Даромад чакки эмас, буромад қандай?

Daromad

 

Бугун бизнинг иқтисодий аҳволимиз қандай. Расмий маълумотлар бўйича иқтисодий аҳволимиз ёмонга ўхшамаябди. Шу ўринда эътиборимизни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида юртбошимиз томонидан тилга олинган факт ва рақамларга қаратамиз.

Унда ўтган 2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари тилга олинади, яъни орқада қолган йилда юртдошларимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошганлиги, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайганлиги таъкидланади. Холбуки, шундай экан, халқнинг бундан ношукурлик, ношудлик қилишига, ёзғиришига, турмуш тарзидан, камдаромадлиликдан норози бўлишига ҳаққи йўқ. Чунки реал даромадимиз йил давомида 16 фоизга, иш ҳақи-ю ва бошқа даромадлар 20,8 фоизга ошган бўлса, бу чакки кўрсаткич эмас, албатта. Зеро, даромаднинг бундай кўрсаткичда ошишига худди биз каби иқтисодий ўтиш даврини бошидан кечираётган, ривожланаётган давлатларнинг ҳаммаси ҳам эриша ололмаётгани айни ҳақиқат.

Бироқ танганинг иккинчи томони-ю, яхшининг ёмони, баланднинг пасти-ю каттанинг кичиги, хуллас, ҳар бир нарсанинг антоними бўлганидек, даромаднинг буромади ҳам борлигини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз мақсадга мувофиқ. Энди бир оғиз буромад ҳақида. Борди-ю даромаддан буромад устун бўлса, у ҳолда юқорида таъкидлаганимиздек, халқнинг “ношукурлиги”, “ношудлиги”, “ёзғирувчанлиги”ни табиий жараён сифатида қабул қилиш мумкин. Демак, бизнинг назаримизда мутассадилар фақат йиллик даромадни ҳисоблаш билан чекланибгина қолмасдан, ўз навбатида буромадни ҳам ҳисоблашлари, шунчаки ҳисоблаш эмас, ўртада келиб чиққан тафовутларни холисона таққослаган ҳолда халққа ҳисобот беришлари, аҳолининг турмуш тарзини шу тариқа аниқлашлари лозим. Фақат ана шундай йўл орқалигина сихнинг ҳам, кабобнинг ҳам куймаслигига эришиш мумкин.

 Афсуски, бизда аксинча. Даромад ҳисобланганда буромад деярли инобатга олинмайди, аниқроғи, мутассадилар инобатга олишни хоҳламайди. Аҳолининг келгусида ошажак, яъни эга бўлажак даромади бир-икки ой олдин хабар қилинади. Бу борада Президентимизнинг ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендияларни ошириш тўғрисидаги қарорининг бир-икки ой олдин эълон қилинишини назарда тутаяпмиз.

Бу қонуний жараён албатта, ва халқ учун керакли билдирги. Лекин ёмон томони шундаки, Президентнинг аҳоли даромадини оширишга боғлиқ олдиндан эълон қилинадиган қарори юртимизда шу кунданоқ нарх-навонинг кескин суръатларда ошиб кетишга олиб келади. Ваҳоланки, аҳоли мазкур ҳужжатга мувофиқ ўзларининг ошган ойлик маошлари, пенсиялари, ижтимоий нафақалари ва стипендияларини орада икки ой вақт ўтгандан  кейин олишга муваффақ бўлишади. Айрим ташкилотлар (афсуски бундай ташкилотлар сони кундан-кунга кўпаймоқда), яъни қўл остида ишлайдиган ишчи-ходимлар ойлик маошларини ўз вақтида бериш имконига эга бўлмаган ташкилотлар эса бундан мустасно. Яна бир ачинарли томони шундаки, Президент қарори фақат бюджет ташкилотларигагина тааллуқли бўлади. Хусусий корхоналар, жумладан, нобюджет ташкилотлар эса ойлик маошини ошириш ёки оширмасликни ихтиёрига кўра ҳал қилишади. Аммо бозордаги нарх-наволар эса ҳамма учун баравар оширилади…

Шунингдек, “2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисида яна бир факт тилга олинди. Бу айни кунда юртимизда 100 та оилага ўртача 41,4 та енгил автомобиль тўғри келишига оид хабардир.

Шу ўринда халқимиз ичида кенг тарқалган латифа ёдимизга тушди.

 Эмишки, Нурсултон Назарбоев билан Ислом Каримов учрашибдилар. Назарбоев Каримовдан:

– Ишлар қалай, Ислом Абдуғаниевич? Халқингиз бугун қандай яшаябди? Ривожланиш, тараққиёт жойидами, деб сўрабди. Бунга жавобан Каримов:

– Шукур, шукур, Нурсултон Абишевич, халқимиз жуда яхши яшаябди, юртимиздаги деярли ҳар бир оилаларда ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар савлат тўкиб турибди. Ҳатто яқинда сизлардаги оилаларни ҳам тўлиқ автомобиль билан таъминлаймиз. Ривожланиш ҳам жойида. Қуряпмиз, бунёд этяпмиз. Ҳеч ким ойлик маошим кам деб арз қилмайди.

– Энди ўзларидан сўрасак, ўзларида қалай, дебди Каримов.

Ҳамкасбининг мақтанчоқлигини у қадар ёқтирмаган Назарбоев уни бир боплагиси келиб шундай жавоб берибди:

– Мен ҳам шукур айтсам арзийди. Халқимиз жуда яхши яшаябди. Биздаги деярли ҳар бир оилада сизнинг икки нафар фуқаронгиз ишлаяпди, уларни сизга ойлик маошим кам деб арз қилмасин деб, иш берувчи юртдошларим ойлик маош билан таъминлаб турибди, Пойтахт Астанани қуряпмиз, уни қуришдаям фуқароларингиз ҳиссаси бор, дебди.

Ёзсак, мавзу кўп. Бироқ асил ҳақиқат юқоридагиларга ёқавермаслиги аниқ.

Асил ЭЛЎҒЛИ

   

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«ибодатларимизни эмин-эркин амалга ошириб юрибмиз» туркумидан

Наманган вилоятининг Чуст туманидаги масжидларда ҳар жума мана шундай рейд ўтказилиб, далолатнома тузилар экан. Агар рейд давомида масжидда вояга етмаганлар борлиги ...

Мактабларда мажбурий форма 2024-2025 ўқув йилигача кечиктирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ...

Тойлоқда икки бола сувга чўкиб кетди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Норқўзи Норбоевнинг бир вақтни ўзида икки фарзанди сувда чўкиб ўлди. Бу ...