Ўзбекистондаги “Адолат” социал-демократик партияси мамлакат бўйлаб “Адолатли қайнона” кўрик-танловини ўтказаётганини ўз интернет саҳифасида эълон қилди.
Сайтда айтилишича, “Адолатли қайнона” кўрик-танлови “партияга аъзо бўлган фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган қайноналарни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида” ўтказилади.
Нукус шаҳридаги танлов ғолиблари чойнак билан мукофотлангани партия матбуот хизматининг суратида акс этган.
“Кўрик-танловда халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган қайноналар иштирок этишди,” дейилади хабарда.
Баёнотда энг “Адолатли қайнона” бўлиш учун қандай хусусият ё билимга эга бўлиш кераклиги айтилмаган.
“Бир-биридан қизиқ шартлар давомида ёшларга ибрат мактабини кўрсата олган ташаббускор аёллар энг юқори баллга эга бўлдилар ва танловнинг Қорақалпоғистон республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритишди,” дейди партия матбуот котиби.

Танловнинг Нукус шаҳар босқичи ғолиби Умитхан Халмуратова партия ходимларига ўз миннатдорчилигини қуйидагича изҳор қилгани билдирилди:
“Адолатли қайнона” кўрик-танловини ташкил этиб, кўтаринки руҳда ўтказаётган партия ходимларидан биз иштирокчилар жуда миннатдормиз. Чунки, мазкур кўрик-танлов ёш келинларга ибрат мактаби бўлиб қолмасдан, юртимиз аёлларининг истеъдоди, маҳорати, изланиш ва имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда қўллаб-қуватлашга қанот бўлмоқда деб бемалол айта оламан. Танловда қатнашиб аҳоли ва партия аъзоларининг мамлакатимиз конунчилиги борасидаги билимларини, сиёсий онги ва маданиятини янада оширишга озгина бўлсада ҳисса қўшганимдан хурсандман.”
Партия билдиришича, айни кунларда мазкур республика кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган қайноналар ҳудудий босқичда қатнашиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар.
Энг “адолатли қайнона” қандай мукофотга сазовор топилиши ҳозирча эълон қилинмади.
Қайноналар кенгаши
Ўтган йил май ойида Ўзбекистонда ҳар бир маҳаллада “Қайноналар кенгаши” ўз фаолиятини бошлаши эълон қилинганди.
Кенгаш бошчилигида бўлажак қайнона ва қиз узатаётганлар рўйхати тузилиши ва улар билан махсус машғулотлар ўтказилиши режаланган. “Қайноналар кенгаши” келиннинг ўзидан сарполари, мол-дунёсини устун кўриш ҳолларини олдини олиш олиш учун тузилгани айтилган.
Кенгаш Тошкент шаҳрининг 5 туманида аллақачон ўз фаолиятини бошлаб юборгани айтилмоқда.
Манба: Би-би-си