Юлдузли тунлар-7

3

Қўрғон ичидан дарвозахонанинг томига чиқиб олган япасқи бир навкар девор кунгураси орасидан уларни кузатиб турган эди. Қосимбек Мирзо дарвозасидан шитоб билан кираётганда бу навкар ҳам томдан секин тушди-ю, девор олдига боғлаб қўйилган отни миниб, хўжайини Аҳмад Танбал кутиб турган жойга қараб кетди.
Мевалари ғарқ пишган катта боғнинг тўрида мармар гумбазлик ҳаммом бор эди. Боғ эгаси Ёқуббек ёзнинг иссиқ кунларида шу ҳаммомнинг меҳмонхонага ўхшатиб безатилган салқин бир хонасида дам олар эди. Асл гиламлар тўшалган бу хонанинг тўрида ҳозир Аҳмад Танбал ўтирибди. У кумуш билан безатилган қимиз кадидан жийда гулли пиёлага қимиз қуйиб, сипқорди. Сўнг сарғиш мўйловини кафти билан артар экан:
— Тангрим мени кечирсин, бугун рўзани буздим,— деди. — Йўлда ташналикдан тилим танглайимга ёпишиб қолди. Ҳушимдан кетиб отдан йиқиладиган ҳолатга келдим.
— Бугун сизга раво, — деди Ёқуббек. — Зарураст— маъзураст. Мушкул ишга бел боғлабсиз. Агар кушойиши корингизни бериб, тахт Жаҳонгир мирзоға ўтса, сиз унинг энг ишонган раҳнамоси бўлурсиз.
Аҳмад Танбал бу нурли истиқболни кўз олдига келтириб, бир энтикди. Олдинги тишларидан иккитаси тушиб кетган семиз Ёқуббек унга синовчан назар билан қараб турарди. Ёқуббекнинг нигоҳида «Менинг бу хатарли ишга нечун бош қўшаётганимни унутмасмикансен?» деган маъно бор эди. Аҳмад Танбал сергакланди:
— Бек жаноблари, сиз билан биз асли мўғул* уруғиданмиз. Барлосларнинг Фарғона вилоятида шунча вақт ҳукм сурганлари етар. Энди навбат бизники. Мен сизни мўғул бекларининг энг улуғи деб билурмен. Тангри омад бериб, агар мен тахт ворисига раҳнамо бўлсам, ўшанда ҳам менга сиз раҳнамолик қилғайсиз!
— Иншоолло! — деб Ёқуббек мамнун юз билан калта соқолини силаб қўйди. — Қани, Аҳмадбек, чан-қоқ босилгандан сўнг очлик билинадир. Яхна гўштдин тотининг.
Аҳмад Танбал чинни лагандаги гўштга энди қўл узатганда эшик секин очилди. Аҳмад Танбал лаганни бир четга суриб, эшикка қадалиб қаради. Бояги япасқи навкар хўжайинининг тинчини бузгани учун узр сўрагандай бўсағадан нарида туриб, таъзим қилди:
— Бек жаноблари, севинчи беринг! — деди. — Бобур мирзо қўрғонга кирмай қайтиб кетдилар.
— Айни муддао!
Аҳмад Танбал учун бу чиндан ҳам қувончли хабар эди. Чарм ҳамёнидан битта олтин танга олиб, бўсаға олдига ташлади. Япасқи навкар тангани шоша-пиша олиб, икки букилиб раҳмат айтди. Сўнг Аҳмад Танбалнинг ишораси билан эшикни секин ёпиб, орқага чекинди.
Ахсидан Андижонга келиб тўғри Ёқуббекникига тушган Аҳмад Танбал подшоҳнинг ўлими ҳақидаги хабарни энг аввал Шерим тоғойига етказдирган эди. Унинг ҳовлиқма феълини қўзғатиб, ўзи панада қолиш учун имзосиз хатни кабутар ёрдамида осмондан туширтирган эди.
— Маслаҳатингиз билан тузилган режа шарофатли чиқди!— деди Аҳмад Танбал уй эгасига мамнун кўз ташлаб.
— Ҳа, Шеримбек энди жиянини хавф-хатардан яхшилаб «халос қилур». Унинг энг нуфузли бекига айланиш учун Олатоғдан ҳам ошур.
— Энди биз Бобурнинг хатардан қўрқиб қочганини халойиқнинг қулоғига етказмоғимиз керак.
Бобур шундай пайтда ота юрти Андижонни ташлаб кетганини халқ билсин, ундан ихлоси қайтсин. Ана ундан сўнг Жаҳонгир мирзонинг тахтга ўтиришига ҳеч бир монелик қолмас.
Ёқуббек соқолини тутамига олиб, бир лаҳза ўйланиб турди-ю:
— Овоза тарқатишнинг энг афзал жойи бозор, — деди.— Менинг савдогар мижозларим бор.
— Аммо овоза биздан чиққанини ҳеч ким билмаслиги зарур!
— Хотиржам бўлсинлар, жаноб Аҳмадбек. Сир сақлашга қодирмиз…

_______________
* Бу ерда гап ўзбеклашган мўғуллар ҳақида боради.

* * *

Андижон аҳолиси душман қўшинлари яқинлашиб келаётганини эшитиб, шу кунларда жуда хавфсираб юрар эди. Шунинг устига: «Подшоҳ жардан йиқилиб ўлганмиш, шаҳарни бугун ёғий босар эмиш, Бобур мирзо қўрқиб қочганмиш», деган овоза тарқалди. Андижон расталаридаги ва тимнинг тагидаги дўконлар савдо энг қизиб турган пайтда бирин-кетин ёпила бошлади.
Ҳалиги овозанинг қаердан чиққанини ҳеч ким аниқ билмас эди-ю, лекин халойиқ унга бир-биридан ваҳимали тафсилотлар қўшар эди. Ниҳоят, «Ахсини ҳам ёғий босганмиш, ёғий подшони жардан ташлаб ўлдирганмиш», деган гаплар ҳам пайдо бўлди. Халойиқ орасида юрадиган хуфиялар даҳшатли мишмишларни шаҳар ҳокими — доруғага етказиш учун аркка томон шошилдилар.
Бу орада Қосимбек Бобур мирзонинг устози Хўжа Абдуллани уйидан қидириб топган, улар икковлашиб аркдаги беклар олдига чиқишган эди. Хўжа Абдулла ҳам, беклар ҳам подшоҳнинг ўлимидан мутлақо бехабар эдилар. Бу хабарни Қосимбекдан эшитганларидан кейин, уруш хатари кўзларига янада таҳликали кўринди, ёмон ўзгаришлар бўлишини сезишиб, саросима бўлиб қолишди. Шунинг устига бозорда даллол бўлиб юрадиган ишонч-ли бир хуфия келиб, хунук овозалардан ҳаммаёқ тўполон бўлиб кетганини айтиб берди-ю, Узун Ҳасан номли новча доруға эсанкираб қолди.
— Биздан омад кетди, жаноблар! — деди йиғламсираб.— Ташқарида ғаним. Ичкарида тўполон.
Бобур мирзо қўрғонга кирмай кетганлари бежиз эмас!
— Биз ҳам жон сақлаш учун ҳар қаёнга тарқаб қочсакмикин? — киноя билан сўради Хўжа Абдулла.
Ўзи ҳам, соқол-мўйлови ҳам қоп-қора Хўжа Абдулла катта олим бўлишидан ташқари, Андижон бекларининг энг нуфузли пири ҳисобланар эди. Бобур мирзо ҳам уни ўзига муршид санаб қўл берган эди. Шунинг учун Узун Ҳасан Хўжа Абдулланинг киноясига қарши кескин жавоб бера олмади.
— Пирим, Бобур мирзо узоқлашмасдан қайтариш зарур! — деди Қосимбек.
— Бобур мирзонинг кўнгиллари менга аён, — деди Хўжа Абдулла. — У олий зот қўрқиб қочган эмаслар. Бекларнинг садоқатини билмоқ учун шундай қилганлар. Бозордаги овоза — фитнанинг белгиси. Агар фитна бўлмаса, подшоҳнинг қазо қилганини биздан олдин бозордагилар қандай билмишлар?
Узун Ҳасан ўзининг ақли етмаган бу мантиқли фикр-га тан берди. Бобурнинг кўнглида нима борлигини Хўжа Абдулла шу ерда туриб билганига қойил бўлди. Хўжа Абдулла унинг кўзига чинакам авлиё бўлиб кўринди:
— Пиримга ҳаммаси аён бўлган экан! — деди у чуқур эътиқод билан. — Энди пирим нима десалар биз шунга шаймиз!
— Менга аён бўлгани шуки, — деди Хўжа Абдулла овозини пасайтириб, — агар бир тан-бир жон бўлиб, Бобур мирзога хизмат қилсак, ҳаммамиз омон қолурмиз, ҳеч қайсимизнинг бир мўйимиз кам бўлмағай!
Хўжа Абдулланинг комил ишонч билан айтган бу сўзлари Узун Ҳасанни бир оз таҳликага солди. Агар иш Хўжа Абдулла айтгандай бўлиб чиқса-ю, Бобур мирзо подшоҳ бўлса… унда Узун Ҳасаннинг бугунги иккиланишлари қандай оқибатга олиб келади? Унинг рақиблари бу иккиланишларни бўлажак подшоҳга айтиб, доруғалик амалини тортиб олишлари мумкин эмасми? Йўқ, Узун Ҳасан бунга йўл қўймаслиги керак:
— Пирим, менга фотиҳа беринг, Бобур мирзонинг ҳузурларига мен ўзим борай. Бекларнинг номидан садоқат изҳор қилиб, қўрғонга таклиф этай!
— Ниятингиз таҳсинга сазовор, жаноб Ҳасанбек. Аммо сиз доруғасиз. Сиз аввал шаҳардаги ғулуни бартараф қилинг, фитнанинг уясини топинг, ана унда Бобур мирзонинг иноятларига сазовор бўлғайсиз.
— Яна каромат қилдингиз, пирим! Биз зудлик билан бу ишга киришурмиз!

* * *

Ёз офтоби еру кўкни шундай қиздирмоқдаки, от туёқларидан кўтарилган чанг юзга аланга тилларидек тегади. Ҳаво дим. «Ғир» этган шамол йўқ. Тупроғи билқиллаб ётган тор кўчадан ўтаётганларида Бобурни тер босди. У бениҳоя чанқаганлигидан оғзи тахир бўлиб кетган эди.
Кеча шу пайтларда Андижонсой бўйида салқинлаб ётгани эсига тушди. Бундан бир неча соат олдинги ҳаёти, чорбоғнинг мусаффо ҳавоси, зилол сувли ҳовуз, салқин кўшк, беташвиш дамлар — ҳаммаси бирдан узоқ ўтмишга айланган эди. Назарида, шиддатли бир қуюн уни ўша масъуд ҳаётдан юлиб олиб, аллақаёқларга чирпирак қилиб учириб кетаётибди. От туёқларидан кўтарилган чанг унга мана шу қуюннинг чангидек туюлади. Уни отасидан жудо қилган, пушти-паноҳидан айириб, хавф-хатарлар комига тортган машъум бир куч гўё мана шу қуюннинг кучи эди. Уни қўриқлаб бораётган эллик чоғли отлиқлар ҳам Бобурга мана шу қуюн ичида юргандай хира кўринарди. Рўза тутиб куни бўйи туз тотмаганлигидан унинг боши айланмоқда эди.
Атрофидаги отлиқлар тўғри юриб бораётган бўлсалар ҳам, Бобурнинг назарида уларнинг ҳаммасини ўша қуюн чирмаб айлантираётгандай бўларди.
Ўзган йўли билан бориб Намозгоҳга етганларида узоқда қорли тоғлар кўринди. Бобур тоғ салқинини кўзи билан ҳис қилгандай бўлди ва ўша ерга тезроқ етиб боргиси келиб, отининг биқинига ниқтади. Қақроқ лабларини қийинлик билан очиб Шеримбекка:
— Тезроқ! — деди.
Шеримбек эса орқага ўгирилиб қараб:
— Чопар бор! — деди. — Тўхтайлик.
Андижон беклари юборган чопар Хўжа Абдулланинг қўли билан ёзилган мактубни Бобурга топширди. Бобур ўрам қилиб юборилган мактубнинг ипак боғичини узиб, ёнида турган Нўён Кўкалдошга берди:
— Ўқинг.
Мактубда Андижон бекларининг Бобурга садоқат билдирганлари айтилган эди. Сўз орасида ёмон овозалар тарқалаётгани, номаълум фитначилар «Бобур мирзо қўрқиб қочди», деган туҳматни тарқатиб, бунга элни ишонтирмоқчи бўлаётгани айтилган эди.
— Мен сизни ана ўша фитначилардан эҳтиёт қилган эдим, амирзодам! — деди Шеримбек Бобурга. — Ҳозир вазият ёмон. Қўрғон — иғвонинг уяси. Қўрғонга қайтманг, амирзодам! Содиқ беклар бўлса кетингиздан келсинлар!
«Ота юртини ташлаб қўрқиб қочди» — бу овоза оғиздан-оғизга ўтиб шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ тарқаб кетиши мумкин!
— Йўқ! — деди Бобур отини орқага буриб. — Мен қочмоқчи эмасмен!
— Амирзодам, бу ҳаммаси иғво!
— Мен бунинг иғволигини исбот қилурмен! Қайтинг ҳаммангиз. Қўрғонга қайтинг!
Бобур орқага бурган отининг юганини бўшатди-ю, сағрисига қамчи урди. От чопиб бораётганда кўкрагига шамол тегиб, ўзини бир оз енгил сезди. Бояги даҳшатли қуюн энди ундан орқада — изма-из елиб келаётган навкар ва савдарлар орасида қолиб кетгандай бўлди.
Улар офтоб уфққа яқинлашган пайтда Андижон қўрғонига кириб келдилар. Кечқурун гавжум бўладиган кўчалар ҳозир алланечук жимжит. Дўконлар ёпиқ. Ҳаммаёқ ҳувиллаган. Бутун шаҳар хавф-хатардан қўрқиб, биқиниб турганга ўхшарди.
Шеримбек олдинда бораётган Бобурни эҳтиёт қилмоқчи бўлиб, навкарларига «қуршаб боринг» ишорасини қилди. Ўзи эса Бобурнинг олд томонига ўта бошлади. Атрофини отлиқлар ўраб ола бошлаганда Бобур яна қуюннинг ичига тушиб қолгандай бўғилди. Кўз ўнгида яна отлар, одамлар чирпирак бўлиб айланишга тушди. Бобур ютоқиб олдинга интилди, отини қамчилаб, навкарлар қуршовини ёриб чиққанда юзига шабада тегиб, хиёл енгиллашди. Шеримбек яна олдинга интилиб, Бобурга ёндашмоқчи бўлганда Нўён Кўкалдош унинг жиловидан маҳкам ушлади:
— Бек жаноблари, қўйинг, амирзодам олдинда борсинлар. Фуқаро тахт ворисини кўрсин, кўнгли таскин топсин. Ана, туйнуклардан мўралаб турган одамлар иғвогарларнинг гапи ёлғонлигига амин бўлсинлар!
— Фитначилар бирор тешикдан амирзодамни ўқласалар-чи?
— Ниятни яхши қилинг!
Бобур бошлиқ отлиқлар аркка яқинлашганларида улкан дарвозанинг ҳар икки тавақаси ланг очилди. Хўжа Абдулла ва бир тўда беклар, мулозимлар Бобурга пешвоз чиқдилар. Бобур отдан тушиб устози билан кўришар экан, бирдан кўнгли юмшаб, кўзларига ёш қуйилиб келди. Хўжа Абдулла ранги ўчган, лаблари титраётган Бобурни бағрига босиб, тасалли бергиси келди, аммо беклар ва навкарлар олдида тахт ворисини қучоқлаш одобсизлик саналишини ўйлаб, ўзини тутди. У ҳам кўзига ёш олиб:
— Кулфатда қолдик, амирзодам, мусибатда қолдик!— деди. — Энди бизнинг пушти-паноҳимиз ўзингизсиз!
Мазидбек аъёнлар даврасидан бир-икки қадам олдинга чиқди. Ўзининг Бобурга бек атка эканини билдириб қўйгиси келиб, Хўжа Абдулланинг гапини оғзидан олди:
— Амирзодам, ҳамма беклар сизга содиқ хизмат қилишга тайёрдурлар!
Бобур тўпланиб турган бекларга кўз ташлаган эди, улар ҳаммаси Мазидбекнинг гапини тасдиқлаб, қўллари кўкракларида, таъзим адо қилишди. Бобур товуши титраб:
— Миннатдормен, — деди.
У яна отланиб арк дарвозасидан кираётганда орқадан Ёқуббек ҳам етиб келиб, беклар даврасига қўшилди. У Бобур қайтганини эшитган заҳоти ҳар қандай шубҳадан холи бўлиш учун дарҳол отланиб, садоқат изҳор қилишга шошилган эди. Хўжа Абдулла ўнгда, Мазидбек чапда юриб Бобурни арк тўридаги қишлик қасрга бошлаб келдилар.
Илгари пойтахт Андижондалигида тахт мана шу қасрга ўрнатилган эди. Кейин пойтахт Ахсига кўчирилгач, устунлари ўймакорликлар билан безатилган мармар зинапояли бу қаср аввалги ҳашаматидан маҳрум бўлиб, кўримсизлашиб қолган эди. Бугун Бобур келишидан олдин Хўжа Абдулланинг фармойиши билан қасрнинг зинапояларига яна пояндоз тўшалди. Илгари тахт қўйилган шаҳнишинга туркман гиламлари ва кимхоб кўрпачалар солиниб, махсус жой ҳозирланди.
Бобур бинафшаранг пояндозга қадам қўйганда қуруқшаб кетган томоғини ҳўлламоқчи бўлиб ютинди. Аммо оғзида нам йўқлигидан томоғини алланарса қириб ўтгандай бўлди. Бўлажак подшоҳга хизмат қилиш учун тўпланган бекларнинг ҳеч қайсиси Бобурга ҳозир бир қултумгина сув кераклигини сезмас эди. Бирда-ярим сезганлари ҳам шунча одамнинг олдида ёш подшоҳнинг рўзасини очириш мусулмончиликка тўғри келмайди, деб бундай ишни қилишдан қўрқишар эди.
Ҳамма ўлтиргач, Хўжа Абдулла қуръон ўқиб, Ахсида бугун дафн этилган Умаршайх мирзонинг арвоҳига бағишлади. Бир неча киши:
— Илоҳо жойлари жаннатдан бўлсин! — деб қўйди. Яна бир неча киши Бобурга юзланиб кўнгил сўради.
— Муҳтарам беклар, давлатхоҳлар! — деб гап бошлади Хўжа Абдулла. — Уруш ташвиши бўлмаганда биз аввал мотам маросимини ўтказган бўлур эдик. Эшитишимизча, Ахсида ҳазрати олийни ҳурматларига яраша маърака ўтказиб қабрга қўйганлар. Андижонга ёғий яқин келиб қолган шу оғир кунда бизнинг аввалин машваратимиз давлатни янги подшоҳга топширмоқ хусусида бўлгани маъқул.
Мазидбекдан нарироқда семиз Ёқуббек ўтирган эди. У Хўжа Абдулланинг сўзларини ҳаммадан олдин илиб кетди:
— Доно тадбирни ўртага солдингиз, пирим. Бандангизнинг фикрича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзони қонуний подшоҳ атаб, муборак номларини хутбага қўшиб ўқитмоқ керак!
Бобур «ялт» этиб Ёқуббекка қаради. Унинг овозидаги майинлик, юзидаги ҳаяжон, ҳатто олд тишлари тушиб кетган оғзининг кемшиклиги Бобурга алланечук ёқимли туюлди. Ёқуббекнинг энг нуфузли ва қайсар мўғул бекларидан эканлигини ҳамма биларди. Фақат унинг бундан бир неча соат олдин Бобурга қарши фитна уюштириб юргани ўтирганлар учун сир эди. Энди Ёқуббек мана шу сирни яхшироқ бекитиш учун Бобурга ҳаммадан ортиқ садоқат билдирмоқда эди. Унинг шу сир очилиб қолишидан изтиробга тушиб, дардли ва ҳаяжонли кўзлар билан Бобурга қараши, ундан нажот кутгандай бўлиб ҳаяжонланиши ўзи қийналиб ўтирган Бобурга ғалати таъсир қилди. Ёқуббек биринчи бўлиб Бобурни подшоҳ деб атагани ёш ўспириннинг ўртаниб турган қалбига гўё сарин бир шабада бўлиб тегди. Қачондир бир вақт тахтга чиқиш ва шу юрган ҳамма бекларга бош бўлиб, ғолибона жанглар қилиш Бобурнинг энг кучли орзуларидан эди. Ёқуббекдан кейин гапирган беклар ҳам бирин-кетин Бобурни подшоҳ деб тан олар эканлар, унинг мана шу орзуси булут орасидан чиққан тўлин ойдай чарақлаб юзага чиқди-ю, кўнглини бирдан ёриштириб юборди. Бошига тушган мусибат ҳам, ичини куйдираётган ташналик ҳам хаёлидан узоқлашди.
Шу пайт эшикдан шаҳар доруғаси Узун Ҳасан таъзим қилиб кирди.
— Амирзодам! — деди у энтикиб. — Қулингизни авф этинг, сизни кутиб ололмадим. Мен Андижонда номуносиб гаплар тарқатган фитначиларни овлаш билан банд эдим. Алҳол бир фитначи арбобни тутиб келтирдим.
Бобур беихтиёр олдинга интилиб:
— Қайси арбоб? — деди. — Ким у? Келтиринг!
— Бажонидил, амирзодам! — деб Узун Ҳасан шошилиб орқасига қайтди.
Ҳамма кўзлар очиқ эшикка қадалди. Ёқуббекнинг ранги «қув» ўчди. Наҳотки Аҳмад Танбал қўлга тушган бўлса? Унда сир очилади. Ёқуббек саросима кўзлар билан дарчани қидириб топди. Дарча у ўтирган жойдан анча узоқ. Дарчадан нарида аркнинг ўн пахсалик баланд девори бор. Йўқ, бу ердан қочиб қутулиб бўлмайди! Ёқуббекни титроқ босди…
Шу пайт эшикдан нарида йўғон бир овоз:
— Қўлимни ечинг, мен гуноҳкор эмасмен! — дегани эшитилди. Товушидан Аҳмад Танбалга ўхшамайди.
Оқ шоҳи яктак кийган йўғон гавдалик бўйдор кишини икки навкар икки томонидан маҳкам тутиб олиб кирди.
— Э, бу — Дарвеш гов-ку! — деди Ёқуббек бирдан енгил тортиб.
Андижон миробларининг бошлиғи бўлган бу одам гардани жуда гўштдор бўлганлиги учун ҳўкизга ўхшаб бўйнини бир оз олдинга эгиб юрар, шунинг учун ор-қаворатдан уни «гов», деб аташар эди. Андижон Қўрғонига тўққиз ариқ сув кирса ҳам, боғ-роғларнинг кўплигидан ёз ойларида сув етишмайди, амалдорлар оддий фуқаронинг навбатини ҳам олишга интилишарди.
Шундай пайтларда Дарвеш гов кўпинча фуқаронинг томонини олар, бекларга навбати келмагунча сув бермас эди. «Бек бўлсанг, ўзингга, худонинг олдида ҳамма бандаси баробар!» — деб тап тортмай гапирганини кўп одам эшитган. Шу сабабли беклар Дарвеш говни ёмон кўришар, айниқса доруға Узун Ҳасан кўпдан бери унга кек сақлаб юрарди.
Қўли боғлоғлиқ Дарвеш гов Бобурга ва ундан берироқда ўтирган Хўжа Абдуллага бош эгиб, таъзим қилди-ю:
— Адолат қилинг, амирзодам! — деди. — Мен фитначи эмасмен, устод! Бозорда бир япасқи навкар менга айтди. «Подшоҳ Ахсида маст бўлиб жардан йиқилиб ўлибдир. Бобур мирзо ёғийдан қўрқиб Олатоғ томонга қочибдир», деди.
Бобурнинг ғаши келиб:
— Бўҳтон бу! — деди.
— Бўҳтонлигини мен кейин билдим, амирзодам, мени авф қилинг! — деб Дарвеш гов бир-икки қадам берига келиб, қўли орқасига боғланган ҳолича тиз чўкди: — Туҳматлигига бу ерда муборак юзингизни кўриб амин бўлдим. Аммо бозорда халойиқ ваҳимага тушиб тўс-тўполон бўлиб қочганда ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир одамни тўхтатиб: «Шундоқ гапларни эшитдим, наҳотки рост бўлса?» деб сўраётганимда доруға жанобларининг хуфиялари гапимни эшитиб турган эканлар…
— Йўқ, сен гап сўраш баҳонаси билан бу қабиҳ овозани тарқатиб юрганингда қўлга тушдинг! — деди Узун Ҳасан.
— Каломуллони беринг, қасам ичамен!
— Каломуллони ҳам хор қилмоқчи бу қасамхўр! — деди Ёқуббек Бобурга юзланиб: —
Амирзодам, агар бу мардак садоқатли қулингиз бўлганда ёмон овоза тарқатган ўша навкарни қўлидан тутиб доруғага топширмасмиди? Ваҳоланки, бу ўзи ўша овозани бошқаларга айтган, яъни иғво тарқатган. Буни ҳозир ўз тилидан ҳам эшитдик!
Дарвеш гов ҳангу манг бўлиб:
— Ё алҳазар! — деди.
Ёқуббек Бобурга боягидек мулойим кўз ташлаб, кемшик оғзини содиқ бир табассум билан очди:
— Амирзодам, сизнинг раҳматлик отангиз Дарвеш говни миробларга сардор қилиб қўйган эдилар. Отангизнинг инояти билан шундай мартабага эришган бу гов энди ҳазрати олийни муқаддас рамазон ойида маст бўлиб йиқилган деса-я! Бу қандай ноинсофлик!
Бобурнинг ёш қалби бу машъум иғвога қарши ғазаб туйғусига тўлиб бормоқда эди. «Алдаш учун бола яхши!» ўйланди Ёқуббек умид билан. Иғво тарқатган бу одам ўзининг айбини жон-дили билан Дарвеш говга ағдариб, Бобурни бунга ишонтиришга бутун кучини сарфламоқда эди. Бу ишда Ёқуббек ёлғиз эмас эди, бекларнинг кўпчилиги Дарвеш говни айбдор деб билмоқда эдилар.
— Иғво тарқатганини ўзи бўйнига олди! — деди Ёқуббек.
— Тилидан тутилмишдир, жазосини бериш даркор!— деб Али Дўстбек номли бадқовоқ кўса бир киши Ёқуббекнинг тарафини олди.
Ўйчан ўтирган Қосимбек боя Шеримбек тоғойининг имзосиз хат келтирган кабутар ҳақидаги гапини эслади-ю:
— Балки яна тафтиш ўтказиш лозимдир? — деди.
Унга Мазидбек эътироз қилди:
— Ортиқча тафтишларга фурсат қани? Ёғий Мар-ғилонни олиб, Андижонга бостириб келур.
Қонли уруш пайтида элни ваҳимага туширган, подшоҳнинг мартабасига рахна солмоқчи бўлган иғвогарларга раҳм қилинмайдир!
— Сиёсат учун майдонда ясоққа етказиш керак, токи бошқаларга ибрат бўлсин! — деди Узун Ҳасан.
«Ясоққа етказиш» — халойиқ олдида бошини кесиш деган гап эди.
Дарвеш говнинг юзига ўлим шарпаси соя солиб ўтгандай бўлди. У тиззаси билан юриб Бобурга яқинлашар экан, йиғлаб илтижо қилди:
— Амирзодам, мен иғвогар эмасмен! Мен иғвогарларнинг қурбонимен! Менга раҳм қилинг! Бешта ёш болам бор! Ноумид қилманг, амирзодам!
Дарвеш гов, йўғон гавдаси силкиниб, ўкириб йиғлар экан, қўли боғлиқ бўлгани учун юзини
яширолмас, кўз ёшлари мош-гуруч соқолига томчилаб оқиб тушар эди.
Шундай катта ёшли одамнинг бунчалик куюниб йиғлагани Бобурнинг қалбида кўпириб турган ғазабни бирдан босди. Унинг Дарвеш говга раҳми келди-ю, устози Хўжа Абдулладан «шу бечоранинг қонидан кечинг!»— деган бир гапни кутди.
Бироқ Хўжа Абдулла оғиз очгунча бўлмай, яна Ёқуббек гапирди:
— Бешта боласи бор одам тилини тийиб юрса бўлмасмиди!
— Э, бу гов ўзи ҳаддидан ошган! — деди Узун Ҳасан. — Бўлмаса, подшоҳ ҳақида иғво қилганларнинг гапини эшитган ҳамоно оғзига урмасмиди! Ёки у ҳаромнамакларни бизга тутиб бермасмиди!
Бир-бирини инкор қилувчи бу гаплар Бобурнинг хаёлларини чалкаштириб юборди. Вужудини ўртаётган ташналик янги бир куч билан қайтиб келди. Юзлар, деворлар, гиламлар бир-бирига қўшилиб, чаплашиб, чир-чир айлана бошлади. Дарвеш говнинг йиғлаб гапирган сўзлари гўё узоқдан эшитилди:
— Амирзодам! Адолат қилинг! Мен отангизнинг содиқ раийятлариданмен! Сиз ёшсиз, беғуборсиз. Сиз ҳали бу бекларни билмайсиз! Буларнинг менда кеки бор! Бекларга ишонманг, амирзодам! Халқдан сўранг! Мени эл улус билади! Раийят билади!
Али Дўстбек қўлини миробга пахса қилиб:
— Эшитдингизми, амирзодам? — деди. — Бу говнинг ичи қоралигини кўрдингизми?
Ёқуббек Бобур томонга таъзим билан эгилиб, боягидай меҳрибон товуш билан тушунтирди:
— Бу гов эл-улусни бекларга қарши қўзғамоқчи, амирзодам. Ёғий ҳужуми пайтида барият билан раийятнинг* орасига нифоқ солмоқчи!
— Нияти бузуқлиги шундан ҳам аён! — деди Узун Ҳасан ва навкарларга қараб буюрди. — Бас, олиб чиқ!
Бояги икки навкар Дарвеш говни икки қўлтиғидан олиб, ўрнидан турғизди-да, куч билан эшикдан олиб чиқа бошлади. Энди Бобурдан ҳам умидини узган банди:
— Мен бегуноҳмен! — деб қичқирди. — Беш боламнинг уволи уради сен бекларни! Менинг бегуноҳ қоним тутади ҳаммангни!
Бу қарғиш Бобурнинг қалбига ўткир тиғдай қадалди. Унинг қўл-оёқлари титраб, ўтирган жойида кўзи тина бошлади. Назарида, бояги қуюн аввалгидан баттар хуруж қилар, уни мана шу одамларга қўшиб чирмаб айлантирар эди. Атроф кўзига чанг-тўзон орасида қолиб кетгандай хира кўринар эди. У ўтирган жойида йиқилиб кетмаслик учун икки қўлини икки ёнига тиради.
Дарвеш говнинг қарғишидан ғазаби ошган беклар энди унинг ўлдирилишини яна ҳам қаттиқ туриб талаб қилдилар:
— Бу кўрнамак ясоққа етмагунга элдаги ваҳима босилмайдир!
— Сиёсат учун битта иғвогарнинг бошини кесмоқ зарур!
— Ясоқ!
— Ясоқ!
Бобурнинг кўз олдидан бояги одамнинг соқолига оқиб тушган кўз ёшлари кетмас, қулоғи тагида унинг аламли қичқириғи ҳамон жаранглаб турарди. Шу тирик одам мурдага айланиши керак. Бобур бунга фармон бериши керак. Нечун? Беклар у одамни гуноҳкор деб Бобурни ишонтиргани учунми?
Балки бу беклар чиндан ҳам Бобурни алдаётгандир? Балки мана шунақа беклар Ахсида Умаршайх мирзони жардан итариб юбориб ўлдиргандирлар? Балки булар эрта-индин Бобурнинг жонига ҳам қасд қилишар?
Бирдан Бобурнинг беғам юрган даври эсига тушди. Кечагина у тенгдош ўртоқлари билан от чоптириб ўйнаб юрмаганмиди? Алишер Навоийнинг расмига тикилиб мусаффо ёшлик хаёлларига берилгани қачон эди? Орадан бир неча йил ўтганга ўхшайди. Ҳолбуки, шу бугун эрталаб, шу бугун чошгоҳда унинг ҳаёти қуёшли осмондай тиниқ ва соф эди-ку. Бу қора булутлар унинг атрофига қаёқдан ёпирилиб келди? «Ясоқ!» — деб қичқираётган ҳар дарғазаб бек Бобурдан қуёшни тўсиб олган бир қора булутга ўхшарди. Бобурни чир-маб айлантираётган даҳшатли қуюн мана шу қора булутларнинг шамоли эмасмикан? Наҳотки бу булутлар доим тожу тахт билан бирга юрса-ю, Дарвеш говга ўхшаганларнинг қонига шунчалик ташна бўлса?!
Боя Бобурга худди булутлар орасидан сузиб чиққан тўлин ойдай гўзал кўринган тожу тахт энди ой тутилган тундай ваҳимали тусга кирди. Бобур номаълум хавф-хатардан сесканиб, Хўжа Абдуллага ёрдам сўрагандай қаради:
— Устод!
Хўжа Абдулла унга томон сурилиб:
— Амирзодам, бардам бўлинг, — деди.
— Не қилай, айтинг!.. — шивирлади Бобур.
— Ҳукм чиқаринг! Беклар ясоққа етсин деб талаб қилмоқдалар.
— Сиз-чи, устод?
Агар Хўжа Абдулла, ўтирганларга қарши чиқиб, Дарвеш говни ёқласа, шунча амал-тақал билан бошлари зўрға қовушган беклар яна пароканда бўлиб кетишлари аниқ эди.
— Амирзодам, — шивирлади Хўжа Абдулла, — подшоҳлик удумига биноан хатарли уруш пайтида тождорлар шаънига номуносиб гап айтган одам жиноятчи ҳисобланур! Дарвеш гов яна бу ерда ҳам тилини тиймай чатоқ қилди. Барча бекларни ёмонлаб, қарғаб, оловга мой сепди! Энди сиз… битта Дарвеш говни деб барча беклардан воз кечолмагайсиз. Вазият таҳликали… Сиёсат учун говни ясоққа етказмоқдан бошқа илож йўқ!
___________
* Б а р и я т — бек ва аъёнлар. Р а и й й а т — фуқаро.

* * *

Eртаси куни пешинда Андижон аркининг қаршисидаги жазо майдонида ноғоралар чалинди. Тўпланган халойиқнинг кўзи олдида Дарвеш гов, ёмон овоза тарқатишда айбланиб боши кесилди.
Ёқуббек Аҳмад Танбални япасқи навкари билан бирга ўша куни кечаси Ахсига яшириқча жўнатиб юборган эди. Икки орадаги сир сирлигича қолди.
Душман Марғилонни олиб, Андижонга таҳдид солмоқда эди. Хўжа Абдулла бошлиқ элчилар Бобурнинг номидан Самарқанд подшосининг Марғилондан беридаги қароргоҳига бориб, сулҳ тузишни таклиф қилдилар.
— Сиз билан уруш бошлаган инингиз Умаршайх мирзо жардан йиқилиб шунқор бўлди!* Бобур мирзони фарзанд ўрнида кўргайсиз! Ахир у зот сизга куёв бўлиш орзусидалар! Сизни бош ҳукмдоримиз, деб тан олурлар! Ўлпон тўлагаймиз! Урушни тўхтатинг, ҳазратим!
Хўжа Абдулланинг бу таклифига самарқандлик беклар қаттиқ қарши чиқдилар. Улар Андижон ва Ахсини босиб, талаб, катта-катта ўлжа олиш умидида эдилар. Сулҳ уларни мана шу ўлжалардан маҳрум қилар, ўлпонни подшоҳнинг бир ўзи олар эди.
— Шунча жойдан қон кечиб, жон бериб-жон олиб келиб, энди етдик деганда қуруқ қайтамизми? — деди Муҳаммад тархон номли бек.
— Сулҳ тузманг, ҳазратим!
— Қаттиқ туринг! — дейишди бошқа беклар ҳам.
Султон Аҳмад мирзо бекларнинг раъйини қайтаролмайдиган заиф тождорлардан эди. Хўжа Абдулла бошлиқ элчилар ундан рад жавоби олиб қайтдилар.
Eнди аввалгидан баттар қирғин бўлишини сезган бек ва навкарлар Андижон қўрғонига кириб бекина бошладилар.

___________ 
* Вафот этди маъносида.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-85

АГРА ЮЛДУЗЛАР ГИРДОБИ 1 Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, ...

Мeҳробдан чаён-тўй арафасида

Хоннинг  совчилари  иккинчи  мартаба  келиб  тўй  вақтини  таъйинладилар:  келаси  жумъа махдумнинг  уйида  тўй  ижро  қилиниб,  маросимдан  сўнг  Раъно  ўрдаға  ...

Юлдузли тунлар-64

2 Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400