Юлдузли тунлар-23

2

Чўқмор зарбидан жароҳатланган билаги қаттиқ оғриётганини мавлоно Фазлиддин қоронғи бир ҳибсхонада ёлғиз ўзи қолганда сезди. Уни Андижоннинг Чақаридаги тош истеҳком ичига, ўлим жазосини кутадиган маҳбуслар ҳужрасига қамаб, эшигини ташқаридан қулфлаб олдилар. Бу билан ҳам қаноат қилмай эшик олдига иккита соқчи қўйиб қўйдилар. Боя арк дарвозаси олдида Аҳмад Танбал билан Жаҳонгир мирзонинг ўзаро гапларидан мавлоно Фазлиддин шуни аниқ сездики, уни шоҳ қизига тама қилишда ва олий зотларга беадабона муносабатда бўлишда айблаб, эртага тошбўрон қилиб ўлдиртирмоқчилар. Шу билан Аҳмад Танбал Хонзода бегимни ҳам бадном қилиб, бир аламдан чиқса керак. Бобур ва унинг тарафдорлари халқ орасида ёмонотлиқ бўлишларидан Жаҳонгир мирзо ва унинг онаси Фотима Султон бегим ҳам манфаатдор эдилар, бу билан улар Андижон тахтини наригилардан тортиб олиб тўғри иш қилганларини исботлагандай бўлардилар.


Рутубатли зах ҳужрада қоронғиликка тикилиб ўтирган мавлоно Фазлиддин орқасига боғланган қўлларини белига босиб, билагининг оғриғини тўхтатмоқчи бўлар, лекин оғриқ пасайиш ўрнига тобора зўраяр эди. Бу ҳали биргина чўқморнинг зарби… Эртага унинг устига дўлдай ёғиладиган тошларнинг оғриғи қанчалик даҳшатли бўларкин? Мавлоно буни кўз олдига келтирганда эти жунжикиб, ўрнидан туриб кетди. Гўё у ҳозир ҳибсхонада эмас, бир-бирига қараб қулаётган икки тоғнинг оралиғида турибди-ю, энди ҳар икки томондан учиб тушган қоятошлар уни эзиб мажақлаши керак. Мавлоно бу балодан қутулмоқчи бўлгандай эшикка томон интилди. Елкасини ёпиқ эшикка уриб, жон-жаҳди билан қичқирди:

— Очинг! Очинг дейман! Очинг!
Кутилмаган бу қичқириқдан чўчиб тушган бир соқчи қаҳр билан сўради:
— Жин урдими? Не гап?
— Илкимни ечинглар! Жоним керак бўлса эртага олурсиз! Илким жароҳатланган! Ечиб қўйинглар!
Соқчилар бу ерда пойлоқчи бўлиб ўтирганларидан жуда асабий эдилар. Чунки ҳозир бошқа ғолиблар Бобур тарафдорларининг молу мулкларини талон-торож қилиб бойимоқда эди. Тун ярмидан оққан бўлса ҳам Андижоннинг кўчалари ва ҳовлиларидан отларнинг ду-пури, итларнинг вангиллаши, аёлларнинг дод-войи, бемаҳал қўзғатилган сигир ва қўйларнинг маъраши эшитилмоқда эди. Бу ерда қолган соқчилар қанчалик кўп ўлжалардан маҳрум бўлаётганларини мана шу товушлардан пайқаб, ич-етларини еб ўтирар эдилар. Бунинг устига маҳбуснинг асабий гаплари қўшилиб, уларнинг жаҳлини чиқарди. Хириллаган овозга қараганда ёши анчага бориб қолган бир соқчи:
— Илки жароҳатланган эмиш-а! — деди. — Эртага асфаласофилинга кетадиган ҳароми, бугун илкингни ўйлаб нима қиласен?
Eшик ортидаги маҳбуснинг нафрат билан:
— Жаллодлар! — дегани эшитилди.
Хириллоқ соқчи ўрнидан сапчиб туриб дўқ қилди:
— Жим ёт, ўлакса! Ҳозир кириб, бир жароҳатингни ўнга етказамен!
«Қандай кунларга қолдим? — деди мавлоно ўзига-ўзи. — Одамзод шунчалик шафқатсизми?» Ўлим шунчалик нақд экан, бугун мана бу махлуқлардан гап эшитиб, эртага тош-бўронда хор бўлиб ўлгандан кўра, Танбал билан олишиб, қўлида қиличи билан жон бергани яхши эмасмиди? Боя Хонзода бегимнинг олдида мавлоно шунга қодир эди-ку! Нега тақдир уни шундан ҳам маҳрум қилди?
Ташқарида от тақасининг ҳовли тошларига урилиб қарсиллагани эшитилди.
— Ким келди? Тўхта!
Ҳовлига кириб келган уч отлиқдан бири:
— Хўжа Абдулла, мавлоно қози ёш подшоҳнинг фармойиши билан келдилар! — деди.
Келганлар бирин-кетин отдан тушдилар. Икки соқчи узун найзаларини уларга тўғриладилар:
— Фармойишни аввал ўнбошига кўрсатмоқ керак!— деди хириллоқ соқчи.
Унинг тепасида хирагина фонус ёниб турар эди. Малла чакман кийган Хўжа Абдулла соқчиларнинг найзасига қараб келар экан:
— Ўнбошини тополмадик! — деди. — Нечун бу ерда сизлардан бошқа ҳеч ким йўқ?
Ёшроқ соқчи аламли товуш билан:
— Бошқалар ўлжанинг кетидан қувиб кетгандир-да, — деди.
Хўжа Абдулла қўлида ўрам қилинган қоғоз билан икки соқчининг найзалари қаршисига келиб:
— Ундай бўлса фармойишни сиз бажармоғингиз керак, — деди. — Олинг, ўқинг!
Нариги икки навкар отларини девор тагидаги устунга боғлаб, ўзлари Хўжа Абдулланинг кетидан келмоқда эдилар.
— Сизлар ўша жойда тўхтангиз! — деди хириллоқ соқчи. Навкарлар тўхташди. Хириллоқ соқчи найзасини кўтариб, Хўжа Абдуллага йўл берди, сўнг унинг қўлидаги қоғозни очиб кўрди.
Қимматбаҳо қоғоздаги қисқагина ёзув тагига шоҳона муҳр босилган эди. Хириллоқ соқчи муҳрни чироқ ёруғига солиб кўрди, аммо ўқиёлмади. У чаласавод эди.
— Қани, сен ўқи-чи, — деб ёшроқ соқчига берди. Бироқ униси бутунлай саводсиз эди. Қоғозни қўлида айлантириб, Хўжа Абдуллага қаради:
— Пирим, бу қанақа фармойиш?
— Бу ерда ётган нобакор жуда хатарли маҳбус. Уни аркка олиб кетмоғимиз керак.
Орқада турган навкарлардан бири қўшимча қилди:
— Мавлоно қози аркда у ҳаромини сўроқ қилмоқлари зарур!

Хўжа Абдулла Андижоннинг энг машҳур қозиси ва жуда кўп мўътабар одамларнинг пири эканини соқчилар ҳам билар эдилар. Улар Хўжа Абдуллани бир кўришдаёқ таниган эдилару, аммо унинг Бобур тарафида туриб жанг қилганини эслаб иккиланар эдилар.
— Бу ўзи Жаҳонгир мирзонинг фармойишларими?— сўради хириллоқ соқчи.
— Шубҳалансангиз, ўқиб кўринг!
— Маҳкам сақланглар, деб буюрган эдилар-да, пирим.
— Маҳкам сақлаганларинг шуми? Юзбоши қани? Нечун фақат икковлон қолмишсиз? Бу нобакорнинг тарафдорлари кўплашиб ҳужум қилса қандоқ қилурсиз? Йўқ, буни тезроқ аркка олиб кетмоқ зарур! Эшикни очинг!
Ёш соқчи кексасига қараб: «Бу қози ҳам энди Жаҳонгир мирзо томонига ўтибди-да, бўлмаса бунчалик жон куйдирармиди?» — демоқчи бўлди. Бироқ униси ҳамон иккиланар-ди:
— Биз кейин не деймиз?
— Сиз икковингиз ҳозир биз билан бирга кетурсиз! — деди Хўжа Абдулла. — Буни кўплашиб қўриқлаб бормасак, олдириб қўйишимиз мумкин!
Шундан кейин хириллоқ соқчи ҳам бўшашди. Найзасини деворга тираб қўйиб, эшикни очди. У ичкарига қадам қўйиши билан Хўжа Абдулланинг ҳамроҳларидан бири ёш соқчининг бошига қора бир нарсани ёпиб, ўзини ерга ағанатди. Иккинчи навкар хириллоқ соқчининг бошидаги дубулғасига чўқмор билан қарсиллатиб уриб, уни ичкарига қулатди-да, устидан босиб тушди.
Хўжа Абдулла ҳамроҳларига шивирлади:
— Ўлдирманглар, уволларига қолмайлик!
— Ўлдирмасак кейин булар сизни тутиб берурлар!
Мавлоно Фазлиддин жияни Тоҳирнинг овозини таниб:
— Жияним! Тоҳиржон! — деб қичқирди.
Қора парда ичида талваса қилаётган ёш йигит эса:
— Пирим, шафқат қилинг! — деди. — Пирим! Сизга зинҳор ёмонлик қилмаймиз! Қутқаринг, пирим!
— Бас! —деб шивирлади Хўжа Абдулла Тоҳирга.— Оёқ-қўлларини боғласаларинг бўлди!
Мавлоно Фазлиддин Тоҳир билан Хўжа Абдуллага томон отилди:
— Устод!… Жияним!.. Нажоткорларим!..
Тоҳир наригиларнинг қўл-оёғини боғлаш билан овора эди.
— Мавлоно Фазлиддин, қанисиз? — деди Хўжа Абдулла.
Хўжа Абдулла мавлонони бағрига босар экан, унинг қўли боғлиқ эканини сезди-ю, қучоғидан қўймай эшикдан ташқарига олиб чиқди. Фонус ёруғида белидан ханжарини олиб, мавлононинг қўли боғланган ола чилвирни кесиб ташлади.
Тоҳир шериги билан нариги икки соқчини ичкарига қамаб, эшикни қулфлади-да, тоғасининг қучоғига отилди.
— Жияним, худо сени қайдан етказди?
— Боя Самарқанддан чопар бўлиб келдим!
— Бобур мирзо соғмилар?
— Ҳа, тузалиб қолдилар. Ёрдамга етиб келмоқчилар!
— Андижон қўлдан кетганини билурларми?
— Ҳали билмайдилар-да!..
Хўжа Абдулла уларга шипшиди:
— Энди жим!
Тоҳир тоғасини отига мингаштириб олди. Чақардан секин чиқиб, қалъанинг овлоқ бир четига қараб кетдилар. Ғолиблар ҳовлиларда ҳамон талон-торож билан банд эдилар. Тўртовлон уч отда қалъа деворининг тагига келдилар. Энди ҳамма ҳимоячилар тарқаб кетиб, девор атрофи ҳувиллаб қолган эди.
— Мана шу ерда ошиб ўтишга қулай жой бор, — деди Хўжа Абдулла.

Ҳаммалари отдан тушдилар. Тоҳирнинг шериги ҳуржунидан ўрам қилинган арқон олди. Тўртовлон махсус зинапоядан девор тепасига чиққанларида Хўжа Абдулла мавлоно Фазлиддинга ёндашди:
— Мавлоно сизни дарвозадан отлиқ чиқариш хатарли. Таниб қолурлар.
— Миннатдормен, устод!
Хўжа Абдулла қўйнидан бир нарса олиб, мавлононинг қўлига тутқазди. Бу — ичи олтинга тўла оғиргина чарм ҳамён эди.
— Буни сизга хоним ҳазратлари бериб юбордилар,— деди Хўжа Абдулла.
— Воқеадан хоним ҳазратлари ҳам хабар топдиларми?
— Ҳазрат хоним йиғлаб мендан илтимос қилдилар. Аҳмад Танбал сиз орқали бегиму хонимларни шармисор қилмоқчи экан. Аммо биз тирик бўлсак, Бобур мирзонинг оиласига ҳам, муборак номига ҳам доғ тушурмагаймиз!
Мавлоно ҳамённи олиб қўйин чўнтагига солар экан:
— Мен тўғри Бобур мирзонинг ҳузурларига йўл олурмен! — деди.
— Мавлоно, — деди Хўжа Абдулла маъюс товуш билан. — Биз хоним ҳазратлари билан сизга бошқа бир маслаҳат бермоқчи эдик.
Андижонда араб тилини Хўжа Абдуллачилик яхши биладиган одам йўқ эди. Бир вақтлар мавлоно Фазлиддин ҳам шу одамдан араб тилидан сабоқ олган эди ва шундан бери уни устод деб атар эди:
— Қандай маслаҳат бўлса бош устига, устод!
— Самарқандга Тоҳирбек борурлар.
— Мен тоғамни бирга олиб кетсам-чи? — деди Тоҳир.
— Йўқ, Тоҳирбек, сиз чопарсиз. Балки Бобур мирзо Самарқандни ташлаб чиққандирлар…
Мавлоно, сизнинг ноёб истеъдодингиз бор. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилмоғингиз керак.
Мовароуннаҳрдаги бу фаторатлар* ҳали-бери босилмаса керак. Мавлоно, сиз бир вақтлар Ҳиротга кетиш фикрингиз борлигини айтган эдингиз. Энди шу фикрни амалга оширадиган пайт келди.
Ҳиротга бир марта бориб келган мавлоно Фазлиддин нотинч ўлкалардан ойлар давомида юриб ўтиладиган беҳад машаққатли йўлларни кўз олдига келтирди-ю, юрагини ғам босди.
Жароҳатли қўлининг оғриғи боя эсидан чиққан экан, энди бу оғриқ янги бир куч билан қайтиб келди. Мавлоно оғриётган билагини чангаллаб:
— Мен ватанни қандай тарк этай, пирим? — деди.
— Ҳозир Алишер Навоий яшаб турган Хуросон ҳам бизга ватан эмасми, мавлоно?
— Ватан, албатта… Аммо мен… балки қайтиб келолмасмен. Кулбамда китобларим, лойиҳаларим қолган, Тоҳир жиян!..
— Ҳозироқ қайтиб бориб, барчасини яширтириб қўюрмен, хотиржам бўлинг, мулла тоға!
Мавлоно Фазлиддин Хонзода бегимни энди умрбод кўролмаслигини олдиндан сезаётгандай юраги увушди. Хўжа Абдулла билан Қутлуғ Нигор хоним уни Ҳиротга жўнатаётганларининг бир сабаби, мавлоно билан Хонзода бегим орасидаги нозик муносабат ва шунга оид пасту баланд гаплар эди.
Мавлоно Ҳиротга кетиши билан Хонзода бегим атрофида бўлаётган гаплар тезроқ босилиши мумкин эди. Мавлоно шуни ўйлади-ю:
— Майли, устод, — деди. — Мен Бобур мирзонинг номларини пок тутиш учун ҳар ишга тайёрмен. Аммо бир илтимос: хоним ҳазратларига айтинг, ёлғон овозаларга ишонмасинлар. Хонзода бегим ҳалолу покизаликда беназирлар!
— Сиз ҳам шундайсиз, мавлоно, мен билурмен. Биз бунга ишонмаганимизда, жонимизни гаровга қўйиб, бояги соқчиларни алдаб юрмас эдик. Мен умримда шундай ишлар қилурмен, деб ҳеч ўйламаган эдим. Мана, Тоҳирбек менга далда берди. Аммо ёғийларнинг ғаламислиги ҳам кишини мажбур қилар экан!

— Сизлар менга янгидан жон ато қилдиларингиз, устод! Энди ўзингиз ҳам эҳтиёт бўлинг! Жияним, сен ҳам!..
— Рост, пирим ҳам Андижондан узоқроқ кетсалар, бехавотир бўлур эдик! — деди Тоҳир.
— Ҳаммамиз кетсак, хониму бегимларга ким мадад берур? — деди Хўжа Абдулла. — Шўрлик муштипарлар ҳозир мени кутиб ўтирган бўлсалар керак.
Осмоннинг шарқ томонидан бир парчаси хиёл оқариб келмоқда эди. Мавлоно Фазлиддин шуни кўриб, арқонни белига боғлай бошлади.
— Насиб бўлса ҳали яна кўришурмиз, мулла тоға!
— Тоҳир, жияним, менинг тарҳларим… чизган суратларим йўқолиб кетмасин. Сен ҳарбий одамсен, асрашинг қийин. Шунинг учун иложи бўлса ҳаммасини Хонзода бегимга бергин.
— Бажонидил!
— Мен бу илтимосингизни Хонзода бегимга ҳам етказурмен! — деди Хўжа Абдулла.
Улар қучоқлашиб хайрлашдилар. Сўнг мавлонони белига боғланган арқон ёрдамида ўн бир газли девордан пастга туширдилар.
Мавлоно тонг ёришганда Қуванинг йўлига чиқиб олди.
Аммо қўрғон ичида қолган Хўжа Абдулла эртаси куни чошгоҳ пайтида Хакан дарвозасининг яқинида турадиган бир муридининг ҳовлисида яшириниб ўтирганда Аҳмад Танбалнинг одамлари уни қўлга туширдилар. Чақарда қўли боғлиқ ётган соқчилар қаттиқ сиқув остида мавлоно Фазлиддинни ким озод қилганини Аҳмад Танбалга айтган эдилар.
Аҳмад Танбал Хўжа Абдулла тутилган жойга от чоптириб келганда кўчани одам тутиб кетган эди. Қўли орқасига боғланган кўйлакчан Хўжа Абдулла қуролли навкарлар қуршовида секин юриб бормоқда эди. Унинг оёқларидан мадор кетган, ранги ўчган. Оқ салласи ва кўйлагининг оқлиги ўсиқ соқолини одатдагидан қорароқ кўрсатар эди.
Халойиқ Аҳмад Танбалга йўл бериб четланди. Хўжа Абдуллани ҳайдаб бораётганлар
тўхтадилар. Аҳмад Танбал ҳам отини жиловидан тортиб тўхтатди:
— Ҳа, алдамчи пир! — деди. — Бизга шунча ёғийликлар қилганингиз озмиди, энди соқчиларни алдаб, ҳароми муллочани ҳам қочирибсиз!
— Мен бир бегуноҳ ҳунарпешани адолатсиз ўлимдан қутқардим, холос!
— Соқчиларга ёлғон муҳрлар кўрсатишга уялмадингизми, алдамчи пир?!
Ўнлаб кўзлар Хўжа Абдуллага тикилди. Агар Хўжа Абдулла Танбалдан қўрқиб, саросимага тушса, ўзини йўқотиб қўйса, гуноҳи бўйнига тушгандай кўриниши мумкин эди. Шуни ўйлаб, Хўжа Абдулла иложи борича дадил гапиришга тиришди:
— Мен соқчиларга Бобур мирзонинг муҳрларини кўрсатдим. Чунки Бобур мирзони Андижоннинг ягона подшоси деб билурмен!
— Сен, имонсиз, муридларингни яна алдамоқдасен! Бобур мирзо Самарқандда вафот этган.
Ҳозир тожу тахт Жаҳонгир мирзоники!
— Мусулмонлар, бу гапга ишонманг! Алҳамдулиллоҳ, Бобур мирзо тириклар! Андижонга яна келурлар!
— Ёлғон! Халойиқ, сиздек муридларини алдаб юрган, айбини яширмоқ учун ифлос бир ҳаромини биздан қочирган бу имонсиз пир тошбўрон қилиб ўлдирилиши керак! Тош отинг бунга! Савобталаб бўлсангиз тош отинг!
Аҳмад Танбал эгар устидан улоқчиларга ўхшаб пастга энгашди-ю, узун қўли билан ердан муштдай бир тошни олди. Сўнг қаддини тиклаб, тошни Хўжа Абдуллага қараб отди. Хўжа Абдулланинг кенг кўкрагига «тўп» этиб теккан тош оқ кўйлакда чангли из қолдириб, ерга юмалаб тушди. Оғриқдан Хўжа Абдулланинг кўзлари ёшланди, нафаси қайтди. Навкарлардан баъзи бирлари ҳам ерга энгашиб тош қидираётганини кўрган Хўжа Абдулла нафаси титраб:
— Мусулмонлар! — деди ва ҳамон жим турган халойиққа тикилди. Уларнинг орасида йигирма беш ёшлардаги гардани йўғон бир йигитни кўрди-ю, бир вақтлар ёлғон овоза тарқатишда айбланиб ўлдирилган мироб Дарвеш говни эслади. Бу йигит ўша миробнинг ўғли эди. Хўжа Абдулла ўшанда ёш Бобурга бир оғиз: «Буни қатл эттирманг!» — деса, эҳтимол мироб ҳали тирик юрар эди. Хўжа Абдулла ўшанда Аҳмад Танбалга ўхшаш бек-ларнинг кўнглига қараб Дарвеш говни қутқариб қололмагани энди қалбида армон қўзғади. Ҳозир ўзи ҳам ўша миробнинг аҳволига тушди-ку! Нечун ўшанда лоқайдлик қилди? Миробнинг ўғли отасининг қасди учун Хўжа Абдуллага тош отса, балки ҳақли бўлар!.. Лекин бегуноҳ меъморни қутқариб, ўзи балога қолаётган Хўжа Абдуллага ҳеч ким тош отмади.
— Мусулмонлар! — куюниб такрорлади Хўжа Абдулла. — Мен адолат йўлида жон беришдан қўрқмаймен! Адолат ким томонда — шуни бир ўйлаб кўринглар. Инини оғага душман қилганлар кимлар? Яхшиларга бахиллиги келиб, пойига болта ураётганлар кимлар? Бу қора кунларни бошимизга солганлар кимлар?!
— Сен ўзинг! — деб қичқирди Аҳмад Танбал.
— Мен Бобур мирзога кичиклигидан илм ўргатдим, лисон ўргатдим, мен уни одил подшоҳ бўлишга ундадим, Мовароуннаҳр яна бирлашсину юрт ички урушлардан қутулсин, дедим.
Бобур мирзо мардона ишлар қилиб, Самарқанд билан Андижонни бирлаштирганда мен эзгу орзуларимга етгандай суюнган эдим. Ҳайҳот, мамлакат яна парчаланди. Юрт вайрон бўлди!
Халойиқ, агар мени ўлдириш билан мушкулингиз осон бўлса, майли, ўлдиринг!
— Тошбўрон қилинг! — буюрди Аҳмад Танбал халойиққа.
Одамлар тўпининг орқароғидан йиғламсираган товуш эшитилди:
— Шайхулислом фатво бермагунча тошбўрон қилишга ҳаққимиз йўқ!
Кекса бир киши:
— Пирнинг қарғишидан қўрқамиз! — деди.
Навкарлар ҳам қўлларидаги тошларини Хўжа Абдуллага отишга журъат этолмай, Аҳмад Танбалга қарадилар. Аҳмад Танбал юзбошига буюрди:
— Ундай бўлса, қиличингни ол, калласини кес! Бўйнига тиғ ур!
Барзангидай қоп-қора ўрта яшар юзбоши кумуш сопли қиличини қинидан имиллаброқ суғурди.
Хўжа Абдулла унга тикилиб, паст товуш билан деди:
— Мирбадалбек, ҳушёр бўлинг, менинг қоним етти пуштингизга сачрайди!
Халойиқ орасидан қўрқув аралаш нидо эшитилди:
— Пирнинг қони тутади ҳаммамизни!
Юзбошининг қўлидаги қиличи қалтирай бошлади. У Аҳмад Танбалга қараб ялинди:
— Ўтинамен, бу ишдан мени озод қилинг!
Аҳмад Танбал унга ғазаб қилиб елкасига қамчи урди.
— Сени юзбошиликдан озод қилурмен, қўрқоқ!
Аҳмад Танбал бошқа навкарларига буюрди:
— Бу имонсизни дарвозахонага ҳайданг! Халойиқ шу ерда қолсин! Ким бизга эргашса қилич билан чопинг! Аяманг!
Навкарларнинг бир қисми Хўжа Абдуллани дарвозахонага ҳайдаб кетди. Қолган навкарлар халойиқнинг йўлини тўсиб, Хўжа Абдулланинг кетидан боргани қўймади.
Орадан ярим соат ўтгандан кейин Аҳмад Танбал одамлари билан аркка томон от чоптириб қайтиб кетди. Шундан сўнг дарвозахонага борган одамлар Хўжа Абдулланинг шифтдаги йўғон тўсинга осиб ўлдирилганини кўрдилар. Марҳумнинг оқ салласи оёғи тагида чувалиб ётарди, бўйи эса тириклик пайтидагидан хийла узайган эди. Одамлар уни дордан секин тушириб олдилар. Кафан ўрнига салласига ўраб, шаҳидлардек кўмдилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* Ф а т о р а т — алғов-далғов.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 18-қисм

18 Кейин... кейин, ўзимнинг-да, араз феълим тутди... Биродарлар, сизга бир нима айтайинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а! Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда ...

Мeҳробдан чаён-махдумнинг бахти

Шу  кундан  бошлаб  Анварнинг  ҳаётида  янги  саҳифа  очиладир.  Яъни  махдум  Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли ...

От кишнаган оқшом (қисса) 1-қисм

Бу қиссалар не бир кунларни кўрмади! Зоти номард бўлди, ушбу қиссалар ёқасидан олди. Оғзи бузуқ бўлди, ушбу қиссаларга тупугини сочди. Қўли нопок бўлди, ушбу қиссалардан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400