Биз камбағал, бечора эмасмиз! Халқимизга нисбатан “фуқаро” атамасини қўллаш ноўрин!

Биз «фуқаро» атамасини ўзгартиришга астойдил бел боғлаганмиз ва бу борада вазирликлар, ҳокимликлар, университетлар ва тилшунос олимлар билан баҳсмунозаралар қилганмиз. (Биринчи мақоламизни қуйидаги ҳаволада ўқинг: Биз камбағал, бечора эмасмиз! Халқимизга нисбатан “фуқаро” атамасини қўллаш ноўрин!) Шуни айтиш керакки, жуда кўпчилик “фуқаро” атамасининг бошқа сўзга ўзгартирилиши тарафдори ва бизни қўллаб-қувватлашмоқда. Чунки ҳозирги кунда бу атаманинг ўзбек тилига кириб қолиши нотўғрилиги кўпчиликка сир бўлмай қолди.

Фото: Шуҳрат Латипов / “Газета.uz”

Фикримизча, “фуқаро” сўзининг халқимизга нолойиқлигини асослаб берганимизга қарамай, унинг ўзгармай қолиши бундай масалаларни ҳал қилувчи кишилар ҳозирча халқ тўғрисида тўғри фикрлаш даражасига етмаганини кўрсатади!

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да фуқаро сўзига таъриф берилиб, “бирор бир мамлакатнинг аҳолиси, гражданлар” дейилган. Тўғри, бирор бир мамлакатнинг аҳолиси, бироқ камбағал аҳолиси. Аслида, бирор бир давлатнинг барча аҳолиси фақир, камбағал, бечора, гадо бўлиши мумкин эмас! “Фуқаро” атамаси “граждан” сўзининг эквиваленти сифатида қабул қилинган. Аслида, “фуқаро” сўзини “граждан” сўзи билан ҳеч ҳам тенглаштириб бўлмайди, чунки “граждан” (взрослый человек, мужчина) сўзи “вояга етган киши”, “эркак киши” деган маънони беради. Камбағал, бечора, гадо (“человек живущий в крайней бедности, в крайней нуждаемости, в крайней нищете”) ким-у, эркак киши (“взрослый человек, мужчина”) ким? Буни билиш учун жуда катта файласуф бўлиш шарт эмас. Халққа бундай ном бериб, уни балчиққа булғашни қандай аташга сўз топилмайди!

Баъзи олимлар: “Фуқаро” сўзи Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган, ҳамда халқ томонидан қабул қилинган ва халқ унга ўрганиб қолган”, дейишади. Мамлакатимиз Конституциясига киритилгани тўғри, бироқ халқ томонидан қабул қилинганига бироз шубҳа бор, бу сўзга халқимизнинг барчаси рози эмасга ўхшайди. Бу сўзнинг кенг қўлланилаётгани тўғри, лекин унинг маъноси кўпчиликка улар айтгандек тушунарли эмас! “Фуқаро” атамасига ўрганиб қолиш наркомания ва алкоголизмга ўрганиб қолишдан бир неча баробар оғирроқдир.

ИИВ: Ўзбекистон фуқароларида иккита паспорт бўлмайди

Бошқа бир гуруҳ олимлар эса, “фуқаро” сўзи вақт ўтиши билан янгича маънолар касб этганини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, “граждан” сўзи вақт ўтиши билан эскирганмиш. Ваҳоланки, уларга ҳеч ким “Граждан” сўзини таклиф қилаётгани йўқ. Буни қандай тушуниш мумкин, бизга ёқадиган сўзлар вақт ўтиши билан ижобий томонларини очади, ёқмайдиган сўзлар эса эскиради? Бундай усул қайси грамматикада ўргатилади? “Фуқаро” сўзи кўплик формадаги сўз, шу сабабли унинг битта кишига нисбатан ишлатилиши ва унга “лар” қўшимчасини қўшиш мумкин эмас. Энди уни бир кишига нисбатан бирлик формада (фақир, камбағал, бечора, гадо) ишлатиб кўринг-чи! Шу ҳолатда бу сўз аҳолимиздан бирортасига ёқадими (бу ерда сўз худонинг олдидаги фақирлик эмас, балки бошқа бир инсон олдидаги фақирлик тўғрисида сўз кетмоқда).

Шу ўринда Эркин Воҳидовнинг қуйидаги фикрларини ёдга олишга тўғри келади: “… Бамисоли уламо, фузало олим-у фозилнинг кўплик шакли бўлганидек, фуқаро — фақирлар, яъни камбағаллар, йўқсиллар демакдир. Қоидага кўра, фуқарога ҳам “-лар” қўшимчасини қўшиш хато бўлади”. Эркин Воҳидов одоб юзасидан “хато бўлади” деган. Аслида бу билимсизлик. Қайси профессор ёки академикка кўплик шаклдаги сўзни бир инсонга қарата ишлатишга ваколат берилган (аёлларнинг эрларига шевада “улар” ёки “булар” деб мурожаат қилиши бунга кирмаса керак, албатта).

Халқимизда бир мақол бор: “Харнинг иши хордир, дўстлар, минг мақтасанг, отча бўлмас”. Шу сабабли, “фуқаро” сўзини аввайлаб-ардоқлашни тугатиб, бошқа йўл танлаш керак.

Нима учун Индонезия аҳолиси “оранг (инсон)”, Афғонистон аҳолиси “мардум яъни, киши, халқ, омма, гавҳар, кўз гавҳари, кўз қорачиғи”, Покистон аҳолиси “Покистони, яъни Покистонлик киши”, Эрон аҳолиси “табаэ ёки citizen”(Эрон элчихонаси ходимлари сўзидан), Қозоғистон аҳолиси – азамат, Қирғизистон аҳолиси – жаран (ёрон), Тожикистон аҳолиси – шаҳрванд ва ҳ.к. Ҳиндистонликлар ҳам халқини арабча қилиб “инсон” ва “эк атми (битта одам)” (Индонезия элчихонаси ходимлари сўзидан) деб аташган?

Халқимиз пешонасига “фуқаро” тамғасини ёпиштирган олимлар бу сўзни араблардан ҳам яхшироқ билишадими ёки билимсизми? Баъзи манбаларда “фуқаро” сўзининг таржимасида “фуқаро камбағал деб, зидди хўжа” дейилган. Бечора “хўжа ва сайид”ларнинг нима айби борки, биз уларни ҳам “фуқаро” қилиб қўйдик?

“Фуқаро” сўзи ишлатила бошлаганда (XVII асрнинг иккинчи ярми) бир тўда лаганбардорлар подшолар, бойлар ва ҳукмдорларга яхши кўриниш учун халқни шундай камситишган эди. Шу кунларда бутун халқни камситиб кимга яхши кўринамиз? Ватанимизда яшовчи “сайид” ва “хўжа”лар ўзларини қанақа “оқбилак”ларча тутишини биласизми? “Оқбилак”лик уларнинг онгига асрлар давомида сингиб кетган. “Фуқаро”нинг онгига нима сингади? “Камбағаллик, фақирлик, бечоралик, етар-етмаслик ва гадолик”дан бошқа нима сингсин? Бундай кетишда яна бир неча асрдан кейин бизнинг ким бўлишимиз ёлғиз Аллоҳгагина маълум!

 

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимларининг биз билан юз фоизлик ҳамфикрлиги бизни мисли кўрилмаган даражада ҳурсанд қилди. Мана уларнинг хатимизга берган жавобидан парча: “Мустақилликнинг дастлабки йилларида нутқимизда фаол қўлланилган “нафақахўр”, “минбаргоҳ”, “тайёрагоҳ”, “билимгоҳ” сингари атамалар ҳозирда истеъмолда қўлланилмаяпти. Энди навбат “фуқаро” сўзига келди”.

Ўзбекистон Республикаси Халқаро Ислом академияси тилшунос олимлари ҳам бу атаманинг ўзгартирилиши тарафдори эканлигини билдиришган ва унинг ўрнига бир қатор таклифлар киритишган. “Ўзбекистон Темир йўллари” акциядорлик жамияти ходимларининг: “фуқаро” сўзи ўрнига “Ўзбекистон аҳолиси” ва “ФҲДЁ” ўрнига берган “Аҳолининг оилавий ҳолатини қайд қилиш бўлими” яъни “АОҲҚҚБ” таклифлари таҳсинга сазовордир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин Ишлари бўйича қўмита бизга йўллаган № 8007 (18.12.2017) хатида тилимиз софлигини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни юқори баҳолашларини билдиришган.

Бизнинг таклифларимиз Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлари идораси томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

“Фуқаро” атамасига бағишланган баҳс-мунозара А.Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари (25.05.2018й.) билан ўтказилган. Шу йиғилишда бизга қарата айтилган сўзлардан мисол келтирамиз: “… Жойлашган ери, тарихи, тили, маданияти ва санъатининг қадимийлиги ва буюклиги борасида биз – ўзбекларга тенг келадиган халқ дунёда йўқ. Фақат битта энг ёмон иллатимиз бор: кўп нарсаларга лоқайдмиз, миллий ғуруримиз баланд бўлган ҳолда уни ошкора қилишга ва зарур ҳолларда ҳимояси учун курашишга ҳар доим ҳам шошилавермаймиз. Бу нарса бизга бутун тарихимиз давомида панд бериб келган. Битта исботи — сиз ўртага ташлаган “фуқаро” сўзи. Хайриятки, юртимизда сиз каби миллат дардига дармон бўладиган, жонсарак ва мард инсонлар бор. Сафингиз бошида муҳтарам Президентимиз турибди. Дунё эшиклари очилиб, бизга миллий қадриятларимизни тиклаш, ўзлигимизга қайтиш учун беҳисоб имкониятлар яратилаётган экан, бундан ўринли фойдаланиш зарур. Ҳамма соҳада бўлаётгани сингари “фуқаро” сўзи борасида ҳам янгиланиш, покланиш пайти келди. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон бахтли бўлишга ва шу ерда яшаётганидан фахрланишга ҳақли. Шундай яшашни биздан Президент, давлат талаб қилмоқда”.

2018 йил 10 июль соат 14.30 да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида “фуқаро” сўзига бағишланган суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат давомида институт олимлари биз таклиф қилган муаммо, яъни “фуқаро” сўзини ўзгартириш муаммоси борлигини ва ҳозирги кунда уни ўзгартиришга маблағ ажратилиши қийинлигини кўрсатиб ўтишди. Бизнинг фикримизча, халқнинг ор-номуси, ғурури, келажаги мол-дунё билан ўлчанмайди ва бу сўзни ўзгартириш учун жуда кўп маблағ талаб қилинмайди. Биз бу йўналиш бўйича ҳам керакли ташкилотлар билан суҳбатлашганмиз.

Энди “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, деганларидек, “фуқаро” сўзини қўллабқувватлаётган тилшуносларнинг фикрларини келтирамиз.

Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси (19.12.2017й. № Т-1087сонли хат), М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (21.12.2017 й. №03-7332 сонли хат) ходимлари “фуқаро” сўзини илмий асослаб бера олмаганидан сўнг дин илмини қалқон қилишган. Бундай асослаш мамлакатимиз Конституциясига ҳам, муқаддас динимизга ҳам тўғри келмайди. Уларнинг дин илмидан келтирган фикрларига қарши бўлган жуда кўп ҳадислардан бир нечтасини мисол келтиришга ижозат беринг. “Аллоҳ таоло сенга молу давлат берган бўлса, у кўриниб турсин: чунки У ўзининг берган неъмати бандасида чиройли бўлиб кўриниб туришини яхши кўради, фақирликни ва ўзини фақир кўрсатишни ёмон кўради”. “Фақирлик куфрга яқиндир”. “Фақирликдан паноҳ сўранглар”. “Фақирлик қатлдан ҳам қаттиқроқ (шиддатлироқ)”. Юқорида кўрсатилган олимлар ҳатто “фуқаро” атамаси қачондан бери ишлатилиб келаётганлигини ҳам аниқ билишмас экан.

УрДУ тилшунос олимлари (11.01.2018 й.) “фуқаро” сўзидан чалғиб кетиб, “муттаҳам” сўзини таърифлаб, ҳозирги кунда “салбий оттенкали” бўлиб қолди, дейишлари уларнинг ўзбек тилини қандай “мукаммал” эгаллаганликларини кўрсатиб турибди.

Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчиларининг берган жавоблари ҳам бизда ҳайрат уйғотди. Мана мисоллар: “Фуқаро бош эгиб “киракдиган” қийшиқ эшик, гувала деворини “ғам” эплаб олса ҳам катта гап. Мирмухсин” – деган мисоли жуда ғалати. Иккинчи мисоли эса ундан ҳам ошиб тушган. “ “Декмак”, хозирги кунда тилимизда ишлатилаётган “фуқаро” сўзи бир эмас бир нечта маънода ишлатилаётганлиги юқоридаги мисоллар асосида кўриниб “труби”.

Бир гапда шунча хато! Бу “профессор-ўқитувчилар” (!) учун “озроқ” эмасми?

Шу каби “олим”ларга ўзбек тили тақдирини топшириб қўйиб бўладими?

“Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” – деган мақолимиз буларга ўхшаган “қассоблар” тўғрисида эмас экан-а! Акс ҳолда, чумчуқ ҳам ҳаром ўлади!

Хатлардаги бундай хатолар жуда кўп, бироқ биз ишонамизки, бизнинг таклифларимизни қўллаб-қувватлаётган тилшуносларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади ва халқимизнинг келажаги тўғрисида астойдил қайғуришади.

Таклифимизнинг ўринли эканлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг (05.06.2018й. №181-3015 сонли хат) фикрида ҳам ўз аксини топган. Унда шундай дейилган: “…Ҳақиқатан ҳам муаммо бор ва уни ҳал этиш лозим. Бироқ бу осон иш эмас. Аввал Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритиш керак бўлади. Бу ишни конституциявий ислоҳотлар пайтида амалга ошириш мақсадга мувофиқдир…”. Бизнинг фикримизча эса, бу муаммо фавқулодда вазият ҳисобланиб, тезкор равишда аниқ бир фикрга келиб, бу атамани ўзгартириш чораларини кўриш керак. Акс ҳолда, бизнинг унга ўрганиб қолишимиз маънавиятимизга салбий таъсир қилади ва тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади.

* * *

Биз “фуқаро” сўзини алмаштиришга қўл уришдан олдин унинг нима сабабдан ўзгартирилиши зарурлигини ҳам ўрганиб чиққанмиз. Бу сабабларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Бу сўз худди 25-кадрга ўхшаб инсоният руҳига таъсир қилиб, халқимиз маънавиятини ичдан емиради ва бир неча йиллардан сўнг халқимизнинг аҳволи қандай бўлиши ёлғиз Аллоҳга маълум. Бундай руҳий зарба халқимизга энг ашаддий душманларимиз томонидан ҳам қилинмаган.
  2. Бундан икки ярим аср аввал халқини “фуқаро” деб атаб, кейинроқ “мардум”га ўзгартирган Афғонистон ҳозиргача қандай аҳволда? Бизни эса ҳозирча буюк аждодларимиз руҳи қўлламоқда.
  3. Бу сўзни муқаддас динимиз билан асослаш мамлакатимиз Конституциясига мос келмайди.
  4. “Фуқаро” сўзини “граждан” билан асослаш ўзини оқламайди.
  5. Халқимизнинг кўпчилиги бу сўзга қарши.
  6. Олимларимизнинг бир қанчаси мустақилликнинг бошларидаёқ бу сўзга қарши бўлишган (масалан, академиклар А.Қаюмов, Алибек Рустамий).
  7. Ҳозирги тилшунос олимларнинг ҳам кўпчилиги (А.Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ҳ.к.) бу сўзнинг ўзгартирилиши тарафдори.
  8. Биздан бошқа ҳеч бир давлат халқини бундай камситмайди ва ҳ.к.

Шуни таъкидлаш керакки, тилшуносларимиз “бек, бека, киши” ва бошқа бир қатор сўзлар тўғрисида бизга жуда чалкаш фикрларни сингдиришган. Бунинг оқибатида ҳалқимизга мос сўзлар қолиб кетиб, жуда хунук сўз пешонамизга тамға қилиб босилди. Тилшунослар бошқа соҳа вакиллари қилаётган ишлардан хулоса чиқаришни ўрганишлари керак эди, бироқ улар бундай қилмадилар. Масалан, қишлоқ хўжалиги ходимлари қорамолнинг, қўй-қўзининг ва бошқа ҳайвонларнинг, қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг дунёдаги энг зўр зотларини, олий навларини олиб қелиб, халқимиз дастурхонини тўлдириб бутун мамлакатимиз аҳолисининг олқишига сазовор бўлишмоқда. Улар-чи, улар арабча сўзларнинг “энг пасти, энг фақири, энг камбағали, энг бечораси, энг йўқсили, энг гадоси, яъни фуқароси”ни буюк халқимизнинг пешонасига чап эттириб ёпиштириб қўйишди!

Шу сабабли биз кўпчилик билан маслаҳатлашиб, халқимизнинг маънавиятини, келажагини, ор-номуси, ғурурини белгилайдиган сўз топишга қарор қилдик ва уни топдик. Бу сўз – “бек ва бека”, яъни “Ўзбекистон беки ва бекаси” атамасидир! Бу сўзга тўхталишдан аввал бир қатор вариантлар (Ўзбекистон фарзанди, Ўзбекистон ўғли-қизи, Ўзбекистон кишиси /граждани/, Ўзбекистон аҳолиси, Ўзбекистон қавми, Ўзбекистон раияти, Ўзбекистон юртдоши, Ўзбекистон ватандоши, Ўзбекистон шунқори, будун ва ҳ.к.) таққослаш орқали ўрганиб чиқилди. Шундан кейин “Бек(а)” сўзининг таърифи ҳам келиб чиқди.

“Фуқаро” сўзи ўрнига таклиф қилинаётган вариант:

Ўзбекистон беки, бекаси. Ўзбекистон аҳолиси учун энг маъқул вариант.

Бек (а).

  1. Ўзбекистон ҳудудида доимий (ёки Ўзбекистони беки, бекаси бўла туриб, вақтинча бирор бир бошқа давлатда) истиқомат қилувчи, бир хил юридик ҳуқуқларга эга бўлган, турли миллат ва дин вакилларидан ташкил топган аҳоли.
  2. Маънавий ва моддий жиҳатдан бой-бадавлат ўзбек халқининг фарзандлари.
  3. Давлатни, Конституцияни, давлат рамзларини тўлиқ англаган ҳолда ҳурмат қилувчи, ватан учун ҳар қандай хизматга тайёр, билимли кишилар.
  4. Ўзига ишонган, ўз сўзида турадиган, оиласи ва ватанига содиқ эркаклар ва аёллар.
  5. Ўз ҳақини таниган, ўзганинг ҳақини ҳам унутмайдиган, узоқ-яқин қўшнилар билан дўстона яшашга интилувчи халқ.
  6. Содда, камтар, камсуқум, кенг фикрловчи, виждони пок инсонлар.
  7. Ўз номидан келиб чиққан ҳолда, юртининг ер ости, ер усти ва маънавий бойликларига меросхўр бой-бадавлат одамлар.
  8. Ўзбек миллатининг келиб чиқиши “бек(а)” сўзига умуман алоқадор эмас. Ўзбек миллати ва “бек(а)” сўзи бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда вужудга келган.
  9. ХХI асрнинг биринчи чорагигача “бек(а)” сўзлари, фақатгина бой-бадавлат кишиларнинг ўғиллари, аёлларга нисбатан эса, бой-бадавлат кишилар ва ҳукмдорларнинг хотини дея нотўғри ишлатилган. Бундан ташқари, “бека” сўзи русчадан кириб келган домохозяйка (уй бекаси) ва сестрахозяйка (ҳўжалик бекаси) сўзлари билан бошқа-бошқа маъноларни билдиришига қарамасдан, жуда қўпол тарзда тенглаштириб келинган.
  10. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги “домохозяйка ва сестрахозяйка” деганда бойбадавлат, мулк эгаси бўлган аёлни эмас, балки хизматкор аёлни тушунишади. Шу сабабли “домохозяйка” эрнинг умр йўлдоши, сестра хозяйка эса хўжалик бекаси деб ишлатилиши ноўриндир.

ФҲДЁО – Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи ўрнига таклиф:

  1. Оилавий ҳолатни қайд қилиш бўлими (ОҲҚҚБ).
  2. Оила тўғрисидаги далолатномаларни бериш бўлими (ОТДББ).
  3. Аҳолининг оилавий ҳолатини қайд қилиш бўлими (АОҲҚҚБ)

МФЙ (ҚФЙ) – маҳалла (қишлоқ) фуқаролар йиғини ўрнига таклиф:

МБЙ (ҚБЙ) – маҳалла (қишлоқ) беклари йиғини.

 Паспортга киритиладиган ўзгариш:

Паспортнинг 2-бетидаги фуқаролиги/nationality қаторидаги “фуқаролиги” сўзи ўрнига қуйидаги вариантлардан бирини қўллаш мумкин:

  1. “Бек(а)лиги”. 2. “кишиси”. 3. “юрти”. 4. “ватани”. 5. “маскани”. “Фуқаро” сўзи бу сўзни халқ учун ўйлаб топган ва ҳозир ҳам қўллаб-қувватлаётган кишиларга мос келади, бироқ келажагимизнинг буюклигини таъминлашга бел боғлаган аҳолимизга асло тўғри келмайди! Бу ишнинг ечимини тез кунлар ичида ҳал қилиш керак ва бу кўпчилик фикрлаётгандек, катта маблағ талаб қилмайди, бундан ташқари, халқнинг ор-номуси, ғурури, келажаги мол-давлат билан ўлчанмайди.

Бу иш чўзилаверса, танлаб-танлаб, халқимизни яна “фуқаро”га ўҳшаган бир “бало”га йўлиқтиришимиз тайин. Жарроҳликнинг “йиринг бор жойни кесиш керак” деган олтин қоидаси бор. “Фуқаро” сўзи эса, “бизнинг йирингимиз, миллатимиз йиринги”, уни кесиб улоқтириб ташлаш зарур! Бу сўз фақат тарихда қолсин!

“Фуқаро” сўзини қисқа давр ичида, ҳеч қандай шак-шубҳасиз, халқимизга мос келадиган сўзга алмаштириш зарур!

Муаллифлар:Рўзмат Тожимуродов,

Умид Тожимуродов,

Жамшид Тожимуродов

Манба:Ҳордиқ нашри

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Истамбулдаги ресторанлардан бирида овқатланган мадуро венесуэлаликлар ғазабини келтирди

Венесуэла президенти Николас Мадуронинг Истанбулдаги энг қимматбаҳо ресторанлардан бирида тушлик қилаётгани видеоси ҳозирда оғир иқтисодий инқироздан азият чекаётган минглаб ...

Ўзбекистонда “muslim тv” интернет телеканали иш бошлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойида "Muslim ТV" интернет телеканали йўлга қўйилди. Бу ҳақда диний идора матбуот хизмати хабар берди. (more…)

Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини ўзбекистондаги бир туман мисолида исботлай оламиз

Кучли ғоя, кучли жамоа -- муваффақиятларимизнинг калити. Ислоҳотлар халқ манфаатига ишлаши учун ислоҳот режалари халқчил бўлиши керак! Ислоҳотлар режаси юқоридан пастга қараб ...