“Топишнинг мазаси йўқ”: Россияликлар яна тежашга мажбур бўлишмоқда

Ольга Шамина, Анастасия  НапалковаБи-би-си рус хизмати

Фото:TASS

Россияликлар яна кундалик харажатлардан иқтисод қилишга мажбур бўлмоқда, тахмин қилади иқтисодчилар. Бунинг аломатларини савдо тармоқларининг ҳисоботларида кўриш мумкин – ички савдо ёки жуда секинлик билан ўсмоқда, ҳаттоки, пасайиб кетмоқда. Албатта, мазкур ҳолат сармоядорлар назаридан четда қолмаяпти.

Сўнгги ҳафтада таркибига Пятерочка ва Перекресток супермаркетлари кирувчи X5 Retail Group, шунингдек, Магнит, Лента, О’Кей каби йирик савдо тармоқлари бир вақтнинг ўзида ўз молиявий ҳисоботларини эълон қилди.

Ҳисоботлар таҳлилчилар ва инвесторлар кўнглининг кир бўлишига сабаб бўлди. Масалан, Магнит тармоғида харидорлар оқими ва харидларнинг ўртача қиймати тушиб кетганини кўриш мумкин. X5 Reatil Group’да савдолар ҳажми бироз ошган бўлса, О’Кей тармоғида ҳатто тушумлар миқдори пасайиб кетган.

«Чакана савдо тармоқларида кўриб турганимиз ушбу ҳолат аҳолининг даромади қанчалик пасайиб кетганлигининг яққол инъикосидир,» изоҳлайди Локо-инвест иқтисодчиси Кирилл Тремасов.

Ўз навбатида инвесторлар ҳам Россия истеъмол бозорида юзага келаётган ушбу муаммога нисбатан ўз хавотирини билдирмоқда. Молиявий ҳисоботлар эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, аксар савдо тармоқларининг акциялари нархи кескин тушиб кетган. Мисол учун, Магнит чакана савдо тармоғи акциялари 19 июльдан 26 июльга қадар деярли 9 фоизга арзонлашиб кетган. Фақатгина 26 июльдан сўнг уларда яна ўсиш кузатилган.

Молиявий ҳисобот эълонидан сўнг X5 Retail Group акциялари ҳам 7,4 фоиз пастга қулаган.

Бироқ бу ҳолат фақатгина сўнгги ҳафталарда кузатилмаяпти. Россия савдо тармоқлари кирадиган MISEX CGS индекси бир йил ичида 9,5 фоиздан кўпроқ пастга тушган.

Бундай вазиятнинг энг асосий сабаби – айнан аҳолининг даромади пастлиги, тушунтиради Тремасов.

«Бу чакана савдо тармоқлари даромади ва акциялари нархини белгилаб турадиган муҳим омилдир.»

Пасха байрами

Биринчи ярим йилликда барча йирик савдо тармоқларининг натижалари ёмонлашган. Лента гипермаркетлар тармоғи бундан мустаснодир.

Ҳозиргача магазинлар сони бўйича Россияда энг йирик тармоқ ҳисобланмиш Магнитда харидорлар оқими 2,1 фоизга камайиб кетган. Янги очилган магазинларни ҳисобга олмаганда, харидлар миқдори ҳам 5,2 фоизга пасайган.

Магнит бундай салбий манзарани инфлация даражаси пастлиги билан изоҳлайди: маҳсулотларга қўйилган нархлар деярли ўзгармаган ва, шу сабабли ҳам, харидлар суммасида ўсиш кузатилмаган.

Харидларнинг тушиб кетишига православлар байрами бўлмиш Пасха ҳам сабабчи бўлган. Ўтган Пасха ойлик маошлар ҳали берилмаган пайтга тўғри келиб қолган. Оқибатда харидорлар байрам дастурхони учун кўп пул сарфлай олмаган. Тўртинчи кварталдан бошлаб аҳвол яхши томонга ўзгарса керак, умид қилади Магнит раҳбарияти.

Супермаркетлар тармоқлари ичида энг ёмон натижани О’Кей кўрсатган: иккинчи кварталда бу тармоқ супермаркетларидаги харидорлар оқими 4,8 фоизга, харидлар эса 5,4 фоизга камайган.

X5 Retail Group’да пасайишлар кузатилмаган, аммо қиёсий савдолар бор-йўғи 1 фоизга ўсган, холос. Бу ўсиш қисқа муддатли – Жаҳон Чемпионатида таъсирида юзага келган, дейди компания вакиллари. Энг кўп харидлар Лента гипермаркетларида амалга оширилган: ўсиш – 3,5 фоиз.

Айни вақтда Лентадан бошқа барча тармоқларда бир харидор томонидан амалга ошириладиган ўртача харид суммаси миқдори тушиб кетган.

Тремасов фикрига кўра, ўртача харид суммаси одамлар қай даражада иқтисод қилишга уринаётганлигини кўрсатади.

«Ҳар сафар супермаркетга келганда улар янада камроқ пул сарфлашмоқда. Бу аҳоли пулни имкон қадар тежашга уринаётганлигидан гувоҳлик беради. Одамлар, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларидан иқтисод қилишга ҳаракат қилмоқда.»

Фото:YEGOR ALEYEV/TASS

Магнитнинг муаммолари

Магнит тармоғининг муаммолари анчадан бери маълум эди. Тармоқнинг даромадлари 2016 йилдаёқ тушиб кетган. Ўшанда унинг асосий рақиби – X5 Retail Group улоқни илиб кетган эди. 2017 йилда Магнит, тушумлар бўйича биринчиликдан ҳам маҳрум бўлди.

Тармоқ оз дўконлари дизайнини қайтадан ўзгартириш орқали мижозларни жалб қилишга ҳаракат қилди, аммо бу жуда кеч қўл урилган амал бўлди, дейди таҳлилчилар.

Оқибатда тармоқ асосчиси Сергей Галитский акцияларининг катта қисми – 29,1 фоизини ВТБ банкига сотиб, компания бош директорлигидан истеъфо берди. Хариддан бироз вақт ўтиб, ВТБ банк Магнитнинг 11,8 фоиз акциясини Марафон Групп компаниясига сотиб юборди.

Июнь ойининг бошларида Магнит Марафон активларидан бирини сотиб олиши ҳақида эълон берди. Қимматли қоғозлар бозорида бу янгилик хуш қабул қилинмади ва Магнитнинг акциялари нархи тушиб кетди. Инвесторлар Магнит сотиб олмоқчи бўлган актив фойдали эканлигига шубҳа билан қараган эдилар. 26 июль куни Магнит бир қанча текширувлардан сўнг актив харидидан воз кечганини маълум қилди.

Ушбу янгилик фонида акциялар нархи яна кўтарила бошлади.

Магнитга, ҳаттоки, катта чегирмалар ваъда қилинган рекламалар ҳам ёрдам бермади, дейди InfoLine таҳлилий маркази директори Иван Федяков. Ҳозирда барча тармоқлар чегирмалар ваъда қилмоқда. Шу сабабли рақобат аёвсиз тусга кирган. Федяковга кўра, тармоқлардаги Товар айланмасининг 30-50 фоизи айнан чегирмалар шарофати билан юзага келмоқда.

Фото:SERGEI BOBYLEV/TASS

Ритейлерлар агар харидор, масалан, йогуртдан 50 фоиз иқтисод қилдими, тежаб қолган пулига бошқа товар сотиб олади, деб ҳисоблайди. Бироқ бундай эмас. Харидор тежашга қарор қилдими, демак у тежайди, иқтисод қилинган маблағни ишлатмайди,” дейди Федяков.

Аҳоли даромадлари яна ўсмай қўйди

Россияда аҳолининг реал даромадлари 2014 йилдан 2017 йилга қадар қисқариб бориб, шу йилнинг баҳорида бироз ўса бошлаган эди. Март ойида бюджет ташкилотлари ходимлари президентлик сайлови шарофати билан қўшимча мукофот пуллари олишди ва бу даромадлар ҳамда маошнинг ўсишига таъсир қилди.

Бироқ статистик маълумотлар май ойининг ўзидаёқ даромадлар яна ўсмай қўйгани ҳақида гапира бошлади. Даромадлар май ойида апрел ойидаги кўрсаткичдан 9,3 фоизга камайиб кетди.

Реал даромадлар ва маошлар ўзида инфлацияни ҳам акс эттиради. Инфлация ошса, реал даромадлар ўсиши секинлашади. Райффазенбанкнинг баҳосига кўра, июль ойининг биринчи уч ҳафтаси давомида инфлация 2,3 фоизни ташкил қилган. Иқтисодчилар йилнинг охирига қадар инфлация 3,7 фоиз кўрсаткичга чиқиб олади, демоқда.

Онлайн харидлар

Алфа-банк бош иқтисодчиси Наталия Орлова савдо тармоқларидаги харидларнинг камайишида бошқа сабабни кўраётганлигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, маҳсулотларга талаб пасаймаган, фақат харид қилиш шакли ўзгармоқда. Савдо тармоқлари аҳоли кайфиятини ҳисобга олмаётгани учун харидлар пасайиб кетмоқда, дейди Орлова.

«Одамлар айнан қайси кўринишдаги савдога ўтиб кетганини аниқ айтиш қийин,» қўшимча қилади у.

Харидорларнинг қайсидир қисми интернетдан товар сотиб олишни маъқул кўрмоқда, бошқа қисми уй-дўконларга қатнамоқда, сўзлайди Орлова.

Ўтган йил кузида Renaissance Capital банки ўз ҳисоботида Россияда истеъмолнинг янги кўриниши шаклланаётгани ҳақида маълум қилган эди. Ушбу консепцияга кўра, россияликлар борган сари интернетдан маҳсулот сотиб олмоқда. Бу ҳолат давлат статистика қўмитаси ҳужжатларида акс этмаган.

 

Манба:BBCUZBEK.COM

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёл ўз жонига қасд қилдими?

Яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига андижонлик фуқаро Раҳимова Муяссар Козимжоновнанинг (“Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёл” воқеаси қаҳрамони) ўз жонига суиқасд ...

Танзила норбоева: айрим ҳудудларда дарахт ва буталарнинг ноқонуний ва аёвсиз кесилаётгани мутлақо тушунарсиз

Ўзбекистонда экологияга оид қонун бузилиши ҳоллари давом этмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг XXIII ялпи мажлисида айтиб ўтди, дея хабар ...

Эронда қирувчи самолёт қулаб, икки учувчи ҳалок бўлди

24-май куни Эроннинг Наин шаҳрида ўқув миссиясини бажаётган қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Давлат телевидениесига кўра, ҳалокатдан икки учувчи ҳалок бўлди. Эронда бир ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400