ФАРЗАНДГА ЎГИТЛАР. ДЕБОЧА

Кунлардан бирида мукка тушиб, насиҳатнома ёзаётганимда, танқидчи дўстим, одатдагидек мийиғида кулиб, заҳарханда қилди.

— Энди ҳамма панду насиҳатларни Кайковус билан Навоий битиб кетган, чамамда…

— Фақат Мир Алишер Навоий билан Кайковус эмас, Рўдакий билан Юсуф Хос Ҳожиб, Ибн Сино билан Махтумқули ҳам ўгитномалар битишган.

— Шундай бузрук алломалардан ҳам қолиб кетган гаплар бор эканми-а,— чимчилаб олмоқчи бўлди у.

— Бор ! — зарда билан жавоб қайтардим,— масалан, бу даҳо- лар қул ёки хизматкор сотиб олиш; подшолик, вазирлик таомиллари хусусида роса йўл-йўриқ кўрсатишган-у, табиатни муҳофаза қилиш, миллатни қадрлашдек заруратлар ҳақида лом-мим дейишмаган.

— Уларнинг замонида …

— Ҳа, баракалла, энди ўзингга келдинг,— унинг каломини лабларидан юлиб олдим,— модомики, замонлар ўзгариши билан насиҳатларнинг мазмун-моҳияти ҳам дигаргун б¢лар экан, кимдир янги ўгитлар битмоғи керак-ку!

— Бунинг учун ўша донишмандлардай нуроний ва закий бўлмоқ зарурми, деб уйлайман-да…

— Йўқ, улар сен ўйлагандек, жуда мункайиб қолгандан кейин қалам учидаги гапларини коғозга туширишмаган — аксариятлари айнан менинг ёшимда ўта қимтиниш ва камтаринлик билан ўз ўғиллари номига йўриқномалар битишган…

— Ва бу қомусий насиҳатлар инсониятнинг дастурил-амалига айланган!

— Бу — бир, иккинчидан, каминанинг улардай зукко ва ашраф эмаслигимни юзимга солишинг ҳам ножоиз. Модомики, ул сухан пешволари даражасига етмаган эканман, демак, кам насиҳат тинглабман. Зеро, келажак авлод ҳам мендек ношуд бўлиб қолмаслиги учун уларга насиҳатнома битмоғим керак!
Монологимни тутатиб, “бопладимми” деган маънода рақибимга кўз ташладим. У эса кесатиш ва совуққонлик билан давом еттирди.

— Энди насиҳат одамларнинг жонига жуда тегиб кетган! Буни бирор жойда босиб чиқаришларига ҳам кўзим етмай турибди. Ҳомий топиш ҳам жўн иш эмас.

— Одамларнинг бадига пуч ва варсоқи пандлар тегиб кетган. Насиб бўлса, мен унақа бемантиқ, саёз йўриқномалар битмайман! Тағин: бобокалонларимиз ҳам “босиб чиқаришларига кўзлари етмай” ёки ҳомий топишдан хавотир тортиб, қўлларини қўлтиқларига қистириб ўтиришганда, инсоният “Қобуснома”, “Зафарнома”, “Саодатнома”, “Гулистон”, “Бўстон” сингари жавоҳир хазиналаридан бебаҳра қолган бўлур эди!

— Шу тариқа ўзимникини тантанавор маъқуллаб, ёзишда давом этдим. Марҳамат, қувваи ҳофизам даражасида битганларим ҳукмингизга ҳавола. У сизга ўтиришадими ёки ёқмайдими — бунинг мен учун аҳамияти камроқ. Лекин фарзандингиз ундан, Мавлоно Саъдий таъкидлаганларидек, бирор вароғини олиб кетса ва ўқиб, ўртоғига берса, шунинг ўзи кифоя!

НАВҚИРОНЛИК ВА НАВЖУВОНЛИК ХУСУСИДА

Эй азамат ўғлим, меҳрибон қизим!

Мана, сизлар ўн саккиз ёшнинг эшигини қоқяпсизлар. Шу дамгача бақамти ўтириб, босиқлик билан сизларга насиҳат берганимни хотирлолмайман. Дашном бердим, койидим, уришдим, чунки бола едиларинг-да у пайтда. Энди насиҳатга ўтсам бўлар. Ўгитнинг қадрига борадиган ёшга этдиларинг. Узоқ йиллар — камида менинг ёшимга етгунча панду насиҳат тинглашларингга тўғри келади.

Илк ўгитим, насиҳатга нисбатан ҳеч қачон беписанд ва бепарво бўлманглар; ёши ва мартабаси ўзларингдан улуғлар, доноларнинг пандларига шарқона бир эҳтиром билан қулоқ тутишга одатланинглар. Ўқиш билан уқиш ўзга бўлгани янглиғ, тинглаш билан англаш ҳам ғайри тушунчалардир. Деҳқон не- не меҳнатлар ила сомон орасидан донни ажратиб олганидек, яхшиларнинг маслаҳатларидан энг зарурларини топиб олиш ва ҳаётга тадбиқ этиш пайида бўлинглар.

Эй ўғлим! Йигитчиликнинг талай таомиллари борки, уларга амал қилмоқ умр йўлини белгилаб олмоқ демакдир. Энг зукко ва маъруф одам ҳам, айниқса, навқиронлик палласида талайгина нуқсонларга, бемаъни майлларга йўл қўяди. Жамият буни ҳис қилади ва баркамол бўғин нуқсонларини авф этади.

Лекин камчиликларини, энг аввало, ҳаётга қадам қўйган кимсанинг ўзи чуқуррок ҳис этмас ва сабоқ чиқармас экан, охир-оқибат гумроҳликка йўл қўйиши муқаррар!
Ёшликнинг тағин бир муҳим шарти, унинг ўткинчи эканлигини эътироф этмоқликдир. Навқиронлик йиллари сени тез тарк етиб, доғда қолдиришини унутмаслигинг керак.

ҲИКОЯТ

Муштлашиш бўйича жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Руфъат Рисқиев ҳар гал рингга чиққанида зал қарсак ва ҳайқиришлардан ёрилгудай бўлиб кетарди. Унинг мансур ва мағрур қоматини ҳатто экранда кўриш ҳам дилимизга завқу шавқ ато этарди.

Руфъат бу эҳтирому шарифликка осонликча эришмаганди, албатта.

Ўн йиллар давомида не-не қалтис майдонларга тушиб, довруғи оламга кетган баҳодирларни ҳолдан тойдиргани, ҳар гал мақсад йўлида улкан сабот билан курашгани эвазига шундай эҳтиром эгаси бўлганди у. Ҳа, бу йигитнинг муштлашишини томоша қилиш мароқли, ҳаяжонли эди. Даврага тушганда, ортиқча эҳтиросга берилмас, ҳудудсиз олқишлар, унга тикилган фото ва телекамераларга бепарвогина қарарди. Биринчи раунддаёқ рўпарасидаги рақибнинг ожиз ўринларини илғаб олар, сўнг бирин-кетин сабот ва шиддат билан мушт туширар-ди. Унинг мўлжали аниқ, зарбалари ларзакор бўларди ҳар гал. Бундан ман-ман деган ғаним ҳам гангиб қолар, ўзини қайта тиклашга имкон тополмасди. Ҳар бир раунд бетакрор спектаклни эслатарди. Яна ҳам рамзийроқ қилиб айтсам, биринчи раунд комедияга, иккинчиси драмага, учинчиси фожеага ўхшарди. Дастлабки дақиқаларда Руфъат ринг бўйлаб шундай ҳамоҳанг ҳаракатлар қилардики, йигит рақсига ўҳшаб кетарди у. Орқага, ёнга қараб чекиниши; боши, элкасини кўз илғамас шиддат билан олиб қочиши, рақибига имконлар бериб, тағин уни ҳолдан тойдиришини кузатиш мароқли эди. Иккинчи раундда вазият ўзгача тус оларди: Руфъат босиқлиқ, ишонч билан ҳужумга ўтарди. Кутилмаганда унинг чўқмор муштлари рақибни гандираклатиб ташларди. Одатда ўйин тақдири ана шу раундда ҳал бўларди, лекин Руфъат зоҳирий бир мардлик билан рақибини авайлар ва учинчи учрашувга ҳам ўрин қолдирарди. Оҳирги раунд эса кўп ҳолларда поёнига етмаёқ рақиб қўлини кўтарарди.

Кинорежиссёрларимиз унинг баҳодир қоматини қайта–қайта суратга олишар, шоирларимиз уни миллатнинг фахри деб мадҳ этишарди. Машраб Бобоевнинг Руфъатга бағишланган “Юрак” деган шеърини ёдлаб юборгандик.

Мен асли қ¢лга шеър битишим керак….

Қорачўғимда — олис Гавана.
Кўксимиз — ринг.
Асаб системамиз,—
Юксак волтли электр тармоғи.
Симлар-ку салқиндан таранглашади,
Асабимиз симлари эса!—
Юксак ҳароратдан таранг.
Шу қадар тарангки,
Салгина хатога йўл қўйилса — бас!
Катта ёнғин чиқиб кетади.

Мен асли қўлга шеър битишим керак…

Кўксимиз — ринг,
Рингда жанг борар.
Жанг қуроли — мушт.
Лекин мушт муштдай бўлмаса:
Бош бармоқда новокаин;
Ўрта бармоқда новокаин;
Холис бармоқда…
Чимчалоқда…
Энди бунинг аҳамияти йўқ…
Мушт — мушт эмас,
Поролон қўлпоқ бўлса…
Унда нима билан жанг қилинади?

Мен асли қўлга шеър битишим керак….
Лекин қўлда соғлом мушт бўлмаса,
Нима билан жанг қилади боксчи?
Нима билан енгади рақибини?
Нима билан?

Мен асли қ¢лга шеър битишим керак…

Лекин ана…
Муштдайгина бир нарса жанг қилмоқда
Шу муштдайгина нарса туфайли
Поролондай юмшоқ мушт
Чўқморга айланган.

Мен гарчи қ¢лга шеър битишим керак,

Лекин юракка атадим шеърни
Чунки асосий гап — юракда.
Чунки ҳамма гап — юракда!
Аммо…
Надоматлар бўлсинким…

Бу нохуш ҳол бир неча йил муқаддам Кубада рўй берди. Паҳлавонимиз бу гал ана шу мамлакат чемпиони Стивенсон билан майдонга тушди. Америка қитъаси бор овоз билан ҳайқириб, ўз чемпионини олқишларди, байроқлар ҳавода бетиним селпинар; прожекторлар, обективлар батамом кураш майдонига қаратилганди.

Мен Стивенсонни кўрдим-у, унга зоҳиран ачиндим, чунки у Руфъатга нисбатан ёш ва жуссасиз эди. Жаҳон чемпиони бояқишни бир зарб билан мажруҳ қилиб ташлайдигандай эди назаримда.

“Бокс!” ҳитоб қилди ҳакам.

“Ё, Жамшид!” илтижо қилиб қолдик биз.

Ғалабага ташна рақиблар бир-бирларига ташланишди. Муштлашиш таомилларини сув қилиб ичган ҳамзаминимиз ўзига хос босиқлик билан мушт тушира бошлади. Йўқ, у дастлаб чекинган бўлиб, одатига кўра рақибига имкон берди, душман қалъанинг омонат жойларини излагандек, унинг ожиз томонларини ” пайпаслаб” кўрди.

Ҳа, Стивенсон аксарият ёшлардек қизиққон ва тажрибасиз эди. У ўзини аямай жаҳон чемпионига ташланар, лекин бунинг эвазига мушт егани қоларди. Шўрлик шундай шошқалоқлик қилардики, кўп ҳолларда Руфъатни қучоқлаб олар ва улар шу тариқа ҳам бир-бирларини дўппослашар; судя уларни бир азобда ажратиб қўярди.

Биринчи зангдан сўнг Руфъатга таъриф беришди.

“Жаҳон чемпиони, тўрт марта мамлакат чемпиони, олий дара- жадаги фалон ва фалон муштлашишларнинг мутлақ ғолиби”.

“Бокс!”

Рақиблар жамики қувват ва ғазабларини темир муштларига тўплаб, ҳамлага ўтдилар. Тағин қий-чув, ҳаяжонлар… Стивенсон дегани эса негадир биз интиқ бўлиб кутгандай чекинмас, узала тушиб йиқилмас, баръакс тағин ҳам шиддатлироқ бўлиб, оҳудай сакрар, чақиндай ялтирарди. Руфъатнинг муштлари падарқусурни ҳолдан тойдириш ўрнига унга куч-қувват ато этаёттанга ўхшаб кетар ва бундан биз дилтанг-у дилғаш бўлардик.

Океан ортидаги қита ҳамовоз ва ҳамдард бўлиб бақиришни авж олдирар, Стивенсонни олқишларди. Йўқ,

Руфъат ҳам ёлғиз эмасди: бутун Ўзбекистон, эҳтимолки бутун мусулмон олами тақдирдан унга омадлар тиларди.

Биз Руфъатнинг арқонлар билан чоркунжак қилиб ўралган кафтдек жойдаги ҳудудсиз жасоратини ҳамиша умид ва қониқиш билан томоша қилардик. Ўша куни биринчи бор дилимизга ўт тушди, ҳавотирландик. Чунки ҳамюртимиз муҳофазага ўтиб олгани, мускулларидаги қувватни ҳасисона тежаётганига гувоҳ бўлдик. Начора, энергияни ортиқча сарфлаб ҳам бўлмасди: олдинда учинчи раунд бор эди.

Муштлашиш давом этарди.

Руфъат чарчай бошлади. Тажрибалари ва яшириб қўйган сўнгги ҳийлаларини ишга солиб, Стивенсонга устма-уст мушт туширди. У эса бунга жавобан рақибини бурчакка қисиб олиб, беаёв дўппослашга киришди.

Ҳар қалай шу пайт нажоткор занг янгради. Ҳа, нажоткор эди у. Боксчилар нафасларини, томошабинлар ҳаяжонларини саранжомлаб олишларига имкон берадиган садо эди у. Сўнг Стивенсонни таништиришди.

У Руфъатдан анча ёш, кўпчиликка таниш бўлмаган боксчи экан. Лекин баччағар, ногаҳонда қўлга тушган балиқдай типирчилар, курашга ташналигини намоён этарди.

Учинчи раунд кўп давом этмади. Лаънати Стивенсон ногаҳонда чақмоқдек отилиб, Руфъатга мушт туширди. Аммо – лекин ёмон ўрди, бераҳм!

Руфъат Рисқиев йиқилди!

У билан бизнинг умидларимиз ҳам чилпарчин бўлгандай эди. Ҳа, бутун планетанинг кўз ўнгида йиқилиб ётган шунчаки боксчи эмас, гўёки менинг миллатим, ватаним, шон-шуҳратим, номусим эди. Кўзимдан ёш тирқираб кетди!

Бир! Икки! Уч! Тўрт!….ҳакам бармоқларини бирин-кетин букиб санар ва ҳар бир рақам бошимга тўқмоқ бўлиб уриларди. Етти! Саккиз!…. Ниҳоят, Руфъат ўрнидан турди. Йўқ, у энди аввалги девқомат ва шиддаткор Рисқиев эмасди; баракс ноумид ва пажмурдароқ бир вужуд эди. Шу пайт операторлар Стивенсонни ҳам кўрсатишди — у ҳамон курашга талпинарди.

Мен ҳамзаминимиз қаршисида енгилмас ва ҳамиша ғолиб НАВҚИРОНЛИК турганини кўрдим. Буни Руфъат ҳам ҳис этди ва мардларча рақибининг пешонасидан ўпиб, унга омадлар тилади.

Ўғлим! Навқиронлик, ғолиблик демакдир. Диалектик материализмнинг инкорни-инкор деб аталадиган шафқатсиз қонуни рингда яққол намоён бўлади. Бизни доғда қолдирган Стивенсон ҳам эртами-кечми бу майдондан ана шундай ноумид бўлиб, шалвираб чиқиб кетади.Чунки балокаш дунёда омад дегани кўп ҳолларда навқирон одамларнинг эшигини қоқади. Буни ҳамиша ёдда тут ва шунга қараб иш кўр.

Бир чапани одамдан шундай нақл эшитгандим: ўн—қўй, йигирма — бўри, ўттиз — арслон, қирқ — қилич, эллик- пахта, олтмиш — ахта, етмиш — нўхта, саксон — тахта.

Бу мақолни шарҳлаб ўтирмайман—ўзинг хулоса чиқариб ол!
Йигитга ўлим йўқ — ўзини тиққа уради, дейишади, Азиз ўғлим! Сенга етказилган зарофат, энг аввало менга етказилган жароҳат эканлигини унутма. Агар билсанг, амбразурага кўксини қўйган жангчи жасоратидан кўра яшаш учун курашган, дон сепган, ниҳол ўтқазган, китоб ёзган хокисор кишининг жасоратини устун қўярдим!

Ҳа, энг катта жасорат яшаш, зурриёт ва эзгулик қолдиришдир! Ўзга юртларнинг манфаатлари учун жон берган йигитларга жуда ачинаман. Уларни ана шу ўлимга сафарбар этганларга қирон келсин дейман.
Уруш ва жанжалларни ҳамиша ёмон одамлар бошлайди ва унда яхши одамлар нобуд ёки мажруҳ бўлишади! Буни унутма.

Ичкиликка берилма, чекма, аблаҳ одамлар билан ҳамтовоқ бўлма, балодан ҳазар қил, десам мени эзмаликда айблама. Тўғри, бу ўгитларни бобокалонларимиз жуда ибратомуз қилиб ёзганлар, муаллимлар ва яхши одамлар неча бор қулоғингга қуйишган. Лекин гоҳида, мулло бўлсанг, такрор қил, деган нақлни ҳам унутмаслик керак.

МЕҲРИБОН ҚИЗИМ! Алломалар ўз ўгитномаларини нуқул:
“Эй писар!” яъни эй ¢ғил, деб бошлашган. Улар нечундир қизларига мурожаат этишмаган. Эҳтимол ўша замонларда бу таомилга кирмагандир?! Балки уларнинг кўнгиллари қизларидан тўқ бўлгандир — бусиз ҳам одобли бўлишига ишонишгандир.

Мен ҳам сенинг одобли ва шоҳиста бўлишингга ишонаман. Аммо бизнинг ушбу нохуш муҳитимизда эзгуликнинг мунаввар йўлидан андак бўлса ҳам чалғиб кетишингдан хавотир тортаман.
Ҳа, бизнинг замонда аёл бўлиб туғилиш осон эмас. Болаларни вояга етказиш; эр ва бошлиққа бўйсуниб яшаш, фақат фарзандларнигина эмас, уларни (эр ва бошлиқни) ҳам тарбиялаш, билсанг — оғир қисмат!

Аммо аёл қалби бу қудратга қодир! Фақат катта, жуда катта мақсадлар керак!
Сенинг баҳорий вужудингни кўриб, ич-ичимдан қувонишим, фахрланишим ва зоҳирий хавотирга тушишимга энди ишонгандирсан. Жоҳиллар ва ярамас одамлар номинга доғ теккизишларидан, руҳан озор етказишларидан; ўзингга боғлик бўлмаган фалокатлар қаддингни букиб қўйишидан чўчиб яшайман! Сенга кўз тиккан балолар, майли менга тега қолсин, дейман! Чунки мен кўпроқ умр кўрганман ва сендан кўра бардошлироқман!

Биламан, сен авлодимизни улуғлаш учун курашасан, оилангни эъзозлайсан, лекин фақат рўзғоринг учун яшамайсан одамларга наф келтиришни, энг зарур дақиқаларда уларга қўл чўзишни одат қиласан.

ҲИКОЯТ

У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина “Виллис” зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа – сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.
Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.
Худди шу пайтда кутилмаган ҳол рўй берди: қаршимизда бир отлиқ пайдо бўлди ва қамчисини ўйнатганича қўл силкиб бизни аллақандай нохушликдан воқиф қила бошлади. Иккаламиз ҳам ҳушёр тортиб, дилтанглик билан уни кутдик: масофа яқинлашгач, разм солсам, балоғат ёшидаги қиз (эҳтимол, жувондир) экан. У яшин тезлигида бизга яқинлашди ва бор овоз билан огоҳлантирди: “Қочинглар, сел келаяпти!”
Ҳадемай тўриқ ортида енгилгина чанг қолди, холос. Биз жон талвасасида ўзимизни кабинага урдик; шукурларким, мотор дарҳол ўт олди. Андак илгарилаганимиздан кейин эса ажалнинг комига қараб бораётганимизни эсладик: бу тор дараларда орқага бурилиб олиш ҳам унчалик жўн иш эмасди. Ҳадемай улкан харсангларнинг бир-бирига урилишидан ҳосил бўладиган ваҳимали овозлар қулоғимизга чалинди, гувиллаган ёввойи овоз кучая бошлади. Кабинадан шаҳт билан тушиб, иккаламиз (негадир икки томонга қараб) қоча бошладик. Мен қояга рўпара бўлганимдан кейингина шошқалоқлик қилганимни тушундим: соҳил тик ва қалтис эди. Нари томонга қараб, шеригим барра ўтлоқлар бўйлаб юқорига ўрлаб кетаётганини кўрдим. Шу тобда орқага қайтиш ҳам аждаҳо билан юзма-юз бўлишдек ваҳимали бўлиб туюлди. Шунинг учун ҳам чапдастлик билан чақир тошларга тирмашиб юқори чиқа бошладим, харсанглар орасидаги аллақандай бута илдизига, сўнг баданини тикан қоплаган ёввойи бодомчага осилиб, юқори кўтарилдим. Уёғи ясси ёнбағир эди: Тағин анча юқорилагач, бўтана сув энди таъқиб этолмаслигига ишонч ҳосил қилдим-у, тин олиб, пастликка боқдим. Бешикдай-бешикдай тошлар бир-бирига урилиб, пастликка отилар, лойқа сел дуч келган нарсани комига тортиб борарди. Илдизи билан қўпорилган бир терак машинамизга келиб урилди ва уни ағдарди; сўнг ўнгариб олиб, болалар ўйинчоғидай лопиллатиб суриб кетди. Зум ўтмай сув бетон симёғочнинг белига чиқди ва уни ҳам қулатди. Мен табиатнинг бунақа ногаҳоний ва қалтис қилмишини ҳеч кўрмаган эдим. Даҳшатли ҳайқириқ тобора кўтарилиб борар, сел шиддати дунёни босгудай эди. Мен бебош ва бешафқат қудратга узоқ тикилиб, беихтиёр инсоннинг ожизлигини ўйладим ва негадир ўксиб кетдим.
Алламаҳалдан кейин сувнинг кучи кесилди, унинг сатҳи пасая бошлаши билан мен ҳам ортимга қайтдим.
Икки-уч кунгача хаёлим ана шу табиий тўфон билан банд бўлиб юрди: даҳшатли овоз қулоғимга чалиниб тургандай, ҳамлакор тўлқинлар пастга отилаётгадай бўларди. Сўнг эса булар бари иккинчи ўринга чекинди ва мен одамларни огоҳлантириб ўтган ўша ногаҳоний қизни кўпроқ эслайдиган бўлдим: ким бўлди экан у — менинг халоскорим?! Қай бир бахтли отанинг фарзанди экан?! Кейин уни беҳудуд бир дард билан қўмсайдиган бўлдим ва беихтиёр Омонқўтон сари йўл олдим.
Одамлар ногаҳоний фалокат хусусида ҳамон энтикиш билан ҳикоя қилишар, офат кўлами ва қудратидан хабар беришга шошилишарди. Ҳа, анча-мунча нохушликлар бўлибди. Жумладан, мен кўрмоқчи бўлган ўша бинолардан ном-нишон қолмабди. Талай қорамоллар, қўй-эчкилар аспаласопинга равона бўлибди. Булар садқаисар-куя одамлар ҳам қурбон бўлишганини айтишди. Пастки қишлоқда бир аёл нон ёпиш илинжида тандирга уннаётган экан. Сувора қиз хитоб бериб ўтганда боши тандирда бўлгани учун эшитмай қолибди, болакайлари тоққа қараб қочишибди-ю ўзи… Тағин бир киши маст экан.
Жон ваҳимасида ўрмалаб чиқиб кетганим — ўша қоя қаршисида бир зум тўхтаб қолдим. Шу ердан алпинистдай чирмашиб чиққанимни айтган эдим, ҳамроҳлар ишонишмади. Ҳақлигимни исботлаш учун қайтадан чиқмоқчи бўлдим-у аммо уддалолмадим, ғалати.
Хуллас, кўзларидан ўт чақнаган ўша қизни излаб, аввал юқори қишлоқда чиқдим, аммо бу ерда қизнинг кимлигини ҳеч ким айтиб беролмади. Бошқа қишлоқдагилар ҳам уни танишмади. Суриштираверганимдан кейин турфа тахминларни айтишди: юқорида геологлар, биология факултетининг амалиётга келган қизлари, туристлар, йўловчилар дегандай. Қисса кўтоҳ, мен уни тополмадим. Аммо орадан йиллар ўтган сари ҳалоскоримнинг баркамол ва дуркун қомати, бесарамжон нигоҳлари, ногаҳоний шиддати кўз ўнгимда тиниқлашиб, улуғланиб, муқаддаслашиб бораверди.
МЕҲРИБ0Н ҚИЗИМ! Қизлик ва навжувонлик фасли кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Мен ўша отлиқ қизни ички бир энтикиш билан қўмсагандай одамлар сени ҳам эзгу туйғулар билан эслашларини орзу қиламан. Сершавқат ва раҳмдил бўл, болакайларни бағрингга бос, пешонасидан ўп; дилшикаста аёлларнинг кўз ёшларини артиб қўй, жониворларни золимлардан ҳимоя қил!
Майли, ёшлигингдаёқ Оврупо ва ғарб адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо оёғинг мўйсафид шарқ тупроғидан узилиб кетмасин! Урф-одатларимиз, анъаналаримиз, диний эътиқодларимизга беписанд бўлиш — ота-онага, боболарга ҳурматсизлик эканлигини унутма!
Худо кўрсатмасин, бошингга оғир кунлар, ногаҳоний мусибатлар тушганда руҳинг тушиб, қаддинг букилиб қолмасин!
Олдингда ҳали шуълакор ва мунаввар кунлар кўплигини ёддан чиқарма!

(Давоми бор)

Нусрат Раҳмат

Манба: nusratrahmat.blogspot.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Адашиб ташланган пул

Эрталаб телефонимга смс хабар келди. Қарасам "ҳисобингиз 30 минг сўмга тўлдирилди" деган ёзув. Ҳайрон бўлдим. Мени ҳисобимга унақа 30 минг сўм ташлайдиган сахий дўстларим ...

Эркак билан қўл бериб сўрашишдан бош тортган муслима судда ютиб чиқди

Фото:FARAH ALHAJEHАлхўжа хоним ўзига ўхшаган бошқаларнинг ҳақларини ҳам тамсил қилишини айтган. Эркак киши билан қўл бериб сўрашишдан бош тортгани учун ишга қабул қилинмаган ...

Тошкентда йил бошидан бери оилавий ажримлар сони 769 тани ташкил этмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитасининг оилавий ажримлар, уларни келиб чиқиш сабаблари муҳокамасига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400