Сиёсий маданият: онгсиз “содиқлик”дан рационал ҳамкорлик сари

Камолиддин РАББИМОВ, сиёсатшунос, Париж, Франция.

Ҳар бир сиёсатчи, гуруҳ, ҳокимият, давлат ўз олдига муайян мақсад ва вазифаларни қўяди. Айнан ўша қўйилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, атрофдаги дунёга ўз қараш ва қадриятларини тақдим этади, жамият дунёқарашини шакллантиришга интилади. Ўтган чорак асрдаги Ўзбекистон ҳокимияти учун энг марказий қадрият бўлиб, давлатчиликни шакллантириш, давлат ва жамият хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, мустаҳкамлаш ва мутлақлаштириш бўлди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ўзини фронт-бўйи давлат деб ҳис қилди, барча ўй-фикрини, ресурс ва ҳаракатларини ичкаридаги ва ташқаридаги яширинча ва ошкора тажовузларга, таҳдидларга, душманларга қаршилик кўрсатишга йўналтирди.

Бу сиёсатнинг натижасида, Ўзбекистонда шаклланган сиёсий зеҳниятнинг, маданиятнинг марказий қадрияти – бу олий ҳокимиятга нисбатан сўзсиз содиқлик бўлди. Жамият ва давлат қанчалик эркин бўлса, ундаги одамлар шунчалик самимий ва онгли танлов асосида ҳамкорлик қилишлари маълум. Лекин, ёпиқ ва авторитар давлатларда содиқлиқ, садоқат ва ишонч масаласи – энг қимматли ресурс сифатида намоён бўлиши табиий. Чунки, амалдорлар, қолаверса, бутун жамият ўзини ифода қилиш учун имкон топа олишмайди, олий ҳокимият томонидан монополия қилинган вазият эса, ҳокимиятга нисбатан ёки содиқликни тақозо қилади ёки олий ҳокимиятнинг қаҳрига учрашни назарда тутади.

Ҳар қандай жамият, давлат учун тинчлик ва барқарорлик – стратегик аҳамиятли шарт-шароит, унинг йўқлиги эса – миллий манфаатларни ҳимоя қила олишга имкон бермайдиган биринчи муаммоли вазият. Лекин, қаттиқ авторитар давлатлар сўзсиз садоқатни дахлсиз ақида даражасига кўтариш билан ҳақиқий тарафдорлар, нейтраллар ва қаршилар ўртасидаги чегарани ўчирилишига сабабчи бўлишади. Унинг устига, ўз қарашларини самимийроқ ифодалашдан маҳрум бўлган жамиятда, олий ҳокимият ҳам кўп нарсалардан маҳрум бўлади: бу жамиятдаги вазиятни холис кузатиш ва таҳлил қилиш, давлатнинг ичидаги ўз тарафдорлари ва мухолиф қарашдаги амалдорларни билишдан маҳрум бўлади.

Тарихдан кўп кузатилган ва шубҳа остига олинмайдиган ҳақиқат шуки, олий ҳокимиятга нисбатан сўзсиз содиқлик талаб қилинадиган аксарият қаттиқ авторитар давлатлар сиёсий, ижтимоий ва ёки ташқи интервенция натижасида кучли инқирозларга юз тутишган, йиқилишган.

Шу ўринда “сўзсиз содиқлик” иборасига шарҳ бериш лозим бўлади. Шубҳасиз, давлат мулозимлари қонун доирасида фаолият юритар экан, бир томондан юқори инстанциядаги ҳокимият бўғинларига бўйсунишлари, уларни олдида ҳурматли субординация сақлашлари, бошқа томондан эса, давлат ва жамият ҳаётидаги муаммоларни кўламини яширмасдан, самимий бир даражада ечим излашлари лозим бўлади. Ўзбекистонда шаклланган “содиқлик” маданияти мутлақ салбий ва деструктив ҳолатга келдики, бунда амалдорлар давлатнинг ва жамиятнинг муаммоларини ечишда самимийликни, холисликни бутунлай йўқотишди, олий ҳокимиятга нисбатан ёқимли манзараларни сунъий шакллантириш давлат сиёсати сифатида намоён бўлди. Бошқача қилиб айтганда, давлат мулозимлари фикрига у ёки бу сабаб билан қўшилмаслик, муқобил фикрга эга бўлиш ва уни билдириш – давлатга ва уни раҳбариятига хиёнат сифатида баҳоланди, ва мана шу ёндашув асосидаги сиёсий зеҳният шакллантирилди. Бунинг натижасида, Ўзбекистон жамиятдаги муаммоларни ҳал қилиш имкониятидан маҳрум бўлди, ички ва ташқи вазиятни баҳолаш борасида мутлақ нореал бўлган баҳолаш тизими шаклланди.

Ўзбекистонда янги ҳокимият ислоҳотлар сиёсатини бошлар экан, олдинги даврда шаклланган сиёсий маданият ислоҳотларга тўсиқ бўлаётганини, жамият ва давлат мулозимлари учун янги маданий ёндашувлар, қарашлар ва қадриятлар кераклигини билдирди. Ўтган чорак асрда Ўзбекистон давлатчилиги мустаҳкам шаклланиб улгурди. Бугун давлатни ва жамиятни олдида мутлақ янги вазифалар ва чуқур муаммолар турибди. “Сўзсиз содиқлик”ни назарда тутувчи сиёсий маданиятнинг мақсади – олий ҳокимиятни, давлатчиликни мустаҳкамлаш, ресурслар тақчил бўлган кўп миллионли Ўзбекистонда механик барқарорликни таъминлаш бўлди.

Лекин, янги ҳокимият ислоҳотлар муваффақияти ҳақида, эркинлик шароитидаги барқарорлик ва жадал ривожланиб борувчи иқтисодий ривожланиш борасида бош қотирар экан, табиийки, олдинроқ шаклланган сиёсий маданиятни, зеҳниятни ўзгартириш, жамиятга янги қадриятлар кўрсатмаларини бериши лозим бўлади. Аслида, янги ҳокимият бу борада кўп маротада фикр билдирди, амалдорларни ва вазиятни танқид қилди. Назаримда, кейинги босқичдаги вазифа – Ўзбекистонда ислоҳотларни таъминлашга қаратилган, ҳуқуқий демократик давлат шакллантиришга қаратилган сиёсий зеҳниятни шакллантириш борасида концептуал, дастурий ёндашув бўлиши мақсадга мувофиқ.

Сиёсий маданият, зеҳният шу қадар мураккаб шаклланувчи ва қийин ўзгарувчи жараёнки, бу инсонларнинг ва жамиятнинг дунёқараши ва ишончи билан боғлиқ. Агар одамлар бирор қадриятни, дунёқарашни самимийлик ва чуқур ишонч билан қабул қилмас экан, айтилган фикрлар қисқа муддатли эффектга эга бўлади ва одамлар вазиятни бироз ишончсизлик билан кузатишда давом этаверишади. Одамлар онгидаги сиёсий қўрқув даражасини пасайтириш учун уларнинг энергиясини конструктив ҳамкорлик томон йўналтириш анча машаққатли вазифа ҳисобланади. Шунинг учунки, трансформация йўлини ихтиёр қилаётган поставторитар давлатлар жамият сиёсий маданиятини, зеҳниятини шакллантириш, ўзгартириш борасида махсус ва кенг кўламли давлат дастурларини жорий қилишади.

Назаримда, янги шаклланаётган Ўзбекистонда ташқи кўринишидан “сўзсиз содиқлик” деб баҳоланадиган қадрият, сиёсий маданият ўрни “рационал ҳамкорлик” курсига берилиши тўғри бўлар эди. Бунда, рационализм – давлат ва жамият ҳаётидаги муаммоларни энг самарали ечиш йўлида энг қисқа йўлларни излаб топиш, бунинг учун эса муаммоларни мутлақ яширмаслик, савиясини пасайтирмаслик, самимийлик билан барча муаммоларга коллектив ечим излашни назарда тутади. Ҳамкорлик эса, субординацияни, ҳокимиятга нисбатан ҳурмат-эҳтиромни инкор этмайди, аксинча, ҳокимиятга нисбатан самимий, очиқ, шаффоф мулоқотни назарда тутади, ҳокимиятни алдаш, манипуляция қилишга имкон бермайди. Агарки, бутун бошли бюрократия, ОАВлари, жамият ҳокимиятнинг барча бўғинлари билан самимий ва очиқ мулоқот қилар, муаммоларни яширмас экан, бунда йиллар давомида давлатдаги оғир вазият олий ҳокимият зиммасига тушишни олди олинади, ҳокимиятнинг легитимлиги доимий янгиланиб, ижобий ҳолатда ушлаб турилишига эришилади.

Тасаввур қилиш мумкинки, Ўзбекистон янги ҳокимияти ҳали сиёсий маданият, зеҳният билан боғлиқ кўплаб муаммоларга, тўсиқларга учрайди. Сабаби, ўтган чорак асрда шаклланган Ўзбекистон бюрократиясининг бош мотиви – нима бўлса ҳам олий ҳокимиятга яхши кўриниш бўлар экан, олий ҳокимият бутун бошли мулозимлар синфи тимсолида бир томондан холисликни, бошқа томондан юқори малакани кўриши қийин бўлади. Шунинг учунки, олий ҳокимият ўз тарихий миссияси, тарихий репутацияси ва жорий вазифалар муваффақиятини ўйлаб, янги сиёсий қадриятлар, маданият ва зеҳният шакллантириш, кучайтириш борасида махсус уринишлар, институционал ҳаракатларни назарда тутиши мақсадга мувофиқ бўлиб қолаверади.

Аслида ҳам, сиёсат – бу жамият ишларининг кристаллашган кўриниши бўлса, сиёсий маданият – бу сиёсатнинг фундаменти, пойдевори ҳисобланади. Ислоҳотлар муваффақиятини одамларнинг тафаккури, дунёқараши белгилайди. Ҳокимиятга формал бўйсуниш ва ҳокимиятдан талаб қилиб кутиб яшаш маданияти эса, ҳокимиятни икки маротаба маънавий жазолайди. Бунинг муқобили эса – жамият масъулиятини уни ўзига расмийлаштирувчи, одамлар ва давлат ўртасида очиқ ва самимий ҳамкорликни назарда тутувчи зеҳният ҳисобланади. Ўзбекистон Конституцияга кўра демократик, ҳуқуқий давлат бўлар экан, глобаллашув эса рақобатни жадаллаштирар экан, давлат ҳам Ўзбекистон рақобатбардошлигини таъминлаш учун зарур бўлган сиёсий маданият, зеҳниятни шакллантириш борасида кенг қамровли давлат сиёсати олиб бориш вақти келди.

“Ўзбекистон тарихий имкониятлар рўпарасида” силсиласидан, тўртинчи мақола.

Камолиддин РАББИМОВ, сиёсатшунос

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мия нима учун берилган?

Биринчи қисм. Ривожланиш Президент: «Келинглар, муаммоларимиз ечими ҳақида биргаликда ўйлайлик, кўзимиздан яшириниб ётган камчиликларимизни биргаликда топиб, ошкор қилайлик», ...

Тожикистонда хитойнинг яширин ҳарбий базаси жойлашган

Тожикистоннинг Хитой билан чегарадош Мурғоб туманида уч йилдан буён Хитойнинг яширинча ҳарбий базаси мавжуд. Бу ҳақда The Washington Post гезетаси ёзмоқда. Фото – Джерри ...

Ўзбек блоггери: хамшаҳарларим бўлган қўқонликларга

Бугунда хонлар шаҳри бўлган Қўқонни жуда аҳволи аянчли ҳолатда. Мен Қўқондаги ҳокимият ёки хуқуқни мухофаза қилувчи органлар ҳақида ёзмоқчи эмасман, ёки Республикадаги энг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400