Талон-тарожчилар “Фаолияти” авж олмоқда

Соглом бола йилиЯқинда “2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг қарори эълон қилинди. Унда ўтган 2013 йилда давлат бюджети профицит билан ижро этилганлиги, инфляция даражаси прогноздагидан паст бўлганлиги ва 6,8 фоизни ташкил этганлиги алоҳида таъкидланади. Бу, албатта, расмий маълумотлар. Бунинг нечоғли тўғри-нотўғрилиги эса, бизга аён эмас. Бироқ инфляция даражаси 6,8 фоизни ташкил этганига у қадар ишонгимиз келмаса-да, негадир давлат бюджетининг профицит билан ижро этилганлигига оид маълумотнинг тўғрилигига ишонгимиз келади. Чунки бугунги кунда давлат бюджетидаги кўпгина ташкилот ва идораларда, шунингдек, муассасаларда ҳар хил тадбирлар учун ходимлардан пул йиғишнинг авжига чиққанлиги ўз сирлилигини аллақачон йўқотган. Биз юқорида тилга олган гапларимиз  қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун бунга оид мисолларни айнан таълим муассасаларидан келтиришга ҳаракат қилдик. Зеро, 2014 йилнинг Президентимиз томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганлиги кўпчиликка яхши маълум. Соғлом болалар эса, оила ва айнан таълим муассасаларида вояга етишини эса, ҳамма яхши билади.

Суриштирув ишларимиздан аён бўлишича, бугунги кунда республикамизнинг деярли барча вилоят ва туманларидаги давлат бюджетидаги мактабгача таълим ва таълим муассасаларида, жумладан, болалар боғчаси, мактаб, лицей, коллежларда ҳар хил тадбирлар, масалан, илм масканларини реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш, спорт майдонлари, синфхоналар, аудиторияларни таъмирлаш ва бошқа сон-саноқсиз ишлар тарбияланувчилар, ўқувчилар ота-оналаридан мажбурий пул йиғиш эвазига амалга оширилмоқда. Мактаб, лицей, коллежларда ҳар хил норасмий фондлар – синф фонди, мактаб фонди “фаолият” юритаётгани, бу “фонд”лар орқали ҳар ойда ҳар бир ўқувчидан 3000 сўмдан 4000 сўмгача пул йиғилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Энди оддий  арифметик ҳисоб юритишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Учта синфдан иборат ҳар бир синфда ўртача 25 нафардан 75 нафар ўқувчи  таҳсил олади дейлик. Демак, мавжуд 9 синфда 675 нафар ўқувчи ўқийди. Ушбу ўқувчилардан ҳар ойда мактаб фонди ва синф фонди учун ўртача 3000 сўмдан пул йиғилса, нақ 2 025000 сўм бўлади. Бу Ўзбекистон шароити учун озмунча пул эмас. Бундан ташқари бошқа-бошқа “йиғ-йиғ”лар ҳам бор. Айрим мактабларда бузилган сув жўмрагини таъмирлаш, янгисини сотиб олиш, синган ойна-ю куйган лампочкаларни янгилаш, ҳатто айрим билим масканларида мактаб қўриқчиси ва фарроши учун ойлик маоши тўлаш ҳам боёқуш ўқувчилар, аниқроғи уларнинг ота-оналари зиммасида.

Гапимизни ёлғон, туҳматга йўйувчилар, албатта топилади. Улар халқдан узоқлашган, оёғи ердан узилган жаноби олийлар бўлиши  эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар ана шу жаноби олийларида шундай шубҳа-ю гумонлар пайдо бўлса, фарзандлари ўрта мактаб, лицей, коллежларда таҳсил олувчи ота-оналар жамоаси билан бемалол суҳбат ўтказсинлару, бизни сохта ахборот тарқатганликда айбласинлар.

Юқорида тилга олганимиздек, бу “йиғ-йиғ”ларнинг ҳаммаси эмас, албатта, баъзан ўқитувчилар, синф раҳбарлари бечора ўқувчилардан илм масканини текшириб келган комиссиялар учун мажбурий тарзда пул йиғиб оладилар. Бундай жараёнларда ўқитувчилар ҳам қараб ўтирмайдилар, улар ҳам ойлик маошларининг тўртдан бир қисмини комиссия вакилларининг оғзини ёғлаш учун сарфлашга мажбур. Хуллас, давлат бюджетидаги таълим муассасаларининг деярли барча икир-чикирлари ўқитувчилару ота-оналар (ўқувчилар) зиммасида десак адашмаган бўламиз. Агар директору жараёндан хабардор ўқитувчилар билан ушбу мавзуга доир суҳбатлашсангиз улар давлат томонидан етарли даражада маблағ ажратилмаётганлиги, шу сабабдан ҳам ҳар хил норасмий фондлар ташкил этилганлигини тилга оладилар. Бу ҳақида маҳаллий матбуотларда бир неча марта чиқишлар қилинган бўлса-да, жараён тўла-тўкис бартараф этилмаяпди. Чунки буйруқ қуйидан эмас юқоридан берилмоқда. Демак, балиқ бошидан чириган. Таълим муассасаларига давлат томонидан ажратилаётган бюджет маблағлар нималарга сарфланаётганлиги эса, оддий халқнинг барчасига бирдек қоронғу! Давлат бюджетидаги таълим масканларининг икир-чикирларини ўқитувчилару ўқувчилар жамоаси ўз зиммасига олаётган экан, демак, Вазирлар Маҳкамаси мажлиси қарорида таъкидланганидек давлат бюджети, албатта, профицит билан ижро этилади-да!

Юқорида таъкидланган қарор эълон қилингандан орада кўп вақт ўтмасдан маҳаллий матбуотларда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг ҳамкорликдаги ишлари дастурига асосан бюджет ташкилотларининг бюджет интизомига риоя этишига оид назорат-таҳлил тадбирлари, аниқроғи, 2013 йилнинг тўртинчи чорагида республика ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириладиган ўн тўққизта ташкилотда ўтказилган режали текширувлар натижалари эълон қилинди. Унга кўра, бир қатор республика ва вилоятлардаги ташкилотларда давлат бюджети маблағлари талон-тарож қилинган, миллиард-миллиард сўмлар кимлардир томонидан ноқонуний ўзлаштирилган, йўқ қилинган… Мана сизга асил моҳият!..

Бюджет маблағларидан оқилона фойдаланмаслик нафақат қоғоздаги ислоҳотлар самарадорлигига путур етказмоқда, шу билан бирга, аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Буни икки-уч ойлаб ойлик маоши ололмаётган ташкилотлардаги вазиятлардан ҳам билса бўлади.

Асил ЭЛЎҒЛИ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тадбиркор ҳақми ёки тошкент шаҳар божхона бошқармаси?

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” Бирор хорижий давлатда қўлингизга тушган маҳсулотда шу ёзувни ўқиб қолсангиз фахрланасизми? Мен фахрланаман. Навбатдаги журналистик текширув ...

Рашид қодиров «кулранг схемалар» ҳақида қачон айтиб беради?

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг навбатдаги мажлисида давлат айбловчиси судланувчи Рашид Қодировга янги айблов эълон ...

“жаҳон рекорди” ўрнатган ўзбек сўми ҳақида

Рустам Усманов Аввало пул нима деган саволга жавоб топиб олайлик. Қўлимиздаги бир парча қоғоз биз учун пул ҳисобланади. Унинг пул бўлиб хизмат қилиши учун ягона шарт шуки, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400