Мусулмон оламидаги тушкунлик сабаби нимада? 

Бугун сайёрамизда статистик маълумотларга кўра, мусулмонлар ер юзи аҳолисининг 23 фоизини ташкил этади. Яъни уларнинг сони 1.7 миллиард. Бу ислом аҳкомлари амалларини бажармасада, ўзини шу динга мансуб деб биладиган кишилар. 

Фото:topwar

Халқаро ташкилотлар бизни илм-фанда орқада деб билади. Гўёки биздан Нобель мукофоти совриндорлари етишиб чиқмаётган экан. Мусулмонлар физика, кимё ва тиббиёт соҳаларида дунёга атиги иккита Нобель совриндорларирни етиштириб берган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Ғарбга кўчиб ўтгандан кейин совринни олишган.

Ҳозиргача тирик бўлган ягона Нобел мукофоти совриндори келиб чиқиши мисрлик олим Аҳмад Хассан Завайд Калифорния штатининг технология институтида ишлайди.
Бугун Ислом Конференцияси Ташкилотига 57 та давлат аъзо. Улар ўз ялпи ички маҳсулотининг атиги 0.81 фозини тадқиқот ва илмий ишланмаларга сарфлайди.

Жаҳонда фақат яҳудийлар давлати Исроил ЯИМнинг 4.4 фоизини илмий соҳага йўналтиради. АҚШ эса ўз ЯИМнинг 2.9 фоизини. Америка иқтисодиёти ҳажмининг беқиёслигини инобатга олсак, бу улкан сумма демакдир.

1980-200 йиллар оралиғида Миср, Саудия Арабистони, Иордания, Кувайт, БАА ва Сурия биргаликда атиги 367 та патентни рўйҳатдан ўтказган, Исроил эса бу вақтда 7652 та, кичкина Жанубий Корея 16328 та патентни.

Тадқиқот ва ишланмалар соҳасида ишлаётган олим ва муҳандислар араб мамлакатларида бир миллионга 371 нафар, глобал миқёсда эса бир миллионга 979 нафар тўғри келади. Араблар дунё аҳолисининг 5 фоизини ташкил этади, аммо оламда чоп этилаётган китобларнинг 1.1 фоизига эгалик қилади, уларнинг аксарияти диний адабиётлар. 2005 йилда биргина Гарвард университети 17 та араб тилида сўзлашувчи мамлакатларни бирга олганда ҳам кўпроқ илмий изланишларни чоп этган.

Дунёнинг 46 та мусулмон мамлакати илмий адабиётга атиги 1.17 фоиз улуш қўша олган.

Ваҳоланки, Исроил 0.89 фоиз, Ҳиндистон 1.66, Испания 1.48 фоиз жаҳон адабиётига ўз улушларини қўшиб улгурди.
Мусулмон оламининг илмий ютуқларини сезиларли деб бўлмайди. Ҳар йили илмий тадқиқотлар бўйича чоп этилаётган 2600000 атрофидаги мақолаларнинг атиги 2500 га яқини, яъни 1 фоизга яқини ислом дунёсига тўғри келади.
АҚШда ҳар бир миллион фуқарога 4000 нафар, Японияда 5000, бутун мусулмон дунёсида 230 нафар илмий ходим тўғри келар экан. Ғарбда илмий тадқиқотлар бир миллионга 1000 тани, мусулмон оламида 50 тани ташкил этади.
АҚШда университетларнинг умумий сони 5758 та, Ҳиндистонда 8407 та, мусулмон мамлакатларида атиги 500 тадан иборат. Бирор бир исломий юртлардаги университетлар жаҳон миқёсидаги энг етакчи университетлар сафидан жой ололмаган.

 

Фото:topwar

Мана қанчалар ортда қолиб кетдик. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Бизга уқтиришади. Буюк ота-боболаримиз билан фахрланишимиз керак деб. Албатта фахрланамиз. Шундоқ ўтиб кетаверишимиз керакми? Ўтмишдан хулоса чиқариб, олдинга боқиш лозим. Тўғри Ўзбекистонда илм олишга эътибор кучли. Ҳукумат соҳага яхшигина пул ажратади. Аммо у мақсадли сарфланмайди. Маблағлар қандайдир брошюралар, кераксиз адабиётлар чиқаришга, “соққа” қилишга йўналтирилади. Коррупция кучли. Назоратчи йўқ. Аксинча, унинг ўзи ҳам тирикчилик важига аралашиб қолган. Иккинчидан, хорижга борилаётган фарзандларимиз ҳам ўқишни деярли ҳолига ташлаб пул топишга киришиб кетган. АҚШга сафарим давомида ўз кўзларим билан кўрдим талабалар нима билан овора. Нега бизда олимлар йўқми? Бор. Ана Бокуга келишда математик олим Иброҳимали Норматов билан танишдим. Уни гоҳ АҚШга, гоҳ Россия, гоҳ МДҲ, гоҳ Европа мамлакатларига маъруза ўқиб беришга ёки айрим илмий тадқиқотларга ёрдам беришга чақиришади. Ана Ўзбекистонлик олим салоҳияти. Олимларимиз кўп, аммо қўллаб-қувватламаймиз. Риё ва мунофиқликни яхши кўрамиз. Одамлар назарида эътиқодли эканмизни билдириш учун масжид қуришга, ортиқча тўй ва маъракаларга пул сочишни яхши кўрамиз. Эй биродар, сансиз ҳам давлат масжид қураяпти, сенга қолмаган дейдиган одам йўқ. Бир қўшнимиз, қариндошимиз касал бўлиб ётиб қолса, кўмак бермаймиз, оч ётган бўлса қарашмаймиз. Аммо Ҳожиликка интиламиз. Ўзбекистон тарихида бу қадар кўп Ҳожи бўлмаган бўлса керак. Аллоҳдан тақво шундай бўладики, сен қилаётган яхши амалингни биров билмасин. Рўза тутишингни, керак бўлса ибодатингни кўз-кўз қилмагин.

Нега ўрта асрларда олимларимиз кўп бўлган. Улар Аллоҳдан чинакам қўрқарди. Бойлик орттиришни мақсад қилмаган, илм ўрганишга, ҳайрли ишларга сарфлаган маблағини. Бугун онгли дунё бир-бирига очилаяпти. Аммо биз ислом дунёси бир-биримизга ола қараймиз, чегараларни ёпиб оламиз. Бир-биримизга қарши ишлатиш учун мустамлакачи давлатлардан қурол сотиб оламиз. Ижтимоий соҳага, иш ўрни яратишга сарфланг ўша пулни, террорчилар пайдо бўлармикан? Устозимиз Талъат Солиев айтарди, ҳарбий соҳага сарфланган ортиқча маблағ пулни аравада олиб бориб, дарёга улоқтириб юборган билан баробар.

Ихтирочиларни кўраман, идорама идора илмий ишини қўлтиқлаб юради. 150 килоли амалдорлар бепарво. Ҳатто уларнинг темир панжаралар билан ўралган идорасига киргунича дунёнинг бошқа чеккасида ўша ихтиро амалга ошган бўлади.

Ҳозир қабристонларни кўриб даҳшатга тушасан. Мақбаралар, қабр атрофи боғ роғ. Эй биродар, тириклигида керак бўлса хабар олмагансан. Ўликка керакмас. Ўша пулни тирикка сарфла. Атрофингда ночор қанча? Йўқ обрў орттириш керак. Яратган олдида обрўйинг бир тийин. Шуни тушунтирадиган қорилар борми? Улар ҳам манфаат, нафс қулига айланганми?

Нафсни қондириш учун фоҳишаларга пулни бетига қарамай сочадиганлар қанча. Қўшнимизнинг эри Россияга, умуман хорижга кетса хотинига кўз олайтиришга ўтамиз. Ҳатто фалончи бузилиб кетибди деб гап тарқатамиз. Гап отамиз. Ахир шу аёл она, кимнингдир синглиси, аёли. Шу жирканч ишга қўл уришингдан олдин ўйлаб кўрасанми, ўзингни ўша ўрнига қўйиб кўр. Фалончига яхшилик қилдим, билмади дейди. Шу гап тилдан чиқмаса охиратда ўзингга ҳамроҳ бўладику. Йўқ савоби қолмади энди.

Биз оламшумул ютуқларга эришиш ҳақида ўйламай қўйдик. Ўқимай қўйдик. Жон оғритмай пул топаяпмиз. Тарихимизни унутдик. Қаҳрамонларимизни юзаки биламиз. Қават-қават иморатлар керак. Сандан бой америкалик, европалик ҳам одми уйларда, ҳашаматсиз уйларда кун кечираяпти. Қачонгача мустамлакачилар қутқусига учасан. Қачон фикр юритасан. Ҳали ҳам миллат бўлолмадик. Ижтимоий тармоқлардаги маданиятсизлик, жанжал, тортишувларни кузатиб ҳайратдан ёқа ушлайсан.

Туркийлар қандай кучли эди. Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидаги мана бу ривоят билан фикримни якунламоқчиман.

Ривоятга кўра, ўтган замонларда Сариўзакни босиб олган жунгжанглар асрга тушган жангчиларга нисбатан беҳад шафқатсизлик қилар эканлар. Улар кези келиб бундай тутқунларни қўшни ўлкаларга қул қилиб сотиб юборишар экан. Бу эса тутқуннинг омади келгани ҳисобланар экан. Чунки сотиб юборилган қул эртами-кечми, бир кун ўз ватанига қочиб кетиши мумкин экан-да. Жунгжангларнинг қўл остида тутқун бўлиб қолганларнинг эса шўри қурир экан. Улар маҳкумнинг бошига тери қалпоқ тортиш йўли билан даҳшатли бир тарзда қийнаб, унинг хотирасини йўқотар эканлар. Одатда бундай жазога жангда асир тушган ёш йигитлар гирифтор бўлишарди. Аввалига жунгжанглар тутқуннинг сочини дастлаб ўнгидан, сўнгра тескарисидан тақир қириб гашлашади. Сартарошлик маросими тугагач, жунгжангларнинг чапдаст қассоблари каттакон бир туяни сўйиб, терисини шила бошлайдилар. Улар биринчи навбатда, энг қалин ва энг оғир бўлган бўйин терисини ажратиб бўлакларга бўлишар, ҳовури чиқиб турган ёпишқоқ терини шу заҳотиёқ ҳозирда сузувчилар киядиган қалпоқча сингари, тутқуннинг янги қирилган тақир бошига кийгизиб қўйишарди. Мана шу — тери қоплаш дейилади. Бундай қийноққа дучор этилган қул ё даҳшатли азобларга бардош беролмай ўлиб кетар, ё хотирасидан умрбод маҳрум этилиб, ўтмишини эслай олмайдиган қулга — манқуртга айланиб қолар эди. Битта туянинг бўйин териси беш-олтита қалпоққа етади. Қалпоқ қоплангандан сўнг, ҳалокатга маҳкум этилган ҳар бир қул, қийналганда бошини ерга тегиза олмасин учун, бўйнига ёғоч бўйинтуруқ боғлашарди. Шу алфозда уларнинг юракни эзувчи, қулоқни қоматга кслтирувчи беҳуда дод-фарёдлари эшитилиб қолмасин, деб одамлардан йироққа, сувсиз, емишсиз, кимсасиз яйдоқ далага, оёқ қўллари боғлиқ ҳолда жазирама офтоб тиғига элтиб ташлар эдилар. Бу қийноқлар бир неча кун давом этарди. Керакли жойларга соқчилар қалин қўйилиб, асирларнинг қабиладошлари уларни кутқаришга келиб қолишса ўтказмаслик учун чора-тадбир кўриб қўйилган эди. Бироқ, қутқазишга уринишлар жуда кам бўларди, чунки очиқ далада қилт этган шарпа дарҳол сезилиб қоларди. Бунинг устига, жунгжанглар фалончини манқурт қилишибди, деган хабар тарқалган тақдирда, тутқуннинг энг яқин биродарлари ҳам уни қутқазишга ёки пул эвазига қайтариб олишга уринмаёқ қўярдилар, негаки, бу ўша одамнинг куруқ жасадинигина қайтариш деган сўз эди.

Шундай манқуртга айланишдан Худонинг ўзи сақласин. Билимсизлик барча жаҳолатларнинг манбаидир. Ҳатто ўқиётган намозимиздаги калималарнинг маъносини чақишга уринмас эканмиз, дангасалик, қолоқлик, тушкунлик кайфиятидан қутулолмаймиз.

 

Муаллиф: Abduvali Saybnazarov
Манба: facebook

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Закот, фидя ва фитр садақаси кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилади?

Рамазон ойи – баракали ой. Чунки унда амалга ошириладиган молиявий ибодатлар туфайли эҳтиёжманд кишиларнинг мушкули осон бўлади, хайр-эҳсон қилувчиларнинг молига ҳам барака ...

Тошкентдаги масжид имоми мансабдорларга ер ва дўкон ажратишни сўраб чиқди

Ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган тошкентлик имом Шермурод Тоғай мансабдор шахсларга “махсус дўкон, тижорат олиб борадиган жойлар” ажратишни таклиф ...

Рим папаси: ҳар бир дин ҳурматга лойиқ!

Рим Папаси Франциск Филиппинга сафари асносида Парижда бўлиб ўтган террорчилик ва унга нисбатан Ғарб матбуоти ҳамда жамоасининг муносабати ҳақида ўз фикрларини билдирди.   ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400