Бангладеш

БАНГЛАДЕШ, Бангладеш Халқ Республикаси (Гоно Прожатонтри Бангладеш) — Жунубий Осиёдаги давлат. Ҳинд океанининг Бенгалия қўлтиғи бўйида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан 4 вилоятга бўлинади, улар 19 округ (дистрикт)ни ўз ичига олади. Майдони 143,988 минг км2. Аҳолиси 122 млн. киши (1997). Пойтахти —Дакка шаҳари. Давлат тузуми. Бангладеш — унитар республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. 1972 йилги конституцияга биноан давлат бошлиғи — президент. Бангладешда бир палатали парламент — Миллий мажлис иш олиб боради. Унинг 330 депутати мамлакат президенти каби 5 йил муддатга сайланади. Ижрочи ҳокимиятни президент ҳукумат билан биргаликда бошқаради.

Табиати:

Мамлакат Ганг, Браҳмапутра ва Мегхна дарёлари этагидаги текисликда жойлашган. Шарқий ва жунубий-шарқий қисмидаги Читтагонг тепалигининг баландлиги денгиз сатҳидан 1200 м гача. Тошкўмир, табиий газ, темир рудаси, каолин, торф конлари бор. Бангладеш бутун ҳудудининг 6%га яқини доимо сув остида, учдан икки қисмини қисқа муддат сув босади. Тез-тез сув тошқинлари содир бўлиб, одамлар ҳалокатига, ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади, иморатларни вайрон қилади, аммо қишлоқ хўжалиги учун алоҳида аҳамиятга эга бўлади, чунки ерларга экинларнинг ўсиб ривожланиши учун зарур бўлган органик моддалар ва тоғ жинсларини оқизиб келтиради. Мамлакат иқлими тропик, муссон, ёзи иссиқ ва серёмғир, совуқ ойларда об-ҳаво қуруқ келади. Йилнинг энг совуқ ойи январда ўртача ҳарорат 26°. Энг илиқ ой апрелда ҳарорат 33° дан 36° гача бўлади. Дунёдаги энг нам иқлимлардан бири шу ерда. Мамлакатнинг кўп қисмига йилига ўрта ҳисобда 1525 мм гача ёғин ёғса, айрим тоғ олди ҳудудларига 5080 мм гача ёғади. Муссон даври (июнь—сентябрь) энг серёғин пайтдир. Дарёларда тимсоҳ, тошбақа, балиқлар бор. Бангладеш ҳудудининг 15% га яқини доимо яшил ўрмонлар билан қопланган. Уларда бамбук ва ротанг дарахтлари (пальманинг бир тури) кўп. Мадхупур ва Сундарбан чангалзорларида йўлбарс ва мушуксимонларнинг бошқа турлари, тоғли жойларда фил, қоплон ва каркидонлар учрайди.

Аҳолисининг 98% бенғаллар. Бихарлар, санталлар, мунда, ораон, чакма, марма, кхас қабилар ҳам яшайди. Расмий тили — бенгал ва инглиз тиллари. Аҳолининг 85% мусулмон. Бангладеш туғилиш ва аҳолининг зичлиги жиҳатидан дунёда энг юқори ўринлардан бирида туради. Шаҳар аҳолиси 24% ни ташкил этади. Энг катта шаҳарлари: Дакка, Читтагонг.

Тарихи:

Гунбад-Дакка масжиди

Бангладеш ҳудуди (собиқ Шарқий Бенгалия) да дастлабки давлат мил. ав. 7 — 6-асрларда пайдо бўлган. Ванга давлати (кейинчалик Бангла; давлатнинг ҳозирги номи ҳам шундан келиб чиққан) шуларнинг бири бўлган. Мил. ав. 4-асрдан мил. 5-асргача Бангладеш ҳудуди турли ҳинд салтанатлари таркибида бўлди. 6-асрда у Ғарбий Бенгалия билан ягона Бенгалия давлати бўлиб шаклланди. 13-аср бошларида Дехли султонлигининг мусулмон султонлари уни босиб олишди. Шу туфайли бу ерда мусулмон дини тарқалди (илгари ҳинду дини устун эди). 16-асрда бобурийлардан Акбаршоҳни Ҳиндистонга қўшиб олди. 18-аср бошларида Бангладеш ҳудуди мустақил бўлди, 1757 йилдан инглизлар қўлига ўтди, сўнгра Англиянинг Ҳиндистон мустамлакаси таркибидаги Шарқий Бенгалия вилоятига айланди. 1947 йил Ҳиндистон мустақилликка эришгач, бу ерда икки давлат — Покистон ва Ҳиндистон вужудга келиши муносабати билан Шарқий Бенгалия Ассом округига қўшилиб, Покистоннинг янги вилояти сифатида «Шарқий Покистон» номини олди. Бироқ Ғарбий Покистон билан бўлган иқтисодий ва сиёсий зиддиятлар 1971 йилда Бангладешнинг мустақил деб эълон қилинишига олиб кедди. 1974 йилдан Бангладеш — БМТ аъзоси. Миллий байрами — 26 март — Мустақиллик куни. ЎзР билан дипломатик муносабатларни 1992 йилнинг отябрида ўрнатган.Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Бангладеш ишчи-деҳқон халқ лигаси; Халқ лигаси; Бангладеш миллатчи партияси; Миллий халқ партияси; Миллий партия. Миллий ишчи лигаси касаба уюшмаси бирлашмаси; Ишчи ва хизматчиларнинг бирлашган кенгаши; Бангладеш касаба уюшмалари маркази.

Хўжалиги:

Фото: vokrugsveta.ru Ўнлаб қайиқларда савогарлар тарвуз сотишмоқда.

Бангладеш — аграр мамлакат. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 80% қишлоқ хўжалиги билан машғул. Ишланадиган ернинг 50%дан йилига 2 — 3 марта ҳосил олинади. Аммо қишлоқ хўжалиги мамлакат аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиролмайди. Доимий бўлиб турадиган табиий офатлар, айниқса сув тошқинлари қишлоқ хўжалиги ишларини қийинлаштиради. Асосий экинлари—шоли (ишланадиган ернинг 90%га экилади), жут, чой (умумий майдони 47 минг га), буғдой. Шакарқамиш, дуккакли экинлар, мойли экинлар (рапс, кунжут, хантал, арахис ва б.) ҳам етиштирилади. Чорвачилик кам ривожланган. Қорамол (асосан улов учун), эчки, қўй, парранда боқилади. Балиқ овланади.Саноат мамлакат эҳтиёжининг жуда оз қисмини қондиради. Асосан қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган. Асосий тармоқлари — тўқимачилик (айниқса, жут ва ип газлама), озиқ-овқат (қанд-шакар, ёғ, тамаки, шоли, чой). Жундан маҳсулот ишлаб чиқишда Ҳиндистондан кейин иккинчи ўринда туради. Қоғоз, кимё, нефть маҳсулотлари, цемент, машинасозлик ва саноатнинг бошқа тармоқлари корхоналари бор. Энергетика мамлакат эҳтиёжини қондирмайди. Бир йилда 8,1 млрд. кВт-с электр энергия ҳосил қилинади. Юкларнинг кўпи сув йўллари орқали ташилади. Темир йўллари узунлиги 2,7 минг км, автомобиль йўллари узунлиги 193 минг км. Энг катта денгиз портлари — Читтагонг ва Чална. Четга жун, тери маҳсулотлари, чой, балиқ чиқаради. Халқаро аэропорти — Дакка шаҳрида. 1988 йил ва 1991 йилдаги сув тошқинлари транспорт ва коммуникация тизимига катта зиён етказган. Ташқи савдодаги асосий мижозлари — АҚШ, Япония, Буюк Британия, Германия, Хитой.

Пул бирлиги — така.

Маорифи, илмий ва маданий- маърифий муассасалари. Бангладеш аҳолисининг 75%дан кўпроғи саводсиз. Болаларнинг 60%га яқини бошланғич мактабга қатнайди. Дунёвий мактаблардан ташқари диний мактаблар ҳам бор. Техника коллежларига ўқувчилар камроқ кирадилар. Бангладеш да 6 университет (энг катталари Дакка ва Ражшахи шаҳарларида), бир қанча институтлар, жумладан политехника, тўқимачилик институтлари, қишлоқ хўжалиги академияси бор. Бенгалия академияси, атом энергияси, қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик, иқтисодиёт, тиббиёт, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар и. т. муассасаларида тадқиқот ишлари олиб борилади. Даккада марказий оммавий ва университет кутубхоналари, 2 музей мавжуд.

Матбуоти: радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Бангладешдаги йирик газеталар — «Озоди» (бенгал тилидаги кундалик газета, 1960 йилда ташкил этилган), «Бангладеш- обсервер» («Бангладеш шарҳловчиси», 1949), «Бангладеш тайме» («Бангладеш вақти», 1949), «Дойник Бангла» («Кундалик Бенгалия», 1964). Давлат ахборот агентлиги — «Бангладеш Сангбад Сангаста» 1972 йил. Шунингдек хусусий агентлик — «Истерн ньюс Эйженси» 1970 йилда тузилган. Бангладеш радиоэшиттириши ва телекўрсатуви давлат қарамоғида.

http://stuki-druki.com/authors/Tagore.php Штуки-дрюки ©
Рабиндранат Тагор

Адабиёти: Бангладеш адабиёти бенгал тилида бенгал адабиёти анъаналари асосида ривожланмоқда. 10 — 12-асрларда тузилган диний мазмундаги мадҳиялар тўплами — «Чоржапод» бенгал тилидаги илк ёзма ёдгорлик ҳисобланади. 16— 17-асрларда шеърият гуллаб яшнади. Ўрта асрларда турли илоҳларга бағишланган ривоят, достонлар катта аҳамият касб этди. Мусулмон шоирлардан Давлат Қози ва Сайид Алаол биринчи бор дунёвий мавзуларга мурожаат қилдилар ҳамда Бенгалиядаги ҳинду ва мусулмон маданиятини бир-бирига бирлаштирдилар. Мусулмон адиблар араб ва форс шеърияти услублари, ўхшатмаларидан, мусулмон анъаналарига алоқадор оҳанг ва воқеалардан баракали фойдаландилар. Бу йўналиш 17-асрда вужудга кедди ва 19 — 20- асрларда Мир Мушарраф Ҳусайн, Койкобод, Назрул Ислом, Абдул Фазл, Абдул Қодир каби ёзувчилар уни юксак чўққига кўтаришди. Fyлом Мустафо, Равшан Яздони, Жасимуддин каби шоирлар, жамоат арбоби ва шоира Бегум Суфия Камол 20-аср Бангладеш адабиётининг энг машҳур вакилларидир. Шоирлардан Шамсур Раҳмон, Ҳасан Ҳафизур Раҳмон ва бошқалар ижтимоий мавзуларда қалам тебратдилар. 19 — 20-аср бенгал адабиётининг йирик намояндаси P. Тагордир. Унинг ижоди бутун Ҳиндистон адабиётига таъсир ўтказган. Ш. Чоттопаддҳайя (1876—1938), Б. Бондопадҳайя (1896-1950) каби ёзувчилар унинг мактабидан етишиб чиққанлар. Бангладеш мустақилликка эришгандан сўнг қисқа пьеса ва ҳикоялар, ватанпарварлик ва муҳаббатни мадҳ этувчи шеърлар етакчи жанр бўлиб қолди. Ижтимоий масалалар, фуқаролик жамияти, инсонпарварлик мавзуларида насрий асарлар юзага келди.

Меъморлиги ва санъати: Бангладеш ҳудудида 7—12-асрларга мансуб шаҳар ва ибодатхоналарнинг вайроналари, 12 — 13-асрларда бино қилинган масжид, Мадраса ва мақбаралар сақланиб қолган. 16— 17-асрлар меъморлиги ислом услуби қоидаларига мосланган. Инглиз мустамлака ҳукмронлиги даврида анъанавий услубдаги бинолар (Даккадаги «Юддузли масжид», 18-аср) билан бир қаторда инглиз неоклассикаси услубидаги янги иморатлар (Даккадаги банк биноси, 19-аср) пайдо бўлди. Шаҳарларда замонавий услубдаги жамоат, уй-жой, саноат бинолари қад кўтарди. Бангладешда қадимдан безакли амалий санъат (тўқувчилик, каштачилик, ёғоч ва фил суяги ўймакорлиги) ривожланган. Тасвирий санъатда илғор йўналиш давом этмоқда. Кино санъати 1959 йилдан ривожлана бошлади («Шундай кун келар» фильми, реж. Ж. Кардар).

Манба:ЎзМЭ

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ехҳт ўзбекистонни баъзи оавни блоклашни тўхтатишга чақирди

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини айрим оммавий ахборот воситаларини блоклашни тўхтатишга чақирди. Расмий мурожаат халқаро ...

Германиялик олимлар коронавирусдан вафот этганларнинг танасини текширди ва кутилмаган натижаларга эришилди

Германиялик олимлар коронавирусдан вафот этганлар танасини текширди ва кутилмаган натижаларга эришилди, дея хабар қилди Süddeutsche Zeitung. Нашрнинг ёзишича, танани ёриб ...

Тезкор хабар:қирғиз тожик чегарасида яна ўқ отилди

Қирғизистон билан Тожикистон чегарасининг Боткен вилоятининг Оқсой овулида яна ўқ овозлари янгради. Бу ҳақда «Азаттык» радиоси хабар қилди. Радионинг маълумотида, ўқлар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400