Бошбошдоқлик бошга чиқса не бўлади?

Гулнора КаримоваЎтган йилнинг октябрь ойларида мамлакатимиз бўйлаб юртимиздаги бир қатор йирик ташкилотлар, савдо дўконлари, мини-маркетлар ёпилиши тўғрисидаги  шов-шувли хабарлар кенг тарқала бошлади. Сўз ва матбуот эркин бўлмаган жамиятимизда бу каби шов-шувли хабарларни ҳар ким ҳар хил мушоҳада қилишди. Халқимиз овозаларнинг нечоғли тўғри-нотўғрилигини била олмай андармон бўлиб юрган бир пайтда улар “шамол бўлмаса дарахт барги қимирламайди” деган нақлнинг топиб айтилганлигини англаб етишди. Орадан кўп вақт ўтмасданоқ республикамизда қарийб 10 йилдан кўп фаолият юритиб келган Г. Каримовага тегишли “Фонд Форум” ва бир неча телеканаллар ўз ишини тўхтатди.

Фонд Форум раҳбари Гулнора Каримова мазкур жамғарманинг ўз фаолиятини тўхтатишга оид хабарни кенг халқ оммасига расмий турда эълон қилар экан, жамғарма томонидан республика ва дунё миқёсида олиб борилган хайрли ва эзгу ишларга алоҳида тўхталди, жамғарма бир неча миллион ёшларнинг бошини қовуштирганини фахр билан тилга олди, хуллас қўлга киритилган ютуқлар ҳақида ҳисобот бериш билангина чекланди. Бу табиий жараён. Ахир ким ҳам ўз камчиликларини рўйи-рост ошкор қилишни хоҳлайди, тан олгиси келади. Бироқ шундай бўлса-да, кўп ўтмай халқимизнинг “жамғарма хайрли ва эзгу ишларни амалга ошириб келган экан, у ҳолда нега ўз фаолиятини тўхтатди”, деган саволига жавоб топилди. Жамғарма томонидан бир қатор камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилгани, давлат бюджетига сезиларли даражада рахна солингани ва бошқа кўпгина сабаблар туфайли ёпилгани фош этилди. Гулнора Каримовага тегишли савдо дўконлари, телеканалларнинг ёпилишига ҳам айнан ана шундай сабаблар туртки бўлганлиги ойдинлашди.

Г. Каримованинг камчиликлари фош этилгандан кейин юртимиз сиёсий майдонида даҳанаки жанг бошланди. Ота билан қиз ўртасидаги жанг шу даражада оловли тусга кирдики, уни Г. Каримованинг алал-оқибат ўз отасини Иоссиф Сталинга қиёс қилганлигидан ҳам билсак бўлади. Синглиси Лола Тиллаеванинг отасини “диктатор” деб атаган журналист билан кечган баҳс-мунозаралар ҳали тўла-тўкис унутилмасдан туриб, опа томонидан отанинг Сталинга қиёс қилиниши эса, бизнингча ўша журналистнинг обрўсини яна юз чандон ошириб юборди. Бу ҳам етмаганидек, Г. Каримова билан Республика Миллий хавфсизлик хизмати раиси Р. Иноятов ўртасида кескин мажоро вужудга келди. Боз устига она ҳам катта қизининг мисқоллаб йиққан обрўсини қизидан норозиликларини ошкор этиш орқали пучга чиқарди. Сингил Лола Тиллаева (Каримова) билан опа Гулнора Каримова ўртасидаги жанг, уларнинг бир-бирлари бойликларини фош этиши, шахсий сир-асрорларини оммага ошкор қилиши, бир-бирларига қилаётган пўписалари эса, манаман деган одамларни ҳайрону лол қилиб қўйди, ёқаларини ушлашга мажбур қилди. Халқимиз икки нафар қизини бошқаролмаётган президентимизнинг ўттиз ярим миллион аҳолини бошқараётганига шунчаки “қойил” қолмасдан, унга нисбатан ҳурматларини ҳам йўқотиб қўйди, десак адашмаган бўламиз…

Гарчи маҳаллий матбуотларда Г.Каримовага тегишли “ортиқча” гап-сўзлар бўлмаса-да, хорижий оммавий ахборот воситаларида Г.Каримова ва унинг фаолияти, оила-аъзоларига оид ахборотлар оқими ҳамон тўхтаганича йўқ.

Tengrinews.kz сайти тарқатган хабарга кўра, яқинда Г.Каримова ўзининг “Твиттер” саҳифасида ёзувчилардан бири саволига жавоби орқали 30 январда 76 ёшини қарши олган отасига “Далила ва Самсон” операсидаги меццо-сопранога бағишланган Далиланинг ариясини совға сифатида тайёрлаганлигини  маълум қилган. Дарҳақиқат, “Отамнинг туғилган кунига совға” деб номланган Гулнора Каримова ижросидаги мумтоз ария видеолавҳаси интернетдан ўрин олган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлардан маълум бўлишича, оилавий можаролар қаҳрамони ҳисобланмиш Гугуша бир неча уринишлардан кейин отаси қабулига киришга эришган. Ушбу фактнинг тўғрилигини Г.Каримова ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардан унинг Президент қабулида бўлгани ва отаси билан узоқ суҳбат қургани, айни пайтда ота-қиз ўртасидаги муносабатлар яхшилангани, шунингдек, отаси унинг дизайнерлик соҳасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаб, оқ фотиҳа бергани аён бўлади.

Шу ўринда Президентимизни айнан Гугуша эмас, балки бошқа бир юртдошимиз Сталинга ўхшатганида унинг куни нима бўларди, ўша киши ҳам кечирилармиди, деган ҳақли савол туғилади. Биз бунга оид очиқ фикримизни айтмасак ҳам унинг жавобини ўзингиз яхши биласиз. Бу эса мамлакатимизда қонун ҳамма учун баравар ишламаётганидан далолат.

Бугун кимдир кимнингдир айбини ошкора айтиш орқали, яна кимдир гўёки сохта, нотўғри ахборот тарқатганлиги сабабли, бошқа бировлар эса, бошқа-бошқа хатоларга йўл қўйганликлари туфайли темир панжара ортида ўтиришибди, ишидан айрилиб қолаяпти, юртимизда ороми бузилгандан кейин хорижга кетиб қолишга мажбур бўлаяпти, энг ачинарлиси, уларнинг юртимизда қолган “айбсиз-айбдор” қариндош-уруғларига ҳар хил тазйиқлар ўтказилаяпти. Ҳақ сўзни айтган сон-саноқсиз зиёлилар “қора рўйхат”га тушиб қолиши натижасида ишсиз, қамовда яшашга мажбур бўлаяпти. Бироқ юрт назаридаги расмий шахслар ҳамиша сохта ахборот тарқатаётгани, қуруқ ваъдалар билан халқни алдаб келаётгани учун ҳеч кимнинг олдида, ҳатто қонун олдида ҳам жавоб бермаётгани асос талаб қилмайдиган ҳақиқат десак катта кетмаган бўламиз.

Жамиятимизда оддий халқни менсимаслик, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш, қонуний манфаатларига зид ишларни амалга ошириш давом этаверса, эрта-индин юрт етакчиларини Сталинга қиёсловчилар сони тубдан ошиб кетиши ва зўравон ҳукуматимиз уларнинг қайси бирига қарши “жиноий ҳаракат” юритишни билмай қолиши мумкин.

Асил ЭЛЎҒЛИ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ислом полвон

ИСЛОМ ПОЛВОН, Исломқул Султонқулов (?—Қўқон—1923) — Фарғона водийсида Совет тузумига қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг бош қўмондони (1923). Мутасаввиф шайх ва полвон сифатида ...

Жээнбеков ўз ваъдасида туриб, атамбоевни қирғизистон қаҳрамони унвони билан тақдирлади

Алмазбек Атамбоевга Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони унвони берилди, деб ёзади KNews президент матбуот хизматига таяниб. (more…)

Бош прокуратура: гулнора каримованинг саломатлиги бўйича муаммолар йўқ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида прокуратура органларининг 2019 йилнинг ўтган беш ойи давомидаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400