Юлдузли тунлар-9

2

Саҳарликни еб, йўлга тушган ёв қўшинининг олдинги тўпи кўприкка чиқа бошлаганда тонг қоронғиси ҳали тарқалмаган эди. Ёмғир тоғларда қаттиқ қуяётганлиги учун Қувасойнинг суви тобора кўтарилиб бормоқда эди. Олдинда келаётган отлиқ чиғдовуллар унча кўп эмас эди, шунинг учун кўприкдан сийрак саф билан ўтиб кетишди.
Аммо улардан кейин келаётган сафлар жуда қалин эди. Ҳар бир бекнинг навкарлари ўзларига қарашли юкларни туя қўшилган оғир араваларга ортиб келмоқда эдилар.
Чуғуруқдай беҳисоб қўшин отлари, туялари, аравалари билан бирга ёмғирли тонгда қоп-қора селга ўхшаб кўприкни лиммо-лим тўлдириб кела бошлади.
Кўприкнинг ўртасида бояги йигитлар михларни суғуриб, тўсинларини арралаб кетган жой бунчалик оғир юкка бардош бериши амримаҳол эди. Бунинг устига, худди ўша жойда бир чўбир отнинг икки олдинги оёғи михи кўчирилган ёғочларнинг ёриғига тушиб кетди. От ўмрови билан йиқилиб тушиб, оёғини суғуриб ололмай типирчилай бошлади. Эгарда ўтирган навкар отнинг бошидан ошиб, бошқа отларнинг оёғи тагига учиб тушди. Ҳозир беҳисоб туёқлар остида қолиб янчилишини сезди-ю, дод солиб қичқирди. Ҳамроҳлари беихтиёр жиловларини тортишди. Баъзи отлар қўрқиб орқага тисарилиб кетди.
Орқадагилар эса ҳеч нарсадан бехабар, ёпирилиб келмоқда эди. Бир лаҳзада кўприкнинг шу жойи ҳаддан ташқари тиқилинч бўлиб кетди. Арра ва болта зарбаларидан ночорлашган кўприк ёғочлари тўсатдан қарсиллаб синди. Тиқин бўлиб ётган ўнлаб отлар, одамлар кўприк ёғочларига қўшилиб сувга қулаб тушди. Тошиб турган сойнинг суви қулаб тушганларни лопиллатиб оқизиб кетди.
Кўприк устида қолганлар жонҳолатда орқага бурилиб, қочмоқчи бўлишди. Аммо орқадан ҳамон отлиқлар, аравалар, туялар кўчкидай бостириб келмоқда эди. Олдинда нима ҳодиса бўлганидан бехабар подшоҳ энг яқин беклари билан сойнинг нариги четида туриб, қўшинни кўприкка томон йўналтирмоқда эди. Лекин кўприк ўртасидан кўтарилган қий-чув, тўполон тобора зўрайиб борарди. Ваҳимага тушган қўшин бирдан ўзини орқага ташлади, аммо ур-сур тўполонда кўприкка сиғмай, от-уловлари билан сувга тутдай тўкила бошлади.
Кўприк қанотларининг анча жойи синдириб ташлангани уларнинг қулаб тушишини осонлаштирарди. Тартиби бузилган аравалар бир-бирини итариб, кўприкнинг бутун турган қанотларини ҳам синдириб қуламоқда эди. Баъзи навкарлар йўлида учраган тирик жоннинг ҳаммасини қамчилаб ўтмоқчи бўлса, баъзи беклар қилич яланғочлаб, тўполонни тиғ билан босмоқчи бўлишади. Аммо ғиж-ғиж бўлиб, қурт-қумурсқадай қайнаб ётган қўшин кўприкка шундай тиқилиб қолган эдики, унга на қамчи кор қилар эди, на қилич. Туялар бўкиради.
Одамлар қичқиради. Талвасага тушган оломон тиғ кўтарган бекларнинг ўзини отлари билан суриб бориб, кўприкдан ағанатиб юборади.
Подшоҳ билан бирга қирғоқда турган хос навкарлар сувда оқиб бораётганларни қутқаришга фармон олдилар. Улар қамишларни шалдиратиб, сувга яқин борганларида ўзлари ҳам балчиққа ботиб кета бошлади. Кейин орқада қолганлари арқон ташлаб уларнинг уч-тўрттасини зўрға қутқариб олди. Бошқаларини қамишзор балчиқ қаърига тортиб кетди.
Сувга қулаб тушганларнинг чўккани чўкиб ўлди. Сузишни биладиганлари эса отларнинг бўйнига ёпишиб қамишзор қирғоққа чиқай деганда балчиққа ботди. Сассиқ ботқоқлик аждаҳога айланиб одамни ҳам, отни ҳам оёғидан пастга тортар эди. Отлар жон аччиғида силтаниб кишнар, одамлар қамишлардан қўллари тилиниб дод солар, аммо улар талваса қилганлари сари балчиққа чуқурроқ ботиб, юз азоблар билан жон беришар эди.
Ўртаси синиб тушган кўприкнинг устида — ағдарилган аравалар, йиқилиб ётган от ва туялар орасида талай навкарларнинг эзғиланган жасадлари қолди. Ёвнинг шу бир-икки соат ичида кўрган талафоти уруш бошлангандан бери кўрган ҳамма талафотларидан кўпроқ ва даҳшатлироқ эди. Яна бу фалокатнинг сабабини ҳеч ким билмас эди. Шунча одамнинг мислсиз қийноқларда жон берганини кўрган жангчилар мағлубиятга учрагандан баттар эсанкираб, руҳсизланиб қолдилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Воҳид абдуллаев

АБДУЛЛАЕВ Воҳид Абдуллаевич (1912.15.5 -Самарқанд -1985.30.7) -адабиётшунос. Ўзбекистон ФА академияси (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1973). Филология ...

Юлдузли тунлар-84

2 Секри тоғининг шимолий ёнбағрида салқин боғнинг тўрида жойлашган уч хонали шинам хилватхона мавлоно Хондамирга берилган эди. Бобур ўша куни Аграга жўнаб кетди. Мавлоно ...

Устозим рауф парфи – ўртакаш излаб

Рауф  ака билан юз берган ҳаддан кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Агар уларни ёзаверсам, бир неча китоб бўлса керак. Бир йилда 10 тасини ёдга олсам ҳам жами 250 та воқеа ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400