“Бирдамлик” ХДҲнинг Ўзбекистондаги раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмуд тутқунга олинди

Бугун, 15-сентябрь куни эрталаб соат 8-00 лар атрофида “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмуднинг Тошкентдаги уйига ДХХ ходимлари келиб, уни номаълум томонларга олиб кетишди. Мазкур воқеа “Бирдамлик” ХДҲнинг жорий йилда бўлиб ўтажак навбатдаги Қурултой муҳокамасига бағишланган ва бугун соат 12-00 да Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларидаги фаоллари иштирокида Тошкент шаҳрида ўтказилиши лозим бўлган йиғилиши олдидан рўй берди.

Қаҳрамонхон Маҳмуд

Эслатиб ўтамиз, “Бирдамлик” ХДҲнинг навбатдаги Қурултойига тайёргарлик ишлари бошланган айни чоғда Ҳаракат аъзолари ва фаолларига қарши Тошкент шаҳрида ва вилоятларда ҳар хил босимлар кучайгандан кучайди. Куни кеча Самарқанд вилоятидаги фаолимиз билан рўй берган воқеалар бунга яққол мисол бўла олади.

“Бирдамлик” ХДҲ ўз Қурултойини амалдаги қонун доирасидан четга чиқмаган ва мавжуд қонун-қоидаларни бузмаган ҳолда ўтказиш тарафдори. Шу мақсадда “Бирдамлик” ХДҲнинг етакчиси ва асосчиси, айни пайтда мажбурликдан АҚШда яшаётган таниқли сиёсатчи, мухолифат лидери Баҳодир Хон Туркистон бу ҳақида Президент аппаратига, ДХХ раҳбариятига расман мурожаат қилган. Лекин мазкур идоралар Баҳодир Хон Туркистонга шу кунга қадар тегишли жавоб бермаган. Баҳодир Хон Туркистон, ҳатто Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига виза олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб топширган.

“Бирдамлик” ХДҲнинг асосий мақсади демократия тамойилларига амал қилган ҳолда нозўравон кураш усули билан амалдаги ҳукумат билан рақобат майдонига тушиш ҳамда келгуси Парламент ва Президент сайловларида иштирок этишдир.

Айни пайтда “Бирдамлик” ХДҲнинг Ўзбекистондаги раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмуднинг тақдири, уни куч ишлатар тизими органи ходимлари қайси томонга олиб кетгани номаълумлигича қолмоқда. Биз “Бирдамлик”чилар ДХХ ходимлари Қаҳрамонхон Маҳмудни тез орада озод этади деган умиддамиз.

“Бирдамлик” ХДҲнинг матбуот хизмати   

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400