Юлдузли тунлар-10

3

Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», деб шодланса, баъзиси не-не йигитларнинг сувга оқиб, балчиққа ботиб, минг азоблар билан ўлаётганидан ачинарди. Тоҳир кечаси ўртоқлари билан қилган ишларини боя Фазлиддин тоғасига «уддасидан чиқолмадик», деган маънода маъюсланиб айтиб берган эди. Кейин юз берган ҳодисани томга чиқиб кўрган мулла Фазлиддин нарвондан тез пастга тушди-ю, Тоҳирни бир четга имлаб чақириб олди:
— Ўртоқларингга айт! Ҳаммаларинг тезроқ беркининглар!
— Нечун, мулла тоға?
— Кўприк арраланган жойидан синганга ўхшайди. Агар кўприкка ўт қўйиб юборганларингда ҳам бунчалик талафот бўлмас эди. Чунки ёғий кўприкнинг ёнган жойини тузатмагунча устига черик чиқармас эди. Улар ғафлатда қолиб балога йўлиққан! Агар қилган ишларингни билиб қолса, ҳаммамизни қириб ташлашлари аниқ!
— Ёғий ҳали нарёқда-ку?
— Чиғдовуллари бу ёққа ўтган экан, мен кўрдим. Гапни кўпайтирмай, тезроқ яширин. Тўқайга чиқиб кетинглар. Тез!
Тоғаси астойдил хавотир бўлаётганини сезган Тоҳир бошқа эътироз қилмади-ю, ўртоқларига секин хабар бериб чиқди:
— Арқон билан ўроқ олинглар. Ким сўраса, ўтинга борамиз, денглар. Лекин хўрак икки-уч кунлик бўлсин.
Беш йигит одамларнинг кўзига ташланмасликка тиришиб, қишлоқдан якка-якка чиқишди-ю, тўқай ичида учрашишди.
Кўприк синмасидан олдин бериги томонга ўтиб қолган чиғдовуллар Қуванинг кадхудосини топиб, унинг ёрдамида дурадгор усталарни кўприк тузатишга ҳайдаб чиқди. Нарёқда қолган навкарлар арқон ташлаб, ёғоч ташиб, уларга кўмаклаша бошлашди.
Кўприк тузатишга чиққанларнинг орасида Тоҳирнинг отаси ҳам бор эди. У кечаси ўғлининг қаёққадир бориб, саҳар пайтида чарчаб қайтганини сезган эди. Дурадгорлардан бири ёғочнинг арраланган жойини Тоҳирнинг отасига кўрсатиб, ўз шубҳасини айтмоқчи бўлганда, уста бунинг олдини олиб лабини тишлади:
— Дамингизни чиқарманг, — деб шивирлади. — Агар ёғий бирор гумонингизга ишонса, бутун Қувага ўт қўяди. Ҳаммамизни қиличдан ўтказади!
— Гапингиз ҳақ!
Шундан кейин бу тўғрида ҳеч ким оғиз очмади. Икки кун деганда кўприк наридан-бери тузатилди-ю, ёвнинг отлиқ аскарлари битта-иккитадан бўлиб, эҳтиёт билан ўтишди. Ниҳоят, подшоҳ ҳам мулозимлари билан кўприкдан ўтиб, Қувада тўхтамасдан йўлида давом этди. Ёвнинг араваларга ортилган оғир юклари ва туя карвонлари кўприкдан нарида қолиб кетди. Шунга қараганда ёвнинг режаларида қандайдир бир ўзгаришлар юз берган эди. Тўқайда яшириниб юрган Тоҳир Робиядан хавотирда эди. Ота-онаси қизни қўлларидан келганича авайлаб, яшириб юрганларини билса ҳам, ёвнинг ҳамон Қува атрофида ўралашиб юргани жуда таҳликали эди. Учинчи куни йигитларнинг хўраклари ҳам тугади. Аҳвол қандай бўлаётганини билиш ва хўрак ғамлаб келиш учун Тоҳир ўзи борадиган бўлди. У кечки пайт бир боғ қамишни орқалаб секин ҳовлиларига яқинлашди. Дарвоза занжир экан, қўлининг учини тиқиб, занжирни туширди. Мулла Фазлиддин бостирманинг олдида араванинг ғилдиракларини кўздан кечираётган эди. Қамиш кўтариб кирган Тоҳирни кўриб унга қараб чопди:
— Сулҳ муборак, жияним! Сулҳ!
— Уруш тугадими?
— Худога шукур, тугади.
Тоҳир елкасидан қамишни ерга ташлаб юборди. Тоғаси уни бағрига босиб, қулоғига шивирлади:
— Жасоратларинг бекор кетмади, жияним! Самарқанд подшоҳининг ўзи сулҳ таклиф қилган эмиш! Кўприкдаги талафот ёғийнинг белини синдирган экан!
Мулла Фазлиддин елкасига энсиз жияк тикилган кифтаки кўйлак кийган эди. Тоҳир энгагини жиякнинг боғичига босиб ва кутилмаган шодликнинг зўридан ўпкаси тўлиб:
— Хайрият! — дея олди, холос.
Мулла Фазлиддин унинг залварли елкасини силаб паст товуш билан:
— Аломат бўлди, — деди. — Не-не бекларнинг қўлидан келмаган халоскорлик сендек таваккалчи йигитларнинг қўлидан келгани аломат бўлди! Киборлар сендекларни «қора халқ», деб писанд қилмайдилар. Аммо бугун шу «қора халқ»нинг жасорати билан уруш балосидан халос бўлганларини билсалар эди!
— Лекин мунчалик бўлишини биз ўзимиз ҳам билмаган эдик, мулла тоға. Бир чеккаси, сизнинг келиб қолганингиз яхши бўлди. Сиз бўлмаганингизда бу иш менинг хаёлимга ҳам келмас эди, сиз туртки бердингиз.
— Шундайми, а, жияним? Агар шундай бўлса менинг бошимни сен кўкка етказдинг!
Мулла Фазлиддин нуқул овозини пасайтириб, қандайдир хавф сезиб гапирмоқда эди.
— Мулла тоға, Қувада ҳали ҳам ёғий борми? — деди Тоҳир.
— Ҳа, ёғий ўтиб тамом бўлганича йўқ. Подшоҳлари Андижондан бир ёғоч* берида сулҳ тузиб орқага қайтган эмиш. Черигининг бир қисми кўприкдан нарига ўтиб кетганини, ўзим кўрдим.
Аммо қолган-қутганлари энди қайтса керак. Эҳтиёт шарт, жияним, уйга кир.
Тоҳир уст-бошига илашган қамиш баргларини қоқиб уйга кираётганда қўшни ҳовлидан аёл кишининг алласи эшитилди.
Тоҳир Робияни эслади-ю юраги бир орзиқди. Сулҳ тузилганини эшитганмикин? Тоҳир уни жуда соғинган эди. Қани энди иложи бўлса-ю, ҳозир девор ошиб, қўшни ҳовлига ўтса. Робияга уруш қандай даф бўлганини айтиб бериб, унинг қувонганини кўрса! Лекин қаллиқлик одоби бунга йўл бермас, Тоҳир Робия билан фақат яшириқча учрашар эди.
Тоҳир энди уйга кириб, онасини сулҳ билан муборакбод қилаётган эди, кўчада бирдан итлар асабий хуриб, от дупури эшитила бошлади. Тоҳир шошилиб дарчадан ҳовлига қаради.
Айвондан пастда турган мулла Фазлиддин унга ўтинхонани кўрсатиб:
— Бу ёққа чиқ! — деб шипшиди. — Бекин!
Тоҳир белига тақилган ханжарни сопидан ушлаб, айвон орқали ўтинхонага чопиб ўтди ва қамиш боғларининг орасига яширинди.
Дарвоза тавақалари шахт билан очилди. Эгарларининг қошига ёй осилган, бошларига дубулға кийган, кенг чолворлари этикларининг қўнжини ёпиб турган отлиқ аскарлар ҳовлига кираётиб, атрофга аланг-жаланг кўз югуртириб чиқди. Улардан иккитаси битта қора отга мингашиб олган эди.
Дубулғасининг учига яшил матодан байроқча қадалган понсод бостирмада турган яйдоқ отни кўрди-ю, мингашиб келаётганларга қараб:
— Ана у сеники! — деди.
Ҳабашдай қорайиб кетган ўсиқ мўйловли йигит қора отнинг сағрисидан сакраб тушди-ю, бостирмага қараб югурди. Қолган йигитлар понсоднинг ишораси билан уйга кириб, янгироқ кигизми, гиламми, бўхчами ҳаммасини ҳовлига кўтариб чиқа бошлади.
Айвоннинг устунига суяниб жим турган мулла Фазлиддин буларни: «Кўприк воқеасидан хабар топиб Тоҳирларни қидириб келганми?» деб қаттиқ қўрққан эди. Энди буларнинг баднафс талончилар эканини кўриб нафрати келди. Отдан тушмай ҳовли ўртасида турган понсодга қараб:
— Меҳмон, инсоф ҳам даркор! — деди. — Подшоҳларимиз сулҳ тузганларидан кейин бунчалик талон-торож қилиш мусулмончиликка тўғри келармикин?
Бостирмада мулла Фазлиддиннинг отини аллақачон ўзиники қилиб, унга эгар ураётган қора йигит:
— Сулҳ, омон-омон! — деб, бу сўзларни масхаралагандай кулиб айтди.
Бошқа бир йигит бўхчани титкилаб, ундан бир жуфт атлас топди-да, понсодга узатиб:
— Моли амон!* — деди.
Понсод атласни олиб хуржунга солар экан, мулла Фазлиддинга зуғум қилиб, самарқандча талаффуз билан гапира бошлади:
— Олтмишта отимиз ўлат бўлиб ўлди. Бизга касофатларинг урди. Сен бунда савори юргину мани йигитим Самарқандга пиёда кетсунми? Икки киши бир отга мингашиб кирганини кўрдингми?
— Кўрдим. Агар аравага қўшилган шу чўбир от йигитингизни Самарқандга кўтариб боролса, майли, олинг. Лекин аёлларнинг бўхчасини кавлаш, сиздек олижаноб понсодга жоизмикан?
— Бизнинг аёлларимиз Фарғона атласидан савғо келтиринг, деб тайин қилган. Биз шунча жойдан овора бўлиб келиб, энди бесавғо қайтайлукми? Инсоф шуми?!
Понсод сўнгги сўзни алам билан айтганига қараганда, урушнинг ғалабасиз тугаганидан жуда норози эди. Бу одамлар, урушдан катта ўлжалар олиш умидида ойлаб-йиллаб қон кечиб, ҳамма азоб-уқубатларга бардош бериб юрар эдилар. Агар Андижон ва Ахси каби бой шаҳарлар босиб олинса, жангчиларнинг ҳар бири ўлжадор бўлиши шубҳасиз эди. Бироқ Қувадаги талафотдан кейин дарҳол сулҳ тузилди. Андижондан ярашиш учун чиққанлар Самарқанд подшоҳига олтин-кумуш совғалар, қимматбаҳо саруполар, бир неча юз чопқир от ва туялар инъом қилдилар. Бу инъомлар подшоҳнинг ичкилари, мулозимлари, беклари ва бошқа яқинларидан ортмай қолди.
Мана бу понсодга ўхшаган жангчилар эса ўлжасиз қолди.
Шунинг аламига улар орқага қайтишда йўлларида учраган қишлоқларни тинтиб, ўлжа қидиришга тушган эди.
Улардан бештаси ҳозир Робияларнинг ҳовлисига ҳам бостириб кирган эди. Ўтинхонанинг бир девори Робияларнинг ҳовлисига туташ бўлгани учун Тоҳир қўшни ҳовлида ҳам тўполон кўтарилганини эшитиб қолди.
Кеча эҳтиётини қилиб ичкарида бекиниб ўтирган Робия уруш тугаганини эшитган, сўнг ҳовлига сигир соғишга чиққан эди. Сигирга бузоқни қўйиб, уни ийдириш билан андармон бўлди-да, ҳовлиларига отлиқ аскарлар кириб келганини кеч сезди.
Аяси оғилхонага чопиб кирди.
— Вой, ўлай, сен шу ердамидинг?
— Нима бўлди, ая?
— Ёғий! Тўхта! Ҳовлига чиқма!.. Ана у туйнукдан сомонхонага ўт!
Ўлжа от қидириб юрган навкарларнинг иккитаси дарҳол оғилхонага кирди-ю, унинг тўридаги туйнукдан нарёққа ошиб ўтаётган қизни кўриб қолди. Қисиқ кўзли қипчоқ йигит ёнидагига қараб:
— Сулув қизга ўхшайди! — деди.
— От жўқ экан-да, — деди шериги афсусланиб.
— Жахши қиз отдан ҳам қиймат бўлади. Жур, олиб чиғайиқ. Самарқандга олиб бориб Фозилбекка сотамиз!
Сигирнинг панасида турган она бу даҳшатли сўзларнинг маъносини тушунди-ю, чопиб бориб туйнукнинг оғзини гавдаси билан бекитди.
— Мусулмон бўлсаларинг қизимга тегманглар! Мени ўлдирсаларинг ўлдиринглар! Қизимга яқинлашманглар! Бировнинг омонати! Бировга фотиҳа бўлган!
Бу сўзлар қисиқ кўзли йигитнинг назарида қизнинг қийматини яна ҳам оширгандай бўлди. У кампирни қўлидан бир силтаб, охурга қараб улоқтирди. Кампир охурга боши билан урилиб чинқирди-ю, ҳушидан кетди.
Қипчоқ йигит туйнукдан сомонхонага ўтганда Робия сомонхонанинг эшигидан қочиб ҳовлига чиқди. Шунда иккинчи йигит қаршисидан чопиб чиқиб уни тутиб олди. Ичкаридан қисиқ кўзлиги етиб келди. Қиз уларнинг қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлиб балиқдай патиллар эди. Учинчи бир йигит эгаридан қоп олиб қопнинг оғзини очганича уларга яқинлаша бошлади. Қиз ҳозир бошига қоп кийдирилишини сезди-ю, бор овози билан дод солиб қичқира бошлади. Тоҳир шу вақтгача тишини-тишига қўйиб, уйларида бўлаётган талон-торожга чидаб ўтирган эди. Аммо Робиянинг чинқириғини эшитгандан кейин кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди. Ўтинхонадан чопиб чиқди-да, қўшни ҳовлининг деворига тирмашди. Деворнинг су-воқларини кўчириб, нарёққа ошиб тушар экан, шунча кундан бери уни хавотирга солиб юрган энг ёмон бахт-сизлик у кутгандан ҳам даҳшатлироқ бир тарзда рўй бераётганини кўрди. Бири Робияни оёқларидан ушлаб олган, иккинчиси унинг қўлларини белига қўшиб маҳкам қисиб турган ва учинчиси қизнинг бошига қоп кийдирмоқчи бўлаётган йигитлар Тоҳирнинг баданига ҳам заҳарли илон бўлиб ёпишаётгандай туюлди. Тоҳир қичқириб юборди. Ҳовлида бир йигит отларни жиловидан тутиб турибди. Яна бири қўлида узун найзаси билан от устида ўтирибди. Ҳаммасининг белида қиличи, ёнида ўқ-ёйи. Тоҳир бир ўзи буларга бас келоладими, йўқми, буни ўйлаб ўтирадиган аҳволда эмас. Робияга ёпишган илонларга тезроқ тиғ уришдан бошқа ўйи ҳам, истаги ҳам йўқ. У югуриб бораётиб ханжарини қинидан суғурди.
Найза кўтарган отлиқ:
— Тўхта! Тўхта! — деб унинг кетидан от солди. Тоҳир икки сакраб мўлжаллаган жойига етиб борди. Робияни оёғидан қучоқлаб олган қисиқ кўзли йигитнинг биқинига ханжар урди. Ханжар сопигача ботиб кетгани, қисиқ кўзли йигит инграб Робиянинг оёқларини қўйиб юборгани эсида. Тоҳир ханжарни тортиб олаётганида ўзининг елкасига ғарчиллаб санчилган найза зарбидан гандираклаб кетди. Унинг ханжар тутган қўллари даҳшатли бир оғриқдан бўшашди. От устидан унга найза санчган йигит найзасининг узун сопидан тортиб суғуриб олаётганда Тоҳирнинг елкасидан — кўйлаги билан бирга кесилган баданидан қон тизиллаб отилиб кетди. У ўзи қулатган қисиқ кўзли йигитнинг устига йиқилар экан, Робиянинг косасидан ўйноқлаб чиққан ваҳима тўла кўзини кўрди. Қизнинг:
— Вой, Тоҳир оғам! — деб қичқиргани узоқлардан келган шарпадай зўрға эшитилди. Сўнг бу ҳам зулмат қаърига шўнғиб йўқ бўлди.
Тоҳир қонига беланганича қолди-ю, Робияни Самарқанд томонга олиб кетишди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

____________
* Б и р ё ғ о ч — тахминан ўн олти чақирим.
* М о л и а м о н — урушда тўланадиган товон.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чол ва денгиз (3)

— Ана холос,— деди у.— Айтмовдимми!—ва қайиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эшкакларни сувдан тортиб олди. Чол чилвирга томон энкайиб, уни ўнг қўлининг бош ва кўрсаткич ...

Туш… яъни шавкат мирзиёев қабулида (бир сахнали,бир кўринишли пеьса)

Президент қароргоҳига мени кузатиб боришар экан, ажиб ҳаяжон, алланечук лим-лим завқ, ноаниқ ҳавотирга тўла ҳайратимни сунъий визминлик билан яшираман.   Қабулхонага ...

Мeҳробдан чаён-нега ерга қарайсан, раъно?

 Кучлик  шамол  кўтарилиб,  боқчадаги  ҳар  нарсани  тўрт  тарафка  бука  бошлади.  Кўча чанглари кўкка кўтарилиб, ой ва юлдузлар нурини хирароқ бир ҳолға қўйдилар. ...