Бугун ўзбек адабиёти яна бир чиноридан айрилди

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди.

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер тумани газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар — севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг кўрки ва безаги эканлигини уқтиришга интилди. Унинг тасаввуридаги аёл ҳар қандай халқ ва мамлакатнинг келажаги — соғлом ва баркамол ёшларни етказиб берувчи мўъжизавий кучдир. Ҳалима Худойбердиева айни шу нуқтаи назардан ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, ички кечинмаларини ёрқин тасвирлайди, замондошларида аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини ўстиришга интилади.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган. Шунингдек, шоиранинг халқ орасида “Суянч тоғларим”, “Бобо қуёш”, “Иссиқ қор”, “Садоқат” ва “Муқаддас аёл” каби қатор шеърий тўпламлари севиб мутолаа қилинади.

У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

Марҳуманинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

Манба: ЎзА

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Баҳодир хон туркистон таваллуд топган кун

Бугун 31 октябрь таниқли сиёсий арбоб, нуфузли мухолифатчи, ишбилармон ва жонкуяр раҳнамо, "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракати раҳбари Баҳодир Хон Туркистоннинг таваллуд ...

5g тизими кириб келмоқда

Дунёдаги энг йирик алоқа компаниялардан бири Финляндиянинг Elisa алоқа оператори шу йилнинг май ойи сўнггига қадар 5G тизимини амалиётга тадбиқ этиш ниятида эканини маълум ...

Бмт бош котиби: “ядровий уруш бўлиши мумкин”

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украинадаги қуролли можаронинг давоми ядро урушига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. “Аввал ядровий уруш бўлиши мумкин эмаслигини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400