, деб турибди.  Энг қизиғи, китоб нашр этилган аммо у ерда нашрга тайёрловчи сифатида унинг номи зикр қилинмаган. Кекса олимимиз эса бу ҳолни шундай изоҳлабди: “дадангни Абдухамид Ватан хоини деб сенинг номингни ўчириб ташлади, дин ишлари бўйича Қўмита ҳам шуни талаб қилди”.

Бу сўнги пайтларда мен эшитган энг ахмақона гап бўлди.

Йигит эса менинг олдимга шунинг учун келибди: “шу гап ростми”, деб.

Ёлғон. Ёлғон ва яна бир марта ёлғон эди, бу гап.

Унинг саволларни эшитибоқ, гап нимадалигини англаб бўлдим. “Агар меҳнатнинг ярмини Сиз қилган бўлсангиз ва китоб нашр этилаётган чоғларда мамлакатда бўлмаган бўлсангиз (Туркияда ишлабми ўқибми юрган экан) камига отангиз билан нохуш гаплар болалаган бўлса, билинг-ки, кекса олим хомтаъма бўлган, биринчи ўринда Сизни ватанга қайтмайди, деб ўйлаган. Шу боис, “бу ерда тирранча қуён нима қилиб турибди”, қабилида иш тутган. Қайтганингиздан сўнг, айбни каминага ағдариб қутилишга ҳаракат қилган”, деган гаплар зувиллаб ўтди хаёлимдан.

Ва бу гаплар тилимга ҳам кўчди. Хайрлашдик.

Орадан кўп ўтмай укамиз телефон қилди. “Домла билан олдингизга бормоқчимиз, илтимос, бўлиб туринг”, деб.

Келишди. Яъни юзлаштирилдик.

Домла бир боғдан бир тоғдан кела бошлади.

Юзимга тик қараб “ука сен айтганинг учун бунинг фамилиясини олиб ташлаганман”, деёлмади.

Қайси юз билан айтсин?

Иккови анча тортишишди, охири домла, “мен саксон бирга кирган одамман. Қаерда ким олдирганини қаердан биламан? Кексайганда хотира сусаяди, ахир”, деб юборди.

Шукур, шу тариқа туҳматдан енгилладик.

Лекин бир савол туғилди менда (албатта юзи иссиқ деб у кишига бермадим бу саволни): Кексайганда хотира сусайиши бор гап, аммо виждон ҳам сусаядими?

Меҳнатнинг ярмини қилган одамни бир четга индамасдан улоқтириб, ўз номидан китобни эълон қилиш қайси виждонга тўғри келади?

Қилибсан, ундан қутилиш учун бировларга туҳмат қилиш нимаси?

Улар тортиша-тортиша кетишди.

Бироқ, кўнглим ғижимлаб ташланган қоғоздай бўлиб қолди.

Абдулҳамид Мухторов

Манба: Муаллифнинг “Фейсбук”даги саҳифаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Соқол ва ҳижобга рухсат. аммо, лекин, бироқ…

Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов ўтган йилларда мамлакатда диний эркинликларнинг чеклаб келинганини эътироф этган. (more…)

Нуруллоҳ муҳаммад рауфхон тоштурмага олиб кетилган

Ҳозиргина ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг фарзанди Файзуллахон отасининг “воҳимали қилиб” Тоштурмага олиб кетишгани ҳақида ижтимоий тармоқ орқали билдирди.  Унда ...

Ўз қизини номусига теккан ота умрбодга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Душанбе шаҳар суди қизининг номусига бир неча марта теккан фуқарони умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати маълумотига таяниб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400