УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – ЎРИСЧА СЎЗ АЙТГАНГА  ЖАРИМА

 

Рауф Парфи

Давраларда ва сафарларда Рауф ака бир нималарни ўйлаб, топиб юрардилар.1989 йили ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилгач, ўрисча сўз айтган кишига жарима солишни ўйлаб топгандилар. Ҳар ким ҳам гап орасида, албатта русча сўзни айтиб юборардик. Оқибатда ўртада анча пул йиғиларди. На фақат ичкилик, балки егулик учун ҳам етарди бу пуллар. Шундан ҳам Шўро замонида русча сўз аралаштириб гапиришга қанчалик берилиб кетганимизни тасаввур қилаверинг. Рауф ака эса бизни  бу иллатдан халос этишни истардилар.

Эсимда, Рауф ака билан бирга шоирлар Йўлдош Эшбек ва Муҳаммад Ҳайдар Сирдарёга адабий учрашувга борганимизда ҳам шу ўйин ўйналганди. Ҳар битта русча сўз айтган киши бир сўм тўларди. Ўшанда кун бўйи Рауф ака кайфиятлари чоғ бўлганлигидан қандай воқеалар юз берганини тасаввур қилишингиз мумкин.

1990 йилнинг 30 март куни эса устоз қизлари Муножатни наманганлик бир табибга кўрсатиш учун олиб борадиган бўлгандилар. Полвон Турсун Али Муҳаммад машиналарида тўртталамиз Фарғона шаҳридан Наманганга қараб йўлга тушишимиз билан Рауф ака :

-Хўш, мақсадга ўтайлик.Ўрисча сўз ишлатиш йўқ. Ким ишлатса, ҳар бир сўз учун бир сўм жарима, тўлайди,–дедилар.

-Русча сўз ишлатмасликнинг иложи йўқ-да, Рауф ака, – дея эътироз билдирдилар полвон ака.

-Бир сўм жарима!

-Нега?

-“Русча” деган сўз  ишлатдингиз.”Ўрисча” дейиш керак эди. Елпесе!

-И-е,ҳали русча деган сўз учун ҳам штрафми?

-Худди шундай.Яна жаримага тушдингиз.Икки сўм бўлди.

-Рауф ака, ҳув ана у ерда сиз айтган магазин бор экан,-дея гапга аралашдим мен.

-Чоршамъ, сиз ҳам бир сўмга тушдингиз, “магазин” эмас дўкон дейиш керак.

Полвон ака жиғибийрон бўлиб кетдилар:

Рауф ака, ҳамма ёқда русча сўзлар э, кечирасиз ўрисча сўзлар…

-Кечирмайман, яна бир сўмга тушдингиз.

-И-е, боринг-э, мана минг сўм пул. Мингтача русча сўз ишлатишга ҳаққим бор. Рулда кетаётиб русча ҳар бир  сўз ўрнига ўзбекча қайси сўзни ишлатиш мумкин  деб ўйлайвериб бошим оғрияпти.

-Мингта сўз ишлатишингизга ҳали анча бор, бошингиз оғримасин.

-Ҳа,ҳа…

Хуллас, Наманганга боргунча полвон ака жуда кўп, мен эса 20 тача ўрусча сўз ишлатдим.

-Мен сира ишлатмайман,-деган Рауф ака ҳам 10 сўм жаримага тушдилар. Шунда устоз янги қоида ўйлаб топдилар:

-Хўш, агарда ким “ўрисча айтганда” деб ўрисча сўз ишлатса, жарима солинмайди. Қарасам, ўзим ҳам анча жаримага тушадиганга ўхшаяпман.

Биз бунга кўндик. Шундан кейин чиндан ҳам жаримага тушиш кескин камайди.        Энг қизиқ воқеа эса Ёзёвонда бўлди. Шу жойда овқатланиш учун  чойхонага тушдик. Мен ичимлик излаб дўконга бориб келсам улар  роса қаҳ-қаҳа отиб куляптилар.

-Ҳа, нима бўлди? –десам ҳам ўзларини тўхтата олишмаяпти. Ҳатто Муножат ҳам куларди. Охири полвон ака гапирдилар:

-Рауф акам жаримага тушишдан шу қадар қўрқиб қолибдиларки, мендан “полвон ўрисча айтганда Чоршамъ қаёққа кетди?” деб сўраяптилар. Ҳа –ҳа-ҳа.

Шу–шу, биз Наманганга бориб келгунча кулиб такрорлаб келдик:

-Рауф ака, ўрисча айтганда  Чоршамъ қаёққа кетди?

Вақт қандай ўтганини ҳам билмадик, полвон аканинг ҳам чарчоқлари чиқди. Олдинда эса ҳали қанчадан-қанча ҳангомали воқеалар турарди.

 

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ –“ФЕЪЛИМ ЗАИФ”
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«наво» куйи

11. «НАВО» КУЙИ Халқимиз таъбирича, бу замонлар «мусулмонобод» бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўя-турған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, ...

Мeҳробдан чаён-“фотиҳа — муҳри худодир”

Махдум чувирлашиб ўқуб ётқан болаларға тўхталиш ишоратини бериб, ўзи ирғиб ўрнидан турди  ва  шошқанча  мактабхонадан  чиқиб,  саҳн  ўртасида  турған  икки  нафар  машҳур  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 36-қисм

УЧИНЧИ БЎЛИМ I Одамлар — тақдирни,  тақдир — одамларни  излаб  юради...  Ҳаётнинг  азал  айланиши шундай... Тақдир мудом ўз нишонини мўлжаллаб туради, деган гап рост бўлса, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400