Юлдузли тунлар-11

ЎШ
НАЖОТ ҚАЙДА?
1

Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб келинган ҳашаматли чодирлар Буратоғ* этагидан оқиб ўтадиган Жаннатариқ бўйига ўрнатилди. Оқбурасой бўйларида ҳам, Чилмаҳрам тоғининг этакларидаги кўкаламзорларда ҳам юзлаб чодирлар ва ўтовлар пайдо бўлди. Тоғдан ҳайдаб тушилган думбали қўйлар сўйилди, кабоб қўраларида арчанинг пистоқи кўмири чўғлатилди, дошқозонларда гўшт қайнай бошлади. Бугун Ўшга Бобур мирзо бошлиқ ҳамма аркони давлатларнинг келиши кутилмоқда.
Мулла Фазлиддин ёш подшоҳнинг амри билан Буратоғнинг чиқиш қийин бўлган хушманзара бир қоятоши устига кичкина ҳужра қурган. Бобур мирзо бултур шу ишни унга топширгандан кейин Самарқандга қўшин тортиб кетган ва Ўшга мана энди йўли тушмоқда эди. Мулла Фазлиддин савдарлар билан пастга тушиб, ҳужрага ярашадиган гилам ва зарбоф кўрпачаларни ўзи танлади. Тик, сирғанчиқ қоятошга чиқиб ўрганмаган савдарлар жиҳозларни олиб келаётганда жуда қийналиб қолишди. Қашқарча кумуш обдаста кўтариб келаётган семиз офтобачи ҳар ўн қадамда бир тўхтаб қоларди. Мулла Фазлиддин унинг қўлидан обдастасини олиб, ўзини суяб чиқди.
Савдарбоши айвоннинг сангфарш қилинган зиналарига гулдор пояндоз тўшатган эди, мулла Фазлиддин илтимос қилиб, уни олдириб ташлади. Чунки зиналарга ишлатилган рангли тошлар ҳар қандай пояндоздан қимматроқ ва гўзалроқ эди.
Тоғ қиррасида турган ҳужрадан бутун Ўш шаҳри ва унинг атрофлари кафтдагидек аниқ кўринар эди. Ҳали ҳам нафасини ростлаб ололмай ҳансираб ўтирган офтобачи пастга тикилиб қарадию, ўрнидан сакраб турди:
— Ана, келдилар!
Мулла Фазлиддин айвон четига бориб, пастга кўз югуртирди.
Оқ отлиқ Бобур мирзо юздан ортиқ беклари ва хос навкарлари билан Жавзо масжидидан ўтиб, тоғ этагига яқинлашиб қолган эди. Улар ҳаммаси Жаннатариқ бўйига ўрнатилган боргоҳ* ва хиргоҳ* олдида тўхтадилар. Ичи заррин ипак, усти қимматбаҳо майин мовут билан қопланган бу чодирларнинг зарҳал чилвирлари кумуш қозиқларга боғланган эди. Чодирларда дам олиш ва катта зиёфатлар бериш учун ҳамма тайёрликлар кўриб қўйилганини мулла Фазлиддин билар эди. «Eнди бугун Бобур мирзо ўша ерда дам олсалар керак, бизнинг ҳужрага балки эртага чиқарлар», деган ўй билан ишини секин давом эттирди. Аммо орадан бир соат ўтар-ўтмас пастдан серсоқол қўрчибоши тўртта соқчиси билан ҳансираб чиқиб келди:
— Ҳозир бу ерга олий зотлар қадам ранжида қилурлар. Тахтиравон қаерда?
Савдарбоши мулла Фазлиддинга ёрдам сўрагандай қилиб қаради. Зира беқасамдан юпқа тўн кийган мулла Фазлиддин қўрчибоши қаршисида қўл қовуштириб:
— Маъзур тутинг, жаноби бек, — деди.
— Хўш?
Мулла Фазлиддин шу ҳужрани қуришда ғиштларни замбилга солиб кўтартириб чиқмоқчи бўлган, аммо иложини тополмаган эди. Чунки бу тик қояга одам фақат битта-битта бўлиб, гоҳо қўли билан қояга суяниб чиқиши мумкин эди. Тахтиравонни эса тўрт киши тўрт томонидан кўтаради, унинг ичида подшоҳ ёки маликалар ўтиради.
— Биз тажриба этиб кўрдик, бу қояга тахтиравон кўтариб чиқиш мумкин эмас, — деди мулла Фазлиддин.
Қўрчибоши уч томони девордай тик қоятош бўлган, фақат бир томонидан ёлғиз одам зўрға ўтиб келадиган тоққа дурустроқ қаради-ю, тахтиравон ишлатиш фикридан қайтди.
Савдарбошига хўмрайиб:
— Бу ерда ортиқча одам бўлмасин! — деб буюрди.
Ҳужра атрофидаги саҳн торроқ бўлса ҳам қоянинг шимол томонида — уйдай баланд тошлар ортида кичкина майдонча бор эди. Соқчилардан иккитаси офтобачи ва савдарбоши билан бирга ўша ёққа ўтиб туришди. Бошқа савдарлар пастга тушиб кетишди. Қўрчибоши мулла Фазлиддинга қараб:
— Жаноби меъмор, сиз йўлни яхши билурсиз, подшоҳга пешвоз чиқинг, — деб буюрди. Қоидага биноан қўрчибошининг ўзи ҳам пастга қайтиб тушиб, подшоҳ билан бирга чиқиши керак эди. Аммо бу тоққа икки қайта устма-уст тушиб чиқиш бениҳоя қийин. Буни сезган ўрта яшар қўрчибоши иккита соқчини мулла Фазлиддинга қўшиб пастга тушириб юборди-ю, ўзи ҳужра ёнидаги силлиқ тош курсига ўтириб, терлаб кетган йўғон бўйинларини арта бошлади.
Мулла Фазлиддин Буратоққа ҳар куни неча қайтадан тушиб-чиқиб ўрганиб қолган. Унинг оёғидаги ихчам мўккиси тошдан-тошга енгил ўтиб боради. Аммо кўнгли нотинч. Ҳозир подшоҳ ва унинг бекларига дуч келиши кераклиги, улар билан муомала қилишнинг қийинлиги қалбига таҳлика солади.
Бобур мирзо ва унинг одамлари тоғнинг кунчиқиш томонидан отлиқ айланиб ўтиб, қоятошга жанубдан яқинлашдилар-да, мазоратдан юқорироқда отдан туша бошладилар. Шунда мулла Фазлиддин бек ва навкарларга қўшилмай алоҳида тўп бўлиб келаётган аёлларни кўриб қолди.
Ювош қора отда ўтирган ва оппоқ кийинган ўрта яшар аёл — Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор хоним эди. Гулибодом рангли шўх, ўйноқи отда қирмизи ипак кабо* кийган Хонзода бегим келмоқда эди. Мулла Фазлиддин уни шўх от устида чавандоз йигитлардай яхши ўтирганидан ҳам таниди-ю, вужуди бирдан қизиб кетгандай бўлди. Кўнглидаги бояги безовталик устига оловли бир ҳаяжон қўшилиб, юраги қинидан чиққудай ҳаприқиб кетди. Мулла Фазлиддин ўзида бирдан юз берган бу ўзгаришни бировга сездириб қўйишдан қўрқиб, подшоҳни кутиб олаётган мулозимларнинг панасига ўтди-да, бош эгиб, қўл қовуштириб турди. Шунда тиззалари ҳам қалтираётганини сезиб, «Худоё ўзинг шарманда қилма!» деган сўзларни дилидан ўтказди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* Буратоғ баъзи манбаларда Боратоғ ҳам деб аталади. Бироқ «Оқ Бурасой» каби асли «бура» сўзидан олинган бўлиши керак. Туркий тилларда
нортуянинг энг улкани «бура» ёки «буғра» деб аталади. Бу тоғ чиндан ҳам текис жойда чўк тушиб ётган улкан нортуяга ўхшаб кетади. (Автор.)
* Б о р г о ҳ — подшоҳнинг хос чодири.
* Х и р г о ҳ — подшоҳнинг тахти қўйиладиган ва қабул маросимлари ўтказиладиган чодир.
* Асилзода аёллар киядиган узун енгли устки кийим. Камзулга ўхшаш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-мирзо анварнинг кейинги ҳаёти тўғрисида

Мен мирзо Анвар ҳикоясини отам марҳумдан эшиткан эднм. Мирзо Анвар Қўқондан қочиб келиб, уч-тўрт йил чамаси Тошканднинг машҳур Эскижўва маҳалласида гурган. Ул вақтларда ...

Юлдузли тунлар-3

АХСИ АЖАЛГА ДАВО ЙЎҚ 1 Баланд тепалик устига қурилган Ахси қалъаси тун оғушида тоғ қоясига ўхшаб қорайиб кўринади. Қалъа этагида Косонсойнинг Сирдарёга гувуллаб ...

Усмон қўчқоров-ваҳима

ВАҲИМА Ҳар гал Бухорони кезганда чандон Ваҳмга тушаман тошларга боқиб. Манови — минора, манови — зиндон... Ва кимдир ортимдан қилади таъқиб. Қайроқи майдондан кираман Аркка — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400