Ўзбек қизиқчиси Ҳожибой Тожибоевга жигар касаллиги юқтирилганмиди?

Ҳожибой Тожибоев теша тегмаган ҳангомаларни топарди
Ҳожибой Тожибоев теша тегмаган ҳангомаларни топарди

Машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг ёруғ дунёдан ўтганига ўн йил бўлди. Эл суйган қизиқчининг ўлимига сабаб бўлган жигар хасталиги унга атайин юқтирилганмиди?

Санъатшуносларнинг айтишларича, йиллар ўтган сари машҳур қизиқчининг қадри ортмоқда.

Қизиқчининг қаричи

У билан ўтказилган суҳбатлардан бирида «Даракчи» мухбири Ҳожибойдан «Бугунги ўзбек қизиқчилиги ҳақида қандай фикрдасиз? Қизиқчилик билан масхарабозлик аралашиб кетгандай туюляпти», дея сўрайди.

Ҳожибой бу саволга одатдагидай ҳазил аралаш жавоб беради:

«Аралашиб кетганига анча бўлди. Энди ҳамма дунёни ўз қаричи билан ўлчайди. Масалан, ақлли одам дунёнинг ақлли томонларини кўраркан, аҳмоқ одам аҳмоқона томонларини кўраркан-да. «Сен менга битта ҳажвия айтчи, мен сенга кимлигингни айтаман», деган гап бор-ку.

«Ҳожибойнинг қаричи ўзиники эди. У ҳеч қачон одамларни кулдириш учун айримларга ўхшаб аёллар кийимини кийиш нари турсин, ҳатто бошига рўмол ҳам ўрамаган. Мушук бўлиб миёвламаган, ит бўлиб вовулламаган, маймун бўлиб ирғишламаган. Айтишларича, унга бундай қилмасликни Ўзбекистоннинг машҳур санъаткорларидан бири айтган экан», дейди Ҳожибойнинг ҳамқишлоғи, Тожикистоннинг Жаббор Расулов ноҳиясидаги Янгиқишлоқ қишлоғида яшайдиган ижодкор Эрматбобо Болтабоев.

Эрматбобо Болтабоев машҳур ҳамқишлоғи ҳақида «Ҳожибойни эслаб. Ўзи қизиқ, сўзи қизиқ» китобини ёзган. Ижодкор Ҳожибойга бағишланган хотира концертига унинг укалари ва ҳамқишлоқлари билан борганини эслар экан, шундай деди:

– 2009-йилнинг 10-сентябри эди. «Халқлар дўстлиги» санъат саройида унинг дўстлари, қизиқчилар, санъаткорлар саъйи ҳаракати билан «Ҳожибойни эслаб…» деб аталган хотира концерти ўтказилди. Ўзбекистоннинг таниқли кулги усталари, машҳур ҳофизлар, Ҳожибойнинг дўстлари у ҳақида нуқул яхши гаплар айтишар экан, ҳамқишлоқ сифатида фахрланиб кетдим.

– Мен акамларнинг қанчалик кучли, зўр қизиқчи эканликларини уларнинг ёнларида бирга юрган кунларим яхши билмаган эканман. Жуда кўпчилик менга «Ҳожибойга тенг келадиган қизиқчи йўқ. У бизни кулдираётган пайтда, ич-ичидан йиғлайди. Кулги билан дардимизни аритади», деганда, мен шунчалик акам бўлганликлари учун айтишяпти, деган ўйга борардим.

Ҳожибой Тожибоевнинг укаси Бекмурод Тожибоев
Ҳожибой Тожибоевнинг укаси Бекмурод Тожибоев

Энди акамнинг ҳажвий чиқишлари ёзиб олинган дискларни кўрганимда, мухлислар ҳеч қачон менинг кўнглим учун гапиришмагани, юракларидаги гапларни айтишганини биляпман, – дейди Ҳожибойнинг укаси Бекмурод.

Кулгига ўралган аччиқ дард

– Қаерда ўзбек бўлса, ҳозиргача Ҳожибойнинг дискларини топиб кўради, ҳажвини эшитади – дейди Россиянинг Томск шаҳридаги ўзбеклар жамияти фаолларидан бири Иномжон Тошматов.

– У халқнинг аччиқ дардини гулқоғозга ўрагандайин қилиб, кулгига ўраб, ўзига етказарди. Кулги остида куйинчак бир дард ётарди.

У шундай дея Ҳожибойнинг атом бомбаси ва коллежлар ҳақидаги ҳажвияларини эслайди. Атом бомбаси ҳақидаги ҳажвияни бошдан-оёқ айтиб беради. Атом бомбаси тушганда аҳолига эълон қилиш ўрнига, жонини олиб қочган телевизон диктори, қутулмоқчи бўлсангиз, метрога киринг деган эълон…

– Қизиқчи Ўзбекистонда биргина Тошкентда метро бўлса, бошқа шаҳар ва қишлоқларда яшаётганлар нима қилишсин? Фарғона-ю Самарқанддан, бошқа вилоятлардан Тошкентга, метрода жон сақлаш учун етиб келишади, деганда ё противогазлар ҳақида гапирганда коса тагида нимкоса ётарди. Ҳожибой Тожибоев кутилмаган кулфат юз берганда, халқни ҳалокатдан асраш учун масъул одамларнинг савиясидан. чорасизлигидан усталик билан куларди, кулдирарди, – дейди Иномжон Тошматов.

Тўрт томони яйдоқ чўлнинг қоқ ўртасидаги чиройли баланд иморат – коллеж биноси ҳақидаги ҳажвияда эса, Ўзбекистонда таълим тизимининг нақадар ишдан чиққани кулги остига олинган, дейди Иномжон Тошматов. Унинг айтишича Ҳожибойнинг концерти ёзиб олинар экан, бу ҳажвияси қирқиб ташланган. «Буни менга ўша концертда қатнашган кишилар айтишди», дейди Иномжон Тошматов.

Кулиб ва куйиб

«Халқ камдан-кам қизиқчига қизиқ унвонини берган. Масалан Юсуфжон қизиқ,Охунжон қизиқ. Умуман, ўзбек қизиқчилик тарихини олсангиз, қизиқлар сони бармоқ билан саноқли. Улар чинакам туғма қизиқчилардир. Ҳожибой акам ҳам улардан бири эди. Эл орасида «Ҳожи қизиқ» деган ном қозонди», дейди Ҳожимурод Тожибоевнинг тожикистонлик шогирди Ғайрат Ҳамроқулов.

Ғайрат 1996-йилда Тошкентда ўтказилган «Ўхшаш чеҳралар» Ўрта Осиё ва Қозоғистон қизиқчилари телевизон танловида қатнашиб, биринчи ўринни олган. Кирқ нафардан ортиқ қизиқчи қатнашган мазкур танловда у Ҳожибой Тожибоев қиёфасида намоён бўлган.

Ғайрат Ҳамроқулов
Ғайрат Ҳамроқулов

«Устоз халқнинг дардини айтардилар. Аслида ҳам одамлар юрагидаги гапларни топиб айтмаса, халқнинг юрагидан жой олармиди. Устозда кузатиш қобилиятлари жуда кучли эди. Кутилмаганда, масалан, суҳбатлашиб ўтирилган чоғда ҳам теша тегмаган гапларни айтиб юборар ва шу аснода янги бир ҳажвия туғиларди. Ҳажвларида заррача бачканалик, дағаллик, бепардалик йўқ эди. Лекин айримлар устознинг чуқур маъноли гапларини тушунишмасди. Масалан, тракторчилар ва ўқитувчиларнинг тўйга келишлари ҳақидаги ҳажвларини айримлар муаллимларни пастга уряпти, деб талқин қилишган. Лекин аслида Ҳожи ака ўқитувчининг жамият орасидаги мавқеига куйиниб, устозларга эътиборсизликка чидаёлмасларидан гапирганлар. Усталик билан. Кулдириб ва куйдириб. Кулиб ва куйиб», дейди Ғайрат Ҳамроқулов.

Ва у қўшиб қўяди: «Мен устозни ўзбек қизиқчиларининг қироли, дейман».

АБВГД

Ҳожибой – Ҳожимурод Тожибоев айни камолот ёшида – 53 ёшда вафот этгач, ҳар хил миш-мишлар тарқаб кетди. Ҳатто унга жигар циррози атайлаб юқтирилган деган гаплар пайдо бўлди.

«Касаллик тиш олдирганликларидан кейин ўтгани рост. Лекин мен буни тиш духтурининг эҳтиётсизлиги, деб ўйлайман», дейди Ҳожимуроднинг укаси Бекмурод.

Унинг айтишича акаси хавфли касаллик юқтирганини деярли тўрт йилгача сезмаган. Сезганда эса, яқинларига, жумладан, ўзи билан доим Тошкентда бирга бўлган Бекмуродга билдирмаган.

«Акам агар мен билсам, онамга бориб айтишим, волидамиз ғам чекишлари мумкинлигидан хавотир бўлганлар. Ҳар хил шифобахш гиёҳлар, дорилар ичиб юраверганлар, Беморликларини силлалари қуриб ҳолсизланишларидан, ориқлай бошлаганликларидан сезганмиз. Шунда ҳам бизга ўтим шамоллабди, парҳез қиляпман, деганлар. Тиш олдирганларида игнадан касаллик юққанини бир ҳажвларида ҳам айтиб кетганлар. Тиш духтурига кирасан, АБВГД деган касални чиқаради, деб айтганлар-ку».

Бекмуроднинг айтишича, касали хуруж қилганда ҳам Ҳожимурод эълон қилинган концертни қолдиришни истамаган.

– Охирги концертларида йўталларини яшириш учун саҳнада янги гап тўқиб кетдилар, усталик билан. Лекин барибир аҳволлари ёмонлашди. Номерлар тугаши билан тўнга ўраб , ичкарига олиб кирдик. Валижон Шамсиев уста қизиқчи, моҳир спортчи эканлигини кўпчилик билади. У моҳир массажчи ҳам экан. Акамни уқалашга тушиб кетди. Ўзига келтиргунча саҳнада куйлаётган Алижон Исоқовга яна бир-икки қўшиқ айтиб туришни тайинлашди. Акам ҳолатлари яхшиланишлари билан саҳнага отилдилар…- дея маъюс тортиб қолади Бекмурод.

Ҳожимуроднинг катта укаси Қўшмуроднинг айтишича, акаси вафот этганда унинг тепасида бўлган.

– Акамнинг тўсатдан оғриб қолганликлари ҳақида эшитиб, тезда Тошкентга етиб бордим. Тошкентнинг машҳур клиникаларидан бирига олиб бордик. Тезда жонлантириш хонасига олиб кириб кетишди. Духтурлар иложлари йўқлигини, касаллик тўртинчи босқичига ўтиб бўлганини айтишди. Акамнинг яқин дўстлари бирга эдилар. Маъмуржон Умаров, Анвар Абдуллаев… Эртасига машъум хабар тарқалди. Беморхонага жуда кўп ҳам ҳамкасблари, санъаткорлар, мухлислар келишди… Тошкентга қабрга қўйишни илтимос қилишди. Лекин биз акамнинг васиятларига кўра Янгиқишлоққа олиб келдик…

«Акам чақиргандайин бўлаверади…»

– Мен кейинчалик кўпчиликдан Ҳожибой акамнинг ўлими ўзбек санъати учун оғир йўқотиш эканини эшитдим. Бу йўқотишни онам кўтара олмадилар.Уч ой ўтиб-ўтмай инсультга учрадилар. Анчагача ҳушларини йўқотдилар. Тузалдилар, лекин хотиралари йўқолганди. Қизалоқлик пайтларидаги воқеаларни эслардилар, лекин акамнинг ўтганларини эслай олмасдилар.

Шунда мен кўчага чиқардим-да, қўнғироқ қилиб, акамнинг овозларида онамларга гапирардим. Соғлигимни сўрардилар, келмайсанми, дердилар. Мен яхшиман, яқинда бораман, ҳозир янги концертга тайёргарлик кўряпман, дердим. Укаларим, сингилларим яхши юришибдими, деб сўрардим.

Шу тарзда онамни юпатардим. Лекин онам барибир бир йилга етмасдан дунёдан ўтдилар. Ишонинг, орадан ўн йил ўтди, лекин ҳозиргача менга акам тирикдай туюлаверади. Баъзан «Бек, буёққа кел», деб чақирадилар. Ўнгимдаям,тушимдами англамай қоламан. Яна чақиргандайин бўлаверади.

Ҳамқишлоғи Эрматбобо Болтабоевнинг айтишича, Ҳожимурод халқнинг ҳам, ота-онасининг ҳам дуосини олган. 1992-йилда ота-онасини муқаддас Ҳаж зиёратига жўнатади. Уч укаси, тўрт синлисининг оёққа туриб олишларига ёрдам беради. Ўзи туғилиб-ўсган кўчани обод қилишга киришади…

Ҳожимуроднинг укалари акаларини унутмаган, унга бўлган ҳурматлари йил сайин ошиб бораётган мухлислардан, дўстлари, ҳамкасбларидан миннатдор бўлиб сўзлашади.

– Таниқли ижодкор Ашурали Жўраев, «Ҳандалак» гуруҳи аъзолари, Валижон Шамсиев, қай бирларини айтайин, ҳаммаларидан миннатдормиз. 2008-йили сентябр ойимиди, «Ҳандалак» гурухи катта тўйхонада фотиҳага бора олмаган қизиқчилар, санъаткорларнинг ҳаммасини йиғиб, ош бериб қориларни олиб бориб, амри маъруф қилди. Ҳандалакчилар, Обид Асомов, ҳамма санъаткорлар қўлидан келганча хизмат қилишди. 2009-йил, 9-сентябрда хотира концерти бўлиб ўтди. Ўткир Сиддиқов олиб борди. Машҳур қизиқчилар, Мавлуда ва Гули Асалхўжаевалар, Маҳмуд Намозов, Ғиёс Бойтоев, яна бошқа ҳофизлар қатнашишди.

«Ҳожи етишмаяпти!»

Халқ эъзозлаган Ҳожиқизиқ 1977-йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатганди. У аввало Тожикистондаги ягона – Шукур Бурҳонов номли ўзбек театрида ишлади. Шундан кейин Андижонда, Тошкентда. Бир муддат Хўжанддаги ҳозирги Камол Хўжандий номли музикали комедия театрида фаолият юритди. Умрининг кейинги йиллари эса, Тошкентда кечди. У қаерда концерт бермасин, камида тўрт минг нафар томошабин келадиган муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройидами, катта-катта стадионлардами, мухлислар тўлиб-тошарди.

Ҳожибой – Ҳожимурод Ўзбекистондаги «Кулги-90» танловининг мутлақ ғолиби бўлди. Унга Ўзбекистонда ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари берилди.

Ҳожимурод санъат оламини эрта тарк этди. Лекин халқ – қайнар булоқ, янги -янги истеъдодлар етишиб туради. Ҳожибойнинг изидан бораётган шогирдлари кўп.

Масалан, Аваз Охун аллақачон минглаб мухлисларга эга. У устози Ҳожимуродга тақлид қилишини яширмайди. Бисотидаги ҳажвий чиқишларнинг кўпчилигини устозидан ўрганганини эътироф этган.

Ҳожибойнинг фарзандларидан бири – қизи Интизор Тошкент санъат ва маданият институтида ўқияпти. Аллақачон қатор филмларда кичик-кичик ролларни ижро этди.

Мухлислар эса, ҳамон Ҳожибойни қўмсашади. Унинг ичакузди ҳажвияларини соғиниб яшашмоқда. Фақат уни кўрганлар эмас, ёшлар ҳам Ҳожибойнинг ижоди ўзгача эканлигини айтишади.

«Яхши санъаткорлар, уста қизиқчилар кўп. Лекин барибир Ҳожибой етишмаяпти!» Соғинч тўла бу гапни ўнлаб эмас, юзлаб эмас, машҳур қизиқчининг минг-минглаб мухлислари айтишмоқда.

Манба: BBCUZBEK.COM 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Олмаотада икки автобус тўқнашган пайтда 18 киши жабрланди

22 июль, якшанба куни Олмаотадаги Қурманғози ва Дўстиқ кўчалари кесишган жойда иккита йўловчи ташувчи автобус юзмаюз тўқнашиб кетди. Натижада 18 киши касалхонага етказилди. ...

Ўзбекистонда полиция тузиш пайти келдими?

Каттақўрғонда милиция ходими томонидан таҳқирланган аёл ҳодисаси ортидан Ўзбекистонда миллий полиция ташкил этиш зарурияти ҳақида гапирилмоқда. Маҳаллий матбуот хабарига ...

Ўзбекистон хитойни мағлуб этиб, «china cup-2019»да 3-ўринни эгаллади

Хитойда « China cup-2019» мусобақасининг 3-ўрин учун ўйини якунланди. Унда қатнашган Ўзбекистон миллий жамоаси мезбон Хитойни 1:0 ҳисобида енгиб, мусобақанинг 3-ўринини қўлга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400