«Шайтон мойи» сотилади… ёхуд «ўйнаб» китоб чиқариш қачон тугайди?

Тўғриси, ўқишга яроқсиз китоблар ҳақида мақола ёзиш фикридан йироқ эдим. Аммо кимдир, нимадир атайин қилаётгандек бўлаверди: бир-биридан ошиб тушадиган «факт»лар ҳар куни «қаршимда пайдо бўлиб», олдимдан ўтаверди. Улар гўёки «мени ёз, йўқ-йўқ, мени ёз» деяётгандек эди. Ниҳоят борини борича ёзишга қарор қилдим. Дастлаб «оёғим таги»дан чиққан далил ҳақида…

Яқинда қўлимга «Япония халқ эртаклари» китоби тушиб қолди. Очиб ўқий бошладим-у… Ишонсангиз, ўрнимдан туриб кетдим. Эртакнинг қисқача мазмуни қуйидагича: «… Бир куни чол зараркунанда бўрсиқни тутиб олибди ва  кампирига  кечқурун унинг гўштидан шўрва қилишни тайинлаб кетибди. Чол кетгач, бўрсиқ «ўғир даста» билан кампирнинг калласига уриб, уни ўлдирибди. Бўрсиқ кампирнинг танасини қиймалаб одам гўштидан шўрва тайёрлабди. Бўрсиқ бир юмалаб, кампир тусига кирибди-да, чолнинг қайтишини кутиб ўтирибди… Чол шўрвани мақтаб, ҳузур қилиб тилларини шапиллатиб ичибди. Шундай қилиб, чол ўз кампирининг гўштидан пиширилган шўрвага роса тўйиб олибди…»

Билмадим, ваҳшийлик, одамхўрлик акс этган бу эртак японларда бўлса бордир, лекин уни болажонларга «ҳавола этиш»ни қандай баҳолаш керак, қандай?!

Таржима ҳам нозик, ҳам қийин масала. Унга шунчаки, енгил-елпи ёндашиб бўлмайди. Таржима қилинган асарда ўша халқнинг ҳаёт тарзи, руҳияти, «мени»дан тортиб сўзлашув оҳанги ҳам бузилмасдан акс этиши керак. Япон эртаклари ўзбек тилига жуда ғализ таржима қилинган. Бунга мисоллар китобда «тиқилиб ётибди».

«Сичқоннинг никоҳланиши» номли эртакни ўқиб, ҳам куласиз, ҳам куясиз. «Ўтган замонда бир ўрмонда эр-хотин сичқон жуда фаровон ҳаёт кечирган экан. Лекин улар бефарзанд эканлар. Улар кеча-ю кундуз Худодан фарзанд сўрашар экан.

Кунлардан бир куни улар бир қиз кўришибди. Бу қиз вояга етгач, жуда гўзал бўлиб кетибди.

– Бизнинг қизимиз Япониядаги гўзалларнинг гўзали, — деган фикрга келишибди ота билан она. – Демак, ўзига ўхшаш энг гўзал куёв топиш керак.

… Улар қизларини қўшни сичқонга эрга беришибди. Ёшлар аҳил ва хушчақчақ ҳаёт кечиришибди». Қалай, таржима зўрми? Зўр бўлмай кетсин!

Япония маъмурий-ҳудудий жиҳатдан 47 та прeфектура ва  шаҳарларга бўлинади. Китобда «прeфектура» сўзига кўзим тушмади, нуқул «вилоят» деб берилган.  Менимча, префектура ўзбек тилига ўгирилмасдан берилганда тўғрироқ бўларди. Дейлик, «Заковат»да ёки тестда «Япониянинг маъмурий-ҳудудий бўлиниши қандай номланади?» деган савол берилса, шу китобни ўқиган бола «вилоят» деб жавоб берадими?

Княз, князлик, бош княз… Қойил, буниси энди ошиб тушди. Ахир, Японияда ҳеч қачон князлик бўлмаган, японлардан ҳеч вақт «княз»лар чиқмаган. «… Княз кўзачада жуда ширин «чайнаманг-шиминг» сақлар экан…». Эртак давомида дам «кўза»да, дам «кувача»да сақланган ўша «чайнаманг-шиминг» нима ўзи? Оддий оққанд ёки «япон хўрозқанди»  шевада «нг-нг» бўладими?

2016 йилда Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 5000 нусхада чоп этилган «Япон халқ эртаклари»ни асабим бироз бузилганини айтмаганда ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонсиз ўқиб чиқдим. Лекин негадир китобда ундов белгиси бебилиска «ишлатилган». Оддий гапда ҳам ундов, дарак гапда ҳам ундов, сўроқ гапда ҳам ундов. Мабодо, тиниш белгиларини ишлатиш-қўллаш қоидалари ўзгармаганми?!

Китобда имловий хатоларни «излаш» шарт эмас. ­Деярли ҳар бир эртакда (жумлаларда) учрайдиган, ғашга тегадиган ғализликларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Одамкўзли маймун ҳақида ҳеч эшитганмисиз?.. «Мана буни гуруч» деса бўлади! Фақат, ўзини шундай ейишга одамнинг кўзи қиймаяпти, – дебди маймун».

Эртаклар — яхшиликка етаклар, дейишади. Дарҳақиқат, эртакларнинг сирли олами болажонларни эзгуликка ундаши керак. Лекин эзгуликнинг «э» ҳарфи ҳам йўқ «Чарс-чарс тепалиги», «Жинлар чолни қандай даволадилар», «Шайтон мойи», «Маймуннинг қайлиғи», «Тентакнинг ҳамма гапи пойма-пой» каби бемаъни, бемаза эртаклар қайси «калла» билан китобга киритилган экан. Биргина «Шайтон мойи» номли эртакни ўқисангиз, беихтиёр «э…» деб юборасиз. «… Ёдзиронинг балиғи билан отини шайтон еб қўяди… Ёдзиро шайтонни қозонга «қамаб», уни оловда куйдириб, эритади. Эртасига қозоннинг тувоғини кўтариб қараса, қозон қулоғигача қора мой билан тўла. У ёғни шаҳарга олиб борибди-да, кўз кўриб қулоқ эшитмаган катта пулга сотибди». Тамом, эртак шундай тугайди. Даҳшат-а! Ана сизга «кирмошина-ю», мана болаларга «сюрприз!».

Хуллас, эртак китоб ҳар тарафлама таҳрирталаб. Негадир китобда на таржима қилинган манба, на таржимоннинг исми-шарифи кўрсатилган. Борди-ю, китоб «бунёдкор»лари – таржимон, муҳаррир ёки мусаҳҳиҳни учратиб қолгудек бўлсам, уларга айтар сўзим қисқа, аммо саволларим узун бўлади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Китоб қачон хатолардан холи чиқади? Қачонки, нашриётлар қошида тегишли соҳа, мавзу ва йўналишлар бўйича ҳам малакали, ҳам масъулиятли мутахассислардан иборат махсус бадиий кенгаш тузилса ва унинг хулосавий тавсиясидан сўнг китоб нашр этилса. Бадиий кенгаш доимий тарзда фаолият кўрсатадими ёки жамоатчилик асосидами,  қатъи назар, ишлаши керак! Бу ҳаётий эҳтиёждир.

Таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг ўзи ҳам, ижоди ҳам ҳурматга лойиқ.  У кишининг 2011 йил «Ўзбекис­тон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган «Алвидо, гўзаллик» номли китобидаги бир-иккита ҳикояни ўқишга сал қийналганман. Гап шундаки, китоб сифатсиз чиққан, ё менинг қўлимга «сигналний вариант» тушиб қолганми, билмадим. Китобда варақлар кетма-кетлиги 321-дан 337- бетгача бузилган.

Менимча, ҳеч бир нашриёт ва босмахона масъуллари «биздан сифатсиз китоблар чиқмаган, чиқмайди ҳам» деб кафолат беролмаса керак. «Сермаҳсул» ижодкор Азамат Қоржововнинг  қайсидир китоби, адашмасам, «Дизайн пресс»дан чиққани яхшигина «брак» эди. Ўша китоб олдида «Алвидо, гўзаллик» аниқ «тўйга боради».  Мен бу мисолларни келтириб,  ваҳима қилмоқчи эмасман. Шунчаки китобга эҳтиёт бўлиб, эътиборлироқ  бўлиш керак, «бўлаверади» дейиш билан иш битмайди, демоқчиман, холос. Дўкондан ҳеч қачон сифатсиз нарса  – лаби сал учган пиёла тугул қийшиқ михни ҳам олмаймиз. Ахир, китоб мих эмас-ку!

Китоб чиқариш осонми? Бу саволнинг жавоби иккита – «Йўқ» ва «Ҳа».

…Кетсам ҳам танилмай сўнгги йўлимга,

Аллоҳни ёлғизим – Ҳақ деб юрибман.

Тириклик мангудир бундай ўлимга,

Умримнинг давоми  – Халқ деб юрибман –

Мен –  китоби чиқмаган шоир.

Бу сатрлар тириклигида китоби чиқмаган шоир Абдулла Турдиевга тегишли. Агар китоб чоп этиш ҳозиргидек осон бўлганда эди, 55 ёшдан ошиб ҳам «китобини кўрмай кетган» шоирнинг ким билади нечта китоби чиққан бўларди? Айтишларича, Абдулла ака ўзига жуда талабчан бўлиб, «Шеърларим китоб бўлишга лойиқми?» деган истиҳола билан китоб чиқаришга кўпам ошиқмаган экан.

Ҳа, китоби чиқмаган, аммо ўз ижодига ўта талабчан, ҳеч нарсани даъво қилмасдан жимгина юрадиганлар бор. Уларнинг бир чеккада тахланиб ё сарғайиб ётган «нарса»лари «семиз-озғин» китоблардан «ўлса ўлиги ортиқ». Афсуски…

Машҳур ёзувчи-драматург Шароф Бошбеков кейинги йилларда ҳамқишлоқларидан тўрт нафари китоб чиқарганини билмаса ҳам керак. «Темир хотин»нинг «хўжайини»ни китобхонлар жуда яхши билишади, анови тўртта «ижодкор»ни эса таниш-билишларидан бошқа ҳеч ким танимайди.

Ҳеч кимга сир эмас, йилига битта, ҳатто, бир йилда иккита китоб чиқарадиганлар бор. Ўтган йилги китобига бу йил 10-15 та шеър қўшиб, китоб муқовасини альбом билиб, суратини, суратларини берадиганлар бор. Омма эътиборини тортадиган алламбало сарлавҳалар қўйиб, деярли ҳар йили потирлатиб китоб чиқарадиган «конвейер ёзувчи»лар бор. Уларнинг «эртаси йўқ» асарларига ҳозирча «чанқоқ»лар бор.

Икки хил исм билан битта китоб чиқариш мумкинми?.. Мумкин экан. Ҳатто, битта китобни иккита ном билан чиқарса ҳам бўларкан. Абдуғани Абдуллаев ёки Ғани Абдуллаев – «20 дан яқин насрий ва назмий асарлар муаллифи». Сиз «20дан яқин»ни 20га яқин деб тўғрилаб ўқишга шошманг. Бу имловий хато бир эмас, «бор-йўғи» тўрт-бешта китоб муқовасида берилган, холос. Муаллифнинг ўзи қисқача ижодий таржимаи ҳолига эътибор бермагандан кейин ­«масъулиятли ношир»ларга нима. Улар «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш кўриб, «флешка»да  нима бўлса, ўшани босиб бераверади. Натижада «ичи» айнан бир хил, аммо номи икки хил – «Китобим – меҳрибоним» ва «Китобим – энг яқин дўс­тим»  пайдо бўлади. Нашриёт ва босмахона манзили кўрсатилмасдан 2018 йилда «нашр этилган» бу китобларда ёзувчи Зоир Зиёнинг муаллиф ҳақида мухтасар сўзи берилган. Китоблар қаердан чиққан? Буни балки Зоир Зиё яхши билар?!

«Охират сандиғи» ғирт ғалати китоб. Бу китоб 2005 ва 2018 (?) йилларда «Мовароуннаҳр» нашриёти томонидан чоп этилган. Бирида муаллиф Ғани Абдуллаев, иккинчисида Абдуғани Абдуллаев. «Ичи» ўзгармаган китобнинг ҳар иккала варианти ҳам аслида бир вақтда чиқарилган: «Босмахонага 2005 йил 6 августда топширилди. Босишга 2005 йил 29 июлда рухсат этилди». Қизиқ, китоб аввал босмахонага топширилиб, сўнг босишга рухсат этиларди, шекилли. Китобга Ўткир Ҳошимов сўзбоши ёзган экан ва уни «қайта нашр»да беришда «ношир»лар хол қўйишган.

Ёши улуғ инсон Абдуғани Абдуллаевни кечирса бўлар, аммо «илтимос» қилинса, «эга-кесими» йўқ китоб чоп этаётган «ношир»ларни-чи? Компьютер ва рангли принтердан фойдаланиб, «қўлбола» китоб чиқараётганларни ҳам топса бўлади. Уларни  «муаллиф»лар топиб бериши мумкин. Сўнг улар «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун ҳужжатлари талабларини бузгани учун белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиб, «отнинг калласи»дай жарима тўлашса, лицензиядан айрилса… бу бошқаларга сабоқ бўлар, қолганлар «билиб-билмай» иш қилмайдиган бўлишарди.

Сўнгги пайтларда мактаб ўқувчилари ҳам китоб чиқаряпти. Бунинг нимаси ёмон дерсиз? Агар ўқувчи фавқулодда иқтидорли, истеъдодли бўлса, уни ҳар қанча қўллаб-қувватлаш лозим. Аммо бунинг акси бўлса-чи? «Илтимос, шуни чиқариб берсангиз» дея фарзанди ё набирасининг «асари»ни қўлтиқлаб юрувчиларга дуч келмаган бош муҳаррир бўлмаса керак.

Тунов куни «Отчопар»дан қайтаётиб, йўналишли таксида ҳайдовчи билан келажакда «шоира» бўладиган қизчанинг суҳбатини эшитиб келдим. «Ўткир Ҳошимовнинг шеърларини кўп ўқиган, аммо ҳозир эслолмаётган» қизча гап орасида мақтаниб қолди: «Келаси йил дадам китобимни чиқартириб, туғилган кунимга совға қилар экан». Бўлажак «шоира»нинг саводи ва сўзларидан «таъсирланиб» бекатда тушиб қолдим.

Бир эртак-кино бўларди. Унда  кимда-ким ялмоғизга «бўлаверади» деса, у бундан  қопдай семиради ва аксинча, «бўлмайди» дейишса, буткул тоби қочади.

Бугун ана шу «бўлаверади»ларнинг даври ўтди. Китобхонликка эътибор ва муносабат давлат даражасида ўзгарди. Аммо барчани китобхон бўлишга, мутолаага чорлаяпмиз-у, лекин қандай китоб ўқиётгани билан қизиқмаяпмиз. Шакли китоб бўлса, уни мутолаа қилиш мумкин, деб ўйлаймизми? Чоп этилаётган китобларнинг мазмуни билан нашриётларнинг иши йўқ экан, унда БОШҚАЛАР-чи? Ёки улар фақат томошабинми?..

Алижон Абдураҳмонов

Манба: ishonch.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қирғизистондаги путин чўққисига украина байроғи ўрнатилгани сабабли альпинистлар сўроққа тутилди

Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги Путин чўққисида Украина байроғи акс этган видеони тасвирга олган альпинистлар сўроққа тутилди. Бу ҳақда Чуй вилояти милицияси хабар берди. ...

Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид янги лойиҳани ўқиб…

Биз ўзбеклар ўтмишда бир неча алифболардан, жумладан, араб ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1929 йилгача), лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1929-1940 йй.) ва кирилл ...

Булунғурда 10 кунлик келинчакни эри аёвсиз калтаклади

Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи Зуҳра Умарова келинлигининг ўнинчи кунида эри томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400